1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Мунофиқлик

23:55 / 13.05.2017 10368 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан яна бири мунофиқликдир.

Араб тилида мунофиқликни англатувчи сўзларнинг ўзаги бўлмиш «нифоқ» сўзи ичи бўш, ташқи кўриниши ўзгача нарсага ишлатилади. Мисол учун, юмронқозиқ ёки тулкининг уясига ҳам «нифоқ» сўзи ишлатилади. Чунки улар устидан оддий ерга ўхшайди, бир тарафдан кирса, иккинчи тарафдан чиқиб кетаверади. Ҳозирги кунда ажнабий тилларда «тоннель» деб номланаётган иншоотлар ҳам араб тилида «нафақ» дейилади.

Агар бу маънони диний-ақийдавий истилоҳда ишлатмоқчи бўлсак, сиртдан мусулмонликни эълон қилиб, ичидан унга лойиқ бўлмасликка «мунофиқлик» деб айтилади.

Одамлар кўз ўнгида Ислом динига мансублигини эълон қилиб, ҳатто баъзи амалларни ҳам қилиб юрадиган, аслида эътиқоди бузуқ бўлган кишилар «мунофиқ» дейилади.

Журжоний «Таърифот»да нифоқни «Нифоқ тил билан иймонни изҳор қилиб, дилдаги куфрни беркитишдир», деб таъриф қилган.

Бу «катта нифоқ» деб аталади.

Жуда кўп ҳадиси шарифларда мунофиқларнинг аломатлари ҳақида сўз юритилган.

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Уч нарса қай кишида бўлса, холис мунофиқ бўлур: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади, омонат ишонилса, хиёнат қилади. Кимда шу хислатлардан биттаси бўлса, уни тарк қилгунича нифоқдан битта хислати бўлади».

Аҳмад ривоят қилган.

Бундай нифоқ амалий – «кичик нифоқ» деб аталади.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, мунофиқлар оловнинг энг остки қаватидадирлар ва ҳаргиз уларга ёрдамчи топа олмассан» (145-оят).

Аллоҳ таоло Тавба сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ мунофиқларга, мунофиқаларга ва кофирларга жаҳаннам оташини унда мангу қолувчилар қилиб ваъда қилди. Ўша улар учун етарлидир. Ҳамда Аллоҳ уларни лаънатлади. Уларга доимий азоб бордир» (68-оят).

Имом Бухорий қилган ривоятда Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу: «Бугунги мунофиқлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидагидан ёмондир. Чунки улар мунофиқликни махфий қилардилар, булар эса ошкора қилмоқдалар», деган эканлар.

 

Мунофиқликнинг зарарларидан:

1. Аллоҳ таоло мунофиқнинг амалини қабул қилмайди.

2. Мунофиқнинг қалбида марази бўлади. У мусулмонларга етган мусибатдан масрур ва нусратдан маҳзун бўлади.

3. Мунофиқ бахил бўлади. Молни фақат риё учун сарфлайди.

4. Мунофиқнинг эътиқоди, илми ва амали залолатдадир.

5. Мунофиқ риёкордир.

Мунофиқлар кофирлардан ҳам хатарлидир. Кофирлар билан бўладиган алоқа ва муомалаларда биз уларнинг кимлигини эътиборга олиб, ўзларига яраша иш тутамиз. Мунофиқлар эса сиртдан мусулмон бўлиб кўринадилар. Одамнинг ичидагини билиб бўлмайди, натижада уларга ҳам мусулмонча муомала қилишга мажбур бўлинади. Бу билан мунофиқлар орқали динга катта зарарлар етказишга имкон яратилади.

Айнан мана шу ҳолат уларга қиёмат куни кофирлардан кўра кўпроқ ва аламлироқ азоб берилишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло мунофиқлар жаҳаннамнинг энг қаъридан жой олишларини таъкидлаб айтган.

Мунофиқлик турли ахлоқий разилатларнинг уясидир. Риёкорлик, алдамчилик, хиёнат, ёлғончилик, иккиюзламачилик, ваъдага хилоф қилиш кабилар шулар жумласидан. Мунофиқлик ҳар бир умматнинг жисмини титиб юборадиган ижтимоий касалликдир.

Мўмин банда нифоқ ва унга олиб борувчи нарсалардан куйдирадиган оловдан қўрққандек қўрқиши керак. Мўмин киши нифоққа тегишли ҳар бир катта-кичик нарсадан худди ёниб турган даҳшатли оловдан қўрққандек қўрқиши, унга тушишдан сақланганидек сақланиши лозим.

Инсон тез-тез Аллоҳнинг зикрини қилиб турса, қалби юмшайди, мулойим бўлади, ҳис қилиш малакаси ошади. Агар Аллоҳ тез-тез эслаб турилмаса, Қуръон ва шариатдан, дин таълимотларидан узоқлашилса, инсон қалбини моғор босади, бағри тошга айланади. Унга Аллоҳнинг зикри ҳам, диний таълимотлар ҳам таъсир қилмайдиган бўлиб қолади.

Мўмин банда нифоқ ва унинг аломатларини яхши таниб олиб, улардан доимо четда бўлиш чораларини кўриши лозим. Жумладан, Аллоҳнинг зикридан, Қуръон ва шариатдан, дин таълимотларидан узоқлашмаслиги керак.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Руҳий тарбия китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилинади.У киши.Бир мўминмусулмон инсоннинг мусулмон отаонаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг давоми...

11339 05:00 / 03.03.2017
Ислом душманлари ўзлари тўқиб чиқарган нарсани ҳам оят ёки ҳадис, деб Исломга қарши гапираверишган. Улар баъзи жоҳил одамлар томонидан айтилган гапсўз, қилинган давоми...

2962 05:00 / 02.03.2017
Аллоҳ таоло .Улар мусибат етганда .Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз,, дерлар.Ана ўшаларга Роббиларидан саловотлар ва раҳмат бор. Ана давоми...

6103 05:00 / 01.03.2017
.Ёлғон, сўзи араб тилида .кизб, дейилади ва луғатда ростнинг тескарисини англатади. Уламолар ёлғонни қуйидагича таърифлайдилар Журжоний .Ёлғон ndash хабарнинг давоми...

4782 09:00 / 18.07.2022