1445 йил 14 шаввол | 2024 йил 23 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тавба ва унинг фазли

05:00 / 28.02.2017 9873 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

...Исломда эса тавба осон иш эканини ўзимиз кўрдик. Лекин, ҳозир эрта, вақти келганда тавба қилиб олармиз, деган фикр энг ёмон фикр. Аллоҳ таоло билмасдан қилинган хатоларни тавба туфайли кечиради, билиб, тушуниб, қасддан қилинганларини эмас... 

Аллоҳ таоло: «Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга насуҳ тавба қилинглар! Шоядки Роббингиз гуноҳларингизни ювса ва сизни дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса», деган.

Араб тилида «тавба» сўзи «қайтиш» маъносини англатади. Шариатда эса гуноҳдан Аллоҳга қайтишни билдиради.
«Насуҳан» эса холис, жазм, содиқ насиҳат қилувчи маъноларини англатади. Демак, «тавбатан насуҳан» бирикмаси холис тавба, жазм тавба, содиқ тавба, насиҳатли тавба маъноларини англатади.
Бу маъно ҳақида кўпгина фикрлар ривоят қилинган. Жумладан, ҳазрати Умардан «Тавбаи насуҳ» нима деб сўралганда, у киши: «Кишининг ёмон ишдан қайтиб, сўнг унга абадий қайтмаслигидир», деб жавоб берганлар.
Уламоларимиз таъкидлашларича насуҳ тавба бўлиши учун тўрт нарса; қалб ила надомат қилиш, тил ила истиғфор айтиш, қайтармасликка азму қарор қилиш ва ёмон ҳамсуҳбатлардан узоқлашиш шартдир.
Ҳадислардан бирида шундай ривоят қилинади:
«Ислом ўзидан аввалги гуноҳларни ювиб юборади, тавба ҳам ўзидан аввалги гувоҳларни ювиб юборади».
Яъни, бир киши аввал гуноҳ ишларни қилиб юрган бўлса-ю, кейин мусулмон бўлса, мусулмон бўлишидан аввалги гуноҳлар мусулмон бўлиши билан ўз-ўзидан ювилиб кетади.
Шунингдек, бир мусулмон киши билмасдан гуноҳ ишни қилиб юрса, кейин тушуниб етиб тавба қилса, яъни, чин кўнглидан надомат қилса ва қайта ўша ишни қилмасликка аҳду паймон қилса, билмасдан қилган аввалги гуноҳлари ювилиб кетади.
Холис тавба эшигининг очиб қўйилиши сиз билан биз учун Аллоҳнинг катта неъматидир. Бошқа динларда тавба қилиш жуда ҳам қийин, баъзи умматларга тавба қилиш учун ўзлари бир-бирларини ўлдиришни буюрилган.
Исломда эса тавба осон иш эканини ўзимиз кўрдик. Лекин, ҳозир эрта, вақти келганда тавба қилиб олармиз, деган фикр энг ёмон фикр. Аллоҳ таоло билмасдан қилинган хатоларни тавба туфайли кечиради, билиб, тушуниб, қасддан қилинганларини эмас.
Тавбаи насуҳ-холис тавбанинг самараларини оятининг давоми баён қилади.
«Шоядки Роббингиз гуноҳларингизни ювса», биринчи самара гуноҳларнинг ювилиши.
Асосий самара эса қиёмат кунида, дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритади.
«ва сизни дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса».
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида: «Ким зулмидан кейин тавба этса ва амали солиҳ қилса, Аллоҳ албатта тавбасини қабул қиладир. Шубҳасиз, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир», деган.
Гуноҳ қилган банда тавбага шошилмоғи лозим. Аммо бу ояти каримага чуқурроқ назар соладиган бўлсак, унда:
«тавба этса ва амали солиҳ қилса», дейилмоқда.
Мусулмон одам учун ёмонликдан қайтишнинг ўзи кифоя қилмас экан. Ёмонликдан қайтиш билан бирга, яхшилик амалларни қилиши ҳам зарур экан. Чунки ёмонликни қилмай қўйиб юраверса, орада бўшлик пайдо бўлади ва бу бўшлик уни яна ёмонликка қайтариши мумкин.
Шунинг учун ҳам яхшилик қилиш тавбани қабул этиш шартларига қўшилмоқда.
Аллоҳ таоло «Фурқон» сурасида: «Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли бўлган зотдир», деган.
Юқоридаги оятда мазкур гуноҳларни қилганлар тамоман умидни узар эканлар-да, деган маъно чиқиб қолмаслиги учун ушбу оятда тавба эшиги доимо очиқлиги баён қилинмоқда. Ўша уқубатдан мустасно бўладиганлар ҳам бор экан. Ундай одамлар қаторига:
«Ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса», ўша киради.
Яъни, қилган гуноҳидан тамомила қайтса, иккинчи бор қилмаса, иймон келтириб, мўмин бўлса ва иймон тақозосига кўра солиҳ амал этса, мазкур азобга дучор бўладиганлардан мустасно бўлади. Вақтида қилган хатосини англаб тавба этган, иймон келтириб, солиҳ амал қилган бандаларни Аллоҳ таоло муносиб тақдирлайди.
«Бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур».
Аллоҳнинг файзини, марҳаматини қаранг! Яратган бандаси нонкўрлик қилса, унга ширк келтиришдек улкан зулмни амалга оширса, унинг амрига исён қилиб одам ўлдирса ёки зино қилса-ю, сўнгра тавба этиб, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, унинг гуноҳларини савобга алмаштириб қўйса! Бундан ҳам ортиқ мағфиратлилик, бундан ҳам ортиқ раҳмлилик бўладими?!
«Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли бўлган зотдир».
Бўлмаса, тавба этиб, иймон келтириб, солиҳ амал қилганларнинг ёмонликларини яхшиликка алмаштирмас эди.
Имом Табароний ривоят қилган. ҳадисда айтилишича, «Абу Фарва Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Айтинг-чи, бир одам ҳамма гуноҳларни қилган бўлса, каттаю кичигини қўймаган бўлса, тавба қилса бўладими?» деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Исломга кирдингми?!» дедилар.
«Ҳа!» деди у.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Яхшиликларни қилавер. Ёмонликларни тарк эт. Аллоҳ сенга ҳаммасини яхшилик қилиб беради», дедилар.
«Алдамчиликлариму- фожирликларимни ҳамми?!» деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳа!» дедилар.
У такбир айтиб («Аллоҳу Акбар!!!» деб) қайтиб кетди. Кўздан кўринмай қолгунча такбири эшитилиб турди».
Лекин бундай ҳолга эришиш учун тавба ҳақиқий бўлиши зарур. Шунинг учун ҳам бу ҳақиқат келаси оятда яна бир бор таъкидланмоқда:
«Ким тавба қилиб, солиҳ амал қилса, у, албатта, Аллоҳга (ҳақиқий) қайтиш ила қайтар».
Тавба қилиш гуноҳга афсус-надомат чекиш билан бошланади. Сўнгра ўша гуноҳни қайтармасликка дилда қаттиқ аҳд қилинади. Кейин бу аҳд дилда тасдиқланади. Тавбанинг ҳақиқий ёки сохта эканлиги унинг эълонидан кейинги амалдан билинади. Агар эълондан кейинги амал солиҳ-яхши бўлса, тавба ҳақиқий, ёмон бўлса, тавба сохта бўлади. Чунки гуноҳ ҳам фақат ният эмас, балки қилинган амалдир. Шунинг учун тавба ҳам амалсиз бўлмас.
