1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Қудачилик алоқалари (иккинчи мақола)

15:20 / 09.09.2019 2633 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Иброҳим алайҳиссалом Сора онамиз билан подшоҳ ҳузурига келдилар. Подшоҳ Иброҳим алайҳиссалом билан суҳбатлашаётганда Сора онамизга назари тушиб, ҳуснига маҳлиё бўлди ва кўнгли бузилди. Золим подшоҳ дарҳол бу гўзал мусофир аёл билан ёлғиз қолиш чораларини кўрди. Улар танҳо қолдилар. Аммо не ажабки, подшоҳ ёмон ният билан Сора онамиз томон қадам ташлаши билан қўл-оёғи ишламай қолди. Ёмон ниятидан қайтган эди, соғ ҳолига қайтди. Яна ёмон ният қилган эди, яна қўл-оёғи ишламай қолди. Бу ҳолат бир неча бор такрорланди.

Шунда подшоҳ меҳмонлар оддий одамлар эмаслигини тушуниб етиб, уларни рози қилиш пайига тушди. Иброҳим алайҳиссаломни яна ҳузурига чорлаб, ҳадялар тақдим этди. Ўша вақтнинг таомилига кўра, Ҳожар исмли бир қизни ҳам у зотга тортиқ қилди. Иброҳим алайҳиссалом совғаларни қабул қилиб, яна ўз юртларига қайтиб кетдилар. Ҳожарга уйланиб, Аллоҳнинг иродаси ила тўқсон ёшларида ундан бир ўғил фарзанд кўрдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир неча минг йил олдин ўтган қудачиликнинг ҳурматини қилишни ўз саҳобаларига топширганлари алоҳида эътиборга сазовордир.

Бошқа уламоларимиз: «Ушбу ҳадисдаги «қудачилик»дан мурод, Мория онамиз орқали бўлган боғланишдир», дейдилар.

Ҳудайбия сулҳи тузилиб, тинчлик ҳукм сура бошлагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдаги подшоҳлар ва араб амирларига мактуб ёзиб, уларни Аллоҳнинг динига чақиришга қарор қилдилар. Бу муҳим тадбир олтинчи ҳижрий сананинг охири, еттинчи сананинг бошларида амалга оширилди.

Ўша пайтларда Мисрга подшоҳлик қилган киши «Муқавқис» деб аталган. Қадимдан Миср Византия империясига қарам бўлиб келган. Миср ҳокими Византия императорининг ноиби ҳисобланган. Ўша вақтдаги Муқавқис Мисрнинг ерлик аҳолиси – қибтийлардан чиққан бўлиб, асл исми Журайж бўлган. Шу билан бирга, Византиянинг Мисрга таъсир кучи қолмай, у деярли мустақил бўлиб қолган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муқавқисга Ҳотиб ибн Абу Балтаъа розияллоҳу анҳуни мактуб билан юбордилар. Муқавқис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактубларини катта эҳтиром билан кутиб олди. У зотга ҳадялар юборди. Иккита жория ҳам юборди. Улардан бири Мория Қибтия бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳим исмли ўғилларини ўша кишидан кўрганлар.

Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига ўзлари куёв бўлган юртнинг барча аҳолисини ҳурмат қилишни топширмоқдалар. Саҳобаи киромлар эса, ўз вақтида бунга қойилмақом қилиб амал қилганлар. Мисрлик биродарларимиз ҳозиргача ушбу ҳадиси шарифни ўзлари учун – Миср аҳли учун буюк шараф, деб биладилар.

Ислом тарихида битта қудачилик алоқаси бутун бошли бир халққа ёки қабилага барака ва яхшилик келтирган, уларнинг асирликдан озод бўлишига сабаб бўлган ҳолатлар бор. Бунга биргина мисол келтиришга ижозат бергайсиз.

Бану Мусталақ урушида мусулмонлар қўлига тушган асира аёллар ичида Бану Мусталақ қавмининг сардори Ҳорис ибн Абу Зирорнинг қизи Барра ҳам бор эди. У қабила бошлиғининг қизи сифатида ўша даврнинг олий тарбиясини кўрган, ҳамма нарсадан хабардор қиз бўлиб вояга етган эди. У ёшлик чоғидаёқ Хузоъанинг машҳур йигитларидан бўлган Мусофеъ ибн Сафвонга турмушга берилган эди. Мусулмонлар билан бўлган жангда ўлган ўн кишидан бири ўша Мусофеъ ибн Сафвон бўлган эди.

Саҳобаларга асирлар ва ўлжаларни тақсимлаш бошланди. Барра бинти Ҳорис саҳобалардан Собит ибн Қайс ибн Шаммос розияллоҳу анҳунинг чекига тушди. Катта оилада ўсиб, улғайган Барра бинти Ҳорис ақли расо ва уддабурон ҳам эди. У Собит ибн Қайс ибн Шаммос розияллоҳу анҳу билан музокара олиб бориб, тўққиз увқия тилла бериб, ўзини озод қилишга шартнома тузди.

(Давоми бор)

«Бахтиёр оила» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Келинликка номзод шахснинг ҳам ўзига яраша ҳуқуқлари ва одоблари мавжуд.1. Келинликка номзод шахс ўзини хушрўй кўрсатиш учун зийнатланишга ҳақли.Уламоларимиз давоми...

4953 10:23 / 13.12.2018
Уламоларимиз эрнинг хотини олдидаги бурчлари тўғрисида келган барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги хулосага келганлар.Эрнинг хотини олдидаги давоми...

5783 18:26 / 19.06.2019
Янги туғилган боланинг танглайини кўтариш ҳар бир отаонанинг бурчи ва болаларнинг ҳаққидир.Кўпчилик саҳобалар ўзларининг янги туғилган фарзандларини давоми...

5005 13:05 / 30.11.2019
Эр томонидан бош кўтариш содир бўлгандаги ҳолатнинг муолажаси тўғрисида Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Агар аёл киши ўз давоми...

1978 10:00 / 08.11.2021