1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

"Аввобин" қандай намоз?

05:00 / 09.01.2017 20156 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

● Тасаввуф аҳли ўқийдиган асарларда ва фиқҳий манбаларда кундалик ва муайян вақтларда ўқиладиган нафл намозларга кўпроқ эътибор қаратилгани ўз-ўзидан маълум. Намозхонлар орасида шом намозидан сўнг "аввобин" номи билан олти ракъат намоз ўқиётганларини кўриб қоламиз. Бу намознинг шаръий ҳукми қандай? Ушбу мақолада шу ҳақида сўз юритилади.

● Ҳанафийларнинг "Бадойеъ ас-санойеъ", "Фатҳ ал-қадир", "Баҳр ар-роиқ", "Шарҳ ан-Ниқоя" ва "Радд ал-муҳтор" сингари эътиборли фиқҳий манбаларида шомдан кейин олти ракъат намоз ўқишни мустаҳаб ва мандуб деб зикр қилинган (Қаранг: Алоуддин Абу Бакр ас-Самарқандий. Бадойеъ ус-санойеъ фи тартиб аш-шаройеъ. 1-жуз. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2000. – Б. 285; Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ул-қадир. 1-жуз. – Миср: Амирия, 1315. – Б. 317; Ибн Нужайм ал-Мисрий. Ал- Баҳр ар-роиқ. 2-жуз. – Миср: Илмия, 1300. – Б. 54; Али ал-қори. 1-жилд. Шарҳ ан-Ниқоя. – Қозон, 1904. – Б. 181; Ибн Обидин. Ар-Радд ал-муҳтор. 2-жуз. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 452). Уларнинг айримларида ушбу намознинг номи "аввобин" деб аталиши ҳақида маълумотлар учрайди.

Шомдан кейинги нафл ибодатлар, хусусан, "аввобин" намози ҳанафийликдан бошқа уч мазҳаб – шофиъийлик, моликийлик ва ҳанбалийликда ҳам мустаҳаб ва мандуб ҳисобланади (Қаранг: Ибн Қудома ал-Ҳанбалий. Ал-Муғний. 1-жилд. – Риёз: Дор ал-олам ал-кутуб, 1997. – Б. 564; Шайх Солиҳ ал-Азҳарий ал-Моликий. Жавоҳир ал-иклил шарҳ Мухтасар ал-Халил. 1-жилд. – Байрут: Мактабат ал-сақофия, 1347. – Б. 73; Абу-л-Ҳасан Али ал-Мовардий. Ал-Ҳовий ал-кабир шарҳ Мухтасар ал-Музаний. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1994. – Б. 287).

● Халқ орасида айнан шомдан кейинги намоз "Аввобин" номи билан аталиб келади. Аслида, "Аввобин" деган намоз фақат шомдан кейинги нафл ибодатларга қўйилган эмас. Ундан бошқа вақтдаги намозларга ҳам "аввобин" деган исм ишлатилган:

1) Бомдод намозининг суннатини ҳам "аввобин намози" деб сифатланган:

من صلى ركعتي الفجر وصلى الصبح في جماعة كتبت صلاته يومئذ في صلاة الأوابين وكتب يومئذ في وفد المتقين

"Кимки икки ракъат бомдоднинг суннатини ўқиса, сўнг жамоатда бомдод фарзини ўқиса, ўша куни аввобин намозини ўқиган, деб ёзилади. Ўша куни уни тақводорлар гуруҳида бўлгани ёзиб қўйилади" (Абдурраззоқ, 3/4783).  

2) Зуҳо намозига ҳам "аввобин намози" дейилган. Жумладан, Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилганлар:

لا يحافظ على صلاة الضحى إلا أواب قال : و هي صلاة الأوابين

"Зуҳо намозини фақатгина аввобгина доим ўқийди. Чунки, у аввобинлар намозидир!" (Ҳоким, 1/1182; Ибн Хузайма, 2/1227).

