1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ёмғирнинг пок сув эканини биламизми?

11:07 / 17.07.2020 2020 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

У Ўз раҳмати олдидан шамолларни хушхабар қилиб юборган Зотдир. Ва осмондан пок сув туширдик. У ила ўлик юртни тирилтиришимиз ва ўзимиз яратган кўплаб чорваларни ҳамда инсонларни суғоришимиз учун” (Фурқон сураси, 48-49-оятлар)

Қуръони Карим нозил бўлган пайтда ҳеч ким ёмғир қандай ёғишини билмас эди. Бугунги кунда бизга маълум бўлдики, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шамолларни ҳарактлантиради, мазкур шамоллар сув ҳавзалари, денгизлар устидан учиб ўтаётганда ўша сувдан кўтарилаётган буғни ўзи билан олиб, юқорига кўтарилади. Юқорига кўтарилган буғлардан булутлар ҳосил бўлади. Кейин у булутлар ер юзи бўйлаб сузиб юрган ёки атмосферанинг юқори қаватларида сузадиган булутлар билан қўшилиб, оғирлашиб, ундаги сув ерга ёмғир кўринишида туша бошлайди. Аллоҳ таоло ўша булутлардан покиза сувни ерга туширади. Шамолларнинг ёмғир ёғишига алоқаси борлиги йигирманчи асрга келибгина аниқланди.

Ушбу алоқа оятда мана бундай тарзда келяпти:

У Ўз раҳмати олдидан шамолларни хушхабар қилиб юборган Зотдир. Ва осмондан пок сув туширдик

Осмондан пок сувнинг туширилиши Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг мўъжизаларидан, Унинг азаматига, қудратига далолат қиладиган белгилардандир. Агар сув буғларининг юқорига кўтарилиб, ёмғир кўринишида ерга тушиши, яъни сувнинг мана шундай айланиб туриши бўлмаганда эди, ер юзидаги барча сувлар айниб, сасиб кетган бўларди. Бу эса сувда яшайдиган барча тирик жонзотларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўларди. Аллоҳ таборака ва таоло сувни айлантириб, уни айниб, сасиб кетишидан сақлаб туради. Ҳар йили ер юзидан 380 000 километр куб сув буғланиб туради. Аллоҳ таоло Ўзининг илми, қудрати ва ҳикмати билан шунча миқдордаги сув буғларини яна ёмғир шаклида ер юзига ёғдиради.

Ва осмондан пок сув туширдик

Оятнинг мана шу жойига ҳам эътибор берайлик. Агар юқорида айтилган сув айланиши бўлмаганда, сув пок бўлмаган бўларди. Маълумки, осмондан тушадиган сув чучук, зилол бўлади. Ушбу сувнинг ер юзида вазифалари жуда кўп. Масалан, тупроқ ҳосил бўлишига, дарёлар пайдо бўлишига, ер юзидаги баъзи шўрликларнинг кетиши, тузларнинг эриши, сувда яшовчи ҳайвонларнинг иммун тизими мустаҳкамланишига хизмат қилади. Агар Аллоҳ таоло сувни айлантириб турмаганда, бизга ҳеч қачон пок сув тушмаган бўларди. Юқорига кўтарилган сув буғи атмосферадаги баъзи газлар таъсирида эриб битиши ёки ўша газлар таъсирида ёмғир суви шўр, нордон, ичишга яроқсиз ҳолда бўлиши мумкин эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сув ичгач, Аллоҳ таолога ҳамд айтардилар.

Абу Жаъфардан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сув ичганларидан сўнг ҳамд айтиб, «Ўзининг раҳмати ила бу сувни чучук, ширин қилиб қўйган, гуноҳларимиз туфайли шўр, аччиқ қилиб қўймаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!» деб дуо қилар эдилар».

Ҳар бир мусулмон сув ичгандан сўнг ушбу ҳадисда келган дуони айтиши, ичаётган суви Аллоҳ таолонинг улкан неъмати эканини ҳис қилиши лозимдир. 

