1219 26.03.2017

Тоатларни ортга суриш мавжудлиги сени улардан ман қилмаслиги учун, У Зот уларни тайинли вақтларга боғлаб қўйди ва сенга ихтиёр улуши қолиши учун вақтни кенгайтириб қўйди.

Аллоҳ таоло улуғ ҳикматлар асосида бандаларга тоат-ибодатни жорий этишни ирода қилди. У Зот жорий қилган барча тоат ва ибодатлар банданинг икки дунёси учун ўта манфаатлидир. Маълумки, Аллоҳ таоло бандаларига жорий қилган тоат-ибодатлар мажбурий ва ихтиёрийга тақсимланади. Мажбурий тоатлар фарз ва вожиблардан иборатдир. Ихтиёрий ибодатлар эса мандубдир, уларни нафл ибодатлар ҳам дейилади. Мажбурий ибодатлар муайян вақт билан чегаралангандир: беш вақт фарз намозларга ўхшаш. Ихтиёрий ибодатларнинг баъзиларининг вақти тайин, бошқалариники тайин эмас. Зуҳо, таҳажжуд, таҳийятул масжид каби намозларнинг вақти маълум. Нафл намоз ва рўзаларнинг вақти белгиланган эмас. Ибодатларнинг мазкур шаклда турлича бўлишида катта ҳикматлар бордир.

«Тоатларни ортга суриш мавжудлиги сени улардан ман қилмаслиги учун, У Зот уларни тайинли вақтларга боғлаб қўйди...»

Аллоҳ таоло бандаларига жорий қилган тоатлардан биринчи даражалилари, энг аҳамиятлилари фарз қилинган ибодатлардир. Беш вақт намоз, рўза, фитр садақаси, закот, фидя ва каффорот каби ўта аҳамиятли ибодатларнинг вақти белгилангандир. Нима учун бу ибодатларнинг вақти белгилаб қўйилган?

Агар мазкур ибодатларнинг вақти белгили бўлмаса, бандалар уларни ортга суришга ўтадилар. Ортга суриш туфайли бепарволик юзага келади. Бу эса ўз-ўзидан дангасаликка, у эса ибодатларни зое қилишга олиб боради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўз ҳикмати ила мазкур ибодатларнинг вақтини чегаралаб қўйган. Уларнинг вақти чиқса, қазо бўладиган қилиб қўйган. Ибодатни вақтида адо қилмаган бандаларга жазо белгилаб қўйган.

Катта рукн ибодатлардан фақат ҳаж ибодати юқорида айтилган қоидадан мустасно бўлган. Бу улкан ибодат учун бошқа фарз ибодатларга ўхшаб маълум вақт тайин қилинмаган. Чунки ҳаж ибодатининг бошқа ибодатлардан фарқли икки хусусияти мавжуддир.

Мазкур икки хусусиятдан бири ҳаж қилувчи шахсга боғлиқдир. Аллоҳ таоло ҳаж ибодатини ҳаж қилувчининг қодир бўлишига боғлиқ қилиб қўйгандир.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

«Одамлардан йўлга қодир бўлганларига Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ бурчдир» (97-оят).

Ояти каримадаги маънонинг ўзидан билиниб турибдики, ҳаж ибодати ҳаммага ҳам фарз бўлавермайди. Балки «Одамлардан йўлга қодир бўлганларига» фарз бўлади. Улар кимлар? Улар соғлиғи яхши, ҳажга бориб-келишга оиласидан оширган маблағи бор, йўлида хавф-хатар йўқ, аёл киши бўлса, маҳрами бор шахслардир. Ушбу шартларни ўзида мужассам этган ҳар бир мусулмонга умрида бир марта ҳаж қилиш фарздир.

Ушбу ҳаж қилувчи шахсга оид шартлар одамига қараб, вақтига қараб доимо ўзгариб туради. Бир йил соғлиқ яхши бўлса, бошқа йили ўзгариб қолиши мумкин. Маблағ масаласида ҳам турли ҳолатлар вужудга келиб туриши бор. Йўлнинг омон бўлиши халқаро вазиятларга боғлиқ. Аёлларга маҳрам масаласи ҳам бир хилда турмайди ва ҳоказо...

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўз ҳикмати ила бу улкан ибодатни муайян вақтга эмас, ҳаж қилувчининг имконига, қодир бўлишига боғлаб қўйган.

Ҳажнинг икки хусусиятидан бири ҳаж қилувчи шахслар жамоасига боғлиқдир. Ҳаж қилувчилар жамоаси тавофда, саъйда, Минода, Арафотда, Муздалифада жамланишлари бор. Агар «Кимга ҳаж фарз бўлса, ўша йили бормаса, гуноҳкор бўлади», дейилса, бир йилда жуда кўп одам ҳажга бориб, одам сиғмай кетиши, турли ноқулайликлар келиб чиқиши турган гап бўлиб қолади. Ҳаж фарз бўлганидан кейин истаган пайтда қилишга рухсат борлиги эса мазкур муаммони ҳал қилишга ёрдам беради. Ушбу ишда Аллоҳ таолонинг буюк ҳикмати намоён бўлгандир. У Зот давр ўтиши билан мусулмонлар сони кўпайиб боришини яхши билганидан, ҳаж ибодатини фарз бўлиши билан дарҳол адо этишни мажбурий қилмади. Ҳозир худди шу ҳикмат иш бермоқда. Агар ҳажга қодир бўлган ҳар бир мусулмон дарҳол ҳаж қилиши фарз бўлганида, ҳозирги даврда ҳожиларни сиғдириб бўлмас эди. Аллоҳ таоло бу ибодатнинг вақтини мажбурий қилмаганидан, ҳажни ташкил қилувчилар ҳар давлатдан келадиган ҳожиларнинг сонини белгилаб қўйишмоқда. Кези келганда, таъмирлаш ишлари туфайли тавоф қилиш имкони қисқарганда, ҳар давлатдан келадиган ҳожиларнинг сонини маълум фоизга қисқартириш имконига ҳам эга бўлмоқдалар. Аллоҳ таолонинг ҳеч бир ҳукми беҳикмат эмасдир!

