1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дуо қабул бўлмаса ранжимаслик керак

19:10 / 25.02.2019 5766 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одам ҳаёти давомида бўлиб ўтган воқеаларга назар солса, унда ўзига яраша кўплаб мўъжиза ва ҳикматларни кўриши мумкин. Бир қанча кимсалар дунёдаги воқеаларни тасодиф деб қабул қилишади. Шу сабабли улар воқеалардаги мўъжиза ва ҳикматларни кўра олмайдилар. Аллоҳнинг сифатларини билмаган одам У Зотнинг дуою илтижоларни эшитувчи, уларни қабул қилувчи эканлигини билмайди. Дуо қилса ҳам уларни қабул бўлишига шубҳа билан қарайди. Мўмин киши дуо қилган вақт Аллоҳ уни эшитиб турганини, дуоларини ҳам Ўзи истаган вақт қабул қилишини, воқеа-ҳодисалар тасодифан эмас, Аллоҳнинг белгилаган тақдири асосида юз бераётганини билади. Шу сабабли дуолари қабул бўлмаса тушкунликка тушмайди. Аллоҳ таолонинг бандаларига берган қуйидаги хушхабари уларни бу ибодатда бардавом бўлишга чорлайди:

«Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда, ижобат қилурман. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки, тўғри йўлни топсалар» (Бақара сураси, 186-оят).

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Агар Аллоҳ одамларни қилган зулмларига биноан тутганида, ер юзида битта ҳам жонзотни қолдирмас эди. Лекин уларни белгиланган муддатгача ортга сурур. Бас, қачонки муддатлари келса, уни бирор соат орқага ҳам, олдинга ҳам сура олмаслар».

«Улар Аллоҳга ўзлари ёқтирмаган нарсани мансуб қилурлар. Тиллари эса ёлғонни – уларга яхшилик бўлишини васф қилур. Ҳеч шубҳасиз, уларга албатта олов бўлур ва албатта, улар унутилганлардир» (Намл сураси, 61–62-оятлар).

Шу сабабли мўмин киши қилган дуоси, албатта қабул бўлишини билади. Дуо қилувчи одам эгалик қилиши керак бўлган икки туйғу бор, бу Аллоҳга самимият билан юзланиш ва У Зотнинг дуоларни қабул қилувчи, эшитувчи эканлигига қалбан ишониш. Аллоҳга ишонч ва самимият билан юзланган одам албатта, дуолари натижасини кўради. Инсонни бир томчи сувдан яратган, оламни йўқдан бор қилган Зотга бандасининг дуосини қабул қилиш қийин эмас. Фақат Аллоҳ бандасининг дуосини Ўзи истаган вақт қабул қилади. Банда фақат сабр қилиши ва дуосининг қабулига ишониши зарур.

Дуо хусусида энг нотўғри тушунча дуолари қабул бўлмаслигидан қўрқиш ва уни ташлаб қўйиш. Албатта, ожиз, гуноҳкор бандамиз. Лекин гуноҳларимиз бизни дуо қилишдан тўсиб қўймаслиги лозим. Гуноҳларимиз қанчалик кўп бўлмасин, Аллоҳнинг марҳамати, лутфи бизнинг гуноҳларимиздан кенглигини унутмаслик керак.

Унутмаслик керакки, дуонинг ижобати, айнан дуода истагандек юзага чиқишида акс этмайди. Чунки аввал ҳам айтиб ўтганимиздек одам ўз зарарига дуо қилаётган бўлиши мумкин.

Қуйидаги оят эса бунга мисол бўла олади:

«Инсон яхшиликка дуо қилганидек, ёмонликка ҳам дуо қилур. Инсон шошқалоқ бўлгандир» (Исро сураси, 11-оят).

Дуонинг қабули кечиккан ёки умуман бошқа тарзда қабул қилинган бўлса ҳам хафа бўлмаслик керак. Чунки Аллоҳ бандаси учун нима яхшию нима ёмонлигини энг яхши билгувчи Зотдир. Баъзан Аллоҳ маълум ҳикматлар асосида дуонинг қабулини кечиктириши ёки умуман уни қабул қилмаслиги мумкин. Шу ва шунга ўхшаш сабаблар ҳам одамни дуодан тўсмаслиги лозим.

«Қуръони каримга кўра дуо» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
23. Ифторлик бериш фазилати. Бу ҳам Рамазонга хос амаллардан саналади.Ибн Можа Зайд бин Холид розияллоҳу анҳудан ривоят қилади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

1148 19:00 / 02.05.2020
Иброҳим ибн Абдурраҳмондан ривоят қилинади .Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу урушда оғир ярадор бўлиб, ҳушидан кетди. Атрофдагилар уни жон таслим қилди деб давоми...

1569 08:05 / 31.10.2019
Ҳожига арафа кунидан зулҳижжанинг ўн учинчи кунигача умра қилиш жоиз эмас. Шунинг учун ҳожи қурбонлик куни ҳаж амалларининг барчасини адо қилиб эҳромдан чиққач, давоми...

973 10:51 / 06.07.2022
Бир киши дўстидан .Уйингдан ишхонанггача бўлган йўл қанча вақт олади, деб сўраганида, у киши .Тиқилинч пайти 800 та Субҳаналлоҳни айтиш миқдорича, кундалик, тиқилинч давоми...

2766 11:00 / 13.06.2022