1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Маснавийхонлик :Ҳирс назорати

19:30 / 09.09.2019 1799 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир ажиб шаҳри азим эрди, валек,

Асли васли ўйлаким бир косадек.

Кўп буюк эрди, кенгиш эрди, дароз,

Аслида салмоғи мисли бош пиёз.

Ул шаҳарда мардум эрди анчаси,

Уч ювуқсиз эрди, лекин барчаси.

Унда гар халқу халойиқ бешумор,

Учта хом аслида топмишди қарор.

Жонки жононга нисор эрмас экан,

Ул яримдир, бир эмас, минг бўлса ҳам.

Ул бири кўрмас Сулаймон ойини,

Лек кўрар эрди чумоли пойини.

Бошқаси кар эрди, сезгир дер ани,

Ганж эди, йўқди тариқча олтини.

Ўзгаси гарчи яланғоч эрди чун,

Устида тўни узундан ҳам узун.

Кўр демиш: кўрмоқдамен, қўшин келур,

Қайси қавмдин, сон-ҳисобда қанча ул.

Кар демиш: балли, етишди сўзлари,

Сўйлар ошкору ниҳонни ўзлари.

Ул яланғоч дерки: қўрқармен, улар

Бул узун тўним этагин қирқалар.

Кўр демиш: келди яқинлаб, етмасин,

Тез қочайлик, бир зиёне етмасин.

Кар демишким, мен-да илғармен аён,

Бас, яқинлашмоқдадир шовқин-сурон.

Ул яланғоч дерки, илға-илғама,

Шул узун тўнимга этгайлар тамаъ.

Қўрқдилар, хуллас, шаҳардан кетдилар,

Бир йироқ қишлоққа чарчаб етдилар...

Кар – тилак, ҳар дам қазони тинглагай,

Ўзига келган ажални билмагай.

Ҳирс эса – кўрдир, кўрар халқ айбини,

Ҳар қадамда битталаб сўйлар ани.

Ўзида айбу қусурни кўрмас ул,

Ўзгадин айб изламасдан турмас ул.

Ул яланғоч дерки, йиртилгай тўни,

Ул яланғоч эрса, ким йиртгай уни?

Муфлису қўрқоқ шу дунё одами,

Аслида ул ўғрилардин не ғами?

Ул яланғоч келдиким, шундоқ кетар,

Ўғри деб кўксин ҳамиша доғ этар.

 

Ҳикоянинг шарҳи

Ушбу ҳикояни бир ҳазил намунаси, мажозий енгил киноя ёхуд «шатҳия» деб қараш мумкин. «Маснавий» шарҳчилари фикрича, ҳикоядаги Сабаъ шаҳри инсон танасининг рамзидир. Шаҳар аҳолисидан мурод, инсондаги руҳоний ва жисмоний қувватлардир. Инсонни шаҳарга ўхшатиш адабиётда кенг тарқалган усул. Кулгили услубда баён этилган уч киши орқали нималарга ишора қилингани, улар нималарнинг рамзи эканини Мавлоно Румий бундай изоҳлайди:

КАР – истак, тилакдир. У ҳаётдан кўп нарсани умид қилувчи, кўп нарсани талаб этувчи, тўйишни билмаган инсон рамзидир. У бошқаларнинг ўлимини эшитади, бироқ ўзи ҳам бир куни ўлишини хаёлига келтирмайди.

Узоқни кўрувчи КЎР эса нафсоний ҳирснинг тамсилидир. У халқнинг айбу нуқсонларини ипидан-игнасигача кўради, ҳатто маҳаллаларда айланиб юриб, уларни айтиб тарқатади.

ЯЛАНҒОЧ доим этагимни кесиб кетишади, деб қўрқиб туради. Ахир яланғочнинг этаги бўлармиди?! Бўлмайди. Яланғоч образи орқали назарда тутилган кимса – дунёга топинган, муккасидан кетган муфлисдир. Ўзини ечинтириб кетишларини, яъни тунаб кетишларини ўйлаб, доим қўрқув ва хавотир ичра яшайди. Ваҳоланки, у дунёга яланғоч келган, яланғоч кетади. Шундай бўлса-да, ўғрининг тунаб кетишидан қўрқиб, юраги қон йиғлайди.

