1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ҳазрати Абу Бакрнинг вафотлари

14:51 / 05 март 2026 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳижрий 13 йил жумодус соний ойининг 8-куни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу иситма касалига чалиндилар. Хасталик тобора зўрая борди.


Имом Табарий, Ибн Жавзий ва Ибн Касирларнинг таъкидлашларича, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу хасталиклари оғирлашганда, халқаро ва ички вазиятни ҳисобга олган ҳолда ўзларидан кейин мусулмонларнинг ихтилофга тушишларидан қўрқиб, уларга ўз ўлимларидан олдин янги халифа танлашни таклиф қилдилар. Мусулмонлар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан кейин ким халифа бўлиши кераклигини тезда ҳал қила олмадилар. Улар ишни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўзларига оширдилар.


Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу хаста ҳолларида Абдурраҳмон ибн Авф, Усмон ибн Аффон, Саъид ибн Зайд, Усайд ибн Ҳузайр ва бошқа муҳожиру ансорлардан бўлган саҳобаи киромларни якка-якка чақириб, бу иш хусусида маслаҳат қилдилар. Ҳамманинг фикри Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуда тўхтади.


Ҳамма маслаҳатчилар бир фикрга келганларидан кейин Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу қуйидаги аҳдномани Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга айтиб туриб ёздирдилар:

«Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ушбу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаси Абу Бакрнинг бу дунёдаги охирги ва охиратдаги аввалги пайти, кофир мўмин бўладиган, фожир таслим бўладиган пайтда берган аҳдномасидир. Мен сизларга Умар ибн Хаттобни халифа қилдим. Сизлардан яхшиликни аямадим. Агар у сабр ва адолат қилса, унинг ҳақида менинг билганим шу. Агар у зулм қилса, бу улуғ ишни ўзгартириб юборса, ҳар ким қилмишига яраша жазосини тортади. Мен фақат яхшиликни ирода қилдим. Мен ғайбни билмайман. ‎«Зулм қилганлар эса тезда қайси қайтиш жойига қайтишларини билурлар» (Шуъаро сураси, 227-оят).


Сўнгра хаста ҳолдаги Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни кўтариб одамларнинг олдига олиб чиқишди. У киши уларга аҳдномани ўқиб бердилар ва: «Сизларга ўзимдан кейин қолдирган кишимдан розимисиз? Мен сизларга қариндошимни эмас, Умарни қолдирдим. Унга қулоқ осинглар ва итоат қилинглар. Аллоҳга қасамки, мен чуқур ўйлаб, мулоҳаза қилиб, шу қарорга келдим», дедилар. Одамлар: «Эшитдик, итоат қиламиз!» дедилар.


Сўнг у киши Умар розияллоҳу анҳуни олдларига чорлаб, қуйидагиларни айтдилар:
«Мен сени ўзимдан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига қолдирдим.


Эй Умар! Аллоҳнинг кечки ҳаққи бор, уни кундузи қабул қилмас. Кундузги ҳаққи бор, уни кечаси қабул қилмас. У Зот фарз адо қилинмагунча, нафлни қабул қилмас.


Эй Умар! Билгинки, қиёмат куни тарозиси оғир келадиганларнинг тарозиси оғир бўлиши уларнинг ҳаққа эргашгани учундир. Зотан, ҳақдан бошқа нарса қўйилмаган тарози оғир бўлади.


Эй Умар! Билгинки, қиёмат куни тарозиси енгил келганларнинг тарозиси енгил бўлиши уларнинг ботилга эргашганидандир. Зотан, ботилдан бошқа нарса қўйилмаган тарози енгил бўлади.


Эй Умар! Билгинки, енгиллик ояти шиддат ояти ила бирга, шиддат ояти енгиллик ояти ила бирга нозил бўлган. Мўмин ҳам рағбат қилиб, ҳам қўрқиб туриши учун шундай бўлган. У Аллоҳдан ўзига номуносиб нарсани сўрайдиган даражада рағбат қилмайди. Шунингдек, икки қўли бўшашиб қоладиган даражада қўрқмайди ҳам.


Эй Умар! Билгинки, Аллоҳ дўзах аҳлини уларнинг энг ёмон амаллари ила зикр қилган. Қачон уларни эсласам, асло улардан бўлмасликни орзу қиламан. У Зот жаннат аҳлини уларнинг энг яхши амаллари ила зикр қилган, чунки У Зот уларнинг ёмонликларини кечиб юборган. Қачон уларни эсласам: «Уларнинг амаллари олдида менинг амалим нима бўлибди», дейман. Агар менинг васиятимни ёдлаб олган бўлсанг, ўлим туфайли ғойиб сен учун ҳозирдан маҳбуброқ бўлмасин. Сен ундан қочиб қутула олмассан».


