1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир

13:00 / 28.12.2020 2354 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

شَهِدَ اللّهُ أَنَّهُ لاَ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ وَالْمَلاَئِكَةُ وَأُوْلُواْ الْعِلْمِ قَآئِمَاً بِالْقِسْطِ لاَ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ۝

Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир. (Оли Имрон сураси, 18 -оят).

Эътибор берилса, бу ояти карима суранинг энг аввалида зикр қилинган ҳақиқатни яна бир бор таъкидламоқда. Фақат бу ерда ўша ҳақиқат ишонарли, рад этиб бўлмас гувоҳлар билан таъкидланмоқда. Бирор нарсанинг ҳақлигини исботлашда Аллоҳнинг гувоҳлигидан ҳам кучлироқ гувоҳлик борми! Бунинг устига, яна Аллоҳнинг муқарраб фаришталари ва илм эгаси бўлган бандалари ҳам гувоҳлик бериб турса, бу ҳақиқат ҳеч инкор этиб бўлмайдиган нарсага айланади!

Аллоҳ таоло ибодатга сазоворликда ягона, бандалар устидан адолат ила қоим бўлишда ягона бўлиши билан бирга, «У Азиз ва Ҳаким Зотдир». Ҳар қандай ишни қила оладиган ғолиб, Унинг иродасини биров тўса олмайдиган Зотдир. У шундай Зотки, ҳар бир ишни ҳикмат ила қилади.

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Зубайр ибн Авом розияллоҳу анҳу:

«Арафотда Набий алайҳиссаломнинг «Шаҳидаллоҳу...» оятини ўқиб туриб, «Ва мен ҳам шунга шоҳиддирман, Роббим», – деганларини эшитдим», дейдилар. Аллоҳ таоло келаси оятда шундай марҳамат қилади:

 إِنَّ الدِّينَ عِندَ اللّهِ الإِسْلاَمُ وَمَا اخْتَلَفَ الَّذِينَ أُوْتُواْ الْكِتَابَ إِلاَّ مِن بَعْدِ مَا جَاءهُمُ الْعِلْمُ بَغْيًا بَيْنَهُمْ وَمَن يَكْفُرْ بِآيَاتِ اللّهِ فَإِنَّ اللّهِ سَرِيعُ الْحِسَابِ۝

Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир. Китоб берилганлар фақат уларга илм келганидан сўнг ўзаро зулму ҳасад қилибгина ихтилоф қилдилар. Ким Аллоҳнинг оятларига куфр келтирса, бас, албатта, Аллоҳ ўта тез ҳисоб қилувчидир. (Оли Имрон сураси, 19 -оят).

Ибодатга сазоворлик ягона Зотга хос бўлганидан кейин дин юритиш ҳам ягона Зотнинг иши бўлиши керак-да. Ўша Зотга сиғиниш, Унинг амрларига бўйсуниб, айтганларини қилиб яшаш услуби ҳам бир хил бўлиши керак. Шу боисдан:

«Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир».

Аллоҳнинг ҳузурида Исломдан бошқа дин йўқ. Яҳудий, насроний, буддий ёки яна бошқа ҳар хил динлар Аллоҳнинг ҳузурида эътиборини йўқотган динлардир. Уларга эътиқод ва амал қилганлар беҳуда юрибдилар.

Дунёда Аллоҳ ягона бўлганидан кейин ақийда ҳам ягона бўлиши керак. У Ислом ақийдасидир.

Дунёда Аллоҳ ягона бўлганидан кейин шариат ҳам ягона бўлиши керак. У Ислом шариатидир.

Дунёда Аллоҳ ягона бўлганидан кейин дин ҳам ягона бўлиши керак. У Ислом динидир.

Ислом бандаларнинг фақат Аллоҳга тўлиқ бўйсунишидир.

Ислом бандаларнинг фақат Аллоҳ таолога тўлиқ ибодат қилишидир.

Ислом бандаларнинг фақат Аллоҳ таоло кўрсатган йўлдан юришидир.

Ислом бандаларнинг фақат Аллоҳ таолони ибодатга сазовор ягона Зот деб тан олишидир.

Ислом бандаларнинг фақат Аллоҳ таолони ўзлари устидан ягона қоим турувчи деб тан олишларидир.

Мусулмонлардан бошқалар бу ҳақиқатни тушуниб етмайдилар, ихтилоф қиладилар. Уларнинг ихтилофлари сабабини келаси жумла баён қилиб беради:

«Китоб берилганлар фақат уларга илм келганидан сўнг ўзаро зулму ҳасад қилибгина ихтилоф қилдилар».

Аҳли китобнинг келишмовчилиги илмсизликдан, жоҳилликдан эмас. Уларга Аллоҳ томонидан илм келган эди. Улар Аллоҳнинг ягоналигини, ибодатга сазоворликда ҳам ягоналигини, бандаларнинг вазифаси нимадан иборат эканини яхши билар эдилар. Билиб туриб, ихтилоф қилдилар.

Яҳудийлик ва масиҳийлик тарихини ўрганган олимлар, ҳатто уларнинг ўз миллатларидан бўлган тарихчилар илмий баҳслардан сўнг шуни эътироф этишганки, бу икки диёнатдаги ихтилофлар ва мазҳабларнинг келиб чиқишига доир сиёсий тортишувлар ўзаро ҳасад ва сиёсий нуфузни ошириш мақсадида қилинган ҳаракатларнинг натижасидир. Демак, улар бу бузғунчиликларни билиб туриб, қасддан қилганлар. Шу боисдан ҳам:

«Ким Аллоҳнинг оятларига куфр келтирса, бас, албатта, Аллоҳ ўта тез ҳисоб қилувчидир», – дейилмоқда.

Аҳли китобнинг ўзаро ҳасад ва душманлик туфайли ихтилоф қилишлари «Аллоҳнинг оятларига куфр келтириш» деб баҳоланмоқда. Куфр келтирганларга эса ҳисобни тез қилувчи сифатига эга бўлган Аллоҳ тезда жазосини беради.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Нисо сурасида шундай марҳамат қилади Бас, улардан юз ўгир ва Аллоҳга таваккул қил. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилурrdquo Нисо сураси, 81оят.Ўша давоми...

2895 11:02 / 19.11.2018
.Мўминлар мўминларни қўйиб, кофирларни ўзларига дўст тутмасинлар. Ким буни қилса, бас, у Аллоҳдўстлигидан ҳеч нарсада йўқдир. Магар улардан қўрқиб, давоми...

3591 17:00 / 28.01.2021
Аллоҳ таоло мусулмонларга хитоб қилиб, уларни бўлинмасликка, ихтилофга тушмасликка, ўзларидан аввалги ўтган аҳли китобларга ўхшамасликка чақиради. Бу ҳақда Ўз давоми...

1871 19:00 / 30.11.2021
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади Албатта, одамларнинг Иброҳимга ҳақлироғи унга эргашганлар, мана бу Набий ва иймон давоми...

2113 16:18 / 04.10.2021