1164 12.11.2017

1. Зикр шайтонни қувади ва савалайди.

2. Зикр Аллоҳ таолони рози қилади.

3. Зикр ғам-андуҳларни кетказади.

4. Зикр шодлик ва сурурни жалб қилади.

5. Зикр қалб ва баданни қувватлантиради.

6. Зикр қалб ва юзни мунаввар қилади.

7. Зикр ризқни жалб қилади.

8. Зикр зокирга маҳобат, ҳаловат ва гўзаллик тақдим этади.

9. У Аллоҳ таолонинг муҳаббатини касб қилдиради.

10. Зикр Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилдиради. Банда қанча кўп зикр қилса, Аллоҳ таолога шунча яқин бўлади.

11. Зикр зокирга ўзини кузатиб боришни ўргатади. Бу билан у эҳсон эшигидан киради ва Аллоҳга У Зотни кўриб тургандек ибодат қилади.

12. У зокирга Аллоҳ таолога қайтишни ўргатади.

13. Зикр зокирга маърифат эшигини кенг очади.

14. Зикр туфайли зокирни Аллоҳ зикр қилади.

15. У туфайли қалб тирик бўлади.

16. У қалб ва руҳга қувват бўлади.

17. Зикр қалбнинг зангини кетказиб, уни жилолайди.

18. У хатоларни ювади.

19. У банда билан Робби орасидаги жудоликни кетказади.

20. Зикр бандани Аллоҳ таолонинг азобидан қутқаради.

21. Зикр туфайли сакийнат ва раҳмат нозил бўлади.

22. Зикр мажлислари фаришталар мажлисларидир.

23. У зокирни ҳам, унинг ҳамсуҳбатини ҳам саодатманд қилади.

24. У бандани қиёмат кунининг ҳасратидан эмин қилади.

25. Зикр туфайли Аллоҳ зокирга бошқа сўровчиларга берадиган атолардан кўра афзал атони беради.

26. Зикр энг осон, афзал ва улуғ ибодатдир.

27. Зикр жаннатнинг экинидир.

28. Зикр учун ваъда қилинган ато ва фазллар бошқа амалларга ваъда қилинмаган.

29. Робб таборака ва таолони давомли равишда зикр қилиш банданинг икки дунёдаги бадбахтлигига сабаб бўладиган унутилишидан эмин қилади.

30. Зикр зокир учун бу дунёда ва қабрда нурдир.

31. У қалбни ғафлат уйқусидан ва мудроғидан уйғотади.

32. Зикр дарахти маърифат меваларини беради.

33. Зокир ўзи зикр қилган Зотга яқин бўлади. Бу яқинлик муҳаббат, нусрат, тафвиқ ва дўстлик ила бўлади.

34. Зикр қул озод қилиш ва нафақалар қилишга тенг ибодатдир.

35. У шукрнинг бошидир. Ким Аллоҳни зикр қилмаса, У Зотга шукр қилмаган бўлади.

36. Қалбда бир қасоват бўлса, уни Аллоҳ таолонинг зикридан бошқа нарса кетказа олмайди.

37. Зикр неъматларни жалб қилади ва бало-офатларни даф қилади.

38. У зокирга Аллоҳ таолонинг ва фаришталарнинг саловотини жалб қилади.

39. Аллоҳ зокирлар ила ўз фаришталарига мақтанади.

40. Бардавом зикр қилувчи жаннатга кулган ҳолида киради.

41. Аллоҳ таолони зикр қилиш У Зотнинг ибодатини қилишда энг катта ёрдамдир.

42. Зикр зокирда қувват ва ҳаракатчанлик пайдо бўлишига сабаб бўлади.

43. Жаннат ҳовлилари зикр ила бино қилинади. Зокир зикрдан тўхтаса, фаришталар ҳам ҳовлини бино қилишдан тўхтайдилар.

44. Фаришталар зокир учун истиғфор айтадилар.

45. Тоғу тошлар Аллоҳ таолони зикр қилувчилар билан фахрланадилар.

46. Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчи банда мунофиқликдан омон бўлади. 

47. Амаллар ичида зикрнинг ўзига хос лаззати бор. Шунинг учун ҳам зикр мажлислари жаннат боғлари деб номланади.

48. Йўлда, уйда, ҳазарда ва сафарда зикрни бардавом қилиш банданинг қиёмат кунидаги гувоҳлари кўпайишига сабаб бўлади.

49. Зикр юзга бу дунёда гўзаллик ва охиратда нур ато қилади.

50. У банданинг Робб томонидан тасдиқ қилинишига сабаб бўлади.

51. Зикрни бардавом қилиш нафл амаллар ўрнига ўтади.

52. Банда кенгчилик вақтида Аллоҳни зикр қилса, Аллоҳ уни торчилик вақтида зикр қилади.

Зикр қалбнинг шифоси ва давосидир.

 

ЗИКРНИНГ СИЙҒАЛАРИ

 

Қавл – ибора ила адо этиладиган зикрлар иккига: Қуръон ва Суннатда сийғаси – лафзлари келган ва мазкур икки манбада сийғаси келмаган зикрларга тақсимланади.

Аввало, Қуръони Каримнинг ўзи бутунлигича зикрдир. Унинг исталган бир оятини ўқиган одам кўплаб савобларга эришади. Қолаверса, Қуръони Каримнинг ўзида баъзи муносабатларга боғланган зикрлар ҳам бор.

Мисол учун, Қуръони Каримнинг тиловатини бошлайдиган кишига истиъоза айтиш амр қилинган.

Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида:

«Қачон Қуръон ўқисанг, Аллоҳдан қувилган шайтондан паноҳ сўрагин»деган (98-оят).

