1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Сумалак баҳона...

23:36 / 14.03.2017 14768 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сумалак баҳона...

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.

Дунёдаги барча халқларнинг ўзларига хос ва мос бўлган урф-одатлари бор. Мазкур одатлар ўша халқларнинг дини, миллати, маънавияти, таълим-тарбияси, ахлоқ-одоби ва одамийлигини ифода этади. Шунинг учун бирор миллатнинг урфини ўрганиш жараёнида уларга ҳар тарафлама баҳо бериш мумкин. Чунки, юқорида айтиб ўтганимиздек, урф-одатлар ҳар қандай халқнинг асли келиб чиқишидан дарак беради.

Мана шунга ҳам биз «миллий урф-одатларимиз» байроғи остида бутун дунёга намойиш қилаётган маълумотларимизнинг мукаммал бўлишини таъминлаш ва бунинг замирида эса халқимиз нечоғлик қадимий, маънавиятли, илмли, маърифатли, мард ҳамда танти эканини кўрсата олишимиз керак. Акс ҳолда кўр-кўрона, пала-партиш, ҳеч қандай диний ҳамда илмий (аслида дин ва илм бир-бирисиз юзага чиқмайди) асосга суянмаган, кимларнингдир кўнгли нимани тусаса, мана шу бизнинг ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган миллий урф-одатимиз, деб намойиш этавериш ҳолати юзага чиқади.

Ана шундай урф-одатлардан бири сумалак ва унинг тайёрланиш жараёнига тегишли бўлган ҳар хил бидъату хурофотлардир. Биз бу ўринда «сумалак» деб аталмиш баҳор фаслига хос бўлган таом ҳақида ҳеч қандай мунозара қилмоқчи эмасмиз. Чунки ҳар қандай инсон баҳорий таом бўлмиш сумалакни суйиб истеъмол қилади. Чунки у ўз таркибида бир қанча дармондориларни, инсоннинг жисмига қувват бахш этадиган хусусиятларни мужассам этган. Қолаверса, баҳор фаслининг бошларини юртимизда «илик узилди ёки илик қуриган пайт» деб аташади. Шундай пайтда жисмонан тетик, бардам, серғайрат, бақувват ва соғлом бўлиш учун халқимиз азал-азалдан кўпчилик бўлиб, ҳаттоки ҳашар йўллари билан сумалак қилишга одатланган. Бу тадбир доимо ўзининг ижобий самарасини бериб келган.

Аммо кейинги пайтларда тўқчилик, фаровончилик, моддий тарафдан кенг-мўлчилик сабабли орамизда неъматларга нисбатан ношукрчилик ва исрофгарчилик ҳолатлари авжига чиқди. Бу салбий ҳолатни кўплаб урф-одатимизга айланган зиёфат, тўй-томоша, маърака-маросим ва бошқа тадбирларда ҳам кўришимиз мумкин. Сумалак ва унга тегишли жараёнлар-да мазкур салбий ҳолатлардан холи эмас.

Биринчидан, диний саводсизлик туфайли сумалакни муқаддас таом сифатида ардоқлаш ва уни тайёрлаш жараёнини ибодат даражасига кўтариш ёки мазкур ҳолатни илоҳийлаштириш маънолари ҳам бор. Шунинг учун бўлса керак, сумалакнинг пайдо бўлиш тарихи тўғрисида ҳар хил тўқима хабар ва ҳадислар тарқалган. Қуйида ана шундай ривоятлардан бирини келтириб ўтамиз.

«Сумалак» аслида «семалак» (уч фаришта) деб аталади. Чунки Фотима онамиз розияллоҳу анҳо ўғиллари Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларга ёлғондакам таом тайёрлаш учун ўчоққа ўт ёқиб, қозонга сув солиб, уни қайнатиш жараёнида кавлаб турган. Ва ўғилларини тинчлантириш учун қозондан шақур-шуқур товуш чиқиб турсин, деб бир неча тошни ҳам ташлаган. Бу жараён ярим тунгача давом этиб, алал-оқибат ҳар иккала ўғил чарчаб ухлаб қолади. Фотима онамиз ҳам толиқиб уйқуга кетади. Шу пайт осмондан учта фаришта тушиб, қозонга сумалак учун ишлатиладиган барча масаллиқларни солиб, уни тайёрлашган. Эрта тонгда эса она-болалар уйғонганлар ва қозондаги тайёр сумалакни истеъмол қилганлар».

 Аслида эса сумалак барча таомлар каби оддийгина баҳорий таомдир. Унинг бошқа таомлардан ҳеч қандай муқаддаслик ва афзаллик жойи йўқ. Чунки унинг таркибида мавжуд бўлган хусусиятлар бошқа таомларда ҳам бор.

