1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Вақтики, бир кишининг масжидга қатнашга аҳд қилганини кўрсангиз

21:04 / 04.05.2017 3312 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Вақтики, бир кишининг масжидга қатнашга аҳд қилганини кўрсангиз, унинг иймони ҳақида гувоҳлик берингиз. Чунки Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар ва закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар», деган», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу муборак ҳадисларида масжидга доимий қатнашга, у ерда ибодат қилишга аҳд қилган, доимо ўз аҳдида турган одамнинг ҳам иймони комил бўлиши ҳақида хабар бермоқдалар. Масжид – Аллоҳнинг уйи. Унга доимий қатнаб, ибодат қилиш улуғ ва муборак иш. Ушбу ҳадисда масжидга бориш, қатнаш ёки шунга ўхшаш иборалар эмас, «масжидга қатнашга аҳд қилиш» ибораси ишлатилганлиги эътиборга сазовордир. Чунки масжидга турли одамлар қатнайди. Уларнинг қатнаши ҳам турлича бўлади. Кимдир риё учун қатнайди. Унинг қатнаши риёга боғлиқ бўлади. Риё ҳосил бўлмаган ондаёқ масжидга қатнашдан тўхтайди. Яна бири мунофиқлик юзасидан қатнайди. Яъни Ислом ривож топиб, мусулмонлар кўпайганда, ишлари юришиб, гаплари ўтиб турганида ўзини мусулмон қилиб кўрсатиш учун қатнайди. Ушбу омил йўқ бўлиб, мусулмонлар синовга учраган, қийинчиликда қолган куни улар ҳам масжидга қатнашни йиғиштирадилар. Учинчилари жосуслик учун қатнайдилар ва жосуслик топшириғини адо этиб бўлганларидан сўнг улар ҳам масжидга қатнашни йиғиштирадилар. 

Чин қалбдан аҳд қилган одамгина холис ибодат учун доимий равишда масжидга қатнайди. Ана ўша одамнинг иймони ҳақида шоҳидлик беришга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилмоқдалар.

Сўнгра у зоти бобарокот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳукмга Аллоҳ таолонинг Китобидан далил келтирмоқдалар. Аллоҳ таолонинг «Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар ва закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар», деган оятини тиловат қилмоқдалар.

Ушбу оятдаги Аллоҳнинг масжидларини обод қилиш деганда моддий ва маънавий обод қилиш назарда тутилган. Моддий обод қилишга масжидларни қуриш, чиройли ва озода тутиш киради. Маънавий обод қилишга эса уларда намоз ўқиш, тиловат қилиш, зикр қилиш каби маънавий ишлар киради. Демак, масжидларни маънавий обод қилишга уринган одамда Аллоҳга ва охират кунига иймон бўлиши турган гаплиги оятда ҳам келган экан. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай одамнинг иймони ҳақида гувоҳлик беришга ишорат қилмоқдалар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Масжидларга чин қалбдан қатнашга одатланиш.

2. Масжидларга қатнаётган кишилар ҳақиқий иймонли кишилар эканини билиш.

3. Айтилган фикрни тасдиқлаш учун оятдан далил келтириш.

Бу ҳадиснинг ҳикмати жуда катта. Масжидга доимий қатнашга одатланишнинг фойдалари кўп: инсон савоб олади, мусулмонлар жамоасидан хабардор бўлиб туради, иймони камолга етади. Иншааллоҳ, «Жамоат намози боби»да бу ҳақда тўхталамиз.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Шайтон бирингизга келиб .Буни ким яратди Уни ким яратди, дейди. Ҳатто .Роббингни давоми...

3668 01:51 / 08.05.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Одамларни куч билан енгадиган киши кучли эмас, балки жаҳли чиққанида давоми...

2622 07:05 / 02.12.2017
. ,. . Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ илмни одамлардан бир суғуриш ила суғуриб давоми...

2064 09:55 / 24.03.2019
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Рамазондан бошқа ойнинг рўзасини тўлиқ тутганларини кўрмадим. Шаъбонда давоми...

3522 14:00 / 23.02.2023