1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Ғанимат дамлар

14:41 / 03.11.2023 1249 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тонг отди. Кечаги кун мушоҳадаси ила ҳаёт деб аталмиш катта карвонга қўшиламиз. Баъзан кўнгилга эрк бериб, унинг бесамар кўчаларида роса адашдик. Баъзида нафсимизни жиловлаб, эзгулик булоғидан қонишга ҳаракат қилдик. Нима бўлганда ҳам, ўткан кунимиз поёнига етди. 


Кеча отам зиёратига борсам бўларкан... Дўстимга бироз ўринсиз танбеҳ бердим, ҳафа бўлди... Бошлаган ишим юзасидан ўқиб-ўрганиш пайти эди. Ундан фойдалана олмадим... Лоқайдлигим сабаб кечки вақтим ҳам беҳуда кетди. Кечаги кунимни илм-маърифат билан безай олмадим. 


Ногаҳон: «Эй одам боласи, мен янги кунман ва сенинг барча ҳатти-харакатингга гувоҳман. Чунки уларнинг барисини менинг давримда қилаяпсан. Шундай экан, мендан яхши фойдаланиб қол, қадримга ет. Зеро, мен қиёматгача қайтиб келмайман», дейдиган вақтнинг ҳайқириғидан сергакландим. Англадимки, фурсат қадрини билмаслик ғафлатдир. 


Улуғ донишмандлар демишларки, вақтни беҳуда ўтказиш банданинг Аллоҳдан узоқлашишидир. Суйган бандасининг куни барокатли, ҳар они унумли бўлади. Илм ва эзгулик истагидаги инсон вақтини зое кетишидан эҳтиёт бўлади. Акс ҳолда ўзига ўлчовли қилиб берилган вақтдек буюк неъматдан маҳрум бўлиб қолади.


Дарвоқе, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўри бўлиш имкониятидан қанчалик фойдаландик? Кечаги ўткан кунимиз динга, инсонларга ва дунёга фойда бердимикан?! Қўлдан кетган моддий неъматлар ўрнини тўлдирармиз, бироқ кечаги кунда тақсимланган вақтнинг ўрни нима билан босилади? Ана шундай ўй-ташвишлар исканжасида КЕЧАмиз ўтди...


Ҳаёт давом этар экан, инсон умри роҳат ва машаққат, камчилик ва тўкислик ҳамда саломатлик ва хасталик ўртасида тошқин дарёдек ўтаверади. Бепарволик ила умрнинг шу зайлда ўтаётганига маҳлиё бўлиб юраверамиз. Аслида умр вақтдир. Аслида умр эмас, биз ўтиб боряпмиз. 


Одатда хурсандчилик кунлар тезроқ, маҳзунлик соатлар секин ва оғир ўтаётгандек туюлади. Бироқ шу дамларда ибрат назаридан, тафаккурдан маҳрумлик ана ўшандай инсон ҳолатини келтириши тайиндир. Армон ва надоматлар гирдоби домига тортиб кетмасдан бурун дунё ҳаётининг бугуни ўйлантиради. Зеро, тез ўтувчи вақт (умр)нинг ортга қайтмаслиги аниқ-ку! Эртага эса бугунни топиб бўлмаслиги айни ҳақиқат. Зотан, илм ва маърифат аҳллари бугунни кечаги кундан, эртанги кунни эса бугунгидан афзалроқ ўтказишга жаҳд қилишган. Дониш аҳли дейдики: «Кимнинг бугуни кечаги каби ўтаётган бўлса, у алдангандир». Англаганим бугуннинг ўз амали ва лаҳзасига қадар ўлчаб берилган вақтнинг вазифаси борлигидир. 


Дунё ташвишлари, ҳавотирлар ичида бугунимиз ўтмоқда...
Воажаб! Кун ўтганига хурсанд бўлаётган инсонлар ҳолигаки, асл сармоя ҳисобланган умрнинг бир қисми кетиб турибди. Ҳаёт дафтаримиздан яна бир саҳифа якун топди. Кафолатсиз етишга интилаётган эртанги куним бугунги амалларимга боғлиқмикан? Ортга қайтмас фурсатим ичра хайрли ва эзгу ишларга, илм-маърифат ҳосил қилишга безак бўлиб маъно кашф этарми?... Бугун нақд бўлиб турган нафис вақт ичида ҳикматлар билан ўралган дунёнинг поёнсиз сўқмоқларида эртамиз ҳам ўтарми?.. 

Маҳмуд Қаҳҳоров 
«Ҳилол» журналининг 7 (52) сонидан

 

Мавзуга оид мақолалар
Али Тантовий роҳимаҳуллоҳ айтади.Бу воқеа ўтган асрнинг тахминан етмишинчи йилларида Димашқда содир бўлган. Катта савдогарлардан бири саратон билан оғриб давоми...

4456 11:00 / 10.08.2021
Ҳар бир инсоний алоқада ўзига яраша ҳақҳуқуқ ва мажбурият бўлганидек, дўстликнинг ҳам ўзига яраша ҳуқуқлари ва масъулиятлари бор. Руҳий тарбия бўйича мутахассис давоми...

4983 23:10 / 17.05.2017
Қурбон Ҳайити арафасида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси раислари, марҳум муфтийлар Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ва Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад давоми...

989 09:00 / 29.06.2023
Басралик бир савдогар Чин Хитой мамлакати томон сафарга тайёргарлик кўраётганида бир қария унинг кемасига яқинлашиб илтимос қилиб қолдиndash Эй хожа, ҳузурингизга давоми...

2617 18:00 / 05.02.2021