1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Аллоҳ билан тижорат қилиш

11:00 / 10.08.2021 4461 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Али Тантовий роҳимаҳуллоҳ айтади:
«Бу воқеа ўтган асрнинг тахминан етмишинчи йилларида Димашқда содир бўлган. Катта савдогарлардан бири саратон билан оғриб қолади. Бизнинг диёрларда даволанишнинг иложи бўлмагани сабабли одатдагидек даволаниш учун Америкага бормоқчи бўлишади. Таҳлил ва анализлардан сўнг даволанишнинг фойдаси йўқлигини, касаллик бутун танага тарқалганлигини айтишади. Бирор-бир умид учқуни қолмаган эди.

Америкалик шифокор беморга бир ойлик умри қолганини, ватанига қайтиб ўша ерда оиласи бағрида вафот этишини очиқ айтади. Қолган кунларини ғанимат билишини, истаган ва яхши кўрган машғулоти билан машғул бўлишини айтади.

Савдогар уйига қайтди. Қолган бир ойнинг ҳам учдан иккиси қолган эди. У ўлимини кута бошлади.

Ёмғирли кунларнинг бирида қалбида танглик ҳис қилиб уйни ташлаб кўчага чиқди. Йўлакдан юриб бораётиб толиқди. Нафас ростлаш учун йўлакнинг четида ўтирди.

Йўлакда бир ёш жувон билан кўринишидан бой-бадавлатлиги билиниб турган гўзал йигит гаплашиб турар эди. Йигит оғзидаги сақични эгилиб олиб чайнар эди. Йигит бемор савдогарга эътибор ҳам бермади. Афтидан у жувонни пул билан домига тушириб нафсини қондирмоқчи эди. Йигит билан фақир жувон қилаётган паст овозли суҳбатдан савдогар шуни англади. Жувон йигитга молга, нонга эҳтиёжи борлигини айтар эди. Уни фарзандлари билан ижарада турган жойидан ижарачи ҳайдаб чиқарган экан. Йигит жувоннинг гапларига ишонмади. Жувон эски уйнинг ижарасини тўлай олмабди.

Йигит жувон талаб қилган пулни бермади. У жувоннинг озғин танасига арзимаган пул эвазига эга чиқмоқчи эди. Жувон у пулга кўнмагач йигит уни ташлаб кетди.

Савдогар жувонга яқинлашиб сўради:

- Қизим, кечирасиз! Сизга нима бўлди? Бошингизга тушган ҳодисани сўзлаб бера оласизми? Бу ишни қилишга сизни нима мажбур қилди?

Жувон деди:

- Ижарачи бизни фарзандларим билан уйдан ҳайдаб чиқарди. Фарзандларим кўчада қолган. Эрим қамоқда. Унинг аҳволидан бехабарман. Бизга кўрсатишмайди. Менинг бошқа ҳеч кимим йўқ.

Жувон Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб айтдики, бу ишга биринчи марта мажбур бўлаётган экан. Ҳатто шунинг ҳам уддасидан чиқа олмадим, деди.

Савдогар деди:

- Эй қизим! Агар мен сизга бутун умр нафақа бериб турсам, фарзандларингизга ғамхўрлик қилишга етарли маблағ бериб турсам менга нима ваъда бера оласиз?

Жувон деди:

- Истаган нарсангизни сўранг.

Савдогар деди:

- Мен сиздан битта нарса сўрайман. Бир умр танангизни ҳаромга сотмайсиз. Мен сизни ва фарзандларингизни кафилликка оламан.

Жувон деди:

- Мен розиман.

Савдогар деди:

- Бу ишни қайтиб қилмаслигингизга кафилингиз борми?

Жувон деди:

- Аллоҳ таоло кафилим бўлса шунга розимисиз? Мен бутун умр бу ишни қилмасликка, ваъдамни бажаришга Аллоҳни гувоҳ қиламан. Мана бу қийин ҳолатда турганимда сизни юборган Аллоҳга ҳамд айтаман.

