1445 йил 5 зулқаъда | 2024 йил 13 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тасвирда ҳикматлар

Йўл одоблари

14:00 / 25.02.2019 3818 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Йўл кўпчиликка хизмат қиладиган тармоқлардан биридир. Ундан барча баробар фойдаланади. Йўлда инсон ҳам, ҳайвон ҳам, турли нақлиёт воситалари ҳам юради. Шунинг учун ҳам йўл алоҳида эътиборга сазовор тармоқ ҳисобланади. Демак, бу тармоққа оид қоида ва одобларни ўрганиб, уларга амал қилиш юксак маданият, катта одоб ҳисобланади.

Хусусан, йўлга уни ифлос қилувчи чиқиндилар, пўчоқлар, папирос қолдиқлари, турли қоғозлар ва шуларга ўхшаш нарсаларни ташламаслик юксак одоб белгиси саналади.

Бир сўз билан айтганда, йўлни ифлос қилмаслик даркор. Зотан, бизнинг динимиз таълимотида поклик иймондан экани қатъий таъкидланган.

Омир ибн Саъд ибн Абу Ваққосдан, у эса отасидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Албатта, Аллоҳ хушҳолдир – хушҳолликни севади, покизадир – покизаликни севади, карамлидир – карамлиликни севади, ўта сахийдир – ўта сахийликни севади».

Термизий, Баззор ва Абу Яъло ривоят қилганлар.

Мусулмон инсон йўлга қазои ҳожат қилинишига ва бавл қилинишига мутлақо йўл қўймайди.

Чунки бундай қилиш ўта беодоблик бўлгани учун динимиз йўлларга бавл қилиш ва ҳожат ушатишдан қайтаради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икки лаънат келтирувчидан сақланинглар», дедилар. Одамлар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, икки лаънат келтирувчи нима?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамларнинг йўлига ёки соя жойига хало қилган», дедилар».

Абу Довуд ва Муслим ривоят қилганлар.

Бу ҳадиси шарифда кўпчилик фойда оладиган жойларни эҳтиром қилиш, бундай жамоатчилик жойларини озода сақлаш ҳақида сўз бормоқда.

Йўл – кўпчилик фойдаланадиган тармоқ экани олдин ҳам айтиб ўтилди. Унда кишиларга озор берадиган, кўнгилларини ғаш қиладиган нарсалар бўлмаслиги керак. Агар бирор киши йўлга қазои ҳожат қилиб қўйса, ўтган-кетган одам унга лаънат айтади. Одамлар ўтириб, дам оладиган, салқинлаб, нафасини ростлайдиган жойлар ҳам худди шундай! Бундай жойлар ҳам доимо озода сақланиши лозим, у ерларга қазои ҳожат қилиб қўйган кишини ҳам одамлар лаънатлайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу икки ишни «икки лаънат келтирувчи» деб атамоқдалар.

Йўл одобларидан бири кўзни тийишдир.

Йўловчи шариат ҳаром қилган нарсалардан кўзини тийиши лозим. Бунда аёл-қизларга, авратларга, уйларнинг дераза ва очиқ эшикларидан ичкарига ўғринча назар солиш кабилар кўзда тутилган. Аёл-қизларнинг, агар ўзларини одоб доирасидан ташқари тутсалар ҳам, йўлда ҳақлари бор. Демак, уларга назар солиш, тегажоғлик қилиш, гап отиш каби ишлар шариатда ҳаром қилингандир.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Али, назарга назарни эргаштирма. Албатта, биринчиси сен учун безарар бўлса ҳам, бошқаси ундай эмас», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Ушбу таълимотлар ҳам Ислом жамиятини пок сақлаш, йигит-қиз ва эркак-аёлларни турли ношаръий ишлардан, булардан келиб чиқадиган нохуш оқибатлардан асраш учун келгандир. Ислом шариати ҳукми бўйича, эркак кишининг аёллар йўлини тўсиши, тегажоғлик қилиши, гап отиши у ёқда турсин, пинҳона назар солиши ҳам ҳаром ҳисобланади. Бу катта хиёнат ва ўта одобсизликдир.

Агар бир киши уйланмоқчи бўлса, шариат кўрсатмаси бўйича назар солсин. Бу гуноҳ ҳам бўлмайди, биров маломат ҳам қилмайди. Ўз хотинига хоҳлаганича назар солсин, ундан лаззат олсин, савоб бўлади. Аммо бировнинг хотинига ёки бировга хотин бўладиган одамга шаҳват назари билан қарамасин. Акс ҳолда зино содир бўлмаган чоғда ҳам, кўз зиноси, хиёнат содир бўлади. Шунинг учун Аллоҳдан ва қиёмат кунидан умиди бор эркаклар номаҳрам назарлардан ўзларини сақлашсин, аёллар, қизлар эса ўзларини кўз-кўз қилишмасин, эркакларни жалб қилишга сабабчи бўлишмасин.

Йўл одобларининг энг муҳимларидан бири йўл қоидаларига риоя қилишдир.

Ҳар бир жамиятда кишиларнинг ўзаро муносабатларини тўғри йўлга солиш, инсонларни турли зарар ва кўнгилсизликлардан сақлаш мақсадида йўл қоидалари жорий қилинади. Ҳозирги пайтда булар халқаро қоидалар даражасига етган. Ушбу қоидаларга амал қилиш ҳамма учун зарур ва мажбурийдир. Мазкур қоидалар шариатимиз таълимотларига ҳам тўғри келади. Демак, мусулмонлар бу қоидаларга ҳаммадан кўра яхшироқ амал қилишлари керак.

Агар барчамиз ушбу йўл одобларига ва қоидаларига оғишмай амал қилсак, жуда катта ва савобли ишни амалга оширган бўламиз. Ҳаммамиз йўлларнинг моддий ва маънавий ободлиги, покизалиги, гўзаллиги учун ҳаракат қилайлик!


«Ижтимоий одоблар» китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Америка Қўшма Штатлари Виржиния Девис ва Элкинсrdquo коллежи фалсафа ва диншунослик фанлари доктори Вилям Фиппс айтади .Ғарбда Муҳаммадга алайҳиссалом муносиб ҳурмат эҳтиромни топиш жуда қийин,.

4513 10:31 / 14.10.2022
Шотланд тарихчиси, исломшунослик ва араб тилига ихтисослашган Эдинбург университети тарих фани профессори Монтгомерий Вотт шундай ёзади .Ғарбда ўтган тарихий давоми...

4741 11:35 / 16.10.2022
Кўпчилик эркаклар уй юмушларини ўзидан паст бўлган бир нарса деб билишади. Баъзи эркаклар эса агарда аёлига ёрдам берса бу уларнинг мавқеига ва обрўсига путур давоми...

1391 16:00 / 29 февраль
Бу йилги Рамазон ойида барча масжидларимизда Қуръони карим хатмоналари ўтказилмоқда. Юртимиз равнақи, элюрт тинчлиги, ризқрўзимиз мўл бўлишини сўраб, Аллоҳ давоми...

9834 17:00 / 02.06.2019