Аллоҳ таоло «Қасас» сурасида: «Аммо тавба қилган, иймон келтириб, солиҳ амалларни қилган киши шоядки нажот топгувчилардан бўлса», деган.
Демак, ҳар бир инсон ўзига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари етиши билан дарҳол тавба қилиб, мусулмон бўлиб, солиҳ амалларни қилишга ўтиши керак. Ўзига берилган фурсатдан фойдаланиб қолиши лозим.
Одамлар ўзларича ҳар хил баҳоналар топиб, Исломдан қочаверадилар. Аслида, бу дунё ишлари уларнинг ихтиёрида эмас. Тинчлик-омонлик ҳам, фаровонлик ва тўкин-сочинлик ҳам одамларнинг хоҳиши билан бўлмайди.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Магар тавба қилиб, аҳли солиҳ бўлиб, баён қилганларнинг, ана ўшаларнинг тавбасини қабул қилурман. Ва Мен тавбаларни кўплаб қабул қилувчи ва раҳмлидирман», деган.
Гуноҳнинг ёмонлигини билгач, тавба қилишнинг ўзигина унинг қабулига кифоя эмас экан. Балки тавбадан кейин у аҳли солиҳлардан бўлиши, яхши ишларни қилиши ва аввал бузган нарсаларини тузатиб ҳамда одамлардан беркитган нарсаларини баён қилиб-тушунтириб берганларидан сўнггина уларнинг тавбасини қабул қилишни Аллоҳ таъкидлаяпти.
«Магар тавба қилиб, аҳли солиҳ бўлиб, баён қилганларнинг, ана ўшаларнинг тавбасини қабул қилурман».
Оятнинг охирида Аллоҳ таоло Ўзининг тавбаларни кўплаб қабул қилувчи, раҳмли зот эканини эслатиб, кишиларни умидвор бўлишга ундамоқда.
«Ва Мен тавбаларни кўплаб қабул қилувчи ва раҳмлидирман».
Аллоҳ раҳмли бўлмаганида, ҳақиқатни яширган одамларнинг гуноҳини ҳеч кечмас эди.
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Магар шундоқ бўлгандан кейин тавба қилиб, яхши амалларни қилганлар бўлса, бас, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмлидир», деган.
Тавба эшигининг очиқ қўйишнинг ўзи Аллоҳнинг бандаларига бўлган улкан раҳматидир. Ожиз инсон билиб-билмай хатога йўл қўйса, кейин ўзига келиб, хатосига афсус қилса, марҳамат, тавба қилсин. Содир этган гуноҳидан қайтсин.
Лекин тавбага фақат оғиз билан гуноҳдан қайтганликни эълон қилиш ёки дилдан ўтказиш кифоя эмас. Балки тавбасининг ҳақиқий эканлиги тавбадан кейин яхши амалларни қилиши билан собит бўлади. Агар шундай қилсалар:
«...бас, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмлидир».
У ўша банданинг гуноҳларини мағфират қилади ва ўз раҳматига олади.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Жаҳолат-ла ёмонлик қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қиладиганларнинг тавбаси Аллоҳнинг зиммасидадир. Аллоҳ ана ўшаларнинг тавбасини қабул қиладир. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир», деган.
Уламоларимиз жаҳолатнинг бу ердаги маъносини, ҳидоят йўлидан адашиш, деб таърифлаганлар. Шунга биноан, йўлдан адашиб, гуноҳ ишларни қилиб юрганлар, биз қиладиганимизни қилиб бўлдик, энди кеч бўлди, тавба қилиб қаерга борар эдик, деган фикрга бормасликлари керак. Улар хатоларини қанчалик тез тушинсалар, қанчалик тезроқ тавба қилсалар, ўзларига шунчалик яхши бўлади. Агар улар дарров тавба қилсалар, уларнинг тавбасини қабул этишни Аллоҳ таоло ўз зиммасига олган.
«Жаҳолат-ла ёмонлик қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қиладиганларнинг тавбаси Аллоҳнинг зиммасидадир».
Бу эса, инсонга Аллоҳ таоло томонидан ўзини ўнглаб олиши учун, тўғри йўлга тушиб, янги ҳаёт бошлаши учун берилган катта имкониятдир. Бу қулай фурсатдан фойдаланмаганлар ўзларига ёмонлик қиладилар. Чунки:
«Ёмонликларни қилиб юриб, бирларига ўлим етганда, энди тавба қилдим, деганларга ва кофир ҳолларида ўлганларга тавба йўқ. Ана ўшаларга аламли азобларни тайёрлаб қўйганмиз».
Кофир ҳолида ўлганларнинг иши ўз-ўзидан маълум: улар тўппа-тўғри дўзахга равона бўладилар. Уларнинг тавбалари ботил ва ҳеч қачон қабул бўлмайди. Аммо мўмин бўлиб туриб, мўминликка тўғри келмайдиган иш қилганлар-чи? Уларга иймонлари ҳурматидан ўзини ўнглаб олиш имкони берилган эди. Тавба эшиги очилган эди. Улар гуноҳлардан тавба қилишлари, яъни, қайтишлари лозим эди.
Арабчада «тавба» сўзи «қайтиш» маъносини англатади. Гуноҳдан қайтиб, савобга юриш керак эди. Аммо вақтида бу ишни қилмади. Энди ўлим кўзига кўриниб қолганда, тавба қилдим, деганидан нима фойда?
Энди тавба ҳақида келган баъзи ҳадиси шарифларни ўрганишга киришайлик.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ Ўз бандаси тавбасидан сизнинг бирингизнинг устида шароби ва таоми билан камсасиз биёбонда қочиб кетган улови ундан умидини узиб бир дарахт тагига бориб соясида ётганда, умуман уловидан умиди узилганда, анашу ҳолда ётганида бирдан у олдига келиб турганини кўриб қолиб, унинг жиловидан тутиб, ўта хурсанд бўлиб кетиб, шошганидан «Эй, Аллоҳим! Сен бандамсан! Мен Роббингман!» деб юборган пайтидаги хурсандлигидан ҳам кўра шиддатлироқ хурсанд бўлади. У хурсандлигининг шиддатидан хато қилганди», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Аллоҳ таоло бандаси тавба қилганида жуда ҳам хурсанд бўлар экан. Бу хурсандликнинг чеки бўлмас экан. Саҳрода устига таоми ва шароби ортилган улови йўқолиб қолган. Ундан тамоман умидини узиб, тақдирга тан бериб ётган одам бошини кўтариб қараса, йўқолган улови олдида турганда қаттиқ хурсанд бўлиб кетиб «Эй, Аллоҳим! Сен Роббимсан! Мен бандангман!» дейиш ўрнига «Эй, Аллоҳим! Сен бандамсан! Мен Роббингман!» деб деб юборган одамнинг хурсандлигидан ҳам Аллоҳ таолонинг банда тавба қилган чоғидаги хурсандлиги кучлироқ бўлар экан.
Шунинг учун ҳар бир банда тавбага шошилмоғи лозим.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй, одамлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Мен ҳар куни Унга юз марта тавба қилурман», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Аввал ўтган ҳадиси шарифлардан бу тавба истиғфор айтиш ила бўлганини билиб олганмиз.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Барча одам боласи хатокорлардир. Хатокорларнинг яхшиси сертавбалардир», дедилар». Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Шарҳ: Тавба қилган кам бўлмайди.

