1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

ЁЗИЛИШ ШАКЛИГА КЎРА ФИҚҲ КИТОБЛАРИ

05:00 / 18.01.2017 3117 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фиқҳ китоблари ёзилиш шаклига кўра ҳам бир неча турга тақсимланади. Баъзиларида алоҳида бир мазҳабнинг, тўғрироғи муаллифнинг фиқҳий мазҳабининг фуқаҳолар истинбот қилган ҳукмлари ҳеч қандай далилсиз тўғридан тўғри ёзиб кетилаверган.

Бошқа бир турдаги китобларда бир неча фиқҳий мазҳабининг фуқаҳолар истинбот қилган ҳукмлари ҳеч қандай далилсиз тўғридан тўғри ёзиб кетилаверган.
Учинчи турдаги китобларда муаллифнинг фиқҳий мазҳабининг фуқаҳолар истинбот қилган ҳукмлари билан бирга уларнинг ҳужжат ва далиллари ҳам ёзилган.
Тўртинчи турдаги китобларда бир неча мазҳабнинг қарашлари билан бирга уларнинг ҳужжат ва далиллари ҳам ёзилган. Келаси сатрларда ҳар бир турга алоҳида тўхтаб ўтамиз.
Бир мазҳабнинг далилсиз китоблари.
Бундай китобларга асосан ҳар бир мазҳабдаги мухтасар китоблар киради. Бу турдаги ҳанафий мазҳабига оид китоблардан қуйидагиларни мисол келтиришимиз мумкин.
1. «Мухтасари Виқоя».
Бу китобнинг асл номи «Ниқоя» бўлиб уни 745 – ҳижрий санада вафот этган машҳур фақиҳ Содруш шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Ҳанафий ўзининг бобоси Маҳмуд ибн Содруш Шарийъанинг «Виқоятур ривоя фии масоилил Ҳидоя» номли китобини мухтасар қилиш – қисқартиш ила юзага келтирган.
Демак, «Мухтасари виқоя» китоби Бурҳониддин Марғилонийнинг «Ҳидоя»ларига боғлиқ китобдир.
«Мухтасари виқоя» айниқса бизнинг диёримизда қадимдан машҳурдир.
2. «Мухтасари Қудурий». 
Бу китоб имом Абулҳусайн Аҳмад ибн Маҳмуд Қудурийнинг қаламига мансубдир. Ҳанафий мазҳабида «китоб» дейилганда «Мухтасари Қудурий» англанади.
«Мухтасари Қудурий» ҳанафий мазҳабидаги энг машҳур китоблардан биридир. Уни муболаға даражасида мақталган, Ҳожи Халифанинг таъкидлашича ҳанафийлар бу китобни вабо тарқалганда радди бало учун ўқишган ва ким уни ёд олса фақирликка учрамайди деган гапларни айтишган.
Баъзи шарҳчиларнинг таъкидлашларича «Мухтасари Қудурий»да ўн икки минг масала баён қилинган. «Мухтасари Қудурий»нинг шарҳлари жуда ҳам кўп.
3. «ал-Мухтор».
Аслида бу китобнинг номи «ал-Мухтор лилфатво» бўлиб унинг муаллифи Абдуллоҳ ибн Маҳмуд ибн Мавдуд ал-Мусилий ал-Ҳанафийдир.
«ал-Мухтор»ни ал-Мусилий ал-Ҳанафий ёшлик чоғида баъзи улуғ кишиларнинг илтимосига биноан талаби илмни энди бошлаётган ўқувчилар учун ёзган. Унда асосан Имом Аъзамнинг қавллари ва фатволарини ихтиёр қилган. Шунинг учун ҳам бу мухтасар китобини «ал-Мухтор» деб номлаган.
Аммо ал-Мусилий ал-Ҳанафийнинг «ал-Мухтор»ини кўпчилик, жумладан, катта фуқаҳолар ҳам ўқишган ва ёд олишган. Китоб ҳамма тарафга таралиб шуҳрати етти иқлимга ёйилган. Кейин ал-Мусилий ал-Ҳанафийнинг қариндошларидан бири китобга бошқа фақиҳлар қайси ҳукмни олганларига ишора қўйиб чиқишни илтимос қилган. Бу иш ҳам амалга оширилганидан кейин китобнинг қиймати Яна ҳам ортган.
Охири келиб ал-Мусилий ал-Ҳанафийнинг ўз китобини далил ва ҳужжатларни келтириб шарҳ қилган ва унга «ал- Ихтиёр» деб ном берган. Бу икки китоб кенг тарқалган ва ҳозир ҳам қайта – қайта нашр қилинмоқда.
«ал-Мухтор»ни бошқа уламолар ҳам шарҳ қилганлар.
4. «Мултақал Абҳур».
Бу китобнинг муаллифи Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ал-Ҳалабий ал-Ҳанафийдир (956 ҳ.с.да вафот қилган).