У Ўз раҳмати олдидан шамолларни хушхабар қилиб юборган Зотдир

Энди оятдаги мана шу гапга эътибор берайлик. Шамол сўзи араб тилида “рийҳ”, шамоллар сўзи эса “рияҳ” дейилади. Қуръони Каримда “рийҳ” калимаси кўп марта зикр қилинган. Шундан 10 марта кўпликда “рияҳ” шаклида келган. Қуръони Карим сиёқидан маълумки, қаерда кўплик шаклида “рияҳ” деб зикр қилинган бўлса, бу Аллоҳ таолонинг раҳматидан одамларга дарак, хушхабар берувчи маъносини ифода этади. Агар бирлик шаклида “рийҳ” деб зикр қилинган бўлса, бу Аллоҳ таолонинг иқоби, азоби маъносини ифода этади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар сафар шамол эсишни бошлаганда, “Аллоҳуммажъалҳаа рияҳан ва лаа тажъалҳаа рийҳан”, яъни “Эй Аллоҳ, бу шамолни рияҳ (раҳмат шамоли) қилгин, рийҳ (азоб шамоли) қилмагин” деб дуо қилардилар.

Шамол сув буғларини юқорига олиб чиқиб, булутларга қўшиб, ёмғир ҳосил бўлишига сабаб бўлади. Шунинг учун оятда шамол ёмғирнинг даракчиси, ёмғир ёғиши ҳақида хушхабар берувчи деган маънода зикр қилиняпти, ўша ёмғир эса Аллоҳнинг рҳмати дейилмоқда. Чунки ёмғир сабабли ўлик ер тирилади, ўсимликлар униб-ўсади, инсонлар ва ҳайвонлар сувга қонади ва ҳоказо. Оятнинг давомида ёмғирнинг раҳмат эканлигига мисоллар келтирилмоқда.

“У ила ўлик юртни тирилтиришимиз ва ўзимиз яратган кўплаб чорваларни ҳамда инсонларни суғоришимиз учун”

Ўлик ернинг тирилтирилиши, чорвалар ва инсонларнинг суғорилиши Аллоҳ таолонинг раҳматидир. Баъзи жойларда ёғингарчилик бўлмагани сабабли қурғоқчилик бўлиб, одамлар сувсизликдан қийналадилар, чорва ҳайвонлар ташналикдан кўп талафот кўрадилар. Шу боис ҳам ёмғир Аллоҳ таолонинг раҳматидир. Тупроқда, тупроқ остида кўплаб яширин ҳаёт мавжуд. Бу ҳаёт унга ёмғир суви тушганда жонланади. Қиёмат куни ёмғир ёғиб одамлар, худди баҳор ёмғири сабабли ўсимликлар униб чиққанидек, қабрларидан тирилиб чиқадилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Инсоннинг ҳамма жойи чириб йўқ бўлади, фақат ажбуз занаб чиримайди. Инсон ундан яратилган эди, қиёмат куни яна ундан яратилади».

Имом Бухорий, Насоий, Абу Довуд, Ибн Можа, Аҳмад ва Молик ривоят қилишган

Ажбуззанаб думғазанинг учидаги кичик суякдир.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Зағлул Нажжорнинг суҳбатлари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Мавзуга оид мақолалар
Бир ажиб шаҳри азим эрди, валек,Асли васли ўйлаким бир косадек.Кўп буюк эрди, кенгиш эрди, дароз,Аслида салмоғи мисли бош пиёз.Ул шаҳарда мардум эрди анчаси,Уч давоми...

1800 19:30 / 09.09.2019
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ифтор қилсалар .Заҳабаз зомау вабталлатил уруқу ва сабатал ажру, давоми...

3908 19:00 / 30.04.2020
1 сони. Ва илоҳингиз бир илоҳдирrdquo. Бақара сураси, 163оят.2 сони. Туядан иккитани, қорамолдан иккини пайдо қилдиrdquo. Анъом сураси, 144оят.3 сони. Аёлларингиздан ҳайздан давоми...

2105 11:20 / 14.09.2021
Узоқ муддатли очликдан сўнг, мазали таомларга тўла ифтор учун безатилган тўкин дастурхон Рамазонда соғлом овқатланиш хақидаги орзуларимизни чеклаб қўйиши давоми...

18396 17:30 / 02.05.2020