1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Дин ва дунёни жамлаш

14:00 / 26.07.2023 1511 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга тақдим қилган улкан хизматларидан бири дин ва дунёни жамлаш ҳамда тарқоқ сафларни ҳамда тижорий жамоатларни бирлаштиришдир.


Қадимги диёнатлар, хусусан, насронийлик инсон ҳаётини икки қисмга – дин ва дунёга тақсимлаган. Улар ер куррасини икки лагерга – дин одамлари ва дунё одамларига бўлгандир. Бу икки тоифа иккига бўлинибгина қолмай, уларнинг орасида қалин тўсиқ ҳам бор эди. Икки томон бир-бири билан бардавом келишмовчиликда эди. Улардан ҳар бири дин билан дунё ўртасида хусумат бор деб эътиқод қилар эди. Агар инсон мазкур икки нарсадан бирини ихтиёр қилмоқчи бўлса, албатта, иккинчисидан воз кечиши, унга қарши уруш эълон қилиши керак эди. Уларнинг айтишларича, бир одам бир вақтнинг ўзида икки кемага миниши мумкин эмас эди. Моддий манфаат топиш учун ҳаракат қилиш ва бу соҳада муваффақиятга эришиш охиратдан ғофил қолиш ва осмонлару ернинг Холиқидан юз ўгириш туфайли бўлмоғи керак эди. Диний ва ахлоқий таълимотларни тарк қилмай туриб, ҳеч бир ҳукм ёки раҳбарликка эришиб бўлмас эди. Аксинча, таркидунё қилмай туриб диндорлик қилиб бўлмасди.


Инсоннинг енгилликни яхши кўриши маълум ва машҳур. Одатда, ҳалол ҳузур-ҳаловат, тараққиёт, иззат, куч-қувват ва раҳбарликка изн бермайдиган ҳар бир диний фикр башарият учун керакли бўла олмайди, чунки бундай иш соф инсоний табиатга қарши курашдан иборатдир. Ана ўша кураш натижасида кўплаб ақл-заковат ва илму ирфон соҳиби бўлган кишилар диндан юз ўгириб, дунёга юз тутган эдилар. Улар бу ишни ижтимоий эҳтиёж, воқеликдаги ҳақиқат деб билишган эди. Шунинг учун улар ҳаётни яхшилашга, унинг лаззатлари ортидан қувишга ўтиб кетдилар. Уларда диний ва руҳий тараққиёт учун имкон қолмаган эди.


Динни тарк этганларнинг кўпчилиги уни дунё билан чиқиша олмайди, деган гумон асосида тарк этган эдилар. Дунё вакили бўлган ҳукм ва сарой эгалари динга қарши исён қилдилар. Унинг қайдларидан ажраб чиқишга ҳаракат қилдилар. Дин билан дунё орасидаги ушбу ажралиш, дин арбоблари билан дунё асҳоблари орасидаги ўзаро душманлик худосизлик ва динсизликка кенг йўл очди. Бунинг биринчи қурбони ғарб бўлди. Кейинги қурбон унга фикр, маданият ва илмда қарам бўлган халқлар бўлди.


Ишнинг янада чигаллашишига насронийликнинг мутаассиб даъватчилари сабаб бўлдилар. Улар инсоний табиатни руҳий покланиш, осмон ила боғланиш йўлидаги энг катта тўсиқ ҳисоблар эдилар. Улар инсоннинг тўғри маънодаги хоҳишларини турли шафқатсиз ҳукмлар ва зулмкор таълимотлар ила хорлашда, азоблашда, пастга уришда барча куч-ғайратларини аямадилар. Улар динни иймон келтирганларнинг терилари жунжикиб кетадиган даражада ваҳшийлик сурати қилиб кўрсатишди. Охир-оқибатда диннинг ҳайбати йўқолди. Ҳавои нафсга ибодат қилиш ўз чўққисига чиқди. Дунё икки қарама-қарши тараф ўртасида чайқала бошлади. Ва ниҳоят, дин заифлашиб, дунё динсизлик ва ахлоқий бузуқлик жарига қулаб тушди.


Рисолаи Муҳаммадия амаллар ва ахлоқларнинг асоси улардан кўзланган мақсад эканини бутун оламга баралла эълон қилиб, унинг номини «ният» деб атади. У зот: «Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишининг ният қилган нарсаси бўлади», дедилар.


