1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Зиёвуддин қори Холмуҳаммад ҳожи ўғли (1912-1991)

11:19 / 05 март 570 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Зиёвуддин қори Холмуҳаммад ҳожи ўғли 1912 йил ҳозирги Наманган шаҳрига туташ Ғирвон қишлоғида дунёга келди. Қиблагоҳи Холмуҳаммад (1880-1947) ҳожи зиёли кишилардан бўлиб, бир неча йиллар қишлоқдаги «Ғозий Муҳаммад» масжидида муаззинлик қилган. У 1910 йил ҳаж зиёрати мақсадида йўлга отланади. Уч ой деганда, Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварага етиб бориб, ҳаж ибодатини адо қилиб келади. Волидаи муҳтарамаси Хадичахон ая ҳам дин-диёнатда ибратли аёллардан бўлган.

 
Зиёвуддин қори халқ орасида Зиё қори исмлари билан танилганлари боис, биз ҳам шу исм билан таништиришни маъқул кўрдик. 


Зиё қори илк диний таълимни оила муҳитида ота-онасидан олади. Отаси Холмуҳаммад фарзандидаги Қуръонга бўлган муҳаббатни кўриб, унинг илму салоҳиятини янада юксалтиришга имкон яратади. Натижада, Зиё қори юрт ва дин ривожига муносиб ҳисса қўшадиган инсон бўлиб улғаяди. Уни хушовоз ҳофизи Қуръон бўлиб камол топишида мударрис Муборакшо (1895-1932) қорининг хизмати беқиёс бўлган.


1926 йил Рамазон ойининг 27-санаси, яъни Лайлатул қадр кечаси Зиё қори масжиддан оталари ва устозлари билан таровеҳ намозининг хатмонасини ўқиб қайтаётганларида, кўзларига оловли нур кўринади. Қўрқувдан қиблагоҳлари ва устозлари Муборакшо ҳазратларининг ўрталарига кириб олади. Ҳайрон бўлган оталари: «Ҳа ўғлим, нима бўлди?, -деб сўрайдилар. Зиё қори қандайдир оловли нур кўрганларини айтадилар. Шунда устозлари: «Зиёвуддин, сиз қадр кечасининг ғаройиботини кўрибсиз. Бугундан бошлаб Худо хоҳласа қори бўлдингиз» - дейдилар. Зиё қори ўша пайтлари 14 ёшлик ўспирин йигит бўлган эканлар.


Совет ҳокимияти мустамлака ўлкаларнинг дин пешволари, исломий илмга эга бўлган инсонларни таъқиб остига ола бошлайди. Турли баҳоналар билан уларни қамаб, жазога тортади. Илм аҳллари эса худди тўзғиган қуш мисоли турли томонга тарқаб кетадилар. Айримлари қамоқда, айримлари сургунда ҳаётдан кўз юмади.


Аллоҳнинг инояти билан Зиё қори бу синовли кунларни омонда ўтказди. Иккинчи жаҳон уруши йиллари қори ҳазрат фронт ортига сафарбар қилинади. У янги тузилган Свердлов колхозида тиним билмай, фидокорона меҳнат қилади. Кейинчалик шу колхознинг дори омборида омборчи бўлиб фаолият олиб боради. Зиё қори ўзининг ҳалол меҳнати, чиройли хулқ-атвори билан колхозчи-деҳқонларнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди. 


Маълумотларга кўра, Зиё қори Ғирвон қишлоғидаги «Ғозий Муҳаммад» масжидида Рамазон ойларида хатмоналарга ўтиб, имом бўлганлар. Шунингдек, халқимизнинг тўй-маросим ва маракаларда чиройли, гўзал Қуръон тиловатлари билан йиғилганларни хушнуд қилганлар. Қори домланинг нафаслари ва қироатлари ўткирлигидан, кўпчилик беморлар у кишидан шифо топган. У зоти шариф то вафотларига қадар илоҳий каломни такрорини асло қолдирмаганлар.


Зиё қори домла илм йўлида кўплаб шогирдларга шариат илми ва Қуръони Каримдан таълим берадилар. Хусусан, маҳаллаларидаги Камолиддин ҳожи (Жўраев 1926-2002), Маҳмуджон (Исақов 1931-1987), Неъматиллахон (Исомиддинов 1931-1991), Тўрахон (Боймирзаев 1931-1991), Исҳоқжон (Раҳмонов 1936-2007) Тоштемир (Тожиев 1926-2003) ва Юсуфжон (Отахонов 1930-1993) ва Шарифжон (Акбаров 1932-2022) каби илму толибларга дарс бердилар.


Билишимизча, 1988-1989 йилларда Зиё қори, Абдурашид, Абдуғаффор, Камолиддин ва Мўминжон ҳожилар бошчиликларида собиқ «Алишер Навоий» маҳалласида ҳашар йўли билан масжид барпо этилади. Маҳалла аҳли қори домлани дин, Ислом йўлидаги хизматларини юксак баҳолаб, намозгоҳга «Зиёвуддин қори» номимини беришни маъқул кўради.


Хуллас, Қуръон ва Суннатга мувофиқ умргузаронлик қилган Зиё қори Холмуҳаммад ҳожи ўғли 1991 йил 1 декабрь санасида бандаликни бажо келтирадилар. У зот «Ўн бир Аҳмад» қабристонига улуғларимиз ёнларига дафн қилинади.


Зиё қори Ҳожархон ая (1914-1995) Зарифбой (новвой) қизларидан Муҳаббатхон (1937-2011), Муҳаррамхон (1942-2020) ва Абдураҳмон (1948-2021) исмли фарзанд кўрдилар. Ҳозирги кунда қори ҳазратлари истиқомат қилган хонадонда набира-абиралари дуоларида эслаб, уларнинг чироқларини ёқиб келмоқдалар. Аллоҳ ўтганларни раҳматига олсин, жаннати билан мукофотласин.[1]

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов

[1] Ушбу маълумотларни бизга ҳофизи Қуръон Зиёвуддин қорининг авлодлари Икромжон ( 1957) ва Иброҳимжон (1979) акалар билан суҳбат чоғида ёзиб олинди.

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 21 февраль 03-07/921-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У зотнинг тўлиқ исмлари Тожуддийн Абулфазл Аҳмад ибни Муҳаммад ибни Абдилкарим ибни Абдур Роҳман ибни Абдуллоҳ ибни Аҳмад ибни Ийсо ибни Ҳусайн ибни Атоуллоҳ ас давоми...

5010 22:15 / 27.04.2017
Шайх, имом, аллома, ҳанафийларнинг улуғларидан, ифтихоруддин .дин фахри, Абу Ҳошим Абдулмутталиб ибн Фазл ибн Абдулмутталиб ибн Ҳусайн ибн Абдурраҳмон ибн давоми...

1369 18:30 / 18.04.2021
Имом Абу Довуднинг исми Сулаймон ибн Ашъас ибн Исҳоқ Аздий Сижистонийдир. Бу зот ҳадис илмининг ҳофизларидан, Сунанrdquoнинг соҳибидир. Сижистон Хуросоннинг давоми...

6054 22:17 / 27.04.2017
Тарихни ҳаққоний ёритиш, ўрини келганида ибора ва ўхшатишлар қўллаш ширали, мазали, юқумли услубда ёзиш сабоғини ҳам олиш мумкин Соғуний ҳазратларидан. Ҳақ сўз давоми...

1837 16:30 / 20.08.2021
Аудиолар

120503 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7048 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42118 14:35 / 11.08.2021