Саҳобалардан Абу Ҳурайра (р.а.) бундай дегани нақл қилинган:

أوصاني خليلي أن أصلي صلاة الضحى فإنها صلاة الأوابين

"Дўстим (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга зуҳо намозини ўқишни васият қилганлар. Чунки, у аввобин намозидир!" (Бухорий, 2/1178; Муслим, 1/721; Абу Довуд, 1/1434-1435; Насоий, 1/1386-1387; Ибн Абу Шайба, 2/7800; Байҳақий, 3/4676; Доримий, 1/1506; Ибн Хузайма, 2/1223).  

عن سعيد ابن جبير ومجاهد قالا : من صلى الضحى ثمان ركعات كتب من الاوابين (إنه كان للاوابين غفورا)

    Тобеинлардан Саид ибн Жубайр (р.ҳ.) ва Мужоҳид (р.ҳ.) кабилар: "Кимки зуҳони саккиз ракъат қилиб ўқиса, аввобинлардан деб ёзилади" деганлар ва далил сифатида "Иннаҳу кана ли-л-аввобина ғафуро" (Исро, 25) оятини келтирганлар (Абдурраззоқ, 3/4878).

3) Иссиқ куйдирадиган пайт ўқилган нафлга ҳам "авобин намози" дейилган. Жумладан, Қубо аҳлининг зуҳо намозини ўқиб турганларини кўриб қолиб, "аввобин намози" бу пайтдан бошқа пайтда, кейинроқ ўқилишига ишора қилиб, бундай деганлари маълум:

صلاة الأوابين إذا رمضت الفصال

    "Аввобин намози бўталоқларни куйдирадиган пайтда бўлади" (Муслим, 1/748; Доримий, 1/1509; Байҳақий, 3/4688; Табароний, 5/5108; Аҳмад, 4/19284, 19289).

    4) Бўталоқларни куйдирадиган пайт чоштгоҳ вақти бўлиши мумкин. Шунга кўра "аввобин намози" чоштгоҳда ўқиладиган зуҳо намозига қўйилган ном дейишга асос бор. Бироқ, қуёшнинг энг куйдирадиган вақти қуёш тиккадан оғгандан кейин бошланади. Шунинг учун айримлар фикрича, аввобин намози заволдан кейин ўқилади:

    صلاة الأوابين بعد زوال الشمس

"Аввобин намози қуёш заволидан кейиндир" (Ибн Абу Шайба, 2/5922).

إذا زالت الأفياء و راحت الأرواح فاطلبوا إلى الله حوائجكم فإنها ساعة الأوابين و إنه كان للأوابين غفورا

"Соялар оғиб кетса, руҳлар роҳатни салқинликдан топса, Аллоҳдан ҳожатларингизни сўранглар. Чунки, бу аввобинлар вақтидир. Зотан, У аввобинлар учун мағфиратли зотдир!" (Байҳақий, "Шуаб ал-имон", 3/3073).

Юқоридагилардан маълум бўладики, "Аввобин намози" дейиш умумий маънода бир қанча нафлларга қўйилган ном бўлиб, улар бундан бошқаларини ҳам у билан аташ мумкинлигини инкор қилмайди (Муҳаммад Юсуф Баннурий. Маориф ас-сунан. 4-жилд. – Покистон, 1414. – Б. 114). 

● Шом намозининг фарзи ва суннати ўқилгандан кейин қўшимча равишда бир неча ракъат намоз ўқиш ҳадиси шарифларда зикр қилинган ва савоблари айтилиб, уни ўқишга тарғиб қилинган. Бу намоз "аввобин намози", "кечки намоз" деб аталган ва айрим ояти каримлар ушбу намоз борасида нозил қилингани таъкидланган:

Машҳур саҳоба Билол (р.а.) бундай деб ҳикоя қилади:

قال بلال لما نزلت هذه الآية :تتجافى جنوبهم عن المضاجع الآية كنا نجلس في المجلس وناس من أصحاب النبي يصلون بعد المغرب إلى العشاء فنزلت هذه الآية :تتجافى جنوبهم عن المضاجع .

