1445 йил 5 зулқаъда | 2024 йил 13 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳаётлик чоғимизда саодатли ишларга шошилайлик!

10:45 / 01.08.2019 1761 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Вафот этган одамнинг қабрда фаришталар томонидан сўроққа тутилишига жазм ила эътиқод қилиш ҳар бир мусулмон учун вожибдир. Бунга далиллар жуда ҳам кўп.

عَنْ عُثْمَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم إِذَا فَرَغَ مِنْ دَفْنِ الْمَيِّتِ وَقَفَ عَلَيْهِ، فَقَالَ: «اسْتَغْفِرُوا لِأَخِيكُمْ، وَسَلُوا لَهُ بِالتَّثْبِيتِ، فَإِنَّهُ الْآنَ يُسْأَلُ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْبَزَّارُ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон маййитни дафн қилиб бўлсалар, унинг (қабри) устида туриб:

«Биродарингиз учун истиғфор айтинг, унга сабот сўранг, чунки ҳозир у сўралади», дер эдилар».

Абу Довуд, Баззор ва Ҳоким ривоят қилишган. Ҳоким саҳиҳ, деган.

Демак, ўлганнинг қабрда саволга тутилиши ҳақ экан ва тирик мусулмонлар ўлганларнинг ҳаққига дуо қилишлари керак экан. Янги кўмилган одамга сўроқ-савол вақтида сабот сўраб, дуо қилиш лозим экан.

 عَنِ الْبَرَاءِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «إِذَا أُقْعِدَ الْمُؤْمِنُ فِي قَبْرِهِ أُتِيَ، ثُمَّ شَهِدَ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ، فَذَلِكَ قَوْلُهُ ﮋﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷﭸﮊ.

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон мўмин қабрида ўтирғизилса, унга келинади. Сўнгра «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳи», деб шаҳодат келтиради. Ана ўша Аллоҳнинг «Аллоҳ иймон келтирганларни дунё ҳаётида ва охиратда субутли сўз ила собит қилади», деганидир», дедилар».

Бу ҳадисдаги «Қачон мўмин қабрида ўтирғизилса», дейилгани унинг дафни ва устига тупроқ тортилганидан кейин бўлади. Уни қабрида ўтирғизиб, сўроқ-савол қилиш бошланади.

«Унга келинади», яъни унинг олдига сўроқ-савол қилиш учун келинади. Бу ишни бажаргани иккита қорамтир кўк рангдаги фаришта келади. Уларнинг исмлари Мункар ва Накийр бўлади. Уларнинг яратилиши фариштага ҳам, одамга ҳам ўхшамайди.

Мўмин-мусулмон кишини қабрда икки фаришта сўроққа тутганда, унинг иймони ва солиҳ амаллари туфайли Аллоҳ таоло унга ёрдам бериб, субутли сўз билан собит қилади. У калимаи шаҳодатни айтишга муяссар бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ҳам хабар берган экан.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни ана шундай саботли калима эгаси бўлган бандаларидан қилсин.

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «إِنَّ الْعَبْدَ إِذَا وُضِعَ فِي قَبْرِهِ وَتَوَلَّى عَنْهُ أَصْحَابُهُ وَإِنَّهُ لَيَسْمَعُ قَرْعَ نِعَالِهِمْ، أَتَاهُ مَلَكَانِ فَيُقْعِدَانِهِ فَيَقُولَانِ: مَا كُنْتَ تَقُولُ فِي هَذَا الرَّجُلِ؟ لِمُحَمَّدٍ r، فَأَمَّا الْمُؤْمِنُ فَيَقُولُ: أَشْهَدُ أَنَّهُ عَبْدُ اللهِ وَرَسُولُهُ. فَيُقَالُ لَهُ: انْظُرْ إِلَى مَقْعَدِكَ مِنَ النَّارِ قَدْ أَبْدَلَكَ اللهُ بِهِ مَقْعَدًا مِنَ الْجَنَّةِ، فَيَرَاهُمَا جَمِيعًا. أَمَّا الْمُنَافِقُ وَالْكَافِرُ فَيُقَالُ لَهُ: مَا كُنْتَ تَقُولُ فِي هَذَا الرَّجُلِ؟ فَيَقُولُ: لَا أَدْرِي، كُنْتُ أَقُولُ مَا يَقُولُ النَّاسُ. فَيُقَالُ: لَا دَرَيْتَ وَلَا تَلَيْتَ، وَيُضْرَبُ بِمَطَارِقَ مِنْ حَدِيدٍ ضَرْبَةً فَيَصِيحُ صَيْحَةً يَسْمَعُهَا مَنْ يَلِيهِ غَيْرَ الثَّقَلَيْنِ». رَوَاهُمَا الْخَمْسَةُ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Банда қачон қабрига қўйилса ва соҳиблари қайтиб кетса, уларнинг кавушлари тақиллаганини эшитиб турганида олдига икки фаришта келиб, уни ўтирғизишади ва: «Бу одам – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида нима дер эдинг?» дейишади.

