1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

47-боб. Фарзанд – кўзнинг қорачиғи

20:06 / 22.06.2019 1930 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

87. Абдурраҳмон ибн Жубайр ибн Нуфайр отасидан ривоят қилади:

«Бир куни Миқдод ибн Асваднинг олдида ўтирган эдик, бир киши ўтиб қолди ва:

«Бу кўзлар қандай яхши кўзлар-а! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган кўзлар бу!… Аллоҳга қасамки, сен кўрган нарсани биз ҳам кўрган бўлсайдик. Сен ҳозир бўлган нарсаларга биз ҳам ҳозир бўлган бўлсайдик», деди.

Бу гапдан у (Миқдод ибн Асвад) ғазабланди.

Мен ҳайрон бўлдим, чунки яхши гаплар айтилаётган эди. У ҳалиги одамга қараб шундай деди:

«Киши ўзини Аллоҳ таоло унда ҳозир қилмаган ишни орзулаб нима қилади? Агар у ерда ҳозир бўлса, киши ўзининг қай ҳолатда бўлишини билмайди-ку!

Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайтларида у зотнинг даъватига ижобат қилмай, тасдиқламай, Аллоҳ таоло тумшуғидан тортиб, жаҳаннамга улоқтирган одамлар ҳам бўлган.

Ундан кўра Ўзини танитгани учун, Набийингиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсани тасдиқлайдиган қилиб қўйгани учун Аллоҳ азза ва жаллага ҳамд айтмайсизларми?! Бошқалар туфайли балодан қутулиб қолдингиз-ку.

Аллоҳга қасамки, ҳеч бир пайғамбар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар қилиб юборилган вақтларидагидек оғир пайтда келмаган. Пайғамбарлик узилган, жоҳилият даври эди. Одамлар «бутларга чўқинишдан афзал ибодат йўқ», деган тасаввурда эди. Ана шу вақтда у зот фурқон билан келиб, у билан ҳақ ва ботилнинг орасини ажратдилар. У ила ота билан бола орасини (иймон туфайли) ажратдилар. Ҳатто Аллоҳ таоло қалб қулфини иймон билан очиб қўйган киши отаси, боласи, ака-укасини кофир ҳолда кўрарди, агар улар ҳалок бўлса, дўзахга тушишини билар, шунинг учун кўзи қувонмас эди. Чунки у ўзи яхши кўрганларнинг дўзахдалигини биларди. У: «Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўз қувончи ҳадя эт», дегани шу эканини ҳам биларди».

Шарҳ: Демак, жуфти ҳалоли ўзига мос бўлса, иймон-Исломда бўлса, тоат-ибодатли бўлса, бундай жуфти ҳалол мусулмон одамнинг кўз қувончи бўлади.

Зурриётлар ҳам иймонли, ибодатли бўлса, тақволи бўлса, уларни кўриб, мусулмон ота-онанинг кўзи қувнайди. Акс ҳолда бу аҳволида дўзахга тушади, деб қайғураётган ота-она ҳеч қачон қувонмайди. Демак, бола кўзнинг қувончи бўлиши учун иймонда, Исломда бўлиши, шариатда бўлиши керак экан.

Мазкур ривоятдаги ушбу бобга боғлиқ жойи – боланинг кўз қорачиғи экани ҳақидаги ояти каримадан келтирилган иқтибосдир.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Ўзи яшаб турган вақтдан олдинги даврда бўлишни орзу қилиш яхши эмаслиги. Чунки унда ҳоли нима бўлиши номаълум.

2. Аллоҳ таоло бандани Ўзини танийдиган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсаларни тасдиқлайдиганлардан қилиб қўйгани учун Унга ҳамд айтиб туриш лозимлиги.

3. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам энг қийин ва мураккаб даврда Набий этиб юборилганлари.

4. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақни ботилдан ажратадиган фурқон – «фарқловчи» билан келганлари.

5. Исломдан олдин мушриклар «бутларга ибодат қилишдан афзал ибодат йўқ», деб юрганлари.

6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янги Набий бўлганларида бир оилада биров мўмин бўлса, унинг отаси, боласи, ака-укаси кофир бўлгани.

7. Аллоҳ таоло қалбининг қулфини иймонга очган кишилар ўз яқинининг дўзахга тушишини билгани учун ташвишда бўлганлари.

8. Жуфти ҳалоллар кўз қорачиғи – қувончи бўлиши.

9. Зурриётлар кўз қорачиғи – қувончи бўлиши.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Язид ибн Абдуллоҳ ибн Қусайтдан ривоят қилинади.Абдуллоҳ ибн Умар ўзининг бир ғуломини тилла ёки кумуш билан бир жойга юборди. Ғулом эса уни алмаштирди. давоми...

1934 11:00 / 03.07.2020
64. Жубайр ибн Мутъимдан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Қариндошлик алоқасини узган одам жаннатга кирмайди,, деганларини давоми...

4391 12:10 / 21.03.2019
Муҳтарам жамоат Ислом дини инсоннинг тўғри йўлдан адашиб кетмаслиги учун ҳар бир ишда ўз кўрсатмаларини бериб боради. Шу жумладан, отаона ҳақларини фарзандлар давоми...

8054 10:56 / 05.10.2018
29. Абу Бакрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Боғийлик ва қариндошлик алоқасини узишдек эгасига тез уқубат етказадиган ва қолганини охиратга давоми...

3476 12:06 / 10.12.2018