"Татажофа жунубуҳум ъани-л-мазожиъ" (Сажда, 16) ояти нозил бўлганда, биз бир мажлисда ўтирган эдик. Пайғамбар (а.с.)нинг баъзи асҳоблари шомдан кейин хуфтангача ўқиладиган намозни ўқиётган эдилар, шунда ушбу оят нозил қилинди (Баззор, 1/1364).

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ فِى هَذِهِ الآيَةِ ( تَتَجَافَى جُنُوبُهُمْ عَنِ الْمَضَاجِعِ يَدْعُونَ رَبَّهُمْ خَوْفًا وَطَمَعًا وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنْفِقُونَ) قَالَ : كَانُوا يَتَيَقَّظُونَ مَا بَيْنَ الْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ يُصَلُّونَ وَكَانَ الْحَسَنُ يَقُولُ : قِيَامُ اللَّيْل

"Ушбу "Татажофа жунубуҳум ъани-л-мазожиъ, йадъуна роббаҳум ховфан ва тамаъан ва мимма розақноҳум йунфиқун" (Сажда, 16) ояти каримаси борасида Анас ибн Молик (р.а.) бу инсонлар шом билан хуфтан орасида бедор бўлиб, намоз ўқиб ўтказадиганлар ҳақида, деган эди. Ҳасан (р.а.) эса бу "қиёми лайл"дир, деган" (Абу Довуд, 1/1323-1324; Байҳақий, 3/4526; Ибн Абу Шайба, 2/5981).

عن أنس في قوله تعالى { كانوا قليلا من الليل ما يهجعون } قال كانوا يصلون فيما بينهما يعني بين المغرب والعشاء زاد في حديث يحيى وكذلك تتجافى جنوبهم

"Анас ибн Молик (р.а.): "Кону қолилан мин ал-лайли ма йаҳжаъун" (Зориёт, 17) ояти каримаси борасида бу инсонлар шом билан хуфтан намози орасида намоз ўқийдиганлар, деган. Шунингдек, "Татажофа жунубуҳум ъани-л-мазожиъ" (Сажда, 16) ояти борасида ҳам худди шундай деган" (Байҳақий, 3/4525).

سمعت بن المنكدر وأبا حازم يقولان تتجافي جنوبهم عن المضاجع هي ما بين المغرب وصلاة العشاء صلاة الأوابين

"Тобеъинларнинг улуғларидан Ибн ал-Мункадир (р.ҳ.) ва Абу Ҳозим (р.ҳ.)нинг "Татажофа қулубуҳум ъани-л-мазожиъ"дан шом билан хуфтан намози орасидаги аввобин намози назарда тутилган, деганларини эшитганман!" (Байҳақий, 3/4527).

Хуллас, мана шу ояти карима нозил қилинганидан кейин аввобин намозининг фазилатлари ислом пайғамбари томонидан бир неча бор зикр қилиб ўтилди. Жумладан, 

من صلى ما بين المغرب والعشاء فإنها صلاة الأوابين

    "Кимки шом билан хуфтаннинг орасида намоз ўқиса, ўша аввобин намозидир!" (Суютий, "Жомеъ ас-сағир", 2/8804).

● "Аввобин" намозининг фазилати ва хосияти борасида ҳам бир қанча ҳадислар етиб келган. Жумладан, Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилганлар:

عن أبى هريرة ، قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم " من صلى ست ركعات، بعد المغرب ، لم يتكلم بينهن بسوء ، عدلت له عبادة اثنتى عشرة سنة "

"Кимки шомдан кейин олти ракъат намоз ўқиса, улар орасида ёмон сўз гапирмаса, у ўн икки йиллик ибодатга тенг бўлади" (Термизий, 2/435; Ибн Можжа, 1/1374; Ибн Хузайма, 2/1195; Табароний, "Мўъжам ал-авсат", 2/823; Суютий, "Жомеъ ас-сағир", 2/8803; Абу Яъло, 10/6022). 