Иккинчидан,  сумалакни тайёрлаш жараёнида ўзига хос бўлган баъзи бир талаблар, масалан, аёл-қизларнинг узрли бўлмасликлари, сумалакка маълум ададдаги тошларни ташлаш ва уни кавлаш жараёнида бўладиган ҳар хил эътиқодий адашишлар (алоҳида ният қилиш, шу пайтда қилинган ниятларнинг рўёбга чиқиши, орзу-ҳавасларнинг амалга ошиши, турмушга чиқмаган қизлар бўлса, бахти очилиши, бефарзандларнинг бола кўриши, аразлашиб қолганларнинг ярашиши, сумалакнинг устки қисмида қандайдир сурат, шакл ва ёзувларнинг пайдо бўлиши, яна булардан ташқари қанчадан-қанча бидъат-хурофотлар), ҳаттоки сумалакка қараб туриб фол очиш ҳолатлари ҳам пайдо бўлаётгани ниҳоятда ачинарлидир.

Учинчидан, сумалакни тайёрлаш жараёнида аёллар, эркаклар, йигит ва қизлар, ҳаттоки ёш болаларнинг иштирок этишлари натижасида эса зиёфат, ўйин-кулги, исрофгарчилик, дабдабавозлик, шунингдек, бу борада кимўзарга ўйнаш ҳам ривожланиб бормоқда. Баъзи ҳолатларда эса бепарволик ҳамда лоқайдлик туфайли ёнғин ҳодисалари содир этилаётгани ва қанчадан-қанча моддий зарарларни келтириб чиқараётгани-да ҳеч кимга сир эмас. Ҳаттоки бир-икки жойда қаров йўқлиги ва тўс-тўполон сабабли ёш болаларнинг сумалак қайнаб турган қозонга тушиб кетиб ҳалок бўлгани ҳам айни ҳақиқат.

Тўртинчи – энг ачинарлиси ва энг ёмони эса «Сумалак баҳона – дийдор ғанимат» қабилида иш кўрадиган тунги «кўршапалаклар» ёки қоронғида топишадиган маънавий кўрлар учун бу тадбирлар айни муддао бўлмоқда. Кекса онахонлар сумалак тайёрлаш билан, отахонлар эса ўтин ёриш ва уни ўчоққа ёқиш билан овора бўлиб турганларида уларнинг ўғил-қизлари қоронғи, пана жойларда бир-бирларининг пинжига кириб, кўнгилхушлик билан машғул бўладилар.

Албатта, бундай фурсатдан “унумли” фойдаланадиган яна бир тоифа кишилар борки, улар ҳар қандай зиёфат, йиғин, тадбир ёки ўтиришлардан асосий кўзлаган мақсадлари ягона. У ҳам бўлса, ўртага пул ташлаб, маст қилувчи ичимликларни сотиб олиб, кайфу сафо қилиш билан овора бўлишликдир. Албатта, бундай ичимликлар ўзининг ишини қилмай қўймайди. Натижада эса маст-аласт бўлган ароқхўрлар ўзларини “шер” биладилар. Қолаверса, бирор жанжал, тўпалон ва ҳаттоки баъзи жиноятларни ҳам содир этишдан қайтишмайди.

Ҳа, азизлар, юқорида қўштирноқ ичидаги миллий урф-одатларимиздан бири бўлмиш сумалакка тааллуқли баъзи бир мулоҳазаларни сизлар билан ўртоқлашдик. Асл мақсадимиз эса, яна таъкидлаб айтамиз, сумалакни қоралаш эмас, балки у баҳона содир этилаётган бедодлик, одобсизлик, маънавиятсизлик, иймонсизлик ва миллийлигимиз, ор-номусимизга мутлақо тўғри келмайдиган бидъат-хурофотлар, содир этилаётган жиноятлар ҳақида эслатиб қўйишдир.

 

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таъоло сени сабаблар оламида турғазиб қўйган пайтда сенинг тажридни ихтиёр қилишинг, бу нафснинг махфий истакларидандир. Аллоҳ таъоло сени тажрид ҳолатида давоми...

3710 05:00 / 01.03.2017
Бир оят тафсири 6қисм Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган Ёки кофирларнинг қилган амаллари қаватмақават тўлқин ва унинг устида қора давоми...

3213 05:00 / 01.03.2017
Олтинчи офат ndash масхара ва истеҳзо..Масхара, сўзи луғатда .бировни ҳақир ndash паст санаш, ва .хор билиш, маъноларини англатади.Уламолар масхарани қуйидагича давоми...

3861 13:00 / 16.01.2021
Аллоҳ таоло бидъатни қоралаб, Ҳадид сурасида марҳамат қилади .Сўнгра уларнинг ортидан расулларимизни кетмакет юбордик ва Ийсо ибн Марямни давоми...

2640 18:30 / 09.10.2021
Аудиолар

135092 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55370 14:35 / 11.08.2021