1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Телефон исканжасидаги болалар

16:00 / 09.12.2023 2375 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Касбим – муҳандис. Кўп йиллардан буён техника ва телекоммуникация йўналишида фаолият юритиб келаман. Мазкур соҳа бўйича илмий изланишлар ҳам олиб борганман. Шу сабаб алоқа, телефония билан боғлиқ янгиликлардан доимо бохабар бўлиб тураман ва бу борадаги муаммолар кўпроқ эътиборимни тортади. Ана шу мени қийнаётган муаммоларни, сиз азиз ўқувчилар билан ҳам баҳам кўрмоқчи бўлдим.


Кейинги вақтда одамлар орасида «номофобия» («no-mobile-phone phobia») деган «касаллик» кенг тарқалди. Кимларнингдир наздида одатий ҳолдек туюлиши мумкин бўлган бу муаммо жуда жиддий хавфдир. Тўғридан-тўғри таржима қилинганда «мобил телефонсиз қолиш» маъносини англатадиган бу жумла аслида «телефонга тобе бўлиб қолиш»ни билдиради. Бу иллатнинг, айниқса, ёшларимиз орасида урчиб кетиши ҳақиқий фожиадир.


Келинг, аввало, бугун ажралмас йўлдошимизга айланиб улгурган телефонни шу кунгача босиб ўтган йўлига бир назар ташлаб кўрсак. «Илк марта телефон қачон пайдо бўлган?», «Телефонни асосий вазифаси нимадан иборат эди?» саволларига жавоб излаш асносида «Телефон қачондан инсонларга зарар етказишни бошлади?», «Телефон ёшларга қачондан хавф туғдира бошлади?» каби саволларга жавоб топиб кўрамиз.


Телефон аппарати ихтиро қилинганига ҳам деярли 145 йил бўлибди. Эътиборлиси, биринчи телефон ихтиросига олинган патент «тарихдаги энг қиммат патент» деб ном олган. Орадан бир неча йил ўтиб, телефон одамларнинг кундалик турмуш тарзига кириб кела бошлади. Узоқни яқин қилиш, хабарларни тезкор етказиш жиҳатидан телефоннинг бошқа алоқа воситалардан кўра афзаллиги кўп эди. Натижада у ҳаётимизнинг ажралмас бир қисмига айланиб қолди.


Юртимизда биринчи телефон аппарати XIX аср охирларида пайдо бўлган. Дастлаб фақат сўзлашувларга мосланган бу телефон аппаратлари электр токини ўтказувчи симлар ёрдамида боғланар эди.


Албатта, ундан ўзининг ғаразли мақсади йўлида фойдаланадиганлар ҳам топиларди. Қотиллик, ўғрилик, товламачилик, зўравонлик, қаллоблик каби жиноятларда телефоннинг ҳам «ҳисса»си бор эди. Лекин инсоният бир ерга занжирбанд қилиб қўйилгандек, сим орқали ишлайдиган телефон аппаратларига бугунгидек қаттиқ боғланиб қолмаган эди. Ҳаёт телефонсиз ҳам ўз йўлида давом этаверган.


Ўтган асрнинг 1980-йилларида мобил телефон аппаратлари ихтиро қилиниши ортидан бу жиҳозга бўлган талаб кескин ошиб кетди. Бошланишида бундай мобил телефон аппаратлари ёрдамида фақат сўзлашувни амалга ошириш мумкин эди. Ундан фойдаланиш учун, гўёки сирли қулфлардаги каби махсус тугмалардан фойдаланиш керак эди.


Кейинчалик мобил қурилмалар ёрдамида қисқа матнларни алмашиш имконияти пайдо бўлди. Бироқ бу қисқа, митти матнлар катта-катта муаммоларнинг юзага келишига сабаб бўлди: қанчадан-қанча оилалар бузилиб кетди, ҳар хил таги йўқ гаплар, иғволар тарқатила бошланди. Қалби нопок кишилар фитналар ёки ёмонликларни амалга оширишда ҳам мобил телефон аппаратларидан кенг фойдалана бошлади. Баъзи инсонларнинг онгини заҳарлашда бу жиҳоз қулай воситага айланиб қолди. Лекин ўша вақтларда ёшлар қўлида телефон аппаратлари ҳали кенг тарқалмагани учун бу ҳолат уларга у даражада таъсир қилмади.