ТАВБАНИНГ ВАҚТИ

Аллоҳ таоло: «Ёмонликларни қилиб юриб, бирларига ўлим етганда, энди тавба қилдим, деганларга ва кофир ҳолларида ўлганларга тавба йўқ. Ана ўшаларга аламли азобларни тайёрлаб қўйганмиз», деган.
Демак, ўлим келмасдан туриб, ўз вақтида тавба қилиб қолиш керак. Ўлим келганда қилинган тавбадан фойда бўлмайди.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ банданинг тавбасини модомики у ғарғара ҳолига бориб қолмаган бўлса қабул қилади», дедилар». Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Шарҳ: Жон ҳалқумга келмасдан аввал тавба қилиб қолмоқ лозим. Ундан кейин кеч бўлади.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ то қуёш мағрибдан чиққунича кундузу гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кечаси қўлини ёзади ва кечаси гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кундузи қўлини ёзади», дедилар».
Шарҳ: Демак, қиёмат қоим бўлгунча кечасию кундузи Аллоҳ таоло бандаларнинг тавбасини қабул қилади. Банда ўзидан камчилик ўтганини сезиши билан вақтини суриштирмай тавбага шошилмоғи даркор.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ким қуёш мағрибидан чиқмасдан туриб тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади», дедилар». Иккисини Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳеч ҳам тавба қилишдан қолмаслик, тавбам қабул бўлармикан деб иккиланмаслик керак.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуёш мағрибидан чиқмагунча қиёмат қоим бўлмас. Қачон у ўшаёқдан чиққанида одамларнинг ҳаммаси иймон келтиради. Ўша кунда бирор жонга агар у бундан олдин иймон келтирмаган бўлса ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бўлса, унинг иймони наф бермас», дедилар». Учовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Шунинг учун барча нарсани, жумладан тавбани ҳам ўз вақтида қилиб қолиш лозим.

Зирр ибн Ҳубайш розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Сафвон ибн Ассол ал-Муродийнинг олдига бориб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан муҳаббат ҳақида бирор нарса ёд олганмисан?» дедим.
«Ҳа! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у зотнинг сафарларидан бирида бирга эдик. Бир қавмнинг охирида кетаётган қўпол, қуруқ аъробий жарангдор овоз билан у зотга нидо қилиб «Эй, Муҳаммад! Эй, Муҳаммад!» деди.
Шунда қавм унга:
«Жим бўл! Сен бундоқ қилишдан наҳий қилингансан!» деди.
Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўзининг овозига ўхшатиб:
«Қани, нима дейсан!» дедилар.
«Киши бир қавмга муҳаббат қилади. Аммо ҳали уларга қўшилгани йўқ?» деди.
«Одам ўзи муҳаббат қилганлар биландир», дедилар.
Зирр айтади:
«Сафвон менга ҳадис айтишда давом этди. У гапириб бориб «Аллоҳ мағрибда тавба учун бир эшик қилган унинг кенглиги етмиш йиллик йўлча, у қуёш ўша ёқдан чиқмагунича ёпилмайди. Бу Аллоҳ азза ва жалланинг «Роббингнинг баъзи оятлари келган кунида ҳеч бир жонга, олдин иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бўлса, иймони наф бермас» деган қавлидир», деди
». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳар қанча гуноҳ қилган бўлса ҳам бунда Аллоҳ таолога тавба қилишга кечикмаслиги лозим.

АЛЛОҲ ГАР БАНДАСИ ИСРОФ ҚИЛГАН БЎЛСА ҲАМ ТАВБАСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛУР

Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечирадир. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибдир», деган.
Ширк келтириш катта гуноҳ эканлиги бошқа оятларда ҳам қайта-қайта таъкидланган. Аммо бу оятда, ширк ягона кечирилмас гуноҳ эканлиги билдирилмоқда.
«Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас».
Аслида, ширк–яратувчиликда, ибодат ва тарбиякунандаликда Аллоҳдан бошқани Унга шерик деб билишдир. Ким ширкка мансуб ақидани ўзига муносиб кўрса ёки амалини қилса, мушрик ҳисобланади.
Ширкнинг ҳар бир кўриниши катта зулмдир. Зулм бўлганда ҳам, Аллоҳга, яратган зотга, ризқ берган зотга нисбатан зулмдир. Кимки ширк келтирса, ўзи билан Аллоҳ ўртасидаги алоқани узган бўлади. У энди Аллоҳнинг мағфиратига лойиқ бўлмай қолади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ширк келтирганларнинг гуноҳини ҳеч қачон кечирмайди.
Аммо иймон билан ўтганларнинг–ширк келтирмаганларнинг бошқа гуноҳлари бўлса, Аллоҳ хоҳлаган одамини мағфират қилаверади.
«Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечиради. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибдир».
Имом Ибн Аби Ҳотим Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга ширк келтирмай вафот этган ҳар бир жон мағфиратга сазовордир. Аллоҳ хоҳласа, уни азоблайди, хоҳласа кечиради. Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмайди. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа кечиради», деганлар.