Савдогар деди:

- Келишдик. Менга манзилингизни тушунтиринг. Ўзингиз уйингизга, фарзандларингиз олдига боринг. Мен кейинроқ уйингизга бораман.

Савдогар дарҳол уйига қайтди. Хонасига кириб бир вараққа васиятини ёзиб уни сейфга қўйди. Васиятда шундай ёзилган эди:

«Азиз фарзандларим! Сизларга бутун умр, мендан кейин варақ остидаги манзилга ҳар ой беш кишига етарли маблағ юбориб туришингизни васият қиламан».

Сўнгра бир қанча пул ва турли жиҳозларни катта машинага ортиб жувоннинг уйи томон йўл олди. Уй эгасига тўланмай қолган ижара пулларини тўлади. Кейинги уч йилликни ҳам қўшиб тўлади. Яна аёлнинг барча қарзларини ҳам тўлади.

Ўша куни савдогар жувоннинг уйидан қалби фараҳга тўлиб қайтди. У ўлими олдидан қилган хайрли ишидан шод эди. Шифокор айтган вақт ҳам келди. Аммо савдогар ўлмади. Биринчи ойликни олиб жувоннинг уйига борди. Ойликни бериб дарҳол уйига қайтди.

Кунлар, ойлар ўтди. Аммо у ўлмади. У ойма-ой маблағни ўзи жувонникига олиб бориб бериб турди. Йиллар ўтди. Аммо у ўлмади. Васият йигирма йилдан ортиқ вақт сейфда қолиб кетди.

Савдогаримиз бир куни тонгда бомдодни ўқиди. Хушуъ билан Аллоҳга сажда қилди. Қалбида дунёни сиғдира оладиган ишонч, нур, иймон, хотиржамлик бор эди. У саждада жонини Роббига топширди.

Таъзия маросими ўтганидан сўнг меросхўрлар сейфни очишди. Васиятни ўқишди. Катта ўғил:

- Ойлик маблағни беришдан етти кун кечикибмиз, деди.

Сўнгра белгиланган пулни олиб жувоннинг уйини топиб келиб эшигини тақиллатди. Эшикни жувон очди. Йигит унга пулни узатиб деди:

- Марҳамат пулни олинг. Бир ҳафта кечиктирганимиз учун бизни маъзур тутасиз.

Йигитнинг кўзлари тўла ёш эди.

Жувон деди:

- Пулни энди ололмаймиз. Отангизга айтинг, энди бошқа фақир қидирсинлар. Бир ҳафта олдин ўғлим биринчи маошини олди. Энди бу пулга бизнинг эҳтиёжимиз йўқ. Отангизга мендан салом айтинг. Мен у кишини бир умр дуо қиламан!

Йигит кўзларига ёш тўлиб деди:

- Отам бир ҳафта олдин вафот қилдилар!»

Али Тантовий роҳимаҳуллоҳ айтади:

«Бу қисса ҳақиқатдан ҳам содир бўлган. Аллоҳ билан тижорат қилиш мана шунақа бўлади. Яхши ишни кўпайтиринг. Албатта уни Аллоҳнинг ҳузурида топасиз!».

Абдулқодир Полвонов тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни изла, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни давоми...

4827 15:00 / 01.06.2021
Ушбу мақолада мисрлик мутафаккир доктор Мустафо Маҳмуд раҳимаҳуллоҳ фикрларининг баъзилари билан танишиб чиқамиз.Агар, фаразан охират бўлмаганида, унда уни давоми...

2084 11:23 / 07.02.2022
Тилдан келадиган офатлар турлитуман бўлиб, улар қалбни сархуш қилади. Инсон табиатида уларга мойиллик бор. Мазкур офатлардан қутулишнинг энг осон йўли жим туриш давоми...

1804 18:36 / 13.01.2023
Бир бадавлат савдогар ёши бир жойга борганида ортида қолаётган молдавлатидан ташвишга туша бошлабди. Чунки унинг биргина ўғли бўлиб, у ҳам эрка ва тантиқ экан. давоми...

3121 09:00 / 04.01.2022