1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Тасбеҳ, ҳамд, такбир ва таҳлилнинг фазли (1-қисм)

20:25 / 10.05.2018 5119 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло:

«Осмонлардаги ва ердаги нарсалар Аллоҳни поклаб ёд этди. У Азийз ва Ҳакиймдир», деган («Ҳадид» сураси, 1-оят).

Тасбеҳ айтиш улуғлаш, поклаш, нуқсонсиз деб ёд этиш каби маъноларни ўзида мужассамлаштирган.

Аслида, тасбеҳ айтиш «Субҳаналлоҳ» калимасини такрорлаш билан бўлади. Борлиқдаги ҳамма нарса ўзига хос йўл билан Аллоҳга тасбеҳ айтади. Биз фақат инсоннинг тасбеҳини англаймиз, бошқаларнинг тасбеҳини англамаймиз. Бу ҳақиқат «Исро» сурасида зикр қилинган.

Бошқа сураларда ҳам шунга ўхшаш хабарлар бор.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Янги Пайғамбар бўлган пайтимда Маккада бир тош менга салом берар эди. Ҳозир ҳам уни танийман», деганлар.

Имом Термизий қилган ривоятда ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Макканинг четига чиқдик, кўринган ҳар бир тош, ҳар бир тоғ у кишига «Ассалому алайка, яа Расулуллоҳ» дер эди», деб айтганлар.

Имом Бухорийнинг ривоятларида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир тўнканинг устида хутба айтар эдилар. У зотга минбар қилиб берилгач, унга чиқиб хутба айтаётганларида, тўнка туянинг овозига ўхшаш овоз чиқариб, йиғлади. Расулуллоҳ тушиб, уни ушлаган эдилар, жим бўлиб қолди», деганлар.

Оятнинг сўнгида Аллоҳнинг сифатларидан иккитаси зикр қилинади.

Биринчиси – «Азийз».

Азизлик бир сифат бўлиб, ўз эгасини мағлуб бўлишдан сақлайди. Аллоҳнинг бу сифати «Аллоҳ кучли ва доимо ғолибдир» деган маънони англатади.

Иккинчиси – «Ҳакийм».

Ҳакиймлик сифати эса илм ва ақл билан тўғриликни топиш маъносини билдиради. Аллоҳнинг ҳакиймлиги ҳар бир нарсани бенуқсон, ҳикмат билан қилишидадир.

Аллоҳ таоло яна:

«Унинг ҳамди ила тасбиҳ ‎‎айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбиҳини англамайсизлар. Албатта, У – ‎‎Ҳалиймдир, Ғафурдир», деган («Исро» сураси, 44-оят).

Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, араб тилида тасбеҳ айтиш «Аллоҳни поклаб ёд этиш» маъносини англатади. Ушбу ояти карима бутун борлиқ, барча мавжудот Аллоҳ таолони айбу нуқсондан поклаб тасбеҳ айтишини таъкидламоқда.

«Унга етти осмону ер ва улардаги кимсалар тасбиҳ айтур». 

Ушбу оятнинг аввалида айтилишича, Аллоҳ таолога етти осмон ҳам тасбеҳ айтади. Ер ҳам тасбеҳ айтади. Ўша етти осмону ердаги кимсалар ҳам тасбеҳ айтади, Уни поклаб ёд этади.

«Унинг ҳамди ила тасбиҳ ‎‎айтмаган ҳеч бир нарса йўқ».

Борлиқдаги ҳамма нарса ўзига хос услуб ва ўз тили ила Аллоҳга ҳамду сано ва тасбеҳ айтади.

«Лекин уларнинг тасбиҳини англамайсизлар».

Эй инсонлар, сизлар ғафлатда бўлганингиз учун, эътиборсиз бўлганингиз учун борлиқдаги мавжудотларнинг Аллоҳ таолога ҳамду сано ва тасбеҳ айтишларини англамайсизлар.

«Албатта, У – ‎‎Ҳалиймдир, Ғафурдир».

У ҳалиймлигидан, бутун мавжудот Уни поклаб ёд этиб турган бир пайтда ожиз инсон ширк келтирса ҳам, уни дарҳол азобламайди, қўйиб қўяди. Сермағфиратлигидан, шунча беодоблик ва гуноҳ қилса ҳам, тавба этган бандаларини мағфират қилаверади.

