212 16.02.2017

Бир вақтлар бир шаҳарда жиноятчиларни ваҳшийларча жазолаш усули бўлган экан. У шаҳар ахолиси жиноятчиларни оч қолган шерларга талатишар экан. Одамлар йиғилиб шу жазонинг берилишини биргаликда томоша қилишар экан.

Бир куни эгасидан қочиб кетган қулни жазолагани олиб келишибди. Бечора қулни катта, махсус деворлар билан ўралган бир жойга киргизиб, ўн кун оч қолдирилган бир шерни ўша ерга қўйиб юборишибди. Югуриб кирган шер тўсатдан тўхтаб қолибди. Кейин қулнинг ёнига келиб унинг қўлларини ялай бошлабди, унга суйкалиб эркаланибди.

Йиғилганлар буни кўриб ажабланиб, ҳайрон бўлиб қолишибди ва қулдан шер нима учун унга ҳужум қилмаганини сўрашибди. Шунда қул  жазо бераётган кишиларга ва одамларга қараб шундай дебди:


“Анча аввал мен бу шерга ўрмонда йўлиқиб қолдим. Унинг оёғига учли, катта бир тикан кириб қолиб уни роса азоблаётган экан. Мен унга ёрдам бердим, ундан тиканни олиб ташладим, шундан бери биз дўст бўлиб қолганмиз”.

Одамларга қулнинг бу ҳикояси жудаям таъсир қилди. Улар қул билан шерни биргаликда озод қилдилар. Қизиғи шер қулга ҳудди унинг мушугидек эргашиб келар эди.

Пайғамбаримиз (С.А.В)нинг ушбу ҳадиси-шарифлари бу воқеанинг сабабини яққол ойдинлаштириб беради. У Зот шундай деганлар: 


Раҳм қилувчиларга Раҳмдил Аллоҳ раҳм қилади. Ер аҳлига раҳм қилинг, осмондаги Зот сизга раҳм қилади. (Тирмизий)