Ҳирс, очкўзлик, битмас-туганмас орзу-истаклар, бойлик ва мансаб севгиси инсон учун тузоқдир, уни маънан юксалишдан тўсади. Мол-дунёга берилиш барча илоҳий динларда қораланган. Қалбини буларга қаттиқ боғлаган киши маънавий қадриятларни, Аллоҳ таолони, охиратни, ўлимни унутади. Бу ҳолатга йўл очувчи сабаблардан бири жаҳолатдир, билимсизликдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом умматларининг ҳирс ва узун орзу-ҳавасга берилиб кетиши, нафсига эргашишидан қўрққанлари ривоят қилинади. Узун орзу-ҳавас охиратни унуттиради, нафс истакларига эргашиш эса кишини тўғри йўлдан адаштиради. Дунё севгисини кўнгилдан чиқариб ташлаш қийин. Буни охират кунига ишониш ва ўлимни эслаш билангина эплаш мумкин.

Ҳадисда мол ва шуҳрат ҳирсининг кишига берадиган зарари бир сурув қўй ичига кириб олган икки оч бўрининг зараридан ҳам кўпроқ экани таъкидланади. Очкўзлик ва таъмагирлик туйғуси инсон фитратида мавжуддир. Яна бир ҳадисда бундай марҳамат қилинади: «Одам боласига бир водий тўла олтин берилса, иккинчисини истайди, иккинчиси берилса, учинчисини хоҳлайди, унинг кўзини фақатгина тупроқ тўйдиради» (Бухорий, «Риқоқ», 10).

Ҳирс етказадиган зарарлардан Мавлоно Румий каби улуғлар тавсия этган тарбия йўли билан қутулиш мумкин. Бу тарбияга биноан, мақсад ҳирс, орзу ва истакнинг батамом йўқ қилиниши эмас, балки уларнинг назорат остига олиниши ва яхшиликка йўлланишидир. Шиддатли ёмғир ёхуд баҳорда қорнинг эришидан сўнг оқиб келадиган жўшқин сувлар катта тошқин ва сел босишига сабаб бўлади. Аммо ўша сувлар бир тўғон ортига йиғилса, керакли ўринга, фойдали мақсадга ишлатилади.

Жалолиддин Румий ҳазратлари ушбу ҳикоя орқали маънавий жиҳатдан кар, кўр ва маънавияти қашшоқ, нафс домига, орзу-истакларига тутқун инсон фожиасини англатмоқчилар. Дунёга муккасидан кетиш ҳам юқорида таъкидланаётган маънавий ҳалокатнинг сабабларидандир. Бундай таҳликанинг олдини олиш учун улуғ зотлар бундай тавсияни берадилар: «Дунёни кўр, сайр қил, ичига кир, аммо эҳтиёт бўл – дунё сенинг ичингга кирмасин». Жалолиддин Румийнинг ўзлари «Модда бир отдир, руҳ унинг чавандози. Моддийликни жиловлай олсанг, уни бошқариб бўйсундирсанг, демак, сен юксалибсан. Агар у сени бўйсундирса, олиб қочади ва охири ҳалок қилади», дейдилар. Шу боис, Румий ҳазратлари рамзий тарзда тасвирлаётган бу жисмимиз, умримизни обод қилиш, кўркам тутишимиз учун қалбимиз, ҳис-туйғуларимизни карлик (шафқатсизлик), кўрлик (жоҳиллик), яланғочлик (ҳаёсизлик) каби кўплаб иллат-балолардан омон сақлашимиз лозим экан.

Шарҳни Абдуллоҳ Мурод тайёрлади.

«Hilol» журнали, 2-сонидан олинди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмон йил ҳисоби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан кейинроқ Пайғамбар шаҳри Мадинат унНабий деб аталган Ясриб, яъни Мадина давоми...

7498 11:31 / 26.04.2019
Яқинда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ жанобларининг .Hilolnаshr, нашриёти томонидан нашр этилган .Тасаввуф ҳақида тасаввур, китобларини харид давоми...

1466 11:34 / 26.12.2021
Абу Абдуллоҳ Шомийдан ривоят қилинади .Товуснинг уйига келдим. Уйдан бир қари киши чиқди. .Сиз Товусмисиз, десам, .Ўғлиман,, деди. .Сен унинг ўғли бўлсанг, отанг қариб давоми...

1493 09:00 / 08.06.2019
Хатича Гунеш Ҳолландиянинг Амстердам шаҳрида туғилган. Ижтимоий Академия мутахассиси. 21 ёшида бир турк йигитига турмушга чиққан. 30 ёшида Ҳолландияда Ислом динини давоми...

3203 16:30 / 18.12.2018