У киши ўз китобини баъзи одамларнинг таклифига биноан «Мухтасари Қудурий», «ал-Мухтор», «ал-Канз» ва «Мухтасари Виқоя» китобларидан фойдаланиб осон тил ва услуб ила далилларни зикр қилмай ёзган. Кейин «Мултақал Абҳур» кўпчилик томонидан маъқул кўрилган ва унга бир қанча шарҳлар ёзилган. Китобнинг шарҳлари ичида «Мажмаъул Анҳур» бошқаларидан кўра машҳур.
Бу турдаги ҳанафий мазҳабидан бошқа уч мазҳабга оид китоблардан биттадан мисол келтирамиз.
5. «Мухтасари Халил».
Бу китоб моликий мазҳабига мансуб бўлиб унинг муаллифи Халил ибн Исҳоқ ал-Жундий ал-Моликийдир (767 ҳ.с.да вафот этган).
«Мухтасари Халил» Моликий мазҳабидаги далилсиз битилган китобларнинг энг машҳури ҳисобланади. Моликийлар орасида «Мухтасари Халил» худи бизда «Мухтасари Виқоя» қандай бўлса шундайдир. «Мухтасари Халил»нинг шарҳлари ҳам кўп.
6. «Мухтасари Табризий». 
Бу китоб шофеъий мазҳабига мансуб бўлиб унинг муаллифи Музаффар ибн Аҳмад Табризийдир (621 ҳ.с.да вафот этган).
«Мухтасари Табризий» шофеъий мазҳабидаги далилсиз битилган китобларнинг энг машҳурларидан бири ҳисобланади. Уни муаллиф «ал-Важийз» китобидан қисқартиб тузган. «Мухтасари Табризий»нинг ҳам турли шарҳлари кўп.
7. «ал-Муқниъ».
Бу китоб ҳанбалий мазҳабига мансуб бўлиб унинг муаллифи Ибн Муфлиҳ ал-Мақдисий ал-Ҳанбалийдир (884 ҳ.с.да вафот этган).
«ал-Муқниъ» ҳанбалий мазҳабидаги далилсиз битилган китобларнинг энг машҳурларидан бири ҳисобланади. Уни муаллиф унча қисқа ҳам қилмай, жуда чўзиб ҳам юбормай ўртача қилиб ёзган. Муқаддимада илми кўп, ҳажми оз бўлиши учун далилларни зикр қилмаганини айтган. Бу китобга кўплаб шарҳлар ёзилган.
Бир неча мазҳабнинг далилсиз китоблари
Тўрт фиқҳий мазҳабнинг истинбот қилган ҳукмларини далилсиз келтирган китобга Абдурроҳман ал-Жазийрийнинг «Китобул фиқҳи алал мазаҳибил арбаъа» асари мисол бўла олади. Бу китобнинг муаллифи замондош уламолардандир. У ўз китобида тўрт мўътабар мазҳабни жамлашга ҳаракат қилган. Биринчи жузни нашр қилгандан кейин кўпчиликнинг фикр мулоҳазалари ва танқидларини эътиборга олиб услубини бир мунча ўзгартирган.
Абдурроҳман ал-Жазийрийнинг ўзининг ёзишича у «Китобул фиқҳи алал мазаҳибил арбаъа»да уламолар ва масжид имомлари учун фиқҳ мавзуларини осонлаштиришни мақсад қилган.
«Китобул фиқҳи алал мазаҳибил арбаъа»да тўрт мазҳаб иттифоқ қилган матн саҳифанинг юқори қисмида берилиб чизиқ остида ҳар бир мазҳабнинг ўзига хос ижтиҳодлари алоҳида берилган. Ҳар бир масалага алоҳида сарлавҳа қўйилган.
Абдурроҳман ал-Жазийрий «Китобул фиқҳи алал мазаҳибил арбаъа»да масалаларнинг шариатга киритилиши ҳикматини ҳам баён қилиб борган.
Бир мазҳабнинг далилли китоблари
Фиқҳий мазҳабларнинг китобларида ҳар бир масаланинг далилини келтириш ҳолатлари кўп учрайди. Бу ишни тўрт мазҳабнинг барчасида қилинган. Аммо ҳанафий мазҳабида далил келтириш оз бўлган деган даъво мавжуд. Бу даъво қанчалик тўғри эканига машҳур ҳанафий олим Мулло Али Қорий ўзининг «Шарҳи Мухтасари Виқоя» китобида қуйидагиларни ёзади:
«Бизнинг аввалги асҳобларимиз ўз китобларида суннатдан далилларни зикр қилиш, улар ҳақида баҳс қилиш, саҳиҳ, ҳасан ва заифини ажратишда бардавом бўлдилар. Бундоқ олимларга Таҳовий, Абу Бакр Розий, Қудурий ва бошқалар мисол бўла оладилар.
Асҳобларимиздан кейинги даврда келганлари бу ишда камчиликка йўл қўйдилар. Улар аввалги ўтганларнинг ишларига суяниб (ҳужжат ва далилларни зикр қилмай) қолдилар. Оқибатда уларга суннат ва шариатни четлаш нисбати берилди. Бирор кишига асҳобларимизни мазкур ёмон хислат ила айблаш ҳалол эмас».

