1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Эслатмалар

Юнус сураси, 12-оят

13:45 / 28.07.2017 8342 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қачонки инсонга зарар етса, ёнбошлаган, ўтирган ёки турган ҳолида Бизга дуо қиладир. Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо қилмагандек, кетаверадир. Ҳаддидан ошганларга қилаётган амаллари ана шундай чиройли кўрсатилди. (Юнус сураси, 12-оят)

Инсон боласининг иши юришиб турганда, ўзи соғ-саломат, тинч-омон ва роҳат-фароғатда бўлганда ҳеч нарса билан иши йўқ, бу дунё ҳаётига алданиб юраверади. Албатта, Аллоҳ ҳидоятга бошлаган мўмин-мусулмонлар бундан мустасно.

Аммо мағрурланиб юрган ўша инсоннинг соғлиғигами, тинчлигигами ёки роҳатигами, футур етса, бошига мусибат келса, дарҳол ёдига Аллоҳ тушади. Ҳа,

«Қачонки инсонга зарар етса, ёнбошлаган, ўтирган ёки турган ҳолида Бизга дуо қиладир».

Оғир кунда қолган инсон, ким бўлишидан қатъи назар, ёнбошлаган, ўтирган ёки тик турган ҳолида, яъни ҳар қандай ҳолатда Аллоҳга ёлворишни бошлайди. Ҳатто энг катта кофир, фосиқлар ҳаётида ҳам бундай воқеалар рўй берганига тарихда мисоллар кўп. Турли мусибатлардан кейин дин йўлига кирганларнинг кўплиги ҳам шу ҳолга далил. Аммо, афсуски, кўплар бундан ўзига яраша хулоса чиқариб олмайди. Бошига мусибат тушганда Аллоҳга ёлворади-ю,

«Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо қилмагандек, кетаверадир».

Яна аввалгидек, бу дунё ҳаётига ўзини уради. Аллоҳни унутади. Ўзининг бандалигини унутади. Бир куни келиб, яна қайта бошига мусибат тушиши мумкинлигини ҳам унутади. Ҳеч нарсадан тап тортмай, ибрат олмай, олдинги ҳолига тушиб қолади.

Бундай кимсаларни Аллоҳ таоло оятда «ҳаддидан ошганлар» деб атамоқда ва бошларига мусибат тушганда Аллоҳга ёлвориб, мусибат кўтарилганда ҳеч нарса бўлмагандек кетаверишларини «исроф­гарчилик» деб васф қилмоқда ҳамда бу ишлари ўзларига чиройли бўлиб кўринишини таъкидламоқда:

«Ҳаддидан ошганларга қилаётган амаллари ана шундай чиройли кўрсатилди».

Аммо бунинг оқибати яхшиликка олиб бормайди. Бунга олдин ўтган ҳаддидан ошганларнинг аҳволи ҳам далилдир.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

"Тафсири Ҳилол" китобидан

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бирор таомни еб ҳамд айтган, бирор ичимликни ичиб хамд айтган

3367 16:36 / 01.07.2017
У сизларга чақмоқни хавф ва умид қилиб кўрсатувчи ва оғир булутларни пайдо қилувчи Зотдир. Раъд сураси, 12оятАллоҳ таоло, фақат Унинг Ўзигина сизларга чақмоқни давоми...

3101 10:59 / 08.08.2017
Агар Аллоҳ одамларни қилган зулмларига биноан тутганида, ер юзида битта ҳам жонзотни қолдирмас эди. Лекин уларни белгиланган муддатгача ортга сурур. Бас, қачонки давоми...

4898 10:15 / 14.08.2017
Ким азонни эшитганидан кейин

4472 11:05 / 06.07.2017