1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳнинг меҳри ҳам, қаҳри ҳам мўмин учун яхшиликдир (1-қисм)

18:28 / 08.04.2018 3271 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қачон У Зот сенга ато берса, сени яхшилигига шоҳид қилади. Қачон сени ман қилса, сени қаҳрига шоҳид қилади. Барчасида ҳам сенга Ўзини яхшилаб танитувчидир ва сенга лутфи ила юзланувчидир.

 Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳикматда икки ҳолат – Аллоҳ таолонинг бандага атоси ва ман қилиши ҳақида сўз юритмоқда. Банда бу дунё ҳаётида албатта мазкур икки ҳолатдан бирида бўлади. Гоҳида бирданига иккисида бўлиб қолиши ҳам бор.

– «Ато» Аллоҳ таоло томонидан соғлик, мол, маскан, хотиржамликка ўхшаш зоҳирий неъматларнинг бандага берилишидир.

– «Ман» эса беморлик, камбағаллик, йўқсиллик, иши юришмай қолиши, хотиржамликнинг йўқолиши каби банда дучор бўлиб турадиган мусибат ва синовлар.

Қачон Аллоҳ таоло бандага соғлик, мол, маскан, хотиржамликка ўхшаш зоҳирий неъматларни берса, уни Ўзининг яхшиликка оид сахийлик, лутф ва карам каби баркамол сифатларига шоҳид қилади. Қачон Аллоҳ таоло бандани беморлик, камбағаллик, йўқсиллик, иши юришмай қолиши, хотиржамликнинг йўқолиши кабиларга дучор қилиб, ман қилса, уни Ўзининг қаҳрига оид кибриё, иззат ва қувват каби баркамол сифатларига шоҳид қилади. Барчасида – ато берганда ҳам, ман қилганда ҳам Аллоҳ таоло бандага Ўзини яхшилаб танитувчидир ва унга лутфи ила юзланувчидир.

Юқорида айтиб ўтилган ушбу маънолардан кейин ўз-ўзидан «Қандай қилиб Аллоҳ таоло томонидан сахийлик, лутфу карам ҳамда қаҳру кибриё кўрсатиш биргаликда бандага Ўзини яхшилаб танитиш ва унга лутфи ила юзланиш бўлади?» деган савол пайдо бўлиши турган гап. Бир-бирига зид бўлган ато бериш ва ман қилиш, аввал келган баст – кенг қилиш ва қабз – сиқиб қўйиш ҳолатларининг натижаси қандай қилиб бир хил – лутфу карам кўрсатиш бўлиши мумкин?

Ушбу саволнинг жавоби барчамизга аён бўлиши учун аввало икки ҳақиқатни англаб етишимиз лозим бўлади.

Биринчи ҳақиқат: мўмин бўлсин, кофир бўлсин, истайдими, истамайдими, барибир Аллоҳ таолонинг бандасидир. Шундай бўлганидан кейин банда ўз ихтиёри билан бандалигини қилгани унинг ўзи учун яхши бўлади. Ана ўшанда унинг асл мажбурияти билан воқеликдаги тасарруфоти мувофиқлашган бўлади. Ушбу мувофиқлик эса унинг ҳаёти тугал саодатли бўлишини таъминлайди, аммо мазкур мувофиқлик йўқолса, эртами-кечми, банда бахтсизликка дучор бўлиши турган гап.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг бандани Ўз динига ҳидоят қилиб қўйиши, бандалигини адо этиш учун шароит яратиб бериши улкан лутфу карам, ато беришу кенглик яратиш ҳисобланади. Банданинг Аллоҳ таолога бандалигини ўрнига қўйиши эса ато ва кенглик пайтида шукр қилиш ҳамда ман қилиш ва торлик пайтида сабр қилиш билан юзага чиқади. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва мукаммал, қиёматгача боқий қолувчи ҳамда барча замонлар ва маконларда инсониятга икки дунё саодати кафолатини берувчи дини бўлмиш Исломда бандаларга жорий қилган барча амрлари ва ибодатларида айнан шукр ва сабр маъноси ўз ифодасини топгандир. 

