1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Биродарига нотўғри маслаҳат бериш хиёнат

11:00 / 27.02.2023 1361 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким мен айтмаган нарсани мени айтди деса, дўзахдан жойини олаверсин.

Кимга бир мусулмон биродари маслаҳат сўраб келса-ю, у нотўғри маслаҳат берса, батаҳқиқ, унга хиёнат қилган бўлади.

Ким аниқ билмай туриб нотўғри фатво берса, гуноҳи ана шу фатво берган одамга бўлади», дедилар».

Аллоҳ сақласин, ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган гапни «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган» деса, дўзахий бўлиши аниқ экан. Бундан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак.

Шунинг учун ҳам ҳар бир нарсани ҳадис деб гапиравермаслик керак. Ким ривоят қилганини аниқ, сўзма-сўз билса, қайси имом келтирганини билсагина айтиш мумкин. Бўлмаса, ҳадисда бор экан, ҳадисда келган экан, мана бу ҳам ҳадис экан, деявериш мутлақо мумкин эмас.

«Ҳадис ва ҳаёт» силсиламизнинг бошида ҳам катта уламоларнинг «Ким рухсат олмай, ровийларини билмай туриб ҳадис айтса, ётқизиб уриб, орқасини қонатиш керак», деган гаплари келтирилган.

Бунинг ҳикмати ҳозирги кунимизда яққол намоён бўлиб турибди – одамлар ўртасида ихтилоф чиқиб, жамиятни ташвишга солган нарса айнан шариатда йўқ нарсаларни шариатдан деб гапирадиганларнинг кўплиги сабабидандир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган гапларни «айтди» дейиш жуда оғир гуноҳдир.

Ҳадис илмининг ўз одоблари бор. Ҳадисни ривоят қилаётган одам ровийларни, имомлардан қайсилари бу ҳадисни ўз китобларида келтирганини, ҳадиснинг маъносини ва бошқаларни яхши билиши керак.

Бизда эса, афсуски, ундай бўлмади. На ровийнинг, на ривоят қилган имомнинг исми, на қайси бобда келгани аниқ бўламаган нарса ҳадис деб  ёзиб ташланаверди. Бу эса ҳадис илмига алоқаси йўқ одамларнинг улуғ ишга аралашганларининг оқибатидир. Натижада «шариатда бор экан», «ҳадис экан» деб дуч келган гапни айтавериш оддий ҳол бўлиб қолди.

Шахсан ўзимга ҳам ана шундай гаплардан бири айтилди. Бир киши катта бир жамоанинг ўртасида микрофонда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мажлиснинг бошида ҳам, ўртасида ҳам, охирида ҳам Қуръон ўқинглар», деганлар», дебди.

Бундай мисоллар ҳаётимизда ниҳоятда кўп учрайди. Мўмин-мусулмон одам гуноҳ саналмиш бундай ишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак.

Биродарига қасддан нотўғри маслаҳат бериш ҳам хиёнат экан. Хиёнатнинг қанчалик оғир гуноҳлигини эса яхши биламиз.

Нотўғри фатво бериш ҳам оғир гуноҳлардан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Фатво беришга журъатлироғингиз жаҳаннамга тушишга журъатлироғингиздир», деганлар.

Бу ҳам жуда оғир нарса. Охирига етмай, собит бўлмай туриб, тагига етмай туриб, нотўғри фатво бериш жаҳаннамга етаклайдиган катта гуноҳдир.

Ҳадиси шарифда айтилганидек, ким бу нотўғри фатвога амал қилса, унга узр бор, чунки у киши билмагани учун бошқалардан сўраган, сўнг «шариатнинг ҳукми шу экан» деб, эшитганига амал қилиб кетаверган. Бунинг гуноҳи нотўғри фатво берган одамга бўлади.

Аллоҳ сақласин, бу ҳолат, яъни оғзига келган гапни айтиб, фатво бериб юборавериш ҳам бугунги кунимизда жуда кенг тарқалган бўлиб бундан ниҳоятда эҳтиёт бўлишимиз лозим.

«Одоблар хазинаси» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Отаонанинг ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи тўғрисидаги оятлар ва ҳадислар бу борада дунё тарихида мисли кўрилмаган олиймақом таълимотлар экани маълум ва машҳур. давоми...

1562 18:05 / 08.12.2019
Отанг сени уришаётган бўлса, билгинки, у сени асло ёмон кўрмайди. Отанг сени тергаб сенга босим ўтказаётган бўлса, билгинки, у сенга яхшиликни хоҳлаяпти. Отангни давоми...

2594 17:00 / 11.06.2022
Аллоҳ таоло биз бандаларни отаоналаримизга яхшилик қилишга буюрган. У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган .Роббинг фақат Унинг давоми...

2729 17:04 / 16.06.2022
87. Абдурраҳмон ибн Жубайр ибн Нуфайр отасидан ривоят қилади.Бир куни Миқдод ибн Асваднинг олдида ўтирган эдик, бир киши ўтиб қолди ва.Бу кўзлар қандай яхши кўзлара давоми...

1934 20:06 / 22.06.2019