Инсоннинг ихлос ила Аллоҳнинг розилиги учун, Унинг амрига бўйсуниб, қайтарганидан қайтиб қилган ҳар бир амали Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш воситасидир. Ана ўша восита ила иймоннинг олий мақомларига, диннинг юксак мартабаларига етиш мумкин бўлди. Агар ўша иш жиҳод, уруш, ҳукм, идора, ернинг пок нарсаларидан ҳузурланиш, нафснинг талабларини қондириш, ризқ талаб қилиш, вазифа бажариш, ҳалол йўл билан кўнгил ёзиш, оилавий ва эр-хотинлик ҳаёти бўлса ҳам, барибир. Буларнинг барчаси ибодат ва диний хизмат ҳисобланади.


Аксинча, агар амал Аллоҳнинг розилигини талаб қилишдан, Унинг амрларига бўйсунишдан, қайтарганларидан қайтишдан холи бўлса, дунёвий ҳисобланади. Агар ўша амал фарз намоз, ҳижрат, жиҳод, зикр, тасбеҳ ва Аллоҳнинг йўлидаги уруш бўлса ҳам, барибир. Уларни қилган одам савоб олмайди, ўзига офат бўлиб қайтади.


Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга армуғон этган бешинчи улкан хизмат туфайли дин билан дунё орасидаги ажралиш йўқ бўлди. Доимий хусумат ва душманликда келаётган бу икки нарса бир-бири билан дўстлашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бирлик ва дўстлик Пайғамбаридирлар.


У зот инсониятни икки бир-бирига қарама-қарши жабҳадан олиб, иймон ва савоб, башариятга меҳр, Аллоҳнинг розилигини талаб қилиш жабҳасида бирлаштирдилар. У зот бизга қуйидаги жамловчи дуони ўргатдилар:


«Роббимиз! Бизга дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах азобидан сақлагин» (Бақара сураси, 201-оят).


Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримдаги «Менинг намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир» ояти (Анъом сураси, 162-оят) ила мўминнинг ҳаёти бир-бирига зид бўлган турли-туман бўлакларнинг йиғиндиси эмас, балки ибодат ва савоб руҳи соҳиби бўлган яхлит бирлик эканини эълон қилдилар. У ҳаётни Аллоҳга иймон ва Унинг амрларига таслим бўлиш бошқариб боради. Бу нарса ҳаётнинг барча шўъбаларини, кураш майдонларини, ҳамма турдаги амалларни ўз ичига олади. Фақатгина ихлос, яхши ният ва Аллоҳнинг розилиги ирода қилинса ва пайғамбарлар келтирган тўғри йўналишда бўлса, бўлди. Мана шуларнинг ўзи у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирлик, иноқлик, жипслик, камолот Пайғамбари эканларига ёрқин далилдир. Шу билан бирга, у зотнинг башорат берувчи ва огоҳлантирувчи эканларига далолатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дин билан дунёнинг орасидаги айрилишга барҳам бердилар. Ҳаётни борлигича ибодатга айлантирдилар. Ерни борлигича масжидга айлантирдилар.


У зоти бобаракот инсониятнинг қўлидан тутиб, бир-бирига қарама-қарши уришаётган жойларидан амали солиҳ, инсониятга фойдали хизматлар ва Аллоҳнинг розилигини изловчи жабҳага олиб келдилар. Бунда подшоҳларни фақирлар жандасида, зоҳидларни подшоҳлар зийнатида, ҳилм тоғларини, илм уммонларини, тунги обидларни, кундузги отлиқларни ажойиб бир уйғунликда кўрасан.


«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди


Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Биҳар Ҳиндистоннинг шимолишарқидаги штат бўлиб, Непал билан чегарадош. Унинг майдони 174 минг км2. Аҳолиси 86,3 млн.дан ортиқдир. Маъмурий маркази mdash Патна шаҳри давоми...

1762 09:00 / 22.02.2023
Баъзилар Исломни камбағаллар дини деб ўйлайдилар, бироқ ундай эмас. Исломга бойлар ҳам, камбағаллар ҳам эътиқод қиладилар. Баъзи мусулмонлар тирикчилигини давоми...

2001 08:30 / 25.03.2021
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва ҳамроҳлари юриб бориб, Хузоъа қабиласига мансуб Умму Маъбад исмли аёлнинг чодири олдидан ўтдилар. У аёлнинг давоми...

2073 19:08 / 30.06.2020
Насронийлар мўғил қабилаларини насроний динига киритиш учун даъватчиларини юборишар эди. Туғёнкор золим Хулокухон ўзининг насроний хотини Зафархотун сабабли давоми...

1604 14:00 / 16.12.2022
Аудиолар

120774 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42337 14:35 / 11.08.2021