Таъкидлаш ўринлики, гарчи мазкур ҳадисни заиф дейилган бўлса ҳам, бироқ уни Ибн Хузайма (р.ҳ.) ўзининг саҳиҳ ҳадислар тўпламида зикр қилган бўлиб, унинг наздида мазкур ҳадиси шариф саҳиҳдир. 

Шомдан кейин олти ракъат намоз ўқиганларнинг савоб ва фазилатлари кўпайиб кетиши ҳам мумкин. Жумладан, Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилганлар:

من صلى ست ركعات بعد المغرب قبل أن يتكلم غفر له بها ذنوب خمسين سنة

"Кимки шомдан кейин гапиришдан олдин олти ракъат намоз ўқиса, унинг эллик йиллик гуноҳлари мағфират қилинади" (ал-Муттақий, "Канз ул-уммол", 7/19430; Суютий, "Жомеъ ас-сағир", 2/8806; "Жамъ ул-жавомеъ", 1/5477).

رأيت عمار بن ياسر صلى بعد المغرب ست ركعات فقلت يا أبت ما هذه الصلاة فقال رأيت حبيبي رسول الله صلى الله عليه وسلم صلى بعد المغرب ست ركعات وقال من صلى بعد المغرب ست ركعات غفرت له ذنوبه وإن كانت مثل زبد البحر

"Саҳобалардан Аммор ибн Ёсир (р.а.) шомдан кейин олти ракъат намоз ўқиётганини кўриб қолдим. Унга: "Эй отажон, бу қандай намоз?" дедим. У бундай деб жавоб берди: "Мен ҳабибим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шомдан кейин олти ракъат намоз ўқиганликларини кўрганман. Ул зоти шариф: "Кимки шомдан кейин олти ракъат намоз ўқиса, гуноҳлари гарчи денгиз кўпиги мислича бўлса-да, кечирилур" деганлар" (Табароний, "Мўъжам ас-сағир", 1/900; "Мўъжам ал-авсат", 7/7245).

● Шом билан хуфтан орасида ибодат қилиш учун энг мақбул ва қулай пайт ҳисобланади. Инсонлар одатда таомланаётган пайтда, ҳатто шом учун масжидга жамоатга чиқишга ҳам эринаётган вақтда ибодат қилишнинг фазилати ва савоби кўп бўлиши шубҳасиздир. Инчунин, бу вақтда адо қилинадиган ибодатнинг ракъатлари кўпайтирилган ҳадиси шарифларни ҳам учратишимиз мумкин. Жумладан, қаранг:

من ركع عشر ركعات فيمان بين المغرب والعشاء بني له قصر في الجنة  

"Кимки шом билан хуфтан оралиғида ўн ракъат намоз ўқиса, унинг учун жаннатда қаср қурилади" (ал-Муттақий, "Канз ул-уммол", 7/19426).  

Ойша (р.а.)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилганлар:

عن عائشة ، قالت : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم " من صلى، بين المغرب والعشاء عشرين ركعة، بنى الله له بيتا في الجنة "

"Кимки шом билан хуфтан орасида йигирма ракъат ўқиса, Аллоҳ таоло унинг учун жаннатда бир уй бино қилади" (Термизий, 2/435; Ибн Можжа, 1/1373; Суютий, "Жомеъ ас-сағир", 2/8805).

Мазкур икки ривоятда шомдан кейинги намознинг ракъатлари олти ракъатдан ўн ҳатто йигирма ракъатгача кўпайтирилган ва уни ўқишнинг савоби жаннат даражаси экани белгиланган.

