1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Тасбеҳни санаш ва тасбеҳнинг асли

16:35 / 04.11.2017 37761 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

4533- عَنْ يُسَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ r أَمَرَهُنَّ أَنْ يُرَاعِينَ بِالتَّكْبِيرِ وَالتَّقْدِيسِ وَالتَّهْلِيلِ، وَأَنْ يَعْقِدْنَ بِالْأَنَامِلِ، فَإِنَّهُنَّ مَسْئُولَاتٌ مُسْتَنْطَقَاتٌ.

4533. Юсайра розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни (аёлларни) такбир, тақдис ва таҳлилга риоя қилишга ва уларни бармоқ учи ила санашга амр қилдилар. Чунки улардан сўралур ва нутқ қилиш талаб қилинур».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифни ривоят қилаётган Юсайра розияллоҳу анҳо ансорийя саҳобиялардан бўлганлар.

Такбир – «Аллоҳу акбар» дейиш.

Тақдис – «Субҳанал маликил қуддус» дейиш.

Таҳлил – «Лаа илааҳа иллаллоҳ» дейиш.

Ушбу калималарни зикр қилганда уларни бармоқ билан санаш керак экан. Бу айтилаётган зикрнинг сонини билиш учун керак. Қиёмат куни бармоқлардан бу ҳақда сўралар ва нутқ қилиш талаб қилинар экан.

Албатта, бундай санаш бармоқ билан санаса бўладиган сондаги зикрларга боғлиқ.

4534- وَقَالَ عَبْدُ اللهِ بْنُ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ r يَعْقِدُ التَّسْبِيحَ بِيَمِينِهِ. رَوَاهُمَا أَصْحَابُ السُّنَنِ.

4534. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тасбеҳни ўнг қўллари билан санаётганларини кўрдим».

Иккисини «Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тасбеҳ айтаётганларида ўнг қўл бармоқлари билан санаганларини саҳобалар кўришган экан. Албатта, зикрнинг сони кўпроқ бўлиб, чап қўлни ишлатиш зарурати туғилса, у ҳам ишлатилади.

4535- عَنْ جُوَيْرِيَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ r خَرَجَ مِنْ عِنْدِهَا بُكْرَةً حِينَ صَلَّى الصُّبْحَ وَهِيَ فِي مَسْجِدِهَا، ثُمَّ رَجَعَ بَعْدَ أَنْ أَضْحَى وَهِيَ جَالِسَةٌ، فَقَالَ: مَا زِلْتِ عَلَى الْحَالِ الَّتِي فَارَقْتُكِ عَلَيْهَا؟ قَالَتْ: نَعَمْ، قَالَ النَّبِيُّ r: لَقَدْ قُلْتُ بَعْدَكِ أَرْبَعَ كَلِمَاتٍ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ لَوْ وُزِنَتْ بِمَا قُلْتِ مُنْذُ الْيَوْمِ لَوَزَنَتْهُنَّ: سُبْحَانَ اللهِ وَبِحَمْدِهِ، عَدَدَ خَلْقِهِ، وَرِضَا نَفْسِهِ، وَزِنَةَ عَرْشِهِ، وَمِدَادَ كَلِمَاتِهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

4535. Жувайрия розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эрталаб Бомдодни ўқиганларидан кейин у кишининг олдиларидан чиқдилар. Ўшанда у ўз намозгоҳида ўтирган эди. Чошгоҳда келсалар, ҳали ҳам ўтирган экан. Шунда у зот:

«Мен сени тарк қилган ҳолда бардавоммисан?» дедилар. У:

«Ҳа», деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Мен сендан кейин тўрт калимани уч марта айтдим. Агар улар сен бугун айтган нарсалар ила тарозига солинса, оғир келади – «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, адада холқиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината аршиҳи ва мидаада калимаатиҳи», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Зикрнинг маъноси: «Аллоҳни маҳлуқотларининг ададича, Ўзи рози бўлгунча, Аршининг вазнича ва калималарининг миқдорича ҳамду сано билан поклаб ёд этаман».

Ушбу ҳадиси шарифдан киши ўзича тахмин билан қилган зикрдан кўра ҳадисларда келган зикрларни қилса, савоби кўп бўлиши келиб чиқади.