Мўмин бўлса «Шаҳодат бераманки, у Аллоҳнинг бандаси ва Расулидир», дейди. Шунда унга: «Дўзахдаги ўрнингга назар сол, батаҳқиқ, Аллоҳ сенга уни жаннатдаги ўринга алмаштириб берди»,  дейилади. У икковини ҳам кўради.

Мунофиққа ва кофирга эса: «Бу одам ҳақида нима дер эдинг?» дейилади.

«Билмадим, одамлар айтадиган нарсани айтар эдим», дейди. Бас унга:

«Билмадинг ҳам, (билганларга) эргашмадинг ҳам», дейилади ва темирдан бўлган гурзи билан бир урилади. Шунда шундай қичқирадики, инсу жиндан бошқа ҳамма эшитади», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисда Аҳли сунна ва жамоа ақийдаси бўйича Қуръон ва Суннат билан собит бўлган ақийдавий масала – қабр саволи ва азоби ҳақ экани ва унинг қай йўсинда бўлиши ҳақида сўз бормоқда.

Бу ҳадисни диққат билан ўрганишимиз ва ундаги ҳар бир масалани ақийда маъносида сингдириб олишимиз ва ҳар лаҳзада ундаги ҳолатни эслаб туришимиз керак.

Худди ушбу биз ўрганаётган ҳадиси шарифда айнан қабрда нималар кечиши ҳақида сўз бормоқда. Келинг, уларни бир-бир ўрганиб чиқайлик:

1. Қабрдаги янги кўмилган киши ўзини кўмиб кетаётган кишиларнинг оёқ товушларини эшитиши. Бу ҳақиқат ҳозирги замон илми орқали ҳам тасдиқланади.

2. Қабр саволи кўмиб қайтаётган кишилар қабрдан узоқлашмай турибоқ бошланиши.

3. Қабр саволи икки фаришта томонидан олиб борилиши.

4. Қабрдаги кишини ўтирғизиб олиб, сўроқ қилиниши.

5. Бериладиган саволлардан бири Пайғамбар Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида бўлиши.

6. Бу дунёда мўмин-мусулмон бўлиб, иймони ва амали жойида бўлган киши қабр саволи вақтида ҳушёр бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларидаги саволга дадил ва аниқ жавоб бериши.

7. Мўмин-мусулмон кишининг дадил ва аниқ жавобидан кейин ҳалиги икки фаришта унга агар мўмин-мусулмон бўлмаганида, дўзахдаги жойи қайси бўлишини кўрсатиши. Сўнгра мўмин-мусулмонлиги туфайли унга жаннатдан бериладиган жойни кўрсатишлари. Аллоҳ барчамизни ана ўшандоқ бахтли кишилардан қилсин.

8. Кофир ва мунофиқлар ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўроқ қилиниши. «У дунёда бу одам ҳақида нима дер эдинг?» деб сўралиши.

9. Кофир: «Билмасам», деб жавоб бериши. Тилида, мусулмонман, деб юрган одам эса «Одамлар нима деса, ўшани айтар эдим», дейиши. Демак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида одамлар нима деса, ўшани айтиб юриш кифоя қилмас экан. Кишининг қалбида у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида мустаҳкам эътиқод бўлиш, зоти шарифларини аниқ билиши керак экан.

10. Саволга жавоб бера олмаганидан кейин, кофир ва мунофиққа қаттиқ сўз айтилиб, бошига темир гурзи билан уриб, азоб бериш бошланиши. «Азоби қабр» дегани шу бўлади. Қабр азобининг баёнотлари келгуси ҳадисларда ҳам келади.

11. Қабрида темир гурзидан калтак еган кофир ва мунофиқнинг дод-войини одамлар ва жинлардан бошқа ҳамма мавжудот эшитиши.

Ушбу нарсаларга тўлиқ иймон келтириш ва ҳаётда ҳали имкон борида қабрга кирганда яхши ҳолда бўлишга лойиқ ишларни қилишга ўтиш керак.

«Сунний ақийдалар» китобидан тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аслам алҲабаший қора қул бўлиб, бир яҳудийнинг қўйларини боқиб юрадиган чўпон эди. Ибн Исҳоқдан ривоят қилинишича, бир куни ўша қул Хайбардаги бир қўрғонда давоми...

2775 09:00 / 27.04.2021
Абу Яҳё Зуҳрийдан ривоят қилинади .Абдуллоҳ ибн Абдулазиз Умарий ўлими яқинлашган вақтда шундай деди .Роббимнинг неъматларини айтиб берай тонг отган ҳар бир кун давоми...

1517 08:00 / 21.05.2020
Аллоҳ таоло Ҳудrdquo сурасида.Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. давоми...

2978 17:05 / 07.11.2018
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтадилар Қуръон ўқий оладиган киши баъзи вақтларда ўқишни ташлаб қўйиши дуруст эмас. Қанча кўп ўқиса, афзалдир.Набий давоми...

2284 17:00 / 29.11.2020