1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Фарзанд туғилганида нималар қилиш керак?

18:33 / 24.04.2016 17468 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ бизга фарзанд ато этди. Фарзанд туғилиши эр-хотинга қандай вазифаларни қўяди?

ЖАВОБ: Бола туғилганидан сўнг қилиниши лозим бўлган суннат ва мустаҳаб ишларнинг муҳимлари қуйидагилар:

1. Гўдак туғилганидан хушхабар бериш ва у билан қутлаш мустаҳабдир. Зеро, хушхабар мусулмонни қувонтиради ва хурсанд этади. Инсон фарзанди туғилса ё аёлининг ҳомиладорлиги билинса ҳам, хурсанд бўлиши мустаҳабдир. Марям сурасининг 7-ояти мазмуни шундай: «Эй Закариё! Биз сизга Яҳё деб исмланган бола ато қилишимиз хушхабарини берамиз. Бу ном билан олдин ҳеч бирни атамаганмиз». Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга ва унинг аёлларига ҳам фарзанд хушхабарини берган.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан табрик борасида шундай ривоят қилинади: у зотнинг олдиларида фарзанд кўрган бир киши ўтирарди. Ҳузурларига яна бир киши келди ва унга: «Отлиқ севинтирсин», деб табриклади. Шунда Ҳасан Басрий: «У отлиқми ёки эшакбоқарми, қаёқдан биласан?» дедилар.  «Унда нима дейишимиз керак?» деди у одам. «Аллоҳ фарзандингизни муборак қилсин, берган Зотга шукурли бўлинг, фарзандингиз камолга етсин ва унинг яхшилиги сизга насиб этсин, деб айтинг», дедилар Ҳасан Басрий.

2. Чақалоқ туғилганидан кейин биринчи эшитадиган сўзи азон бўлиши учун ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат айтиш мустаҳабдир.

3. Чақалоқ туғилгач, отаси ё бошқа фозил киши хурмо ё шунга ўхшаш нарсани чайнаб, уни чақалоқ оғзига суриши, танглайини кўтариши ҳам мустаҳаб. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлардан бир нечаларнинг фарзандларига шундай қилганлар. Абу Бакр Сиддиқнинг қизлари Асмонинг ўғиллари Абдуллоҳ ибн Зубайр (Аллоҳ таоло уларнинг барчаларидан рози бўлсин) туғилганларида Пайғамбаримиз шундай қилганлар. Асмо унга Маккада ҳомиладор эдилар ва Мадинага ҳижрат қилиб Қубога келишлари билан Абдуллоҳни туғдилар. Уни Расулуллоҳ ҳузурларига олиб борганларида, Расулуллоҳ хурмо келтиришларини сўрадилар ва хурмони чайнаб уни оғзига туфладилар. Шундай қилиб, унинг қорнига биринчи кирган нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тупуклари бўлди. Сўнг хурмо билан оғзини сурдилар ва ҳақига дуо қилдилар, унга барака тиладилар. Абдуллоҳ Мадинадаги муҳожирларнинг Исломда туғилган биринчи чақалоғи эди.

4. Бола туғилганида унга яхши ном қўйиш суннатдир. Ном қўйишни етти кундан кечиктириш номаъқул. Имом Муслим Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Бу кеча бир ўғил кўрдим, уни отамнинг исми билан Иброҳим деб номладим». Расулуллоҳнинг бу ўғиллари Марям Қибтийя розияллоҳу анҳодан туғилган эди. У чўрилари эди. Мусулмон бўлган эди. Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Пайғамбаримиз соллаллаҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Аллоҳ азза ва жаллага энг суюкли исмларингиз Абдуллоҳ ва Абдураҳмондир». Бошқа ҳадисларида айтадилар: «Пайғамбарларнинг номларини олинг!» Исмларни бузиб айтиш макруҳ бўлади.

5. Ўғил болани хатна қилиш суннатдир. Уни кечиктириш макруҳ. Хатна барча пайғамбарларнинг суннатидир (Аллоҳ билувчидир).

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Никоҳ тўйида турмуш қураётган мўмин киши яқинларини чақириб меҳмон қилишлиги ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ ҳадислар ривоят қилинган. давоми...

3055 14:13 / 24.04.2016
Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсинОртларидан набий йўқ зотга солавотлар бўлсинИслом Фиқҳи Академияси наслни чеклаш, одамларни алдаш учун наслни режага солиш деб давоми...

3256 16:28 / 27.04.2016
Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари Устоз мен билан бирга ишлайдиган бир Индонезиялик мусулмон одам бор. Бу киши доимо тамаки чекадилар. Ўзларининг давоми...

4953 20:47 / 24.04.2016
Нуруллоҳ, Каримуллоҳ, Раҳматуллоҳ исмлари тўғрими Уларда .қул, деган қўшимча йўқкуМусулмонларни исмларида албатта quotқулquot деган қўшимча бўлиши зарур, лозим лобуд давоми...

2994 15:56 / 26.04.2016