Охирул амр, уммати муҳаммадияга бу тарзда васият қилинган:

عليكم بالصلوة فيما بين العشائين فانها تذهب بملاغاة اوّل النهار و مهدنة آخره مهدنة مضعفة

"Икки кечки намоз  (шом ва хуфтан) орасидаги намозни ўзингизга лозим тутинг! Зотан, у кундузнинг аввалидаги ташвишларни кетказур, охиридаги хотиржамликни икки баробар орттирур" (Дайламий, 3/4029).

● Юқоридаги ҳадиси шарифларга биноан, ўтган салафи солиҳлар шом билан хуфтан намози орасидаги намозларга алоҳида эътибор қаратганлар. Ўзлари ушбу вақтда намоз ўқиб, кейингиларга ўрнак бўлганлар, мазкур намозни ўқишга тарғиб қилганлар. Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.), Абдуллоҳ ибн Амр (р.а.), Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.), Салмон ал-Форисий (р.а.), Анас ибн Молик (р.а.) ва ансорлардан кўпчилиги, тобеъинлардан эса Асвад ибн Язид, Абу Усмон ал-Наҳдий, Ибн Абу Мулайка, Саид ибн Жубайр, Муҳаммад ибн ал-Мункадир, Абу Ҳотим, Абдуллоҳ ибн Сахбара, Али ибн ал-Ҳусайн, Абу Абдурраҳмон ал-Ҳубалий, Шурайҳ ал-қози, Абдуллоҳ ибн ал-Муғаффал, имомлардан Суфён ас-Саврий раҳимаҳумуллоҳ кабилар шомдан кейин махсус ибодат этишни одат қилганлар. 

"Маориф ас-сунан"да олдин ва кейин ўтган ушбу улуғ зотлар, солиҳ имомларнинг бундай амаллари мазкур амалларни адо этиш тавсия қилинган ривоятларнинг гарчи исноди заиф дейилган бўлса-да, уларнинг саҳиҳлигига далолат қилади, дейилган (Муҳаммад Юсуф ал-Баннурий. Маориф ас-сунан. 4-жуз. – Покистон: Каротши, 1413. – Б. 114).  

1) Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам шомдан кейин хуфтан намозигача ибодат қилганлар:

عَنْ حُذَيْفَةَ ، قَالَ : أَتَيْتُ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم فَصَلَّيْتُ مَعَهُ الْمَغْرِبَ ، ثُمَّ قَامَ يُصَلِّي حَتَّى صَلاَةِ الْعِشَاءِ.

Ҳузайфа ибн ал-Йамоний (р.а.) бундай деганлар: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келгандим, ул зот билан бирга шом намозини ўқидим. Сўнг ул зоти шариф туриб, то хуфтан намозигача ибодат қилдилар" (Ибн Абу Шайба, 2/5982).

2) Саҳобаи киромлар ва тобеъини изомлар ҳам шом билан хуфтан орасида ибодат қилганлар:

سَاعَةٌ مَا أَتَيْتُ عَبْدَ اللهِ بْنَ مَسْعُودٍ فِيهَا إِلاَّ وَجَدْتُهُ يُصَلِّي ؛ مَا بَيْنَ الْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ ، وَكَانَ يَقُولُ : هِيَ سَاعَةُ غَفْلَةٍ.

"Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.)нинг олдига келган эдим, уни шом билан хуфтан орасида намоз ўқиётган ҳолда учратдим. У: "Бу ғафлат вақти!" дер эдилар (Ибн Абу Шайба, 2/5972).

Абдуллоҳ ибн Амр (р.а.) бундай деган:

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو ، قَالَ : صَلاَةُ الأَوَّابِينَ مَا بَيْنَ أَنْ يَنْكَفِتَ أَهْلُ الْمَغْرِبِ إِلَى أَنْ يُثَوَّب إِلَى الْعِشَاءِ. 

"Аввобин намози шом аҳлининг хуфтангача бўлган вақтда кийимларига ўралгунларича бўлган оралиқдаги намоздир!" (Ибн Абу Шайба, 2/5973).