Аллоҳ таоло «Раъд» сурасида:

«Ва момақалдироқ Унинг ҳамди ила тасбиҳ айтадир ва фаришталар ҳам Ундан қўрққанларидан (ҳамду тасбиҳ ‎айтурлар)‎» деган (13-оят).

Ва момақалдироқ Унинг ҳамди ила тасбиҳ айтадир ва фаришталар ҳам Ундан ‎қўрққанларидан (ҳамду тасбиҳ айтурлар). У яшинларни юбориб, улар билан Ўзи ‎хоҳлаган кишиларни, улар Аллоҳ ҳақида тортишиб турганларида, урадир. У ушлаши ‎қаттиқ Зотдир.‎

Яъни момақалдироқ Аллоҳнинг амри билан У Зотга ҳамд, яъни мақтов ва тасбеҳ, яъни поклов сўзларини айтади. Инсон момақалдироқнинг овозидан даҳшатга тушади, бу кучли овоз унга жуда қўрқинчли бир қувват бўлиб туюлади. Аслида эса момақалдироқ ўзининг Холиқига – Аллоҳ таолога ҳамд ва тасбеҳ айтаётган бўлади. Ана шундай нарса ҳам Аллоҳга ҳамду сано ва тасбеҳ айтганда, нима учун ожиз инсон айтмайди?!

«…ва фаришталар ҳам Ундан қўрққанларидан (ҳамду ‎тасбиҳ ‎айтурлар)».

Фаришталар Аллоҳга энг яқин – муқарраб зотлардир. Улар фақат Аллоҳга ибодат қиладилар. Фаришталарда гуноҳ-маъсият қилиш қобилияти йўқ. Шундай бўлса ҳам, улар Аллоҳдан қўрқиб, У Зотга доимий равишда ҳамду тасбеҳ айтадилар. Шундай экан, нима учун исёнкор, гуноҳкор инсон Аллоҳдан қўрқмайди?! Нима учун қўрқиб, Уни поклаб, ёдга олмайди?! Инсон эҳтиёт бўлиши, Аллоҳдан қўрқиши лозим. Акс ҳолда, ўзига қийин бўлади.

Аллоҳ таоло «Тоҳа» сурасида:

«Қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин Роббингни ҳамд ила поклаб эт. Кечанинг бир қисмида ва кундузнинг атрофида ҳам поклаб ёд эт. Шоядки, рози бўлсанг», деган (130-оят).

Доимо Роббингга тасбеҳу ҳамд айт. Қуёш чиқишидан олдин ҳам, қуёш ботишидан олдин ҳам Роббингга тасбеҳ ва ҳамд айт.

Уламоларимиз «Қуёш чиқишидан олдин… ‎‎Роббингни ҳамд ила поклаб эт»дан мурод «Бомдод намозини адо эт», «…ботишидан олдин ‎‎Роббингни ҳамд ила поклаб эт»дан мурод «Аср намозини адо эт», деганидир», деганлар.

«Кечанинг бир қисмида ва кундузнинг атрофида ҳам ‎‎поклаб ёд эт».

«Кечанинг бир қисмида ҳам Роббингга тасбеҳ айт, яъни Шом ва Хуфтон намозларини адо эт. Кундузнинг атрофида ҳам тасбеҳ айт, яъни Пешин намозини адо эт».

Демак, Аллоҳ таолони зикр қилиш ва У Зотга тасбеҳ айтишнинг энг олий мақомларидан бири намоз ўқиш экан.

«Шоядки рози бўлсанг».

«Албатта рози бўласан. Роббинг ҳам сендан рози бўлади».

Аллоҳ таоло «Тур» сурасида:

«Бас, Роббинг ҳукмига сабр қил. Албатта, сен риоятимиздасан, ўрнингдан турганингда Роббингни поклаб ёд эт! Ва кечаси ҳам Уни поклаб ёд эт, ва юлдузлар ботгандан кейин ҳам», деган (48-49-оятлар).

Дунёдаги ҳар бир иш Аллоҳнинг иродаси, қазои қадари билан бўлади. Мушрикларнинг, динсизларнинг қаршиликлари, туҳмат-бўҳтонларига сабр қилиш лозим, чунки булар ҳам Аллоҳнинг иродаси билан бўляпти.

