1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ёлғон – гуноҳи кабирадир

19:11 / 11.07.2017 7149 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Гуноҳи кабира катта гуноҳ деган маънони англатади. Гуноҳи кабира – уни қилган одамга Қуръон ёки ҳадисда дўзахга кириш тайин қилинган гуноҳлар, шариатда ҳаддни жорий этишни тақозо қиладиган гуноҳлар, Аллоҳ таоло ман қилган ҳар бир иш. Аллоҳга ширк келтириш, одам ўлдириш, ота-онага оқ бўлиш, зино, ўғрилик, ароқхўрлик, ёлғон гапириш кабилар гуноҳи кабиралардир.

Абдурраҳмон ибн Абу Бакрадан, у отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта:

«Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг катталарини айтайми?»  дедилар.

«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди.

«Аллоҳга ширк келтириш. Ота-онага оқ бўлиш», дедилар. Сўнг ёнбошлаб ётган эдилар, ўтириб олдилар ва: «Огоҳ бўлинглар, ва ёлғон гап!» дедилар.

Бу гапни қайта-қайта такрорлайвердилар, ҳатто «Сукут қилсайдилар», дедим».

Бухорий ривоят қилган.

Демак, киши Аллоҳга ширк келтиришдан қанчалик қўрқса, ота-онага оқ бўлишдан ҳам шунчалик қўрқиши ва ёлғон гап, тўқима бўҳтонлардан ҳам шунчалик даражада эҳтиёт бўлиши лозим экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисда энг катта гуноҳлар ҳақида хабар бермоқдалар. Ана шу учта катта гуноҳнинг бири ёлғон гап экан.

Имрон ибн Ҳусойндан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Зино, ароқхўрлик, ўғрилик ҳақида нима дейсизлар?» дедилар.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчи», дедик.

«Булар фаҳш ишлардир. Уларнинг уқубати бор. Сизларга гуноҳи кабираларнинг каттасини айтиб берайми? Аллоҳга ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлиш, – дедилар-да, ёнбошлаб ётган эдилар, ўринларидан туриб ўтирдилар ва: – Ёлғон гап айтиш», дедилар».

Бу ерда Аллоҳга ширк келтиришдек ҳеч кечириб бўлмас бир гуноҳи азимдан кейинги ўринда ота-онага оқ бўлиш ҳам гуноҳи кабира экани таъкидлаб келтирилган. Бу икки гуноҳни баён қилаётганларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам  ёнбошлаб ётган бўлганлар. Учинчи гуноҳ – ёлғонни айтишдан олдин ўринларидан туриб ўтирдилар ва: «Ёлғон гап айтиш», дедилар. Бу эса ёлғон ўзидан аввалги икки гуноҳи кабирадан ҳам каттароқ эканини кўрсатади.

Ҳар бир мўмин-мусулмон учун Аллоҳ таолога ширк келтириш қанчалик қўрқинчли иш бўлса, ота-онага оқ бўлиш қанчалик қўрқинчли иш бўлса, ёлғон гапириш ҳам худди шундай қўрқадиган иш бўлиши керак экан.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Зино, ароқхўрлик ва ўғрилик фаҳш ишлардан бўлиб, уларнинг уқубати борлиги.

2. Аллоҳ таолога ширк келтириш катта гуноҳларнинг каттаси экани.

3. Ота-онага оқ бўлиш катта гуноҳларнинг каттаси экани.

4. Ёлғон гап айтиш катта гуноҳларнинг каттаси экани.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ёлғон китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ғийбат ndash ҳаромлиги қатъий ояту ҳадислар ҳамда ижмо билан собит бўлган амалдир. Ғийбатнинг ҳаромлигини инкор қилган, яъни уни ҳалол санаган киши кофир бўлади ва давоми...

3422 15:36 / 08.03.2018
Муайян вақтда Аллоҳ зоҳир қилган нарсадан бошқани пайдо қилишни ирода қилган кимса жоҳилликдан ҳеч нарсани тарк қилмаган бўлади.ndash Жоҳиллик илмнинг тескариси, давоми...

3310 17:49 / 25.03.2018
Аллоҳ таоло.Осмонлардаги ва ердаги нарсалар Аллоҳни поклаб ёд этди. У Азийз ва Ҳакиймдир,, деган .Ҳадид, сураси, 1оят.Тасбеҳ айтиш улуғлаш, поклаш, нуқсонсиз деб ёд давоми...

5125 20:25 / 10.05.2018
Албатта, У Зот сенга воридни у ила Ўзига етишишинг учунгина етказди.ndash Ворид ndash қалбга етган илоҳий туртки бўлиб, у қалбни одатдаги ҳолидан қўзғатади ва роббоний давоми...

3413 22:00 / 20.05.2017