Салмон ал-Форисий (р.а.) бундай деган:

قَالَ سَلْمَانٌ : عَلَيْكُمْ بِالصَّلاَة فِيمَا بَيْنَ الْعِشَاءَيْنِ ، فَإِنَّهُ يُخَفِّفُ عَنْ أَحَدِكُمْ مِنْ حِزْبِهِ ، وَيُذْهِبُ عَنْهُ مَلْغَاهُ أَوَّلَ اللَّيْلِ ، فَإِنَّ مَلْغَاهُ أَوَّلَ اللَّيْلِ مَهْدَنَةٌ ، أَوْ مَذْهَبَةٌ لآخِرِهِ.

"Сизлар шом билан хуфтан орасида намоз ўқишни ўзингизга лозим тутинг! Чунки, бу вақтда ҳар бирингизнинг вазифалари енгиллашган бўлади. У эса кечанинг аввалидаги ташвишларни кетказади. Шу намоз билан кеча аввалидаги ташвиш хотиржамлик ёки кечанинг охиридаги хотиржамлик бўлиб қолсин" (Ибн Абу Шайба, 2/5974).

عَنْ شُرَيْحٍ ؛ أَنَّهُ كَانَ يُصَلِّي مَا بَيْنَ الْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ.

"Шурайҳ (р.а.)дан шом билан хуфтан орасида намоз ўқишлари ривоят қилинган" (Ибн Абу Шайба, 2/5976).

قَالَ : كَانَ الْحَسَنُ بْنُ مُسْلِمٍ يُصَلِّي مَا بَيْنَ الْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ ، قَالَ : وَزَعَمَ الْحَسَنُ أَنَّ طَاوُوسًا لَمْ يَكُنْ يَرَاهُ شَيْئًا.

"Ҳасан ибн Муслим (р.а.) шом билан хуфтан орасида намоз ўқирдилар. Ҳасан ўйлашича, Товус (р.а.) ҳам бу вақтда ибодат қилишда бирорта кароҳият кўрмас эди" (Ибн Абу Шайба, 2/5978).

عَنْ مُجَاهِدٍ ؛ أَنَّ عَبْدَ اللهِ بْنِ عُمَرَ لَمْ يَكُنْ يُصَلِّيهَا إِلاَّ فِي رَمَضَانَ ، يَعْنِي مَا بَيْنَ الْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ.

"Мужоҳид (р.а.)дан ривоятки, Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) шом билан хуфтан орасидаги намозларни фақат рамазон ойида ўқир эди" (Ибн Абу Шайба, 2/5980).

3) Саҳобаи киромлар ушбу шом билан хуфтан намози орасидаги намозни "Музаммил сураси"да тилга олинган "ношиат ал-лайл" – туннинг бошланиш вақтидаги ибодат эканини ҳам айтиб ўтганлар. "Музаммил сураси"да Аллоҳ таоло бундай деган:

إِنَّ نَاشِئَةَ اللَّيْلِ هِيَ أَشَدُّ وَطْءاً وَأَقْوَمُ قِيلاً {6}

"Албатта кечаси (ибодат учун бедор бўлиб) туриш (тун уйқу-ором вақти бўлгани сабабли) жуда оғир юкдир ва (лекин у пайтда кундузги безовталиклар бўлмагани учун) энг тўғри сўздир".

عَنْ أَنَسٍ ؛ أَنَّهُ كَانَ يُصَلِّي مَا بَيْنَ الْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ ، وَيَقُولُ : هِيَ نَاشِئَةُ اللَّيْلِ.

"Анас ибн Молик (р.а.)дан шом билан хуфтан намози орасида намоз ўқиши ривоят қилинган ва "У тунинг бошланиш вақти" дер эди" (Ибн Абу Шайба, 2/5977).