Аммо бу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифа этиб тайин қилинди, деган гап эмасди. Бу халифаликка номзод кўрсатиш эди. Халифани сайлаш эса кейинроқ халқ томонидан бўлиши керак эди.


Кейин Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни яна ётган жойларига олиб кирдилар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг бу тасарруфлари ҳар қандай кишини ҳайратга солади. Ўлимни бу қадар хотиржамлик билан кутиб олиш осон иш эмас. Айниқса, бир миллатга бош бўлиб турган одам бундай пайтларда беморлигини даволатишга уринади.
Ҳа, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу одатдан ташқаридаги одамлар тоифасидан эдилар. У киши ўлимни мардлик, ҳатто хурсандчилик билан кутиб олдилар.


Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу жумодус соний ойининг тугашига саккиз кун қолганда, сешанба куни олтмиш уч ёшларида вафот этдилар.


Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу муртадларни динга қайтардилар. Арабларни Исломда қайта бирлаштирдилар. Ўша пайтдаги икки улкан империяни фатҳ қилишни бошладилар. Қуръони Каримни бир мусҳафга жамладилар ва бошқа кўплаб улкан ишларни амалга оширдилар.


Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишининг қозилари, Абу Убайда розияллоҳу анҳу девонбегилари, Усмон ибн Аффон, Алий ибн Абу Толиб ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳум эса у кишининг мирза-котиблари эдилар.


Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даврларида Ислом жамияти вилоятларида қуйидаги волийлар иш юритар эдилар:
1. Маккаи мукаррамада Аттоб ибн Усайд.
2. Тоифда Усмон ибн Абул Ос Сақафий.
3. Санозда Муҳожир ибн Абу Умайя.
4. Ҳадрамавтда Зиёд ибн Лабид.
5. Хавлонда (Ямандаги машҳур қабила) Яъло ибн Абу Умайя.
6. Зубайд ва Аданда Абу Мусо Ашъарий.
7. Нажронда Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалий.
8. Баҳрайнда Ало ибн Ҳазрамий.
9. Журашда Абдуллоҳ ибн Савр.
10. Давматул жандалда Иёз ибн Ғанм.
Ироқдаги лашкар амири – Мусанно ибн Ҳориса.
Шомдаги лашкар амири – Холид ибн Валид.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг охирги сўзлари «Мени мусулмон ҳолимда вафот эттиргин ва ‎солиҳларга қўшгин‎» (Юсуф сураси, 101-оят) ояти бўлган экан «Тарихи Табарий».


Ўшанда ҳижрий 13 йил жумодус соний ойининг 21-куни, милодий 634 йилнинг 21 август куни эди.


Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни хотинлари Асмо бинт Умайс ва ўғиллари Абдурраҳмонлар ювиб, ўзларининг кийимларига кафанлаганлар. Жанозаларини эса Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўқиганлар.


Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Оиша онамизнинг ҳужраларига, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига кечаси дафн қилинганлар. У кишининг бошлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг елкаларига тўғрилаб қўйилган.


Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қабрларига ўғиллари Абдурраҳмон, саҳобалардан Умар, Усмон, Абдурраҳмон ибн Авф ва Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳулар тушганлар.


Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг жаннати экани аниқ бўлган оз сонли кишилардан бири эканлари ҳаммамизга маълум.
Аллоҳ таолонинг Ўзи у кишидан рози бўлсин! Омин!

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шундай қилиб, мусулмон тарихчилиги бошқалардаги тарихшунослик услубларидан фарқли равишда, ҳис ва ақлдан ташқари ишончли, таҳлил қилинган хабар билан устун давоми...

786 13:49 / 29.09.2023
1. Набавий масжидни бино қилишРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туялари бўлажак масжиднинг ўрнига чўккан эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

1554 15:06 / 17.07.2020
Бир куни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Мусо алАшъарий розияллоҳу анҳудан мактуб олдилар. Унда, сиздан мактублар келади, бироқ тарихи номаълум бўлади. давоми...

3488 17:00 / 27.05.2022
Исмоил алайҳиссалом пайғамбарлар ичида энг насаби машҳур, яъни отаонаси машҳур зотлардан бирлари десак, муболаға қилмаган бўламиз. У зот Иброҳим алайҳиссалом ва давоми...

5789 15:00 / 17.02.2019
Аудиолар

120822 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42391 14:35 / 11.08.2021