1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Биз туйғуларимиз учун эмас, амалларимиз учун жавоб берамиз

09:00 / 09.03.2023 2252 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ ўзининг «Ахборун нисо» номли китобида шундай зикр қилади:

«Айтишларича, Ҳажжож ибн Юсуф (золим) Абдурраҳмон ибн Ашъасни қатл қилиб, унинг шерикларини қўлга олгач, уларнинг бошини олишга амр қилди. Шунда улардан бир аъробий Ҳажжожга деди:

- Эй амир! Менинг сенга бир гапим бор эди. 

- Нима экан?

- Абдурраҳмон ибн Ашъаснинг ҳузурида ўтирганимда у сени ёмонлай бошлади. Мен сен ҳақингда у билан тортишдим!

- Бу ишингга ким гувоҳ бўлади?

Шунда улардан бир киши туриб унинг бу гапига гувоҳлик берди.  Шунда Ҳажжож деди:

- У бизни ҳимоя қилгани учун уни қўйиб юборинглар!

Сўнгра Ҳажжож гувоҳлик берган кишига қараб деди:

- Сен унга ўхшаб мени ҳимоя қилишга ярамадингми?!

Гувоҳлик берган киши деди:

- Сенга бўлган нафратим унга ўхшаб гапиришга йўл бермади!

Ҳажжож деди:

- Рост гапиргани учун уни ҳам қўйиб юборинглар!

Сўнгра бошқа бир киши туриб деди:

- Эй амир! Биз гарчи хато қилиб ёмонлик қилган бўлсакда, сен авф қилиб жуда яхши иш қилдинг!

Ҳажжож ўлдирилган кишига қараб деди:

- Мана бу ўлаксанинг ҳолига вой бўлсин! Аллоҳга қасамки, агар сизнинг ичингиздан кимдир бошида анави аъробийга ўхшаб гапирганида бирортангизни ўлдирмас эдим!

Икки ҳолатда инсоннинг кўзлари кўр бўлиб қолади:

1. Қаттиқ яхши кўриб қолганида.

2. Қаттиқ ёмон кўриб қолганида.

Биз бировни севиб қолсак унинг айбларини кўрмаймиз. Бировни ёмон кўриб қолсак, яхшиликларини кўрмаймиз. Оналаримиз айтиб беришларича, Сулаймон алайҳиссалом бойқушга бир мунчоқ бериб: «Буни энг гўзал қушга тақиб қўй!», дебди. Бойқуш мунчоқни ўғлининг бўйнига тақиб қўйган экан!

Туйғуларда ҳаддан ошиш ёмонлангандир. Муҳаббатда бўладими, нафратда бўладими бунинг фарқи йўқ. Аммо биз муҳаббатда ҳаддан ошишни тўғри тушунамиз. Чунки муҳаббат буюк туйғудир. Нафратда ҳаддан ошишни эса ёмон кўрамиз. Чунки нафрат ёмон туйғудир. Муҳаббатда ҳаддан ошишга мисол Яъқуб алайҳиссаломдир. Яъқуб алайҳиссалом Юсуф алайҳиссаломни шунчалар қаттиқ яхши кўрар эдики, унинг муҳаббати Яъқуб алайҳиссаломнинг қалбини тўлдириб ташлади. Ҳатто бошқа ўғиллари борлигини ҳам унутди. Яъқуб алайҳиссалом пайғамбар ва маъсумдир. Аммо пайғамбарларнинг маъсумлиги динда ва етказиши лозим бўлган нарсалардадир. Аммо дунёда эса улардан кичик хатолар содир бўлиб туради. Бу кичик хатолар пайғамбарлик ахлоқига путур етказмайди. Уларнинг хатолари бизларга дарс бўлиши учундир. Яъқуб алайҳиссалом Юсуф алайҳиссаломнинг ёлғиз ўзига қаттиқ муҳаббат қилиб хато қилди. Яъқуб алайҳиссалом бошқа ўғилларининг Юсуф алайҳиссаломга нисбатан ҳис қилган салбий туйғуларига сабабчидир. Бунга Қуръон шоҳидлик беради. Улар оталари муҳаббатини қозониш учун Юсуф алайҳиссаломдан қутилмоқчи бўлишади. Яъни, Яъқуб алайҳиссалом ўзини шундай тутдики, гўё Юсуф алайҳиссалом акалари билан оталарининг уларга бўлган муҳаббати ўртасидаги тўсиқ эди. Аллоҳ таоло бизга фарзандларимиз ўртасини ажратмаслигимизни таълим бермоқда. Агар бирортасини бошқаларидан кўпроқ яхши кўрсак( бу табиий албатта) уни ошкор қилмасдан қалбимизда сақлашимиз лозим. Биз туйғуларимизни муомалага айлантиришимиз лозим. Зеро биз туйғуларимиз учун эмас, амалларимиз учун жавоб берамиз!

