1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Офиятга сабабчи бўлган барг

16:00 / 20.03.2023 3904 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир қиз тўшакда ётганча оғир касалликдан азоб чекарди. Деразадан кўриниб турган дарахтга назар солганча опасидан сўради: «Дарахтда нечта барг қолди?».

Опаси кўзлари ёшга тўлган ҳолда: «Нега сўраяпсан синглим?», деб жавоб берди.

Бемор сингил: «Чунки охирги барг ерга тўкилиши билан менинг умрим ҳам ниҳоясига етади деб ўйлайман-да», деди.

Опа табассум қилган ҳолда: «Ундай бўлса ўша кун келгунича ҳаётимиздан фойдаланиб, кунларимизни гўзал тарзда ўтказамиз», дея таскин берди.

Орадан кунлар ўтиб, дарахтдаги барглар бирин-кетин тўкилиб-тўкилиб, охири бир дона барг қолди. Бемор қизалоқ ўша баргга термулар, шу барг тўкилиши билан ҳаётим ҳам тугайди деб ўйларди. Куз фасли якунланиб, ортидан қаҳратон қиш келди. Шу тарзда бир йил ҳам ўтиб кетди. Аммо барг ҳали-ҳануз дарахтдан узилиб ерга тушмади. Қизалоқ бундан хурсанд эди. Опаси билан бахтиёр ҳолда кунларни ўтказар, аста-секин саломатлиги ҳам яхшиланиб борарди. Охир-оқибат қизалоқ оғир дарддан бутунлай соғайиб кетди. Оёққа тургач баргни нега тўкилмаганини билиш учун дарахт олдига борди. Қараса, опаси пластик барг олиб келиб, дарахтга ўрнатиб қўйган экан.

Хулоса

Умид мўмин кишининг қанотидир. Шунинг учун мўмин-мусулмон инсон Аллоҳ таолонинг раҳматидан асло умидини узмаслиги лозим.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтишни амр қилиб шундай марҳамат қилди:

قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَى أَنفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ
 

(Менинг номимдан) айт: «Эй ўз жонларига исроф, жавр қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Зумар сураси, 53-оят)

Имом Бухорий Саъийд ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда айтилишича, кўплаб гуноҳлар қилган бир гуруҳ мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Албатта, сен даъват қилаётган нарса жуда ҳам гўзал. Қани, айт-чи, биз қилган нарсаларни ювадиган нарса ҳам борми?» – деб сўрашганида Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилган экан.

Тафсирчи уламоларимизнинг таъкидлашларича, бу ояти карима Қуръондаги энг умидворлик ояти ҳисобланади. Бу оятда бандалар учун энг улуғ башорат бор.

Аввало, Аллоҳ таоло:

«Эй ўз жонларига исроф (жавр) қилган бандаларим», – деб, бандаларига Ўз нисбатини бермоқда.

Аслида, «исроф» деб мол-дунёни ортиқча сарфлашга айтилади. Шунингдек, бу сўз маънавий жиҳатдан ҳаддан ошишга нисбатан ҳам ишлатилади. Бинобарин, гуноҳ қилган одам исрофчи бўлади, чунки у Аллоҳ белгилаб қўйган ҳаддан (чегарадан) чиққан ҳисобланади. Гуноҳ туфайли ҳаддидан ошган одам ўзига зарар, жабр қилади. Аллоҳ таоло ушбу оятда бандаларининг гуноҳ сабабли исрофга йўл қўйиб, ўзларига жабр этишларини айтмоқда.

«…Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг!»

Унинг раҳмати жуда кенгдир.

«Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар».

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида ширкдан бошқа барча гуноҳларни мағфират этишини таъкидлаган. Чунки,

«Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».

Тавба қилган бандаларнинг гуноҳларини кечиради.

Муфассирларимиз, аввал айтиб ўтилганидек, ушбу ояти каримани Аллоҳнинг Китобидаги энг умидли оят, деб таъкидлайдилар ва, шу билан бирга, бу умид гуноҳга ташвиқ этувчи умид эмаслигини ҳам қаттиқ уқтирадилар. Яъни «Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради» деган умид билан била туриб, гуноҳларда давом этишнинг фарқи бор. Бу оятда Аллоҳнинг қонун-қоидаларини билмасдан аввал гуноҳ қилиб юрганлар мағфиратдан умид узмасликлари кераклиги айтил­япти.

Манба: «Ал-Мутанаббий» саҳифаси

 

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Хуршид Маъруф тайёрлади

 

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Таржимон
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бойлардан бири боғ сотиб олди. У боғига қараш учун Муборак исмли хизматкорни боғига қўйди. Бир қанча вақт Муборак боққа қоровуллик қилиб, каттакичик ишларига давоми...

3149 17:00 / 30.07.2022
Таълим мудирлигидан бир мактабга текширувчи юбормоқчи бўлишибди. Текширувчи яъни, комиссия йўлга чиқиб йўлнинг ярмига келганида машинаси бузилиб қолибди. У давоми...

2092 13:28 / 10.12.2021
Луис ўн биринчи мунажжимларга ихлос қўйган эди. Ҳатто баъзида сиёсий ҳолатларни ҳам мунажжимлар башоратига қараб ўзгартириб юборар эди.Шундай буюк қиролнинг давоми...

3149 12:30 / 03.02.2022
Адолат ва инсоф ўта муҳим нарсалардир. Аллоҳ таоло мўминларни гарчи ўз зарарларига, отаоналари ва қариндошлари зарарига бўлса ҳам адолатни қоим қилишга ва тўғри давоми...

1036 16:10 / 10 февраль