Оятдаги:

«Албатта, сен риоятимиздасан» деган гап Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ ҳузуридаги мартабалари нақадар юқори эканини билдиради. Ҳеч бир инсон бу мақомга сазовор бўлган эмас. Ўзга Пайғамбарларга ҳам юқори мартабага далолат қилувчи сўзлар айтилган, лекин ҳеч бирига «Кўз ўнгимиздасан» деб айтилмаган. Шунинг учун ҳам қанча кўп тасбеҳ айтилса, шунча оз. Ўриндан турилганда ҳам...

«Ва кечаси ҳам Уни поклаб ёд эт, ва юлдузлар ботгандан кейин ҳам».

Демак, ҳар доим Аллоҳга боғлиқ бўлмоқ зарур.

Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир мажлисда ўтириб, ҳар хил гапларни гапирса, ўрнидан туришдан олдин «СубҳанакАллоҳумма! ва биҳамдика, ашҳаду аллаа илааҳа илла анта, астағфирука ва атубу илайка», деса, Аллоҳ ушбу мажлисдаги гуноҳларини кечиради», деганлар.

Аллоҳ таоло «Воқеъа» сурасида:

«Бас, буюк Роббинг исмини поклаб ёд эт!» деган (74-оят).

Шунча неъматларни ато қилган Парвардигори олам мушрик ҳамда кофирларнинг туҳматлари ва гап-сўзларидан покдир. Мазкур неъматларнинг Эгасини таниган ҳар бир инсон Улуғ Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиб, ибодат қилишга ўтади.

«Воқеъа» сурасининг охирида Аллоҳ таоло яна:

«Бас, буюк Роббинг исмини поклаб ёд эт!» деган (96-оят).

«Роббингни турли нуқсонлардан поклаб зикр қил, мақсадга етасан».

Ушбу оят тушганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ушбу оятни рукуъингизда айтинглар», деганлар.

Шунинг учун намозда рукуъга борилганда, «Субҳана Роббиял азийм» дейилади.

Бошқа бир ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким «Субҳаналлоҳил азийм ва биҳамдиҳи», деса, унинг учун жаннатда бир хурмо экилади», деганлар.

Имом Бухорий улуғ саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расули Акрам соллаллоҳи алайҳи васаллам:

«Икки сўз тилга енгил, тарозида оғир, Роҳманга суюклидир, улар: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», «Субҳаналлоҳил азийм», деганлар».

Уламоларимиздан бири шу борада ажойиб бир мулоҳаза ёзиб қолдирганлар:

«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни намознинг рукуъсида ўқишимизга буюрадилар. Ҳолбуки, бу оятга етгунча бутун бошли бир сура келтирилади. Намознинг суннат амалларидан биттаси учун битта сура тўлиқ келтирилишининг ўзидан мусулмон шахс ҳаётида ва Исломнинг боқийлигида намознинг қанчалик аҳамиятли эканини билиб олса бўлади.

Яна мулоҳаза қилиш зарурки, намоз амалларидан ҳар бири биттадан сурада келган. Намознинг қиёми бир сурада, қироати бир сурада, рукуъ ва сажда эса бир неча сурада келган.

Бу эса ҳар бир амал ўзининг мустаҳкам асосига эга бўлиши зарур эканини кўрсатади».


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ана у Бизларга Аллоҳнинг марҳамати Унинг осмонидан тўкилмоқда. Ана у Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг саховати ва ёрдами билан Унинг фазлу карами ва эҳтироми давоми...

3678 19:22 / 22.01.2018
КИЧИК ГУНОҲЛАРНИНГ КАТТАЛАШИШИОлдини олиб, тезроқ тавба қилмаса, кичик гуноҳлар катталашиб кетиши турган гап. Гуноҳи сағийраларнинг катталашувига бир қанча давоми...

3420 20:50 / 18.02.2018
Ҳикоя. Иброҳим ибн Адҳам раҳматуллоҳи алайҳ бир зиёфатга бордилар. Зиёфат аҳли кечикиб қолган бир одамни ғийбат қила бошлади. Шунда Иброҳим ибн Адҳам раҳматуллоҳи давоми...

3859 13:50 / 13.03.2018
Бешинчи фoйдa ҳaрoмдaн сaқлaниш.Ғийбaтнинг ҳaрoмлиги oят вa ҳaдислар иттифоқи билaн собит бўлгaн. Пaйғaмбaримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мўминнинг қони мўмингa ҳаром. давоми...

2916 15:41 / 05.05.2018
Аудиолар

120150 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41812 14:35 / 11.08.2021