1445 йил 11 зулқаъда | 2024 йил 19 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дарахт ҳикояси

16:20 / 26.02.2021 3469 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир туп дарахт бизга байъат ва сулҳ ҳақида ҳикоя қилиб беради.

Араб жазирасида дов-дарахт кам. Мен ана шу дарахтларнинг бириман. Менинг остимда тарихий бир воқеа бўлган. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари томонга урушиш учун келаётган кофирларнинг хабарини билиш мақсадида чиқдилар. Йўлда дарахтни кўриб, унинг соясида дам олишга қарор қилдилар. Бехос кофирлардан бири қиличини яланғочлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келди-да: «Сени ҳозир, менинг қўлимдан ким қутқара олади?!» деб сўради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч бир талвасага тушмасдан, бамайлихотир жавоб бердилар: «Аллоҳ!»

Ҳалиги одам ҳаяжонланиб, қўрқувдан, титрай бошлади ва қиличи қўлидан тушиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилични олиб, худди ўша саволни унинг ўзига бердилар: «Сени ҳозир менинг қўлимдан ким асрай олади?»

Бу саволга нима жавоб беришни билмай қолган ҳалиги мушрикнинг қўрқуви янада ошиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни афв этдилар.

Аммо менинг қиссам Қуръони Каримда зикр қилингани билан фахрланишимга арзийди. Мен ҳақимдаги ҳикоя тарихда ва мусулмонлар орасида абадий қолди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон ибн Аффонни қурайшликларга элчи қилиб, мусулмонлар Каъбани зиёрат этмоқчи эканликлари хабарини етказишни айтди. Мусулмонлар орасида кофирлар ҳазрати Усмонни ўлдиришди, деган гап тарқалди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қарши уруш очишга қарор қилдилар ва мусулмонларни урушга байъат (аҳдлашув) учун чақирдилар. Байъат менинг остимда бўлиб ўтди. Байъат ва мен ҳақимда қуйидаги ояти карима нозил бўлди: «Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминлардан дарахт остида сенга байъат қилаётганларида рози бўлди» (Фатҳ сураси, 18-оят).

Макка кофирлари байъат ҳақида эшитишгач, хавотирга тушишди. Улар ҳазрати Усмонни ўлдиришмаганди ва уни Маккадан қўйиб юборишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига бориб, мусулмонлар ва қурайшликлар орасида ўн йил муддатгача уруш бўлмаслигига рағбат қилдилар ва келаси йили ҳаж қилиш учун Маккада уч кун қолишларини айтдилар. Араблар ё Муҳаммад алайҳиссаломга, ёки Қурайшга эргашишлари керак эди.

Кўпчилик мусулмонлар бу сулҳдан норози бўлиб ғазабланишди. Чунки бу сулҳ муҳожирларни қурайшликларнинг олдига қайтишга мажбур қиларди. Бу иттифоқ худди уларни заиф қилиб кўрсатгандек эди. Лекин Расулуллоҳ бу битимга розилик билдирдилар.

Кунлар ўтиши билан мусулмонлар бу иттифоқ уларнинг фойдасига бўлганини тушуниб етишди. Чунки сон жиҳатидан кўпайган мусулмонларнинг Маккага қайтиши Макка аҳлини сиқиб қўйган. Кофирлар Макка ва Мадина орасидаги йўлда жойлашиб, уларнинг карвонларига ҳужум қилишди. Расулуллоҳдан соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларнинг Мадинада қолишларини талаб қилдилар. Бу қўрқув остида бўлган иш эди, чунки кўпчилик кофирларнинг қалби у кишининг улуғ мавқифларидан титрар эди. Одамлар тўп-тўп бўлиб ҳақ динни қабул қила бошлашди. Хура қабиласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу иттифоқ ва сулҳнинг тугаганини эълон қилди.

Бир неча кун ўтгач, мен ўн мингларча мусулмон Макка томон келаётганини кўрдим. Қурайшликлар уларга қарши уруш қила олмасликларини кўриб, уларга ҳеч қандай қаршиликсиз шаҳарни очиб беришди.

Лекин ҳеч ким менинг олдимда бўлган кунни унутмайди – ўша куни мусулмонлар Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам байъат қилишган эди.

Аллоҳнинг ёрдами мусулмонларга бўлди. Одамлар жамоат-жамоат бўлиб Аллоҳнинг динига киришди. Мен мусулмонларнинг Жазиранинг ҳамма жойида Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларини қайта-қайта айтаётганларини эшитдим. «Ноҳақ қон тўкиш ҳаром, бекор дарахтни чопиш гуноҳ». Бу сўзлардан менинг барча аъзоларим, шохларим, баргларим тўлғониб, ҳаяжонланиб кетди.

Расулуллоҳнинг мана бу гапларини эшитиб, янада ҳаяжонландим: «Эй қурайш жамоаси... Мени ўзларингиз билан қандай (муомала) қилади деб ўйлайсизлар?». Қурайш аҳли: «Яхши (муомала)», дейишди. «Боринглар, сизлар озодсизлар», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Шундан сўнг Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттоб даврларида кўп нарсаларнинг шоҳиди бўлдим. Форс, Шом, Яман шаҳарлари Исломни қабул қилишганини эшитдим. Бу хабарларнинг барини остимда бўлган ўша кучли байъатни эслаб зиёратга келган кишилардан эшитар эдим.

Зиёратчиларнинг кўплигидан Умар ибн Хаттоб хавотирга тушдилар. Ва мени кесиб илдизларим билан суғуриб ташлашга буюрдилар. Мен бундан хафа бўлмадим. Чунки бир дарахт учун Расулуллоҳ ва мусулмонларни байъат пайтида ўз соясига олиб туришдан ортиқ бахт бўлиши мумкин эмас.

Арабчадан Жаҳонгир Барноев таржимаси

«Ҳилол» журналининг 2(23) сонидан

 

Манба
"Ҳилол" журнали
Мавзуга оид мақолалар
ибратли ҳикояБир ёш йигит, бир гуруҳ ноқобил дўстларга илакишиб қолади. Кейин улар билан саёҳатга чиқади. Шундай саёҳатларнинг бирида бу йигит бир қиз билан давоми...

6082 19:05 / 07.12.2019
Убайд ибн Умайр зарбулмасал айтиб, шундай дейди .Бир кишининг учта дўсти бўлиб, уларнинг ҳар бири унга бирбиридан яқин эди. Бир куни унинг бошига бир мусибат тушди. давоми...

2503 07:10 / 29.06.2019
Саъид ибн Абу Аруба айтади .Умар ибн Абдулазиз ўғлига .Қуръон ўқиб бер,, деди. Ўғли .Қайси сурани ўқий, деб сўради. Умар ибн Абдулазиз .Қоф сурасини,, деди. Ўғли ўқишни давоми...

3993 14:00 / 15.05.2022
Мўминмусулмонлар .жин, деб аталувчи махлуқотлар борлигига иймон келтирадилар. Уларни оддий ҳолатларда кўриб бўлмайди. Биз улар ҳақидаги маълумотларни энг давоми...

2844 17:35 / 25.10.2018
Аудиолар

121579 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43052 14:35 / 11.08.2021