Кейинги ўн беш йилда сенсорли («сезгир») мобил телефон аппаратлари кенг қўлланила бошланди. Ўз навбатида бундай турдаги мобил телефонларининг фотоаппарат, видеокамера, интернет тармоғига уланиш воситасига айлангани боис ундан олинадиган фойда билан бирга муаммолар кўлами ҳам кенгайиб борди. Айниқса, телефон аппаратлари ёрдамида ёзув, расм, овоз ва видео каби нарсаларни алмашиш осонлашиб қолгани ҳақиқий инқилоб бўлди.


Соҳа кун сайин ривожланиб боряпти. Эндиликда олдингидек алоҳида радио, телевизор, факс, телетайп, интернетга уланган компьютер, видеоалоқа ва овоз ёзиш қурилмалари, фотоаппарат, видеокамера, пул тўлаш имконини берувчи карта каби воситалар шарт эмас. Биргина шу қўлингиздаги телефон аппарати ёрдамида юқорида санаб ўтилган вазифаларни бажариш мумкин (телефонга хос яна бошқа турли хил қулай дастур ва хизматлар бор, бу ҳақида тўхталиб ўтирмаймиз). Эндиликда бундай технологияларсиз ҳаётни тасаввур қилиш қийин. Инкор этиб бўлмайдиган ҳолат шуки – бундай телефон аппаратларини ҳозир ёш болаларнинг қўлида ҳам кўриш мумкин.


Айни замонда телефон аппаратлари орқали қаллоблик, фитна ва товламачилик каби жиноятлар кўлами ортиб бормоқда. Биргина банк карталаридаги пулларни қаллоблик йўли билан ўзлаштириб олинишнинг ўзидан қанчадан-қанча одамларга зиён етмоқда.


Тан олиш жоиз: ҳозирги телефон аппаратлари ўзининг олдинги авлодларига нисбатан, гўёки замонавий ёшлар каби эркинликка қўйиб юборилган қушга ўхшайди. Ҳаёт сабоқлари шуни кўрсатадики, технология ривожлангани сари, ундан ёмонлик йўлида фойдаланадиган разил кишилар ҳам кўпайиб боради.


Мақоламиз аввалида телефон ихтиро қилингандан кейин одамларнинг узоғини яқин қилгани, муҳим хабарларни тезда етказиш имкониятини берганини таъкидлаган эдик. Лекин орадан бир аср ўтганидан кейин шу нарса аён бўлиб қолдики, телефон, аксинча, инсонларни бир-биридан узоқлаштириб қўйди. Зеро, бугун айнан ана шу алоқа воситаси сабаб юзма-юз кўришишлар камайиб кетди. Яқинлардан хабар олиш, байрам билан табриклаш, тўй-маъракаларга таклиф қилиш, ҳатто маслаҳатлари ҳам масофадан амалга ошириладиган бўлиб қолди. Оқибатда инсонлар орасидаги меҳр-оқибат шашти сўниб боряпти.


Энг ачинарлиси, баъзи фарзандлар кекса ота-оналарини ҳафталаб, ойлаб ҳам йўқламайдиган бўлиб қолишди. Хушига келганда бир телефон қилиб қўйишади. Бу ҳолатни кўриб турган ўша инсонлар фарзандларидан эртага нимани кутиш мумкин?


Афсуски, бугун кексалар фарзандларини соғинганларида кўча эшигига эмас, телефонга кўз тикиб ўтирадиган бўлиб қолишган. Кутиб-кутиб сабри тугаган онаизор набираси орқали фарзандига телефон қилиб беришини сўрайди. Бу ҳолатда суҳбат қандай кечишини тахмин қилиб кўрамиз:
Она: – ...Омонмисан болам? Телефон ҳам қилмай қўйганинга хавотир олдим.
Фарзанд: – Яхшиман. Ишим кўп. Текширувчилар келган.
Она: – Ишларинг яхшими?
Фарзанд: – Ҳа, яхши дедим-ку. Ҳозир олдимда одам бор, кейин гаплашармиз...