Жувайрия онамиз розияллоҳу анҳо Бомдод намозидан кейин чошгоҳгача бўлган муддатда тинмай зикр қилганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт калимани уч марта айтганлар ва улар Жувайрия онамиз розияллоҳу анҳо айтган нарсалар ила тарозига қўйилса, оғир келадиган бўлган.

«Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, адада холқиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината аршиҳи ва мидаада калимаатиҳи»ни биз ҳам ёд олиб, зикр қилиб юришга одатланишимиз керак.

Бу ривоятда келганга ўхшаш зикрлар «жамловчи зикр» дейилади. Унда зокир ўз зикрини кўп сон билан ёки катта миқдор билан васф қилади.

Уламолар «Ушбу ҳадис жамловчи зикрни айтиш бошқа зикрларга берилмайдиган савоб бўлишига далилдир», дейдилар.

Шавконий: «Бу ҳадисда ким фалон адад ёки фалон вазн, деб айтган бўлса, унга ўшанча савоб берилишига далил бор», деган.

Аммо майдалаб санаб ўтиргандан кўра бир оғиз билан айтиб қўйган афзал экан-да, деган хаёлга бормаслик лозим. Бу Аллоҳ таолонинг бандаларига очиб қўйган бир эшиги, холос.

Аҳмад ибн Абдулазиз ан-Нувайрий бундай деганлар: «Гоҳида оз амал кўп амалдан кўра афзал бўлади. Мисол учун, сафардаги киши намозни қаср қилиб ўқиши тўлиқ қилиб ўқишидан афзалдир.

Аммо бир киши ўн марта «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи»ни айтишни назр қилган бўлса, албатта, ўн марта такрор-такрор айтмоғи шарт. Бир лафз билан «Ўнта Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи» деса бўлмайди».

َ

4536- وَدَخَلَ رَسُولُ اللهِ r عَلَى امْرَأَةٍ وَبَيْنَ يَدَيْهَا نَوًى أَوْ حَصًى تُسَبِّحُ بِهِ، فَقَالَ: أَلَا أُخْبِرُكِ بِمَا هُوَ أَيْسَرُ عَلَيْكِ مِنْ هَذَا أَوْ أَفْضَلُ: سُبْحَانَ اللهِ عَدَدَ مَا خَلَقَ فِي السَّمَاءِ، وَسُبْحَانَ اللهِ عَدَدَ مَا خَلَقَ فِي الْأَرْضِ، وَسُبْحَانَ اللهِ عَدَدَ مَا بَيْنَ ذَلِكَ، وَسُبْحَانَ اللهِ عَدَدَ مَا هُوَ خَالِقٌ، وَاللهُ أَكْبَرُ مِثْلُ ذَلِكَ، وَالْحَمْدُ ِللهِ مِثْلُ ذَلِكَ، وَلَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ مِثْلُ ذَلِكَ، وَلَا حَوْلَ وَلَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللهِ مِثْلُ ذَلِكَ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ. 

4536. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аёлнинг олдига кирдилар. Унинг олдида данаклар ёки майда тошлар бўлиб, ўшалар ила тасбеҳ айтаётган эди. Бас, у зот:

«Мен сенга бундан осон ёки афзал нарсанинг хабарини берайми: «Субҳаналлоҳи адада маа холақа фиссамааи, ва субҳаналлоҳи адада маа холақо филарзи, ва субҳаналлоҳи адада маа холақо байна залика, ва субҳаналлоҳи адада маа ҳува холиқун, валлоҳу акбар мислу залика, валҳамду лиллаҳи мислу залика, ва лаа илааҳа илаллоҳу мислу залика, ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи мислу залика», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Зикрнинг маъноси: «Осмонлардаги яратган нарсалари ададича «Субҳаналлоҳ», ердаги яратган нарсалари ададича «Субҳаналлоҳ» ва уларнинг орасидаги яратган нарсалари ададича «Субҳаналлоҳ», энди яратадиган нарсаларининг ададича «Субҳаналлоҳ», ўшанча «Аллоҳу акбар», ўшанча «Алҳамдулиллаҳ», ўшанча «Лаа илааҳа илаллоҳу»‎ ва ўшанча «Лаа ҳавла ва лаа ‎қуввата иллаа биллаҳи».

Ушбу ҳадисда зикрни кўп такрорлаш ва уни қўлдан бошқа нарса билан санаш ҳам мумкинлигига далил бор. Худди шу маънони англатиш учун машҳур муҳаддис имом Абу Довуд ўз китобларида «Майда тош билан тасбеҳ айтиш боби»ни очганлар ва ушбу биз ўрганаётган ҳадисни келтирганлар.

