1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Oта‑онанинг ҳақлари

10:08 / 20.05.2020 2874 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Ота‑онани ҳурматлаш, эъзозлаш масаласида ҳеч бир тузум ёки тарбия воситаси Исломга тенг ҳам, яқин ҳам кела олмайди. Ота‑онанинг ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи тўғрисидаги оятлар, ҳадислар, исломий ҳикматлар, мусулмонлар ҳаётидаги тажрибалар дунё тарихида бу борада мисли кўрилмаган олиймақом нарсалар экани маълум ва машҳурдир.

Ислом фарзандларнинг зиммасида ота‑оналарнинг бир қанча ҳақ-ҳуқуқлари борлигини таъкидлайди. Бу масала Қуръони Каримда, суннати набавияда ва Ислом тарбияси ҳақидаги китобларда алоҳида баён қилинган.

Фарзандлар ўз ота‑оналарига яхши муомала қилишлари, ширинсухан бўлишлари, уларга меҳрибонлик кўрсатишлари, доимий эҳтиром билан уларни тақдирлаб туришлари, Аллоҳ таолонинг шариатига зид бўлмаган барча буйруқ, талаб-истакларини бажармоқлари лозим.

Ота‑онага яхшилик қилиш диний адабиётларимизда «Биррул волидайн» дейилади. Аввал «Биррул волидайни» – «Ота‑онага яхшилик қилиш» бирикмасининг тўлиқ маъносини тушуниб олайлик.

«Бирр» сўзи бизнинг тилимизга «яхшилик» дея таржима қилиниб, «фазийлат», «содиқлик», «тоат» ва «солиҳлик» маъноларини ифода этади.

Уламолар истилоҳида «Бирр» юмшоқ ва латофатли сўз ила яхшилик қилиш ва нафратга сабаб бўлувчи қўпол сўздан четда бўлишдир. Айни пайтда, «бирр» бир-бирига шафқат, меҳр-муҳаббат асосида молиявий амаллар ила яхшилик қилишдир.

«Волидайни» – ота‑она. Бу сўз бобо ва момоларни ҳам ўз ичига олади.

Энди ушбу маънони ифода қиладиган баъзи оят ва ҳадисларни умумий тарзда ўрганишга киришайлик.

Аллоҳ таоло «Исро» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишингни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!

Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт» (23–24‑оятлар).

Бу ояти каримада Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга амр этилгандан сўнг, бевосита, ота‑онага яхшилик қилиш буюрилмоқда.

«Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота‑онага яхшилик қилишни амр этди».

Бу амал бандаларнинг ихтиёрига ташлаб қўйилган иш эмас, балки Аллоҳнинг бандаларига амри, буйруғи, фармонидир. Хоҳласа қилиб, хоҳламаса қилмайдиган ҳаваскорлик ҳам эмас. Қариб, ҳеч нарсага ярамай қолганда юзланиладиган кўнгилхуши ҳам эмас. Бу амр Аллоҳ таолонинг қатъий ва ўзгармас буйруғи бўлиб, уни бажариш ҳар бир банданинг бурчидир.

Аллоҳнинг ибодатидан кейинги келадиган иш ота‑онага яхшилик қилишдир. Бу ҳам Аллоҳнинг амри. Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишга чақирган амрдан кейин, шу жумланинг давомида ота‑онага яхшилик қилишни таъкидламоқда. Бу икки ҳукмнинг бир оятдаги ягона жумлада баён қилинишининг ўзиёқ Исломда ота‑онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади.

«Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема».

Бу жумланинг «уфф» сўзига боғлиқ икки хил маъноси бор. Бир маъноси – ота‑онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма, дегани бўлса, иккинчи маъноси – ота‑онанг олдида «уфф» дема, улар «Болам оғир ҳолга тушибди», деб озорланадилар, деганидир.

«... уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!»

Ота‑онангга ҳеч бир озорни раво кўрма! Қандай яхши сўз бўлса, ўшани ота‑онангга раво кўр!

«Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт».

Фарзанд ота‑онанинг ҳузурида ўзини қанчалик хокисор тутса, шунчалик яхши. У бутун меҳрини хокисорлик ила ота‑онасига пояндоз қилса ҳам оз. Шу билан бирга, доимо уларга Аллоҳ таолодан раҳм-шафқат тилаб, дуо қилиб туриши лозим.

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . .Абдулазиз ибн Умар ибн Абдулазиздан ривоят қилинади.Умар ибн Абдулазизнинг давоми...

1857 19:30 / 13.03.2020
Талоқ тўғрисидаги маълумотларни талоқдан сақланиш чоралари сифатда ўрганиш лозим. Уларни яхши билган кишилар талоққа сира яқинлашмасликлари, ҳаттоки, у ҳақда давоми...

1172 09:00 / 05.08.2023
Иброҳим алайҳиссалом Сора онамиз билан подшоҳ ҳузурига келдилар. Подшоҳ Иброҳим алайҳиссалом билан суҳбатлашаётганда Сора онамизга назари тушиб, ҳуснига маҳлиё давоми...

2634 15:20 / 09.09.2019
Эридан талоқ билан ёки эри ўлиб ажралган аёл киши белгиланган идда муддати тугамасдан бошқа киши билан никоҳланиши дуруст эмас. Бирор аёлга уйланмоқчи бўлган давоми...

1355 09:04 / 08 февраль