«...ва сенга ихтиёр улуши қолиши учун вақтни кенгайтириб қўйди».

Аллоҳ таоло тоатларнинг вақтини тайин қилиш билан бирга, бандага ихтиёр фурсатини ҳам бергандир. Яъни вақти тайин қилинган ибодатларни адо қилишда ихтиёр учун ҳам имкон берган. Бандага тайин қилинган муддатни чўзиб, истаган пайтида ибодат қилишга шароит яратган. Ибодатнинг адо этиш вақтини ихтиёрга ўрин қолмайдиган даражада тор қилмаган.

Мисол учун, беш вақт намознинг вақтини олиб кўрайлик. Бомдоднинг вақти уфқда кўрина бошлаган фажрдан бошлаб, то қуёш чиққуничадир.

Пешиннинг вақти завол пайтидан бошлаб, ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлгунича. Завол пайтидаги соядан бошқа. Бир ривоятда «Бир баробар», дейилган.

Асрнинг вақти ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлганидан бошлаб, қуёш ботгунича.

Шомники қуёш ботганидан то шафақ ғойиб бўлгунича. У қизғишликдир ва бунга фатво берилгандир.

Хуфтон ва ундан кейин витр мазкур вақтдан то фажргачадир.

Ийд намозининг вақти қуёш кўтарилганидан то заволгача.

Қурбонлик сўйишнинг вақти шаҳарда ийд намозидан сўнг, бошқа жойларда эса ийд куни тонги отганидан сўнгдир. Унинг охирги вақти учинчи куннинг қуёши ботишидан сал олдин.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш ва мискинлар учун таомланиш бўлсин, деб фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, у мақбул закот бўлур. Ким уни намоздан кейин адо қилса, садақалардан бири бўлур».

Абу Довуд, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган. Ҳоким «Саҳиҳ» деган.

Ибодатлар учун белгиланган вақтни кенг қилиб қўйишда бандалар учун кенглик бордир. Агар улар тор қилиб, саноқли лаҳзаларда адо этиш жорий қилинганида, одамларга торлик бўлиб қоларди.

Рамазон ойи рўзаси ибодати юқоридаги ибодатни адо этиш вақтининг кенгайтирилиб, бандага енгиллик яратилишидан мустаснодир. Бу ибодат Рамазон ойидагина адо этилади. Бирор лаҳза олдинга ёки орқага суриш имкони йўқ. Кундалик рўза ҳам тонг отганидан қуёш ботгуничадир. Рўзанинг ўзи ҳам замонига ва вақтига ўлчовдир. Бу сирни Аллоҳ таоло Рамазон ойига хос қилиб қўйган.

Ҳар бир ибодатнинг бандага фойда келтирадиган ўзига хос хусусиятлари бор. Рўза ибодати банданинг иродасини мустаҳкамлаш, қатъиятини метинлаштириш, нафсига ва шайтонга қарши курашини кучлантириш каби хислатларга хизмат қилиши учун фарз қилинган. Шунинг учун ҳам бу ибодатнинг вақтини ҳар бир лаҳзасигача ўзгартириб бўлмайдиган қилингандир.

Нафл ибодатларга келсак, улардан баъзилари вақтга боғланган бўлса, бошқалари боғланмаган.

Вақтга боғланган нафл ибодатларнинг кўплари баъзи ҳодисалар сабабли жорий бўлгандир. Таҳорат қилиб бўлингани сабабли таҳорат шукри намози ўқилади, масжидга кирилгани сабабли таҳийяти масжид намози ўқилади, ой ёки қуёш тутилиши сабабли кусуф ёки хусуф намози ўқилади, байрам келиши сабабли ийд намози ўқилади ва ҳоказо...

Вақтга боғланган нафл ибодатларнинг баъзилари маълум замонга боғлангандир. Мисол учун, зуҳо ва таҳажжуд намозлари. Бу намозларнинг вақти фарз намозларнинг вақти каби бошланиши ва тугаши маълум вақтлардадир. Зуҳо намозининг вақти қуёш бир найза бўйи кўтарилганидан бошланиб, заволга яқингача давом этади. Таҳажжуд намозининг вақти тунда уйғонгандан бошлаб, бомдод намозининг вақти киргунча.

Қайдланмаган нафл ибодатлар Аллоҳ таоло Ўзига муҳаббатли бандалари бемалол роҳатланишлари учун яратиб қўйган саодатли фурсатдир. Унда банда Роббига қандай ва қачон истаса, шундай роҳатланиб ибодат қилади. Бу билан банда Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилади. Фарз ва вожиб намозлар эса уқубатдан қўрқиб ҳам адо этилиши бордир.

Барчамизга тоатларни ортга суриш мавжудлиги бизни улардан ман қилмаслиги учун Аллоҳ таоло тайинли вақтларга боғлаб қўйганини ва бизга ихтиёр улуши қолиши учун вақтни кенгайтириб қўйганини англаб етишни ҳамда барча тоатларни сидқидилдан адо этиб, У Зотнинг розилигини топишимизни насиб этсин!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  

(Ҳислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)