1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

“Ҳа, олдин мен масиҳий эдим, аммо...”

16:30 / 18.12.2018 3202 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хатича Гунеш Ҳолландиянинг Амстердам шаҳрида туғилган. Ижтимоий Академия мутахассиси. 21 ёшида бир турк йигитига турмушга чиққан. 30 ёшида Ҳолландияда Ислом динини қабул қилди. Ҳозир Истамбулда яшаяпти. Уч фарзанднинг онаси.

Қуйида у билан қилинган суҳбатдан парчани эътиборингизга ҳавола этамиз.

– Исломни қабул қилмасдан олдин масиҳий бўлган экансиз. У эътиқоднинг қайси жиҳатларидан кўнглингиз тўлмади? Бугун у динда бир пайтлар бўлган бир инсон сифатида холис фикрингизни айтсангиз?

– Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳга ҳамд бўлсин, Ўзи ҳидоятга бошлаб, мени иймон неъмати билан сийлади. Ҳа, олдин мен масиҳий эдим, аммо... биласизми, у динда Ийсо алайҳиссалом Аллоҳнинг ўғли сифатида қабул этилганлигига сира-сира кўника олмаганман. Дин дарсларига келган ҳамма “папа”лар бу фикрни ҳимоя қилишга уринишар эди. Лекин ўшанда, яна такрор айтаман, бу фикрни ҳеч ҳазм қилолмаганман. Мен ҳазрати Ийсони фақатгина бир пайғамбар ўлароқ эътироф этардим. Папалар ўргатган бу каби ишонч масиҳийликнинг асосларидан бўлганлиги туфайли, бу "қарши ишонч"им сабабли аслида мен динимдан чиққан ҳисобланардим.

– Исломни ўрганишни бошлаган пайтингизда сиз учун бутунлай янги ва бошқа бўлган бу диндаги қайси хусусиятлардан таъсирландингиз?

– Ҳазрат Муҳаммад алайҳиссаломнинг ғайритабиий бир борлиқ эмас, аввало, биздек бир банда эканлиги, Исломда унинг фақатгина Аллоҳнинг элчиси сифатида қабул қилинганлиги ва буларнинг ҳаммаси Қуръонда аниқ-равшан баён этилгани менга жуда ҳам маъқул тушди. Айниқса, эски эътиқодимнинг баъзи асосларининг Исломга боғлиқлигини кўрдим ва бундан рости қувониб кетдим. Энг муҳими, баъзи динлардаги каби Аллоҳнинг қандайдир жисм шаклида рамз этилмаганлиги менга жуда катта таъсир кўрсатди.

– Сизнингча, бу асрда исломий ҳаёт кечириш қийин эмасми?

– Кўпчилик учун балки қийиндир. Менимча, бунинг асл сабаби ўша инсонларнинг Исломни билмасликларидан. Бу эса, катта хато. Аслида, исломдаги қоидаларнинг ҳаммаси ҳаётни осонлаштириш ва инсонни муҳофаза этиш каби ажойиб хусусиятлардан иборат. Масалан, ўқиб ўрганишга, ақл билан иш юритишга ташвиқ ҳам бу қоидалардан бири...

Инсон ўрганганлиги туфайли ҳам ўз ҳаётига кўп яхшиликларни олиб киради. Ҳаттоки билим ва ақл пойдеворига қурилаётган ҳақ эътиқод баъзан инсондаги ҳар қанақа ўринсиз қўрқувни йўқотади, ҳақиқий йўлни ҳечдан кўра кечроқ бўлса-да, топишга нима етсин. Чунки, у одам ўтган ҳаёти давомида бошқа кўплаб нарсаларга ўрганган бўлади, адолат, ҳақиқат ва ҳаёт ҳақида ўзининг баъзи хулосаларини чиқариб қўйган бўлади.
Буларни дарров ташлаш, воз кечиш анча қийин. Масалан, мен ёшлигимдан ибодат қилишни жуда яхши кўрардим. Тез-тез Калисага бориб, одат бўйича тикка ва ҳаракатсиз анчагача дуо қилардим. Бу тартибдаги ибодатга ўрганиб қолганимдан, намоз ўқиш менга бир оз қийин келди...

Кейинроқ Буюк Аллоҳнинг ёрдами ва инояти билан бу ибодатнинг жиддиятини тушуниб етдим ва кунда бир вақт, сал вақт ўтиб икки, уч, тўрт ва ниҳоят беш вақт намоз ўқишга одатландим. Табиийки, мусулмон бир оилада туғилганимда ёки ёшлигимдан исломий муҳитда яшаб тарбия кўрганимда, намозга тез ва осон одатланардим. Беш вақт намоз ўқишни бошлаганимда бу ибодатнинг нақадар буюк ва ҳидоятга бошловчи ибодат эканини билдим. Мен тамоман янги, саодатли ва шафоатли ҳаётга қадам қўйганимни ҳис этдим. Ўтган кунларимга назар ташлаганимда, масиҳийликдаги ибодат шаклининг нақадар маъносиз ва мантиқсиз эканини кўрдим.

– Намоз ўқишда бўлганидек, рўза тутишда ҳам бирор қийинчилик бўлдими?

– Раҳмли ва меҳрибон Аллоҳга ҳисобсиз шукрларки, У ҳамма нарсани ҳаётимизга мос равишда ва инсонга оғир тушмайдиган, уни қийнамайдиган қилиб белгилаб берган. Намоз ўқиш менга анчайин қийин бўлган ҳолда, илк Рамазон рўзасини ҳеч қийинчиликсиз тутдим. Рўзани биринчи марта Оврўпада бошладим. У ерда ёз кунлари Туркияга қараганда янада узун. Ифтор кеч соат 10 да бўларди. Шунга қарамасдан рўза тутганман. Бу илк Рамазондаги қувончимни ҳеч унутолмайман. Ва агар Роббим хоҳласа, бу қувончларим икки дунёга татийди, деб умид қиламан ва яна тинимсиз дуо қиламанки, Аллоҳ бир лаҳзага бўлса-да, бизни ўз ҳолимизга ташлаб қўймасин. Адаштирмасин...

Islom.uz портали таҳририяти

Мавзуга оид мақолалар
Рамазоннинг энг ёқимли фурсатларидан бири, кун бўйи рўза тутиб, чанқаб, ажру савобдан умидвор бўлган инсоннинг дуо ва зикрда ифторлик вақтини кутиб ўтиришидир. давоми...

4682 20:10 / 07.05.2019
Ҳаммод ибн Зайд айтади .Отам билан бирга кетаётган эдик. Бир девордан битта сомон чўпини олдим. Отам менга .Нега буни эгасидан сўрамасдан олдинг, деди. Мен .Атиги давоми...

1444 07:10 / 12.07.2019
Бола туғилиши билан унинг ҳақлари ҳам бирга туғилади. Ўша ҳақларнинг энг аввалгиларидан бири насаби пок бўлиши ҳаққидир.Никоҳнинг ва оила қуриб яшашнинг асл давоми...

3380 10:40 / 02.09.2019
Зиё айтади .Имод Мақдисий рахматуллоҳи алайҳ 614 санада вафот этди. Вафот этган кунлари рўза тутган эдилар. Шом намозини масжидда ўқидилар. Сўнг уйга қайтиб, енгил давоми...

987 08:25 / 28.05.2020