Банданинг бу дунёдаги ҳаёти давомида дуч келадиган ҳолатларнинг барчасида ё шукрнинг, ё сабрнинг сабаблари мавжуддир. Аллоҳ таоло бандага лутфу карам кўрсатиб, ато берса, кенглик яратса, банда шукр қилмоғи керак бўлади. Аллоҳ таоло синов учун бандани ман қилса, унга торликни раво кўрса, банда сабр қилмоғи лозим бўлади. 

Аллоҳ таоло Анбиё сурасида марҳамат қилади: 

 «Сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз ҳамда Бизгагина қайтарилурсиз» (35-оят).

Аллоҳ таоло бандаларини гоҳида ёмонлик, гоҳида яхшилик билан синайди. Ёмонлик етганда, банданинг қийинчиликка чидаши, ўша оғирликка сабр этиши, Аллоҳга бўлган ишончи ва Унинг раҳматидан умидворлиги қандай экани маълум бўлади. Бу синовларга кўпчилик чидайди, ундан муваффақиятли ўтиш ҳам мумкин. Аммо яхшилик билан синаш жуда қийин синовдир. Бу синовдан ўтиш душвордир. Кўплар камбағаллик ва йўқчиликка чидайди. Аммо бойлик ва сероблик келса, ўзидан кетади. Қўлига бойлик тушса, ҳовлиқиб, ҳаром-хариш ишлар қилишга ўтади. Шунингдек, заифлик ва жабр-зулмларга чидайдиганлар кўп. Аммо куч-қувват ва соғломлик синовидан ўта олмайдиган, ўша неъматларни нотўғри йўлда сарфлайдиган одамлар ундан ҳам кўп. Бошқа нарсаларни ҳам шунга қиёс қилаверишимиз мумкин. Ҳаёт тажрибаси шуни кўрсатади. Исломий таълимотлар эса ёмонлик ва яхшилик синовидан саломат ўтишга тарғиб қилади. Ёмонлик етганда, сабр қилишга, яхшилик етганда, шукр этишга чақиради.

Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳи «Саҳиҳ» китобларида ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминнинг иши ажибдир. Унинг ҳамма ишида яхшилик бор. Бу нарса мўминдан бошқа ҳеч кимда йўқдир. Агар унга яхшилик етса, шукр қилади. Бу унинг учун яхшилик бўлади. Агар унга ёмонлик етса, сабр қилади. Бу ҳам унга яхшилик бўлади», деганлар.

«...ҳамда Бизгагина қайтарилурсиз».

«Ҳеч ким Биздан ўзгага қайтарилмайди. Ўшанда Биз сизларга синов-имтиҳон натижасининг хабарини берамиз».

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламолари таърифида .Аллоҳ таоло одамлар ва ҳайвонлардан иборат Ўз махлуқотларига берган ва улар манфаат олган дунёвий ва ухровий давоми...

5224 15:43 / 13.09.2017
Инсон борки, ёлғизликка тоқат қила олмайди. У ўзининг мулоқот қилиш учун яралганини англагани сабабли ҳам яқинлари билан мулоқотдан хотиржамликка эришади. Араб давоми...

4523 21:23 / 18.04.2018
8. Беҳаёни ғийбат қилиш. Беҳаё, яъни ҳар қандай гуноҳни уялмасдан қилаверадиган, қаттиқ гапириб танбеҳ берган кишининг сўзидан ҳам таъсирланмайдиган шарму ҳаёсиз, давоми...

4743 11:37 / 02.03.2018
Бешинчи фoйдa ҳaрoмдaн сaқлaниш.Ғийбaтнинг ҳaрoмлиги oят вa ҳaдислар иттифоқи билaн собит бўлгaн. Пaйғaмбaримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мўминнинг қони мўмингa ҳаром. давоми...

2920 15:41 / 05.05.2018