1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат

Жуманинг фазилатларидан баҳраманд бўлиш

18:30 / 13.03.2022 1872 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ تَوَضَّأَ فَأَحْسَنَ الْوُضُوءَ، ثُمَّ أَتَى الْجُمُعَةَ فَدَنَا وَاسْتَمَعَ وَأَنْصَتَ غُفِرَ لَهُ مَا بَيْنَهُ وَبَيْنَ الْجُمُعَةِ وَزِيَادَةُ ثَلَاثَةِ أَيَّامٍ، وَمَنْ مَسَّ الْحَصَا فَقَدْ لَغَا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَمُسْلِمٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким яхшилаб таҳорат қилса-ю, сўнгра Жумъага бориб, (имомга) яқинлашса, тингласа, жим ўтирса, унинг бу билан ўтган Жумъа орасидаги ва яна зиёда уч кунлик (гуноҳлари) мағфират қилинади. Ким майда тошларни тўғрилаб олса, ортиқча иш қилибди», дедилар».

Термизий ва Муслим ривоят қилганлар.

Бу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Жуманинг бир неча одобларини баён қилмоқдалар:

1. Жумага яхшилаб таҳорат қилиб бориш.

Бориб, сўнгра таҳорат қилиш ёки бир оз ўтириб, кейин таҳоратга чиқиш яхши эмаслиги шундан кўриниб турибди. Бу мулоҳазани ҳеч унутмаслик керак.

2. Иложи борича имомга яқинроқ бўлишга ҳаракат қилиш. Чунки имомга қанчалик яқин бўлса, киши хутбани шунчалик яхши эшитади. Жума кунининг асосий ишларидан бири ҳам хутба тинглашдир.

3. Хутбани яхшилаб тинглаб, ундан фойда олиш.

Чунки одатда Жума хутбаларида фойдали ваъз-насиҳатлар қилинади.

4. Жим ўтириш.

Жим ўтирган одам ўзи хутбани яхши эшита олмаса ҳам, бошқаларга халақит бермайди. Жим ўтирмаган одам эса ўзи ҳам эшитмайди, ўзгаларга ҳам эшиттирмайди. Шунинг учун хутбани ўзи эшитмаган тақдирда ҳам, жим ўтириши керак.

5. Намоз ўқийдиган жойдаги майда тошларни текислаш ва шунга ўхшаш ишлар билан машғул бўлмаслик. Аксинча, Жуманинг фазилатларидан кўпроқ баҳраманд бўлиш учун зикр ва ибодат билан машғул бўлиш керак.

Ҳанафий мазҳаби уламолари бу ҳадисдаги «тингласа, жим ўтирса» деган иборалардан ва тошларни текислашга ҳам рухсат берилмаганлигидан имом хутба қилаётганида намоз ўқиб бўлмаслигини олганлар.

Муҳими, юқоридаги шартларни бажо келтирган мўмин кишининг икки Жума орасидаги гуноҳлари ва яна қўшимча уч кунлик гуноҳлари мағфират қилинишини унутмаслик лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким масжидда йўқолган нарсасини сўроқлаган одамни эшитса, давоми...

1779 16:30 / 20.06.2021
. .Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Одамлар масжидлар билан фахрланмагунларича қиёмат қоим бўлмас,, давоми...

3345 17:00 / 08.08.2021
. . Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кеча уйғонганларида .Субҳаналлоҳ, бу кеча қайси давоми...

1465 11:00 / 13.03.2023
. .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кеча жинлардан бири Ифрийт менга намозимни давоми...

2642 16:00 / 13.06.2021