Мана шундан бизда тасбеҳ деб аталадиган маълум ададдаги данак ёки думалоқ нарсаларни ипга тизиб ясаладиган, араблар «субҳа» деб номлайдиган нарса пайдо бўлган.

Ибн Манзур бу нарсани тушунтириш учун: «Субҳа тасбеҳ айтувчи ўзи айтадиган тасбеҳларни санайдиган доналардир. Бу янги чиққан сўз, гоҳида у мисбаҳа ҳам дейилади», деган.

Имом Абу Довуднинг «Сунан» китобларини «Авнул Маъбуд» номи билан шарҳ қилган шайх Муҳаммад Шамсул Ҳақ раҳматуллоҳи алайҳи ҳозир биз ўрганаётган ҳадисни келтиргандан кейин:

«Бу ҳадис тасбеҳни данак ёки майда тош билан санаш жоизлигига далилдир. Тасбеҳ қилиб олса ҳам бўлаверади, чунки ораларида фарқ йўқ. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур аёлнинг амалини иқрор қилдилар, инкор қилмадилар. Бўлиб турган нарсадан афзал нарсага иршод қилиш аввалгисининг жоизлигини ман қилмайди.

Бу ҳақда бир қанча асарларда ривоят қилинган. Бу нарсани бидъат деганлар тўғри айтмаган», деган.

Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳи эса:

«Мазкур ҳадисдан тасбеҳ тутишнинг мандублиги келиб чиқади. Уни бидъат дейиш тўғри эмас», деган.

Бу хусусда Ибн Аллон бундай деганлар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мазкур аёлнинг данак ёки майда тош билан санаб зикр қилаётганига иқрор бўлишлари бу ишнинг суннат эканига далилдир. Тасбеҳ тутиш ҳам майда тошнинг ўрнидаги нарса.

Тасбеҳ тутиш ҳақида латиф бир жуз ёзиб, уни «Ийқодул Масобийҳ ли машруийяти иттихозил Масобийҳ» – «Тасбеҳ тутишнинг шаръий экани ҳақида ёқилган чироқ» деб номладим.

Унда шу масалага оид хабарлар, асарлар ва ихтилофларни келтирдим. «Зикрни бармоқлар билан санаш афзалми ёки тасбеҳ биланми?» деган саволга жавоб изладим.

Хулоса шуки, хусусан намознинг зикрларини қўл билан санаш афзалдир. Аммо кўп ададли зикрларда адашиб кетмаслик учун тасбеҳ билан санаган афзалдир».

Ибн Ҳажар «Шарҳу Мишкот»да ушбу ҳадисни шарҳлай туриб, қуйидагиларни ёзган:

«Бу ҳадисдан тасбеҳ тутишнинг мандублиги тушунилади. Бу бидъат, деган даъво тўғри эмас. Фақат баъзиларга ўхшаб, буни зийнат, риё ёки эрмакка айлантириб қўймаслик керак».

Албатта, намоздан кейинги зикрларга ўхшаш сони камларини бармоқ билан санаган афзал. Аммо зикр кўп бўлиб, уни бармоқ билан санаш қийин ва машғул қиладиган даражада бўлганда тасбеҳ билан санаган афзал.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Ҳадис ва ҳаёт китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир одам .Аллоҳ, исломни фалончи билан азиз қил, дебди. Шунга бошқалар .Ислом ўзи азиз эмасми, деб унга .раддия, ва ҳақоратлар ёғдиришмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

1410 11:10 / 24 февраль
иккинчи мақола Ҳавозин жанги кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хачирларида келар эканлар, .Анан Набиййу ла казиб,Ана ибн Абдилмутталиб,.Мен давоми...

721 14:15 / 05.09.2023
Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам....Сўнгра эса ndash Сенга ишнинг боши, устуни ва ўркачининг чўққиси ҳақида хабар давоми...

3793 19:25 / 19.05.2018
Алҳамдулиллаҳ, доимо халқ орасида юрамиз, кечаю кундуз одамлар билан мулоқотда бўламиз. Кимнингдир ҳаёт тарзидан хурсанд бўлсак, кимларнингдир дунёқарашидан давоми...

3606 18:06 / 21.05.2018
Аудиолар

120072 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41737 14:35 / 11.08.2021