1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Ёлғон

09:00 / 18.07.2022 4776 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ёлғон» сўзи араб тилида «кизб» дейилади ва луғатда ростнинг тескарисини англатади.

Уламолар ёлғонни қуйидагича таърифлайдилар:

Журжоний: «Ёлғон – хабарнинг воқеликка тўғри келмаслигидир», деган.

Ибн Ҳажар: «Ёлғон – бир нарса ҳақида қасддан бўлсин, ноқасддан бўлсин, унга хилоф нарсани гапиришдир», деган.

Ёлғон сўзда бўлиши билан бирга, амалда ҳам бўлади. Бунда ёлғончи бўлмаган нарсани бўлган қилиб кўрсатиш учун ҳийла қилади. Ёки унинг акси бўлиб, бўлган нарсани бўлмаган қилиб кўрсатишга уринади.

Қуръони Каримнинг Юсуф сурасида бунга далил бор:

«Кечқурун йиғлаган ҳолларида оталарига келиб: «Эй отамиз, биз Юсуфни нарсаларимиз олдига қолдириб, ўзимиз қувлашиб кетсак, уни бўри еб қўйибди. Агар ростгўй бўлсак ҳам, сен бизга ишонмассан», дедилар. Ва унинг ёлғон қонга бўялган кўйлагини келтирдилар» (16-18-оятлар).

Юсуф алайҳиссаломнинг ўгай акалари Юсуфдан қутулиш мақсадида уни қудуққа ташладилар.

Бундай бемаза ишларни қиладиган ҳар бир шахс ўз қилмишларини яшириш учун дастлаб айюҳаннос солади. Мана шу одатга кўра, улар ҳам оталарига ўзлари тўқиб қўйган ёлғонни ишлатдилар. Ҳийла қилишда оталарининг уларга ҳадиксираб айтган гапидан фойдаландилар. Яъқуб алайҳиссалом: «Сиз ундан ғофил қолганингизда уни бўри еб кетишидан қўрқаман», деган эдилар. Улар бу ҳоллари билан «Биз ёшлик қилибмиз, сенинг гапингга кирсак бўлар экан, худди айтганингдек бўлди, биз ўйинга берилиб кетиб, ғофил қолибмиз, Юсуфни бўри еб кетибди», демоқчи бўлишди ва бу гапнинг орқасидан:

«Агар ростгўй бўлсак ҳам, сен бизга ишонмассан», дедилар».

Бу ҳам қиларини қилиб қўйиб, баҳона ахтарганларнинг услубларидан биридир.

Улар ҳам сўз ила, ҳам амал ила ёлғон тўқишди.

Ўғиллар оталарини ишонтириш мақсадида ашёвий далил учун Юсуфнинг кўйлагини ёлғондан қонга бўяб олиб келишди. Аммо Аллоҳнинг пайғамбари Яъқуб алайҳиссалом гап нимада эканини тушундилар. Юсуфни бўри емагани ҳам у кишига аён бўлди.

 Ёлғоннинг сабаблари

Кишининг ёлғон ишлатишига бир неча сабаблар бор:

1. Фойда жалб қилиш. Ёлғончи ўзига фойда етишини кўзлаб, одамларни алдаб, ўз манфаати учун ёлғон гапиради.

2. Зарарни қайтариш. Ёлғончи ўзига етиши мумкин бўлган зарарни қайтариш мақсадида ҳам ёлғон тўқийди.

У ўзича шу тўғри йўл, деб ўйлайди. Аммо икки ҳолатда ҳам ўзига бу дунё ва охират зарарини жалб қилаётганини ўйламайди.

3. Сўзни ва гапни чиройли чиқаришга уриниш. Бунда ёлғончи тўғри сўз ва рост гап ила одамларга ёқиш, уларнинг эътиборини тортиш имкони йўқ бўлганидан, уларга ёқадиган гап-сўз излаб, ёлғон тўқийди.

4. Душмандан ўч олиш мақсади. Бунда ёлғончи душманини шарманда қилиш ва ундан ўч олиб, кўнгли тўлиши учун ёлғон тўқийди.

5. Ўз обрўсини орттириш мақсади. Бунда ёлғончи ўзини аҳли фазл, олим, уддабурон қилиб кўрсатиб, мақтаниш учун ёлғон тўқийди.

6. Ёлғон гапириш одатига айланиб қолгани ва нафси шу нарсани истайдиган бўлиб қолгани сабабли бу ишни қиладиганлар ҳам бор.

Ёлғоннинг турлари

– Асли йўқ нарсани тўқиш.

– Бор нарсага маънони ўзгартириб юборадиган даражада қўшимча қўшиш.

– Бор нарсага маънони ўзгартириб юборадиган даражада нуқсон етказиш.

– Бор нарсани гапираётганда маънони ўзгартириб юборадиган даражада ибораларни ўзгартириш.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Ёлғон китобидан)

 

 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло айтади Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, Аллоҳнинг Ўзи унга Етарлидир. Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишига Етувчидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ барча нарса учун давоми...

2629 05:00 / 02.03.2017
.Ўтирдиларми ёки ўтирғизилдиларми, дейилди.Агар улар ўтирган бўлсалар, туришлари ва талаб қилишлари лозим. Ана шундагина тамадан ва қалбнинг бузилишидан давоми...

4244 19:13 / 18.10.2017
Баҳз ибн Ҳакиймдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади .Эй Аллоҳнинг Расули Кимга яхшилик қилай, дедим..Онангга,, дедилар. .Кимга яхшилик қилай, дедим..Онангга,, давоми...

3195 05:00 / 03.03.2017
Аллоҳ таоло айтади Сизга қайси бир мусибат етса, бас, ўз қўлингиз қилган касбдандир ва У Зот кўпини афв қилур.rdquo Шууро сураси 30 оят.Яъни инсонга ndash хоҳ жонига, хоҳ давоми...

4781 16:37 / 21.01.2018