Энди бир мазҳабнинг қарашлари далил билан келтирилган китоблар ҳақида сўз юритайлик.

1. «Шарҳи Мухтасари Виқоя».
Мулло Али Қори роҳматуллоҳи алайҳининг ўзи ҳанафий мазҳабига бўлган юқоридаги тўҳматни рад қилиш учун «Шарҳи Мухтасари Виқоя»да ҳар бир фиқҳий ҳукмнинг далилини келтиришга ва бошқа мазҳабларнинг далили билан таққослашга ўтган.
«Шарҳи Мухтасари Виқоя» китоби ҳанафий мазҳабида ҳар бир масаланинг далил ва ҳужжати борлигини исбот қилувчи энг кучли китоблардан бири ҳисобланади. Бу китоб ҳанафий уламолар ичида кенг тарқалган ва мўътабар китобдир. Бу китоб ҳақидаги танқид асосан муаллифнинг бошқа мазҳабларни танқид қилишга берилиб кетганлиги, холос.
2. «Муғнил муҳтож ила маърифати маъоний алфозил Минҳож».
Бу китоб Шамсуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Шарбинийнинг қаламига мансуб бўлиб бир мазҳабнинг қарашлари далил билан келтирилган китоблардандир. Унда шофеъий мазҳаби далиллари ўз аксини топган.
Шамсуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Шарбиний ўзининг бу китобида имом Нававийнинг «Минҳожут толибийн» номли китобини шарҳ қилган. Бу ўртача шарҳ бўлиб такрор ва гапни чўзишлардан холидир. Ҳар бир ҳукмнинг далили ва ҳикматини баён қилишга ҳаракат қилинган. Бошқа мазҳаблар ила таққослаш йўқ.
3. «Кашшофул қиноъ ан матнил иқноъ».
Бу китобнинг муаллифи Мансур ибн Юнус ибн Идрис Баҳутий бўлиб у машҳур ҳанбалий уламолардан ҳисобланади. Мансур ибн Юнус ибн Идрис Баҳутий ўзининг бу ажойиб китобида асл китобни яхшилаб шарҳ қилиш билан бирга далилларни ҳам келтирган, ҳадислар ва фиқҳий қоидаларни ҳам шарҳ қилган.
«Кашшофул қиноъ ан матнил иқноъ» китоби ҳанбалийларнинг қозилик ва фатводаги мўътамад китоби ҳисобланади. Уни ҳанбалийларнинг фуруъи фиқҳдаги энг афзал китоби дейишади. Унда бошқа мазҳаблар ҳақида сўз очилмаган.

