1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Ота-онангга ҳеч бир озорни раво кўрма!

19:00 / 06 февраль 1105 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ

«Барчага – манавиларга ҳам, анавиларга ҳам Роббингнинг атою неъматларидан чўзамиз. Роббингнинг атою неъматлари чекланган эмас» (Исро сураси, 20-оят).

Аллоҳ таоло бу дунё неъматларини барчага бераверади. У ҳамманинг Розиқидир. Бергани билан неъмати камайиб қолмайди:

«Барчага – манавиларга ҳам, анавиларга ҳам Роббингнинг атою неъматларидан чўзамиз».

Барча бандаларга, яъни охиратни истаган, иймонга келиб, ибодат қилиб, керакли саъй-ҳаракатларни қилганларга ҳам, дунёни истаб, иймонга келмай, исён қилиб, гуноҳкор бўлиб юрганларга ҳам Роббингнинг атою неъматларидан берамиз.

«Роббингнинг атою неъматлари чекланган эмас».

Доимо барчага бериб келинган. Бу дунёнинг бутун матоҳи Аллоҳнинг наздида чивиннинг қанотичалик эмас. Асл саодат бу дунё неъматларига эришишда эмас.

ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ

«Баъзиларини баъзиларидан қандай афзал қилиб қўйганимизга назар сол. Албатта, охират даражаси ва афзаллиги каттароқдир» (Исро сураси, 21-оят).

Бу дунёда баъзи одамларга кўпроқ неъмат тегса, бошқаларидан афзал бўлиб юраверадилар. Аммо бу ҳоллари ҳақиқий афзаллик, ҳақиқий юксак мартаба эмас.

«Албатта, охират даражаси ва афзаллиги каттароқдир».

Яъни охиратнинг даражаси ва афзаллиги ҳақиқийдир. Чунки бу даража ва афзалликлар абадий қолажакдир. Ўзини билган одамлар ана ўша афзаллик ва ана ўша даражага эришиш учун ҳаракат қиладилар.

Ўтган оятларда Қуръони Карим энг тўғри йўлга ҳидоят қилиши, охират саодатига эришиш учун керакли саъй-ҳаракат қилиш лозимлиги умумий тарзда айтиб ўтилган эди. Эндиги келадиган оятларда ўша умумий гапларнинг тафсилотига ўтилади:

ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ

«Аллоҳ билан бирга ўзга илоҳни (шерик) қилма! Яна мазамматга учраб, чорасиз ўтириб қолмагин» (Исро сураси, 22-оят).

Аллоҳга ширк келтирмаслик, тавҳид ақийдаси ҳамма ишларнинг бошидир. Оятда ана ўша асл масаладан сўз очилди. Ширк келтирмаслик қаттиқ тайинланди. Шу билан бирга, ширк келтиришнинг оқибати нима бўлишидан огоҳлантириб ҳам қўйилди. Кимки Аллоҳга ширк келтириб, Ундан ўзгани илоҳ деб эътиқод қиладиган бўлса, мазамматга учраб, чорасиз ўтириб қолиши, ёрдамчи топа олмаслиги эслатиб қўйилди.

ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ

«Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «Уфф», дема, уларга зажр қилма ва уларга карамли сўз айт!» (Исро сураси, 23-оят).

Олдинги оятда Аллоҳга ширк келтиришдан қайтарилган бўлса, бу оятда ягона маъбудга – Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга амр этилмоқда. Ундан сўнг, бевосита ота-онага яхшилик қилиш буюрилмоқда.

«Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди».

Бу Аллоҳнинг бандаларига амри, буйруғи, фармонидир; бу бандаларнинг ихтиёрига ташлаб қўйилган иш эмас. Хоҳласа қилиб, хоҳламаса қилмайдиган ҳаваскорлик ҳам эмас. Қариб, ҳеч нарсага ярамай қолганда юзланадиган кўнгил хоҳиши ҳам эмас. Бу амр Аллоҳ таолонинг қатъий ва ўзгармас буйруғидир. Бу буйруқни бажариш ҳар бир банданинг бурчидир.

Аллоҳнинг ибодатидан кейинги келадиган иш ота-онага яхшилик қилишдир. Бу ҳам Аллоҳнинг амри. Аллоҳ таоло ўзига ибодат қилишга чақирган амрдан кейин, шу жумланинг давомида ота-онага яхшилик қилишни таъкидламоқда. Бу икки ҳукмнинг бир оятдаги бир жумлада баён қилинишининг ўзиёқ Исломда ота-онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади.

«Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «Уфф», дема».

Бу жумланинг «уфф» сўзига боғлиқ икки хил маъноси бор. Бир маъноси – «Ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма», дегани бўлса, иккинчи маъноси – «Ота-онанг олдида «Уфф», дема, улар «Болам оғир ҳолга тушибди», деб озорланадилар» деганидир.

«...уларга зажр қилма ва уларга карамли сўз айт!»

Ота-онангга ҳеч бир озорни раво кўрма! Қандай яхши сўз бўлса, ўшани ота-онангга раво кўр!

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Жума сурасида шундай марҳамат қилади .Сен .Аниқки, сиз қочаётган ўлим, албатта, сизга йўлиқувчидир. Сўнгра ғайб ва шаҳодатни Билувчининг давоми...

2623 11:33 / 28.12.2018
.Ким зулмидан кейин тавба этса ва ислоҳ қилса, Аллоҳ албатта тавбасини қабул қиладир. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир, Моида сураси, давоми...

1001 19:00 / 19.09.2023
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Агар Аллоҳни севсангиз, бас, менга эргашинг, Аллоҳ сизни севадир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират давоми...

2421 10:06 / 26.05.2021
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади .Улар Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида зикр қиладилар ва осмонлару ернинг давоми...

2548 12:04 / 28.10.2018