Онаизор бу сафар ҳам ўтган сафаргидек такрорий гапни эшитар экан, «Майли, болам, ишингдан қўймай», деб ёшланган кўзларини арта туриб, телефоннинг нариги тарафидан қизил тугма босилмагунча қулоғидан олмай туради ва ичида «Болам ва фарзандлари эсон-омон юрса бўлди», деб қўяди.


Бундан кейин фарзанд ўз ишлари билан овора бўлиб, яна ҳафталаб, ойлаб онасига қўнғироқ қилишни, ҳол-аҳвол сўраб қўйишни унутиб қўяди...


Қизиғи, фарзанд озиб-ёзиб онасини йўқлагани келганда ҳам қўлидан телефон тушмайди. Ўзича доим нима биландир банд. Онаизор фарзанди билан дилдан гаплашиб ҳам ўтиролмайди. Фарзанди шошиб келиб, шошиб чиқиб кетади. Унинг фарзандлари ҳам шунақа, бувисини йўқлагани келишганда қўлларидан телефон тушмайди. Онаизор эса уларнинг юзларигагина тикилиб соғинчини енггандек бўлади...

Юқоридагилардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, тўғри ишлатилмаган вақт ёки бирор бир жиҳоз келажакда инсон учун қанчалик хатарли эканини яхши англашимиз керак. Аслида телефонга тобе бўлиб қолиш иллатининг зиёни бошқа иллатлар хавфидан кам эмас. Балки бу келажакда фарзандларимиз ҳаётига рахна солиши мумкин бўлган энг катта хатарлардан биридир.


Бу хатарларнинг энг хавфлиси – телефондаги виртуал дунё, десак муболаға бўлмайди. Бинобарин, сарҳадлари шиддат билан кенгайиб бораётган бу «сохта дунё» ҳақиқийсига ўхшаб кетса-да, аслида умуман бошқа оламдир. Бу олам унинг остонасига нотўғри қадам қўйган ҳар қандай инсонни ҳалокат сари бошлайди. Сўнгги вақтларда виртуал дунё исканжасига тушиб қолаётган болалар ҳақида кўп эшитяпмиз. Улар виртуал дунёларида ўрганган одат ва нарсаларини реал ҳаётга татбиқ қилиш пайида бўлишади. Ҳақиқатга тўғри келмайдиган ишларга қўл уриб, бировга зиён етказиб қўйишади. Бундай болаларнинг ўз виртуал дунёлари исканжасидан қутулиб, ҳақиқий ҳаётга қайтишлари ҳар доим ҳам осон кечмайди. Натижада ҳолат фожиали якун топади.


Чет элларда ўз виртуал оламида яшаётган ёшлар ва уларни ҳар хил ёмон ғояларга тарғиб қилувчи гуруҳлар борлиги ҳақида анча олдин эшитгандик. Энди эса шунга ўхшаган нарсалар ўзимизда ҳам рўй бермоқда. Бунга бепарво бўлиш эса келажагимиз бўлган ёшларни йўқотишдан бошқа нарса эмас.


Буни яна бир ёмон тарафи – унинг уйингизга кириб келганини, шундай кўзингиз остида авж олаётганини сезмай ҳам қоласиз. Иллат болаларни обдан йўлдан ургандан кейингина «иситмаси» ошкор қилади. Унгача керакли фурсат бой бериб қўйилган бўлади. Яна ҳам ёмони фарзандларимизга яхши тарбия беряпмиз, деб ўйлайдиган ота-оналар ҳам буни сезмай қолишаётганидир. Улар кўпинча катта фарзандларига эътиборли бўлиб кичкиналарига келганда назоратни сусайтириб қўйишлари оқибатида бу иллат осонгина хонадонларига, оилага кириб олади. Катта фарзандларингизни тарбия қилаётганингизда улар қўлида ҳозиргидай телефонлар бўлмаганини ҳам ёддан чиқармаслик керак.


Касбим телекоммуникация муҳандиси бўлгани учун ҳам, мазкур соҳада телефон аппарати асосий бўғин жиҳозларидан бири бўлиб хизмат қилишини яхши биламан. Инсон учун уй юмушларини бажаришда пичоқ муҳим жиҳоз бўлганидек, телефон ҳам аллақачон турмушнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Бу жиҳозни ҳам пичоқ каби яхшилик ёки ёмонлик йўлида ишлатиш мумкин.


Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, телефонга тобе бўлиб қолиш иллати ҳар қандай хонадонда ҳам бўй кўрсатиши мумкин. Шундай экан, бу иллат болаларда тўсатдан пайдо бўлиб қолмасидан аввал ота-оналар, опа-акалар, мураббий ва ўқитувчилардан доим ҳушёр бўлиб туришларини сўраб қоламиз. Муаммонинг олдини олишда бор имкониятни сафарбар қилишимиз лозим. Ваҳоланки, бунга ўхшаш иллатларни болалар орасида ёядиган раҳнамолар бир зум ҳам тўхтаб тургани йўқ. Демак, биз тарафдан уларга қарши курашиш ҳам шунга яраша бўлиши лозим.


Болаларнинг кичик ёшидан телефонга боғланиб қолиши оқибатида келиб чиқаётган касалликлар ҳақида бафуржа тўхталмадик. Зеро, бу алоқа воситаси уларнинг ақлий ривожланишидан тортиб, тана аъзоларини ривожланишига ҳам катта таъсир кўрсатяпти. Булар ҳақида шифокорлар ва психологлар тарафидан кўп гапириляпти. Бу хавфларни ҳозирги кунда кўпчилик англаб етган деб ўйлайман.


Кишилик жамияти юксалиб, тараққий этиб борар экан, телефоннинг ҳам аҳамияти ортиб боряпти. Ундан тўғри фойдаланишга ҳар биримиз масъулмиз. Телефон орқали ҳаётимизга кириб келадиган муаммо ва салбий нарсаларга қарши баҳамжиҳат курашишимиз муҳим. Бунинг учун телефон орқали ижтимоий тармоқларда кузатиб бориладиган саҳифаларни фойдали кўрсатувлар, дастурлар ва ёшларни фикрлаш доирасини оширадиган ўйинлар билан тўлдириш лозим. Айниқса, ўсмирлик ёшидаги фарзандларимизга нима яхшию, нима ёмонлигини ўргатиб бориш борасида биз ота-оналарга жуда катта масъулият юкланади. Уларнинг телефондан нима мақсадда фойдаланаётганларидан доим хабардор бўлиб туриш, бир сўз билан айтганда, ривожланган технология ортидан келадиган фитналардан фарзанд ва набираларимизни асрашимиз зарур.


Телефонга, интернетга қаршилигимиз йўқ. Башарти, ушбу воситалар, қулайликлар ёшларимизни фикрлаш, билим ва иродаларини оширишга қаратилган бўлса кифоя. Фарзандларимизни ҳар жабҳада тўғри йўлга ўргатишимиз даркор. Токи улар телефонга ўхшаган нарсалардан яхши йўлда фойдаланадиган инсон бўлишсин.


Хулоса ўрнида ўқувчилардан китоб ўқишни ва яхшилик қилишни умрларининг охиригача ўзларига одат қилиб олишлари сўраб қоламиз. Шунда, иншааллоҳ, юқорида қайд этилган салбий оқибатлардан йироқ бўламиз ва энг муҳими фарзандларингиз сиздан яхши ўрнак олишади!

Абдулкарим Ҳасан
«Ҳилол» журналининг 4(49) сонидан олинди

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 16 июндаги 03-07/4775-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одамларга фойда етказиш яхшилик қилишнинг асоси, худбинлик ва зиқналикдан қутулишнинг бош чорасидир. Ислом дини ҳам ана шу юксак фазилатга чорлайди, инсонларни давоми...

3946 10:08 / 21.07.2017
Барча китоблар ҳам инсоннинг маънавий камолотига хизмат қилавермайди. Одамга бадҳазм таом, заҳарли егулик каби ножўя таъсир этувчи қораламалар ҳам талайгина. давоми...

3728 17:01 / 05.05.2022
Покистонлик шоир ва ёзувчи Мирзо Адиб .Мисбоҳ, деган китобида қуйидагиларни ёзади1960йиллари Деҳлига ишлагани бордим. Кунлардан бирида автобусдан тушиб, давоми...

3428 09:11 / 24 февраль
Бир киши уйига келса аёли йиғлаётган экан. Сабабини сўраса, у .Уйимиздаги дарахт устида турган қушлар кийимларимни ечганимда менга қараётган экан. Шунга Аллоҳга давоми...

3948 11:06 / 24.06.2022