Аллоҳ таоло: «Унинг Ўзи бандаларидан тавбани қабул қилур, гуноҳларини афв этур ва нима қилаётганингизни билур», деган.
Яъни, Аллоҳ таолонинг Ўзигина бандаларнинг тавбасини қабул қиладиган зотдир. Тавбани қабул қилувчи ундан ўзга ҳеч бир зот йўқ.
Шунингдек, Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзигина бандаларнинг гуноҳларини афв қилади. Гуноҳни афв қиладиган ундан ўзга ҳеч бир зот йўқ.
Аллоҳ таоло бандалари нима қилаётганини ҳам жуда яхши билади. Ким ҳақиқатда ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан адо этиб, пайғамбарлик бурчини омонат ила бажараётгани, ким саркашлик қилиб, унга ваҳий тушгани йўқ, у Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқияпти, деяётганини ҳам яхши билади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббиларидан ҳикоя қилароқ:
«Банда гуноҳ қилди ва:
«Эй, Аллоҳим, гуноҳимни мағфират қилгин», деди.
Шунда У зот таборака ва таоло:
«Бандам гуноҳ қилди. Сўнгра ўзининг гуноҳини мағфират қиладиган ва гуноҳ туфайли муохаза қиладиган Роббиси борлигини билди», дейди.
Сўнгра у яна қайта гуноҳ қилди ва:
«Эй, Роббим, гуноҳимни мағфират қилгин», деди.
Шунда У зот таборака ва таоло:
«Бандам гуноҳ қилди. Сўнгра ўзининг гуноҳни мағфират қиладиган ва гуноҳ туфайли муохаза қиладиган Роббиси борлигини билди», дейди.
Сўнгра у яна қайта гуноҳ қилди ва:
«Эй, Роббим, гуноҳимни мағфират қилгин», деди.
Шунда У зот таборака ва таоло:
«Бандам гуноҳ қилди. Сўнгра ўзининг гуноҳини мағфират қиладиган ва гуноҳ туфайли муохаза қиладиган Роббиси борлигини билди. Хоҳлаганингни қилавер, батаҳқиқ, сени мағфират қилдим», дейди», дедилар
».
Шарҳ: Тавбага шунчалар қаттиқ тарғиб бўлганидан уламоларимиз, тавба қилиш ҳар бир банда учун фарз айндир, деганлар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳеч ҳам яхшилик қилмаган бир одам ўз аҳлига қачон ўлса уни куйдириб кулининг яримини қуруқликка, яримини денгизга сочиб юборишни айтди. Аллоҳга қасамки, агар Аллоҳ уни тутса уни оламлардан бирортасини азобламаган азоб ила азоблашидан қўрқди. Ўша одам ўлганда унинг айтганини қилдилар. Бас, Аллоҳ қуруқликка амр қилди. У анинг ўзидаги нарсаларини жамлади. Аллоҳ денгизга амр қилди. У анинг ўзидаги нарсаларини жамлади. Сўнгра У зот унга:
«Нима учун бундоқ қилдинг?» деди.
«Сендан қўрққанимдан. Эй, Роббим. Ўзинг билувчисан», деди.
Бас, Аллоҳ уни мағфират қилди
».

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сиздан аввал ўтганларнинг ичида тўқсон тўққизта одамни ўлдирган бир киши бор эди. У ер юзидаги энг олим киши ҳақида сўради. Уни бир роҳибга йўлланди. Бас, у анинг олдига бориб, ўзининг тўқсон тўққиз жонни ўлдирганини айтиб тавба қилса бўладими йўқлигидан сўради. У бўлмаслиги айтди. Шунда у ани ҳам ўлдириб юзтага етказди. Кейин ер юзидаги энг олим киши ҳақида сўради. Уни бир олим кишига йўлланди. Бас, у анинг олдига бориб, ўзининг юзта жонни ўлдирганини айтиб тавба қилса бўладими йўқлигидан сўради. У бўлишини ва у билан тавбанинг орасини ҳеч ким тўсмаслигини айтди. Сўнгра, фалон ерга бор. У ерда Аллоҳга ибодат қилаётган одамлар бор. Улар билан бирга Аллоҳга ибодат қил. Ўз ерингга қайтма. Чунки у ёмон ердир, деди.
У жўнаб кетди. У ярим йўлга етганида унга ўлим етди. Раҳмат фаришталари билан азоб фаришталари уни талашиб қолдилар. Раҳмат фаришталари:
«У тавба қилиб, қалби ила Аллоҳ таоло томон келди», дедилар.
Азоб фаришталари:
«У ҳеч ҳам яхшилик қилган эмас», дедилар.
Уларнинг олдига бир фаришта одам сувратида келди. Улар уни ораларида (ҳакам) қилдилар. Бас, у:
«Икки ер орасини ўлчаб кўринглар. Қай бирига яқин бўлса, у ўшаники бўлади», деди.
Ўлчашганда унинг ўзи ирода қилган ерга яқин чиқди. Уни раҳмат фаришталари олдилар
».
Ушбу учтани икки шайх ривоят қилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадисни етти мартадан кўп айтганларини эшитдим. Мен у зотнинг:
«Кифл Бани Исроилдан эди. У гуноҳдан сақланмас эди. Унинг олдига бир аёл келди. У унга устига чиқиш шарти ила олтмиш динор берди. У эр хотинига қандоқ ўтирадиган бўлса унга ўшандоқ ҳолда ўтирган чоғида аёл йиғлай бошлади. Бас, у:
«Нимага йиғламоқдасан? Мен сени мажбур қилдимми?» деди.
«Йўқ. Аммо мен бу ишни ҳеч қилмаган эдим. Муҳтожликгина мени бунга мажбур қилди», деди.
«Сен ҳали шундоқмисан? Мен бу ишни қилмайман. Бор, кетавер! Пуллар ҳам сеники», деди.
Сўнгра у «Йўқ. Аллоҳга қасамки, бундан кейин Аллоҳга ҳеч ҳам осий бўлмайман» деди. У ўша кечаси ўлди. Бас, унинг эшигига «Албатта, Аллоҳ кифлни мағфират қилди» деб ёзилиб қолди», деганларини эштидим
».
Термизий ривоят қилган.

ХУЛОСА

Тавба, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, луғатда қайтиш ва бурулиш маъноларини билдиради. Гуноҳдан бурилиб қайтган, уни бутунлай ташлаган бандани тавба қилди дейилади.
Уламолар истилоҳида гуноҳдан унинг айнан гуноҳ бўлгани учун зарарли нарса деган ўй билан эмас, унга яна қайтмасликка азму қарор қилиб узилиб чиқишга тавба дейилади. Гоҳида истиғфор ҳам тавба каби маъно англатади. Аммо икки лафз бир жойда келиб қолса ораларида нозик фарқ бўлади.
Истиғфор ўтган нарсанинг шарридан сақлашни сўрашдир.
Тавба эса ўз амалларининг шарридан келажакда сақлашни талаб қилишдир. Бошқача қилиб айтгандан тавба истиғфордан кўра шомилроқдир.

Тавбанинг ҳақиқий бўлиши учун тўрт шарт бордир:

1.Маъсиятдан дарҳол узилиш.
2.Маъсиятни қилганига астойдил надомат қилиш.
3.Яна уни ва унга ўхшаган гуноҳларни қилмасликка қатъий азму қарор қилиш.
4.Агар гуноҳ одамлар ҳақига тегишли бўлса улардан узр сўраб ҳақларини жойига қайтариш.