Яъни «Аввал «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм»ни айтиб туриб, кейин Қуръон қироатини бошлагин». «Аъузу биллаҳи»ни айтиш тилни Қуръони Карим тиловати учун поклайди. Кишини Аллоҳнинг Китоби – Қуръони Каримни ўқишга тайёрлайди. Шайтоннинг васвасасидан сақлайди. Бутун вужуди ва шуурини Аллоҳ томон буради. Уламоларимиз «Қуръон ўқишни бошламоқчи бўлган ҳар бир инсонга «Аъузу биллаҳи»ни айтиш вожиб», деган ҳукмни ушбу ояти каримадан чиқарганлар. Бу Аллоҳнинг амридир. Аллоҳнинг амри эса ҳар бир мўминга вожибдир. Уни қилмаган одам гуноҳкор бўлади.

Суннатдаги зикрлар қачон ва қаерда бўлса ҳам айтилаверадиган ҳамда бирор муносабат ёки ҳодисага боғланган бўлади.

Қуръони Карим ва Суннатдаги зикрлар жуда кўп бўлиб, баъзи уламолар уларга алоҳида китобларни ҳам бағишлаганлар. Мисол тариқасида имом Нававийнинг «ал-Азкор» ва Сиддиқ Ҳасанхоннинг «Нузулул Аброр» китобларини эслаб ўтишимиз мумкин.

Нафл зикрларнинг афзали Қуръони Карим қироатидир. У ўзида барча зикрларни жамлагандир. Албатта, Аллоҳ каломининг бошқа каломлар устидан фазли Аллоҳ таолонинг ўз бандалари устидан бўлган фазли кабидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони Каримни энг улуғ ибодат – намозда қироат қилишни фарз қилган.

Кўплаб ҳадиси шарифларнинг иттифоқ қилишича, Қуръони Каримдан кейинги энг афзал зикр – тўрт калима: «Субҳаналлоҳи, вал ҳамду лиллаҳи, ва лаа илааҳа иллаллоҳу, валлоҳу акбар»дир.

Шунинг учун зокирликни истаган одам аввал Қуръони Каримнинг қироатини маромига етказади. Кейин вақти ва имкони бўлса, тўрт калимани ва улардан сўнг бошқа зикрларни ўрнига қўяди.

 

Қуръони Карим ва Суннатда келмаган зикрлар

Умумий тарздаги зикрда кишилар тарафидан айтилган, Аллоҳ таолога мақтов маъносини билдирган, нуқсон маъносини ичига олмаган зикрни қилиш жоиз. Бу жумлага саҳобаи киромларнинг ўзлари қилган дуолар ҳам киради.

Албатта, ривоятларда келган зикрларни қилиш одамлар ихтиро қилган зикрни қилишдан афзал бўлади.

Бу ҳақда имом Нававий қуйидагиларни айтади:

«Яхшилик ва фазл Китоб ва Суннатдаги асарларга эргашишдир. Бу иккисида барча вақтларга кифоя қиладиган нарса бордир. Бизнинг асҳобларимиз шунга юрганлар. Машойихларнинг вирдлари ва ҳизблари ила машғул бўлишнинг ҳечқиси йўқ, улар ҳам бўлаверади».

Машҳур ҳанафий фақиҳ Ибн Обидийн раҳматуллоҳи алайҳи:

«Намозда ёдланган дуони қилиш лозим. Аммо бошқа вақтларда эсга тушган нарса ила дуо қилса бўлаверади», деган.

 

Муайян муносабатларда ўзича дуо қилиш

Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, аслида муайян муносабатларда Қуръони Карим ва Суннатда келган зикрларни қилиш афзал. «Ўзича зикр қилишнинг ҳукми нима?» деган саволга эса иккига бўлиб жавоб берилади.

1. Агар зикр ибодатнинг рукни ёки вожиби бўлса, унинг ўрнига бошқа лафзни келтириш мутлақо мумкин эмас. Мисол учун, азоннинг ёки намознинг зикрларини ўзгартириб бўлмайди. Азоннинг лафзлари, намозда ўқиладиган сура ва такбиру тасбеҳларни ўзгартириш мумкин эмас.

2. Зикр мустаҳаб бўлса, уни ўзгартириш мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида бир оз тафсилот бор.

Ривоятда келган зикрни қилиш афзал. Аммо ундан бошқа лойиқ зикрни айтиш ҳам жоиз.

Бунга мисол тавоф вақтидаги зикрдир. Ривоят қилинган зикрни айтса, яхши. Аммо ундан бошқасини айтиш ҳам жоиз. Ундан қироат қилиш афзал.

Демак, тавофдаги зикрнинг афзали ривоятда келган зикр, кейин Қуръони Карим қироати ва охири ривоят қилинмаган бўлса ҳам, шу мақомга лойиқ бўлган бошқа зикрлардир.

Агар бирор муносабат билан қилинадиган зикр ривоятларда келмаган бўлса ҳам, шу муносабатга лойиқ зикрларни қилиши жоиздир. Бунга ийд билан табриклаш мисол бўлади.

«Дуррул Мухтор» китобининг соҳиби бу ҳақда «Ийд билан «Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам қабул қилсин», деб табриклаш мункар эмас», деган.

Мазкур китобнинг шарҳчиси Ибн Обидийн раҳматуллоҳи алайҳи «Бунинг айтилишининг сабаби Абу Ҳанифа ва унинг асҳобларидан бирор нарса ривоят қилинмаганидир», деган.

 

Зикрга бирон нарса зиёда қилиш мумкинми?

Бу масалани қисқача қилиб айтадиган бўлсак, мустаҳаб бўлган зикрга бирон муносиб нарсани зиёда қилса бўлади. Баъзи саҳобаларнинг шундай қилганлари ривоят қилинган.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)