عَنْ سَعِيدِ بْنِ جُبَيْرٍ ؛ أَنَّهُ كَانَ يُصَلِّي مَا بَيْنَ الْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ ، وَيَقُولُ : هِيَ نَاشِئَةُ اللَّيْل

"Саид ибн Жубайр (р.а.)дан шом билан хуфтан намози орасида намоз ўқиши ривоят қилинган ва "У тунинг бошланиш вақти" дер эди" (Ибн Абу Шайба, 2/5975).

● Манбаларда "Аввобин" намози ўқилар экан, унда ўқиладиган муайян сураларнинг номлари ҳам зикр қилинган. (Масъуд ибн Маҳмуд ас-Самарқандий. Солати Масъудий. 2-жилд. – Бўмбай: Муҳаммадий, 1312. – Б. 406). Биринчи икки ракъатнинг ҳар ракъатида "Фотиҳа сураси"дан сўнг бир марта "Оят ал-курсий", бир марта "Шаҳидаллоҳ" ояти, беш марта "Ихлос сураси", бир мартадан "Фалақ ва Нос суралари" ўқилади. Иккинчи икки ракъатнинг ҳар ракъатида "Фотиҳа сураси"дан сўнг "Кофирун сураси" беш мартадан ўқилади. Учинчи икки ракъатда эса биринчи икки ракъатда ўқилгандек замсура қўшилади.

Машҳур ҳанафий олими Ибн Обидин (р.ҳ.) ўзининг "Баҳр ур-роиқ"қа ёзган ҳошияси "Минҳат ул-Холиқ"да уч салом билан ўқиладиган олти ракъатли аввобин намозида "Фотиҳа сураси"дан кейин биринчи ракъатда "Кофирун сураси" бир марта, иккинчи ракъатда "Ихлос сураси" ўқилади, деб келтиради (Қаранг: Ибн Обидин. Минҳат ул-Холиқ ҳошияту Баҳр ар-роиқ. 1-жилд. – Миср: Илмия, 1300. – Б. 55). 

"Ширъат ул-ислом"нинг шарҳида ҳар бир ракъатда "Фотиҳа сураси"дан кейин "Оят ул-курси" ояти ва "Ихлос", "Фалақ" ва "Нос" суралари бир мартадан ўқилади, дейилган (Яъқуб ибн Али ал-Бурсавий. Мафотиҳ ал-жинон шарҳ Ширъат ул-ислом. – Қозон, 1900. – Б. 129).

"Қутб ул-иршод"да йигирма ракъатли аввобин намозида қирқ марта "Ихлос сураси" ўқилиши айтилган (Фақируллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Ҳанафий. Қутб ул-иршод. Бўмбай: Музаффарий, 1916. – Б. 268). 

Аслида намозларга бирорта сурани таъйин қилиб, ундан бошқасини ўқимасликка ҳаракат қилиш макруҳ ҳисобланади. Жумладан, фиқҳий матн китобларида бу аниқ айтилган:

و يكره ان يوقت شيأ من القرآن بشىء من الصلوات

"Намозлардан бирортасига Қуръондан бир нарсани белгилаб олиш макруҳ бўлади" (Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний. Жомеъ ас-сағир. – Лакнав: Алавий,1310. – Б. 15).

و يكره ان يتخذ سورة بعينها للصلوة لا يقرأ فيها غيرها

"Бир намоз учун бошқасини ўқимайдиган қилиб муайян бир сурани таъйинлаб олиш макруҳ бўлади (Абулҳасан Аҳмад ал-Қудрий. Мухтарас ал-Қудрий. – Қозон, 1916. – Б. 11).

Мазкур масала "Мухтасар ал-Виқоя" ҳамда "Канз ад-дақоиқ"да ҳам ўз ифодасини топган (Қаранг: Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя. – Қозон, 1911. – Б. 16-17; Абу-л-Баракот ан-Насафий. Канз ад-дақоиқ. – Бўмбай: Фатҳ ул-карим, 1305. – Б. 31).