Тавба яна ботиний ва ҳукмийга ҳам бўлинади.
Ботиний тавба Аллоҳ билан бандадан бошқа ҳеч ким билмаган ва бировнинг ҳақига тегишли бўлмаган гуноҳларда бўлади. Мисол учун ёлғон гапдан тавба қилиш. Бунда надомат қилиб, қайта қилмасликка азбу қарор қилиш билан бўлади.
Ҳукмий тавба гуноҳ Аллоҳнинг ёки банданинг ҳаққи бор нарсада бўлади.
Агар гуноҳда одам боласининг ҳақи аралашган бўлса, унда надомат қилиб, қайта қилмасликка азму қарор қилиш билан бирга одам боласининг ҳақини ҳам қайтариши лозим. Ёки ўша одамнинг ўзидан розилик сўрайди. Агар ҳақ эгасини топа олмаса уни топиб рози қилишга азму қарор қилиш ила бўлади.
Агар гуноҳда Аллоҳнинг ҳақи бўлса ва ўша ҳақ шаръий жазога лойиқ бўлсаю уни биров билмаган бўлса, ўша гуноҳ яширин ҳолида қолгани яхши.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким ушбу ифлосликлардан бирортасини қилса уни Аллоҳнинг сатри ила сатр қилсин», деганлар.
Агар қилинган гуноҳда ҳам Аллоҳ таолонинг, ҳам банданинг ҳақи бўлса ҳақ эгасига қайтарилади. Мисол учун закотни бермаган бўлса, тавба уни ҳақдорларига бериш билан тугал бўлади.
Агар гуноҳ Аллоҳ таолонинг ҳақига оид бўлса, уларни адо қилиш билан бўлади. Мисол учун рўза ва намознинг қазосини адо қилиш каби.

Тавба ҳақида аҳли ҳақиқат қавлларидан намуналар

Устоз Абу Али ад-Даққоқ: «Тавба уч қисмга бўлинади; аввали тавба, ўртаси иноба ва охиргиси авба», деди.
У киши тавбан бошланиш ва авбани тугатиш қилди. Иноба эса ўртада қолди. Бас, ким уқубатдан хавфсираб тавба қилса, тавба соҳиби бўлади. Ким савобдан умидвор бўлиб тавба қилса, иноба соҳиби бўлади. Ким савобга рағбат ҳам қилмай, азобдан қўрқмай, балки буюруққа риоя қилиб тавба қилса, авба соҳиби бўлади.
Устоз Абулқосим ал-Қушайрий айтади: «Тавба мўминларнинг сифатидир. Чунки Аллоҳ таоло «Барчангиз Аллоҳга тавба қилинг! Эй, мўминлар!» деган (Нур сураси, 310-оят).
Иноба муқарраб авлиёларнинг сифатидир. Чунки Аллоҳ таоло «Ва иноба қилувчи қалб ила келди» деган (Қоф сураси 33-оят).
Авба анбиё ва расулларнинг сифатидир. Чунки Аллоҳ таоло «У қандоқ ҳам яхши банда. Албатта, у аввобдир», деган (Сод сураси 44-оят).
Зуннун Мисрий айтади: «Авомларнинг тавбаси гуноҳлардан бўлади. Хавосларнинг тавбаси ғафлатдан бўлади. Анбиёларнинг тавбаси бошқалар эришган нарсадан ожиз бўлганлари учун бўлади».
Жунайд Бағдодий айтади: «Тавбанинг уч маъноси бор; биринчиси-надомат, иккинчиси-Аллоҳ қайтарган нарсага қайтишни тарки этишга азму қарор қилиш, учинчиси-зулмларни адо этишга шошилиш».
У киши яна айтади: «Тавба-Аллоҳдан бир йўла юз ўгирганинг каби У зотга бир йўла юзланишингдир».
Саҳл ибн Абдуллоҳ ат-Тистирий айтади: «Тавба энди қилмайманни тарк қилишдир».
Яна ўша киши айтади: «Тавба надомат, бир йўла ажраб чиқиш ва мазамматли ҳаракатлардан мақтовли ҳаракатларга ўтишдир».
Абу Али Ҳусайн ибн Аҳмад ан-Нурий айтади: «Тавба Аллоҳ азза ва жалладан бошқа ҳар бир нарсадан қайтишингдир».
Абу Бакр Муҳаммад ибн Мусо ал-Воситий айтади: «Тавбаи насуҳ ўз соҳибида махфий ва ошкоро маъсиялардан бирор асар қолдирмайди. Кимнинг тавбаси насуҳ бўлса, қандоқ кеч киритиб, тонг отдиргани билан иши бўлмайди».
Зуннун Мисрий айтади: «Тавбанинг ҳақиқати кенг ер сен учун тор бўлиб қолишидир. Аллоҳ таоло Ўз китобида бу ҳақда хабар берган «Юраклари сиқилиб, Аллоҳдан қочиб ўзгага бориб бўлмаслигига ишонганларидан сўнг тавба қилишлари учун тавба эшиги очилди» (Тавба сураси, 118-оят).
Ибн Ато айтади: «Тавба икки хил бўлади; Иноба тавбаси ва истижоба тавбаси. Бас, иноба тавбаси банданинг У зотнинг уқубатидан қўрқиб тавба қилишдир. Истижоба тавбаси эса У зотнинг карамида ҳаё қилиб таввба қилишидир».
Зуннун Мисрий айтади: «Одам боласининг ҳар бир аъзоси учун тавба зарурдир. Қалбнинг тавбаси ман қилинган нарсаларни ният қилишни тарк этишдир. Икки кўзнинг тавбаси Аллоҳ ҳаром қилган нарсадан уларни тийишдир. Икки қўлнинг тавбаси ҳалол бўлмаган нарсани ушлашни тарк қилишдир. Икки оёқнинг тавбаси беҳуда нарсалар бор жойга боришни тарк қилишдир. Қулоқнинг тавбаси ботилни тинглашни тарк қилишдир. Фаржнинг тавбаси фоҳиша ишлардан қайтишдир».
Яна ўша киши айтади: «Тавбаи насуҳ ўтган гуноҳларга тинмай йиғлаш, гуноҳга қайтишдан қўрқиш, ёмон дўстлардан ҳижронда бўлиш ва аҳли хайрни лозим тутишдир».
Муҳаққиқлар: «Тавба соликларнинг манзиларидан аввалги манзилдир. Толибларнинг мақомларидан биринчи мақомдир», демишлар.
Уламолар: «Ҳар бир гуноҳдан тавба қилиш вожибдир», деганлар.

ТАВБА ҚИССАЛАРИ

Албатта, тавба соликлар йўлининг бошланишидир. Ютуқ аҳлининг сармоясидир. Муридларнинг аввалги қадамидир. Адашганларга тўғриланиш калидидир. Тавба туфайли кўп ишлар ўнглангандир. Тавба туфайли кўп кишилар нажот топгандир. Одам отани ишини ўнглангани тавба қилганидандир. Иблиснинг лаънатга учрагани тавба қилмаганидандир.
Тавба ҳақидаги қиссалар Қуръони Карим ва Суннати набавийда кўп келган. Шунингдек, кейинги даврдаги уламолар ҳам турли кишиларнинг тавбалари ҳақидаги маълумотларни ишончли йўллар билан умматга етказганлар. Мазкур қиссаларда улкан ибратлар борлиги эътиборидан улардан баъзиларини тақдим сиз азизларга этишга қарор қилдик.