Қалбнинг фарзандлардан бирига моил бўлишида айб йўқ. Аммо муомалада адолат қилмасликда гап кўп. Аммо нафратда ҳаддан ошишга келсак, бизга Иблис ибрат тўғрисида етарлидир. У жаннатда туриб Аллоҳнинг амрига қарши борди. У Одам болаларига қарши курашиши учун Аллоҳдан қиёматгача умр сўради. Бу ишининг нархи ҳатто дўзах бўлишига ҳам парво қилмади.

Инсон ўз қалбининг жиловига эга бўлиши лозим. Севса муҳаббати ёнида адолат туриши, ёмон кўрса нафрати ёнида ҳам адолат туриши лозим. Бир кишини севганимиз учун хатоларидан кўз юммаслигимиз керак. Бошқа бир кишини ёмон кўрганимиз сабабли унинг тўғри ишларини ҳам инкор қилмаслигимиз лозим. Асл инсонлар гарчи яқин ва суюкли инсонлари томонидан содир этилсада, ботилга рози бўлмасликлари керак. Улар ҳақ гарчи душманлари томонидан айтилса-да, уни инкор қилмасликлари керак. Юқоридаги Ҳажжожни ҳимоя қилган инсон олийжаноб инсон бўлган. Ҳажжож унинг душмани бўлишига қарамасдан унинг обрўси тўкилишига индамасдан қараб турмаган. Унинг наздида адоват бошқа, мардлик бошқа нарса бўлган. Унинг мардлиги унга душманининг обрўси тўкилишига индамасдан қараб туришга йўл бермаган. Ҳажжож ҳам золимлиги ва қотиллигига қарамасдан унинг яхшилигига яхшилик билан жавоб қайтарди. Яхшилик қилган кишининг ёнида душмани турганига парво қилмади. Яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтаришни олийжаноблик деб билди.

Улар мунофиқ эмас эдилар. Қиличнинг остида турганда ҳам қалбидаги нарсани очиқ айтишар эди. Бировни ошкор яхши кўришар, ёмон кўришса очиқ айтишар эди. Улардан бирови бир кишини яхши кўрса ҳатто қумлар ҳам унинг севгиси ҳақида хабар топар эди. Агар бирорта кишини ёмон кўрса ҳатто хурмолар шохи ҳам унинг нафратидан хабар топар эди. Улар муҳаббатдан хижолат бўлишмас, ёмон кўришдан қўрқишмас эди. Уларни ахбобларидан ва душманларидан таниб олсанг бўлар эди!

Чиройли сўзлар чиройли натижага олиб боради. Сўзлар мардлар уловидир. Ҳар-бир киши ҳаёт йўлидан ўзининг улови билан ўтади. Ақлли инсон гапириб ўзини ўлимдан озод қилиши мумкин. Аҳмоқ эса гапи билан ўзини ҳалок қилади. Ақлли кишининг гапи билан қиличлар қинига киради. Тентакнинг гапи билан эса урушлар бошланиб кетиши мумкин. Оқилнинг гапи билан ажралиб кетадиганлар қайта бирлашади. Шошқалоқнинг гапи билан эса хотинлар талоқ бўлиб кетади!

Абдулқодир Полвонов

 

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 14 июндаги 03-07/4936-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир одам Ҳарами шариф эшигида туриб .эй, тўғриларни қўлловчи, ҳаромдан сақланувчиларни асровчи Парвардигорим..., дея тинмай бирхил дуо ўқирди. Унга .сен бошқа дуо давоми...

3400 11:12 / 31.12.2023
Бир қиз тўшакда ётганча оғир касалликдан азоб чекарди. Деразадан кўриниб турган дарахтга назар солганча опасидан сўради .Дарахтда нечта барг қолди,. Опаси давоми...

3914 16:00 / 20.03.2023
Касбим ndash муҳандис. Кўп йиллардан буён техника ва телекоммуникация йўналишида фаолият юритиб келаман. Мазкур соҳа бўйича илмий изланишлар ҳам олиб борганман. Шу давоми...

2383 16:00 / 09.12.2023
Адолат ва инсоф ўта муҳим нарсалардир. Аллоҳ таоло мўминларни гарчи ўз зарарларига, отаоналари ва қариндошлари зарарига бўлса ҳам адолатни қоим қилишга ва тўғри давоми...

1046 16:10 / 10 февраль