Бир неча мазҳабнинг далилли китоблари

Бир неча фиқҳий мазҳабнинг қарашларини ўзида жамлаган китобларни уламолар «фиқҳул муқорин» дейишади. Бу истилоҳни сўзма сўз таржима қиладиган бўлсак яқинлаштириш фиқҳи деган атама пайдо бўлади. Баъзи фуқаҳолар худди шу маънода китоблар тасниф қилганлар ва ўз китобларида ҳар мазҳабнинг далилини ҳам келтирганлар.
1. «ал-Муғний».
Бу китобнинг муаллифи Муваффақуддин Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Қудомадир. У киши ҳанбалий мазҳабда бўлган.
«ал-Муғний» ўзига хос фиқҳий энсклопедиядир. Аслида «ал-Муғний» «Мухтасари ал-Харақий»нинг шарҳидир. шунинг учун ҳам «ал-Муғний» фиқҳий боблар асосида бўлган.
Муваффақуддин Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Қудома ўз китобида ҳар бир масалани батафсил шарҳ қилади ва далилларни келтиради. Сўнгра фиқаҳоларнинг мазҳабларини баён қилади. Уларнинг иттифоқ қилган ерларини айтади ва ҳеч бир тарафкашсиз ҳолда далилларни муноқаша қилади, фуқаҳоларни эҳтиром қилган ҳолда кучли далилни кўрсатиб ўтади.
2. «ал-Мажмуъ шарҳул муҳаззаб».
Бу китобнинг муаллифи шофеъий мазҳабидаги машҳур олим Абу Закариё Яҳъё ибн Шараф Нававийдир (676 ҳ.с.да вафот этган).
Имом Нававий бу китобда Абу Исҳоқ Шерозийнинг «ал-Муҳаззаб» номли асарини шарҳ қилган. У ўз шарҳида луғавий ва лафзий маъноларни шарҳ қилиш билан баробар фиқҳий истилоҳларни таърифлаган, саҳиҳ, ҳасан, марфуъ ва заиф ҳадисларни ҳамда ровийларни зикр қилади. Кейин ҳукмларни осон иборалар ила ҳукмларни баён қилади.
Шунингдек, фиқҳий қоидаларни ҳам англатади. Кўрилаётган масалада шофеъий уламоларнинг фикрларини келтиради. Бошқа мазҳабларнинг қарашларини ҳам баён қилади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Энди нима учун қуёш чиққан куннинг энг яхшиси жума куни эканини ҳадиси шарифда келган қуйидаги жумлалар ёрдамида ўрганиб чиқайлик 1. .Унда Одам халқ давоми...

1068 19:00 / 19.10.2023
Албатта, ўзимизга керакли нарсаларни қўлга киритишга, хоҳлаганимизни эса улоқтиришга одатланганмиз. Аммо биз кераксиз деб ташлаб юборган нарсамиз ёки егуликлар давоми...

2807 05:00 / 06.03.2017
Маълумки, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, иш ва тақрир .суннат, дейилади.Суннат мутавотир ва оҳодга тақсимланади..Мутавотир, Набий давоми...

3328 17:06 / 22.12.2017
. ,. . . ,. Молик ибн алҲувайрис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир оғайним билан бордик. Ул давоми...

3193 17:00 / 05.08.2021