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳунинг тавбаси

Тафсир, тарих ва ҳадис китобларимизда келтирилган ривоятларда Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу шундай ҳикоя қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган ғазотлардан бирортасидан ҳам қолмаган эдим. Фақат Табук ғазотига иштирок этмадим. Яна айтиш керакки, Бадр ғазотига ҳам чиқмаган эдим. Аммо Бадрга чиқмаганлардан бирор киши итоб қилинмаган. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар Қурайшда бошқани кўзлаб чиқишган эдилару, лекин Аллоҳ улар билан душманни кутилмаганда тўқнаштирди.
Ақаба кечасида Ислом учун аҳдлашилганда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Гарчи Бадр одамлар ичида кўп зикр қилинадиган ва машҳурроқ бўлса ҳам, мен бу ишни Бадрга алмаштирмайман.
Аммо Табук урушига келсак, мен ўша ғазотдан ортда қолган чоғимдагидек кучли ва имкониятли бўлмаганман. Аллоҳга қасамки, ўша ғазотгача ҳеч қачон иккита уловим бўлган эмас. Ўшанда иккита уловим бор эди.
Одатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор ғазотга борадиган бўлсалар, сиртдан бошқа томонга кетаётган қилиб кўрсатар эдилар. Лекин бу сафар ундай қилмадилар. Ғазотга қаттиқ иссиқ пайтида чиқдилар. Сафар узоқ, душман кўп эди. Мусулмонлар тўлиқ тайёр бўлишлари учун ҳамма нарсани очиқ-ойдин қилдилар. Қаёққа кетаётганларини ҳам очиқ айтдилар.
Мусулмонлар кўп эди. Уларни биров рўйхатга ҳам олмас эди. Агар бирор одам бормай қолмоқчи бўлса, Аллоҳдан ваҳий тушмаса, ҳеч ким билмай махфий қолиб кетадиган даражада эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазотга чиққанларида роса мева пишган, салқин жойларни одам хоҳлайдиган пайт эди. Мен ўшандай нарсаларни яхши кўрардим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у киши билан бирга мусулмонлар ғазотга тайёргарлик кўра бошладилар.
Мен ҳам улар билан тайёргарлик кўрмоқчи бўлар эдим, аммо ҳеч нарса қилмасдим. Ўзимга ўзим: «Агар хоҳласам бир пасда қиламан», дер эдим. Расулуллоҳ ва мусулмонлар йўлга тушганларида ҳам мен қимирламадим. Улар кетганларидан сўнг ҳам мен иккиланар эдим. Орқаларидан етиб оларман, дердим.
Кошки, шундай қилган бўлсам. Бироқ бу менга насиб этмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам изиларидан одамларнинг орасига борсам, ўзимга ўзим мунофиқ ёки узрли одамга ўхшаб кўринавердим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табукка етиб боргунларича мени ёдга олмадилар. Табукда одамлар ичида ўтирганларида:
«Каъб ибн Молик нима қилди?» дедилар.
Бани Салама қабиласидан бир киши:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, уни икки чопони ва ёнбошига қараши тутиб қолди», деди.
Шунда ҳалиги одамга Муоз ибн Жабал:
«Яхши гап айтмадинг», деди ва «Эй, Аллоҳнинг Расули, уни фақат яхшилигини биламиз, холос», дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам индамадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Табукдан қайтиб келаётгани хабарини эшитгач, мени ғам босди. Ёлғон гапиришни ўйлай бошладим. «Эртага у кишининг ғазабидан қандай қутуламан», дер эдим. Ҳар бир фикрли одамнинг олдига бориб бу ҳақда маслаҳат сўрар эдим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етиб келдилар. Сафардан қайтганда қиладиган одатлари бўйича, биринчи масжидга кирдилар, икки ракъат намоз ўқидилар. Сўнгра ўтириб одамлар билан сўрашишни бошладилар. Ғазотга бормай қолганлар келиб у кишига узр айтиб, қасам ича бошладилар. Саксондан кўпроқ одам эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг сиртдан айтган узрларини, байъатларини қабул қилдилар, улар учун истиғфор айтдилар ва ичларидагини Аллоҳга ҳавола этдилар.
Навбат менга келди. У кишига салом бервудим, захарханда жилмайдилар ва:
«Бу ёққа кел!» дедилар.
Юриб бориб олдиларига ўтирдим. У киши менга:
«Сени нима олиб қолди. Улов сотиб олган эдинг-ку?» дедилар. Мен:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, агар сиздан бошқа бирорта аҳли дунё қаршисида ўтирганимда, узр айтиб унинг ғазабидан қутулиб кетар эдим. Худо менга тортишиш қобилиятини берган. Лекин Аллоҳга қасамки, агар бугун ёлғон гапириб сизни рози қилсам, албатта, Аллоҳ мени сизнинг ғазабингизга дучор этади. Агар ростини айтсам, мендан хафа бўласиз. Нима бўлса ҳам Аллоҳдан кўрдим. Аллоҳга қасамки, менинг узрим йўқ эди. Аллоҳга қасамки, сиздан ортда қолган чоғимдек, ҳеч қачон кучли ва имкониятли бўлмаган эдим», дедим.
Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Аммо манави, рост гапирди. Тур, Аллоҳ ҳақингда ҳукм қилгунча кут», дедилар.
Туриб кетдим. Бани Салама қабиласи одамлари шошиб ортимдан етиб келдилар ва:
«Аллоҳга қасамки, бундан олдин ҳеч гуноҳ қилганингни билмаган эдик. Бошқа ортда қолганлар каби узр айтишдан ҳам ожиз бўлдинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гуноҳинг учун истиғфор айтсалар кифоя қилар эди», дейишди.
Аллоҳга қасамки, улар мени шунчалик айблашдики, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб ўзимни ёлғончи қилсаммикин, деб ҳам қолдим. Сўнгра уларга:
«Бирорта одам менга ўхшаган гап айтдими?» дедим. Улар:
«Ҳа. Яна икки киши сен айтган гапларни айтди ва уларга ҳам сенга айтилган гаплар айтилди», дедилар. Мен:
«Улар кимлар?» дедим. Улар:
«Мирора ибн Робиъ ва Ҳилол ибн Умаййа ал-Воқифий», дейишди.
Менга Бадрда иштирок этган икки аҳли солиҳ улардан ўрнак олиб юрадиган кишиларни зикр қилишди. Икковларини айтишгандан сўнг йўлимда кетавердим.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ортда қолганлардан биз учовмизга одамларнинг гапиришини ман қилдилар. Одамлар биздан четландилар. Ҳатто менга ер ҳам ўзини олиб қочаётгандек кўриниб қолди. Ер мен танийдиган ерга ўхшамас эди. Шу ҳолда эллик кун ўтди.