Чунки, бирор намозга муайян бир сурани белгилаб қўйиш бошқа сураларга нисбатан бепарволик, уларни ўқишга, ёд олишга интилмаслик келиб чиқади. Бошқа ёд олинган сураларни зеҳндан унутилиш юзага келади. Шунинг учун сура белгилаб олиш макруҳ дейилган. Айрим фақиҳлар бундай макруҳлик фақат фарз намозларга тааллуқли деганлари учун "аввобин" намозида ўқиладиган сураларнинг номлари зикр қилинган бўлса керак. Аслида, ушбу манбаларда зикр қилинган сураларни "аввобин" намозида ўқиган яхши, ора-орада бошқаларни ҳам ўқиб турган афзал.

● "Аввобин" намозини икки-икки ракъатдан қилиб ўқиш афзал, дейилади, бироқ айрим манбаларда уни тўрт-икки ёки икки-тўрт ракъат шаклида ўқилиши ҳам айтиб ўтилган. Жумладан, XVIII асрда яшаган машҳур мутасаввиф олим, фиқҳ, наҳв соҳаларида ҳам бир неча китоблар битган таниқли уламо, Бухоро амирлигининг бош муфтийси Муҳаммад Шариф ал-Ҳусайний ал-Алавий ал-Бухорий (р.ҳ.) "Амал ул-йавм ва-л-лайл" деган рисола тасниф қилган бўлиб, унда тариқат акобирларининг бир кунлик одатий амалларини зикр қилган. Унда кўрсатилишича, акобирларнинг шомдан кейинги амали икки ракъат суннат ва икки ракъатдан тўрт ракъат "аввобин" намози ўқиш бўлган (Муҳаммад Шариф ал-Ҳусайний. Амал ул-йавм ва-л-лайл. ЎзР ФА ШИ, № 12591/VI. – В. 284а).

● Гарчи "Аввобин" ҳақида келтирилган ривоятларнинг кўпчилиги заиф бўлса-да, бироқ, у билан ибодатнинг мустаҳаб ва мандуб бўлишини инкор қилиб бўлмайди. Бинобарин, эътиборли фиқҳий манбаларда шомдан кейин олти ракъат намоз ўқишни мустаҳаб ва мандуб деб зикр қилинган. Ибодатга кўнгил қўйган, ихлосли мўъмин-мусулмонлар шом намозидан кейин олти ракъат намозни канда қилмаганлари яхши.

"Аввобин" намозининг биринчи икки ракъатини "туҳфаи расул" деб аталиши ва унинг ҳукми бошқа мақоланинг мавзусидир.

Хуллас, шомдан кейин уч салом билан икки-икки ракъатдан қилиб ўқиладиган олти ракъатли "Аввобин" намози аҳли сунна ва-л-жамоанинг тўрт мазҳабида ҳам мустаҳаб ва мандуб намозлар жумласидан бўлиб, уни ўқиш соф эътиқодли ва ихлосли мўъмин-мусулмонларнинг кундалик одатига айланиши керак.


Ҳамидуллоҳ Беруний



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
9дарс12МатнСўнгра рукуъ қилган ҳолда такбир айтардилар.12Матннинг далиллари۱ 1. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади давоми...

2942 05:00 / 09.01.2017
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни такбир ва .Алҳамдулиллаҳи Роббил оламийн,ни қироат қилиш билан очар давоми...

6706 05:00 / 09.01.2017
Қазойи ҳожат вақтида қиблага юзланиш ва орқа қилишнинг шаръий ҳукми борасида ҳам ислом уламоларининг ўзига яраша фиқҳий қарашлари бор. Табиийки, ҳар бир давоми...

5143 05:00 / 09.01.2017
Сен фарзандингни намоз ўқишини хоҳлайсан, у эса ўзини ёқтирган ишлари билан машғул бўлишни хоҳлайди. Фарзандинг дангасалик қилаверади. Натижада жаҳлинг чиқиб, давоми...

2155 11:20 / 22.10.2021