1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Таҳликали хато (тўртинчи мақола)

18:42 / 29 февраль 1319 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Ғаззолий фалсафанинг энг катта хатоларидан бири ғайб олами – метафизика ҳақидаги тортишувлар эканини очиқ-ойдин айтдилар. Бу фикрнинг тўғрилигини исботлаш учун файласуфларнинг метафизикага оид тортишувларидан бир нечасини олдилар.

Мисол учун, оламнинг азалийлиги ёки кейин пайдо бўлганлиги ҳақидаги масала. Унинг хатосини имом Ғаззолий «Такофуъул адиллати ала қидамил олами ва ҳудусиҳи» – «Оламнинг қадимлиги ёки кейин пайдо бўлганлиги ҳақидаги далилларнинг тенглиги» номли баҳсларида ёрқин ақлий таҳлил ва инкор қилиб бўлмайдиган далилу ҳужжатлар ила исботлаб бердилар.

Қадимдан файласуфлар бу масалада иккига бўлиниб олиб тортишиб келганлар. Баъзилари олам азалий – қадимий деса, бошқалари олам ҳодис – кейин пайдо бўлган, деган.

Икки тараф ҳам ўзининг гапи тўғрилигига ақлий далил олиб келади. Иккисининг далили ҳам ўзига тўғри кўринади. Иккиси ҳам қарши тарафга бир хил муваффақият билан раддия қилади. Қадимдан шундай бўлиб келмоқда эди. Бунга имом Ғаззолий Юнон файласуфларидан олдингиларнинг, юнонларнинг ва улардан кейин келган файласуфларнинг далилларини бирма-бир келтириб баён қилдилар.

«Бу тортишув бундан кейин қиёматгача ҳам давом этаверади, – дейдилар имом Ғаззолий, аммо ундан одамларга заррача фойда бўлмайди.»

Имом Ғаззолийнинг фикрларича, файласуфларнинг мазкур тортишувлари охирига етиши мумкин ҳам эмас. Чунки, улар ўзларидан мутлақ ғайбдаги нарса ҳақида тортишмоқдалар. Ўзлари ичида турган оламнинг асли ҳақида тортишувни уларга ким қўйибди?! Бирор нарса ҳақида баҳо бериш учун унинг ташқарисида бўлиш керак. Оламнинг ичида турган одам унинг азалий ёки янги пайдо бўлганини қаердан билсин?!

Унинг ўрнига, инсон қўл остида турган нарсаларни ўрганишга ҳаракат қилиши керак, дейдилар имом Ғаззолий. Мисол учун, нима учун темирни оловга тутса, куймайди-ю, пахтани тутса, куяди? Мана шу масалани ўйлаб кўриш керак. Пахта ўзида куйишга қобилияти борлиги учун куймоқдами ёки оловдаги куйдириш қобилияти ила куймоқдами?

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳининг бу фикрлари мусулмонларда тажрибий илмларнинг келиб чиқишига ва ривожланишига сабаб бўлди. Имом Ғаззолий тажрибий илмларнинг келиб чиқишига туртки бўлган фикр соҳиби сифатида дунё илмий тарихида муносиб жой олган улкан ақл соҳиби бўлмиш мусулмон шахс сифатида машҳур бўлдилар. Ўрта асрларда мазкур назарияга амал қилароқ Ислом оламида табиий илмлар кенг ривож топти. Улардан аста-секин овропаликларга ўтди ва улар бу илмларни яна ҳам ривожлантириб, катта муваффақиятларга эришдилар.

Имом Ғаззолий ва бошқа мусулмонлар инсонга ўзидаги ақл ва заковатни ўзининг имкони даражасида, ўзига фойда берадиган тарзда ишлатишни таклиф қиладилар.

Инсоннинг ақл доирасидан ташқаридаги, минг тортишса ҳам фойда бермайдиган ғайбий олам – метафизикага оид маълумотларни эса тайёр ишончли манбаъдан, яъни Аллоҳ таолонинг Ўзи динлар орқали берган хабарлардан олишни таклиф қиладилар. Диний ақийдаларга оид маълумотлар айнан ғайбиёт олами – метафизикага оиддир.

Шундай қилиб ислом оламида юнон фалсафаси қутқусидан эсонлик билан чиқиб олинди. Ишлар яхши йўлга қўйилиб, ҳамма тараф хурсанд бўлди. Бу натижага эришишда Аллоҳ таолонинг ҳақ дини Ислом асосий суянч бўлди.

(Тамом)

Биринчи мақола: https://islom.uz/maqola/21760
Иккинчи мақола: https://islom.uz/maqola/21774
Учинчи мақола: https://islom.uz/maqola/21805

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 30 ноябрь 03-07/9089-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Миссионерлик лотинча .missio, феълидан олинган бўлиб, .юбориш,, .вазифа топшириш,, миесионер эса quotвазифани бажарувчиquot деган маъноларни англатади. Умумий маънода давоми...

8060 17:10 / 30.03.2019
Профессор Петер Адамсон Лондон қироллик коллежи Қуръоний оятларнинг жуда кўпчилиги инсонни бу ёруғ оламни кузатиш, ундаги мукаммалликни эътироф этиш ва уни давоми...

2420 11:30 / 31.12.2019
Ҳар бир илмий ҳаракатни ривожлантиришда, уни илм толибларига етказишда ва ниҳоят ўша илмий ҳаракат самарасини келажак авлодга қолдириб кетишда китоблар муҳим давоми...

1749 09:30 / 27.08.2021
Мусулмон давлатида яшаётган иймонлиИсломли кишилар Аллоҳнинг ер юзидаги халифалари ҳисобланадилар. Улар ер юзида адолат ўрнатиш, зулмни кўтариш, ҳамма ёқда давоми...

1952 13:40 / 22.07.2019