Иккала шеригим уйларидан чиқмай ўтирар эдилар. Мен уларнинг ичида кучли ва қувватлиси эдим. Бориб мусулмонлар билан бирга намоз ўқирдим, бозорларни айланардим. Аммо ҳеч ким менга гапирмас эди. Намоз ўқиб бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган жойларига келиб, у кишига салом берар эдим. Ўзимча: «Алик олиб, лабларини қимирлатдиларми ёки йўқми?» дер эдим. Имкони борича у кишига яқин жойда намоз ўқир ва ўғринча назар солар эдим. Намоз ўқисам, менга қарар, У кишига қарасам, кўзларини олиб қочар эдилар. Мусулмонларнинг мендан ўзини олиб қочишлари чўзилиб кетгандан сўнг, амакиваччам ва энг севган одамим Абу Қатоданинг уйига бордим. Унга салом бердим, алик олмади. Унга:
«Эй, Абу Қатода, Аллоҳ ҳаққи айтчи, менинг Аллоҳ ва Расулини севишимни биласанми?» дедим.
У индамади. Унга яна ўша гапларимни такрорладим. У индамади. Яна қайтадан мурожаат қилдим. У:
«Аллоҳ ва Расули билади», деди.
Икки кўзимдан ёшим қуйилиб ортимга қайтдим.
Бир куни Мадинанинг бозорида юрсам, таом сотиш учун келган кишилардан бири одамларга:
«Менга Каъб ибн Моликни ким кўрсатиб қўяди?» демоқда.
Одамлар унга мени ишора ила кўрсатиша бошлади. У олдимга келиб, Ғассон подшоҳининг мактубини берди. Ўқиш, ёзишни билар эдим.
Очиб ўқисам: «Бизга соҳибинг сенга жафо қилгани хабари етиб келди. Аллоҳ сени хорлик ва зоелик диёрида қўймасин. Бизнинг ҳузуримизга кел, сенга яхшилик қиламиз», деб ёзилган эди.
Мактубни ўқиб бўлиб: «Бу ҳам бир бало–синов», дедим ва уни олиб бориб тандирга солдим. Эллик кундан қирқ кун ўтгандан сўнг Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам вакили келиб:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга хотинингдан четда бўлишни амр қилдилар», деди. Мен:
«Талоқ қилайми? нима қилай?» дедим. У:
«Йўқ, ундан четда бўл, яқинлашма», деди. Икки шеригимга ҳам худди шундай амр бўлди. Мен хотинимга:
«То Аллоҳ бу ишда ўз ҳукмини чиқаргунча қариндошларингиникига бориб тур», дедим.
Ҳилол ибн Умаййанинг хотини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй, Аллоҳнинг Расули! Ҳилол қартайиб қолган чол. Унинг хизматчиси йўқ. Унга хизмат қилиб турсам, сизга ёқмайдими?» деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Йўқ. Лекин сенга яқинлашмасин», дедилар. Аёл:
«Аллоҳга қасамки, унинг бор нарсага ҳаракати йўқ ва Аллоҳга қасамки, сизнинг амрингиз бўлган кунидан бери йиғлайди», деди. Баъзи қариндошларим:
«Расулуллоҳдан соллаллоҳу алайҳи васаллам хотининг ҳақида изн сўрасанг-чи, Ҳилол ибн Умаййанинг хотинига унинг хизматини қилишга изн бердилар», дейишди. Мен:
«Аллоҳга қасамки, мен у ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн сўрамайман, изн сўрасам нима дейишларини ҳам билмайман, ёш одам бўлсам», дедим.
Яна ўн кун ўтказдик. Бизга гапириш ман қилинганига эллик кун тўлди. Эллигинчи кеча бомдод намозини уйларимиздан бирининг устида ўқидим. Аллоҳ бизни зикр қилган ҳолдек, ўзимча юрагим сиқилиб, кенг ер тор кўриниб ўтирган эдим. Салъ тоғи устидан бир одамнинг баланд овоз билан:
«Эй, Каъб ибн Молик! Хушнуд бўлавер!!!» деб қичқираётганини эшитдим ва дарҳол саждага йиқилдим. Кумойиш келганини билдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозини ўқиганларидан кейин Аллоҳ бизнинг тавбамизни қабул қилганини эълон этган эдилар. Одамлар бизга хушхабар келтира бошладилар.
Шерикларим томон ҳам хушхабарчилар кетдилар. Бир одам мен томон от чоптирган, бири пиёда югурган эди. Пиёда юрган тоққа чиқиб бақирган ва унинг овози отдан олдин етиб келган эди. Овозини эшитган одам олдимга етиб келганида кийимимни ечиб, суюнчисига унга кийгиздим. Аллоҳга қасамки, ўзи ўша вақтда бошқа нарсам ҳам йўқ эди. Бировдан кийим қарзга олиб кийдим-да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон югурдим. Одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, тавбам қабул бўлгани билан табриклашар ва:
«Аллоҳ сенинг тавбангни қабул этгани муборак бўлсин!» дейишар эди. Масжидга кирсам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирибдилар, атрофларида одамлар. Толҳа ибн Убайдуллоҳ туриб, шошилиб келиб, қўлимни олди ва тарбиклади. Аллоҳга қасамки, муҳожирлардан ундан бошқа турмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берган эдим, у киши хурсандликдан юзлари чарақлаб:
«Онанг сени туққандан бери қувончли кунингни, хурсандчилигини қилавер», дедилар. Мен:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, сизнинг тарафингизданми ёки Аллоҳнинг тарафиданми?» дедим. У киши:
«Йўқ! Аллоҳнинг томонидан», дедилар. Одатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурсанд бўлсалар, юзлари худди ойнинг парчасидек нурли бўлиб кетар эди. Биз буни яхши билар эдик. У кишининг олдиларига ўтирганимдан сўнг:
«Эй, Аллоҳнинг Расули! Тавбам учун молимдан Аллоҳ ва Унинг Расулига садақа чиқарсам», дедим. У киши:
«Молингдан баъзисини ўзинг учун олиб қолганинг ўзингга яхши», дедилар. Мен:
«Хайбардан теккан улушимни олиб қоламан. Эй, Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ менга ростгўйлик туфайли нажот берди. Модомики, боқий эканман, рост сўзламоғим ҳам тавбамдандир», дедим. Аллоҳга қасамки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўшани айтганимдан бери, мусулмонлардан ҳеч кимни тўғри сўзликда мени синагандек кузатмаган бўлса керак. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўша гапни гапирганимдан ҳозирги кунгача ҳеч ёлғон сўзламадим. Аллоҳ мени бундан буён ҳам Ўзи муҳофаза қилишига умид қиламан. Сўнг Аллоҳ таоло: «Ва ортда қолган уч кишига ҳам. Уларга кенг ер тор бўлиб, юраклари сиқилиб, Аллоҳдан қочиб, ўзгага бориб бўлмаслигига ишонганларидан сўнг тавба қилишлари учун тавба эшигини очди» оятини нозил қилди». («Тафсири ҳилол»дан)

Иброҳим ибн Адҳамнинг тавбаси

Муҳаммад ибн Исҳоқ қуйидагиларни айтди:
«Иброҳим ибн Адҳамнинг ходими Иброҳим ибн Башшордан ушбуларни эшитдим:
«Эй, Абу Исҳоқ! Ишингнинг аввали қандоқ бўлган эди?» дедим. У ўз қиссасини бошлади:
«Отам Балх аҳлидан эди. У Хуросон подшоҳларидан бири эди. Бизга ов қилиш маҳбуб эди. Отимни миниб, итимни олиб чиқдим. Шу ҳолда юриб бораётсам қуёнми, тулкими сакраб қолди. Отимни қистаган эдим, ортимдан:
«Сен бунинг учун яратилганинг йўқ! Сенга бу амр қилингани йўқ!» деган бир нидо эшитдим.
Тўхтаб ўнгга, сўлга назар солдим. Бир кишини кўрмадим. Аллоҳ иблисни лаънатласин! дедим. Кейин отимни қистадим. Бас, олдингидан ҳам баландроқ овоздаги:
«Эй, Иброҳим! Сен бунинг учун яратилганинг йўқ! Сенга бу амр қилингани ҳам йўқ!» деган нидони эшитдим.
Тўхтаб ўнгга, сўлга назар солдим. Бир кишини кўрмадим. Аллоҳ иблисни лаънатласин! дедим. Кейин отимни қистадим. Бас, эгаримининг қошидан:
«Эй, Иброҳим! Сен бунинг учун яратилганинг йўқ! Сенга бу амр қилингани ҳам йўқ!» деган нидони эшитдим.
Огоҳлантирдинг! Огоҳлантирдинг! Менга оламларнинг Роббисидан огоҳлантирувчи келди!» дедим.
Ўша кундан кейин Аллоҳ мени асраган пайтда Аллоҳга ҳеч осийлик қилмадим.
Аҳлим ҳузурига бордим. Сўнг отамнинг чўпонларидан бирининг олдига бордим. Ундан бир чопон ва кийим олдим. Ўзимнинг кийимларимни унга бердим. Сўнгра Ироқ томон йўл олдим. Баланд паст ерлардан юриб Ироққа етиб бордим. У ерда бир неча куни ишладим. У ернинг нарсаси менга мусаффо бўлмади. Баъзи машойихлардан сўраган эдим. У менга:
«Агар ҳалолни истасанг, Шом диёрига бор», деди.
Бас, Мансура деб номланадиган шаҳарга етиб бордим. У ерда бир неча куни ишладим. У ерда ҳалол нарса менга мусаффо бўлмади. Баъзи машойихлардан сўраган эдим. У менга:
«Агар мусаффо ҳалолни истасанг, Турсусга бор. У ерда кўп мубоҳлар ва кўп иш бор», деди.
Туртус томон юзландим. У ерда бир қанча кунлар ишладим. Боғларга қараб уларнинг ҳосилини йиғар эдим. Бир куни денгиз бўйида ўтирсам бир киши олдимга келиб мани боғига қараб туришим учун мардикор қилиб олди. Ул боғда кўп кунлар бўлдим. Бир куни хўжайин ўз асҳоблари билан келиб қолди. Ўз жойига ўтириб олиб:
«Ҳой, мардикор!» деб қичқирди.
«Шу ердаман!» дедим.
«Бор, бизга энг каттта ва энг яхши анорни келтир!» деди.
Бориб энг катта анорни олиб келдим. Хўжайин уни олиб ёрди. Еб кўрувди, аччиқ чиқди.
«Ҳой, мардикор! Сен бизнинг боғимизда шунча вақтдан бери меваларимизни, анорларимизни еб юрсанг ҳам чучугини аччиғидан ажрата олмайсанми!?» деди.
«Аллоҳга қасам! Мен сенинг мевангдан еганим йўқ. Чучугини аччиғидан ажрата олмайман», дедим.
Шунда хўжайин ўз асҳобларига қараб:
«Манавунинг гапини эшитяпсизларми?! Сен Иброҳим ибн Адҳммидинг!?» деди ва бошқа гап айтмай қайтиб кетди.
Эртасига менинг сифатимни масжидда одамларга айтибди. Уларнинг баъзилари мени танибди. Бас, хўжайин оломон одамлар билан келиб қолди. Уни кўришим билан дарахтнинг ортига беркиниб олдим. Одамлар кириб келшар эди. Улар кираётганларида ичларига қўшилиб олдим. Кейин аста суғирилиб чиқиб, қочиб қолдим. Ишимнинг аввали, Туртусдан қум юртларига чиқишим анашундоқ бўлган».
Ибн Қудома ал-Мақдисийнинг «Китобут Таввобийн»нидан.

АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ РАҲМАТИ КЕНГЛИГИ ҲАҚИДА

Аллоҳ таоло: «Раҳматим эса, ҳамма нарсадан кенгдир. Уни тақво қилганларга, закот берганларга, оятларимизга иймон келтирганга ёзажакман», деган.
Аллоҳнинг раҳмати жуда ҳам кенг, Ўзи халқ қилган бу дунёдан ҳам кенг. Унинг раҳмати мўминга ҳам, кофирга ҳам, тақийга ҳам ва осийга ҳам шомилдир.
Шунингдек, Аллоҳ таоло Ўз раҳматини ёзиб қўядиган, алоҳида бахтга сазовор этадиган бандаларининг сифатларини ҳам зикр қилиб ўтмоқда:
«Уни тақво қилганларга, закот берганларга, оятларимизга иймон келтирганга ёзажакман».
Аллоҳ таолонинг раҳматига шубҳасиз сазовор бўлиши, унинг раҳмати ёзилиб қолиши учун банда бир неча сифатларга эга бўлиши лозимлиги шарт қилинмоқда:
Биринчиси–тақво қилиш. Яъни, Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш.
Иккинчиси–закот бериш. Яъни, Аллоҳга молиявий ибодат қилиш.
Учинчиси–Аллоҳнинг оятларига иймон келтириш.
Тўртинчиси–Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш.

Аллоҳ таоло: «Сен (Менинг тарафимдан): «Эй, ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албаттта, Унинг Ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир», деб айт», деган.
Имом Бухорий Саъид ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда айтилишича, кўплаб гуноҳлар қилган бир гуруҳ мушрик Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Албатта, сен даъват қилаётган нарса жуда ҳам гўзал. Қани, айт-чи, биз қилган нарсаларни ювадиган нарса ҳам борми?» деб сўрашганида Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани туширган экан.
Тафсирчи уламоларимиз таъкидлашларича, бу ояти карима Қуръондаги энг умидворлик ояти ҳисобланади. Бу оятда бандалар учун энг улуғ башорат бор.
Аввало, Аллоҳ таоло:
«Эй, ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим», деб бандаларига ўз нисбатини бермоқда.
Аслида, мол-дунёни ортиқча сарфлашга «Исроф» дейилади. Шунингдек, бу сўз маънавий жиҳатдан ҳаддан ошишга нисбатан ҳам ишлатилади. Бинобарин, гуноҳ қилган одам исрофчи бўлади, чунки у Аллоҳ белгилаб қўйган ҳаддан (чегарадан) чиққан ҳисобланади. Гуноҳ туфайли ҳаддидан ошган одам ўзига зарар, жабр қилади. Аллоҳ таоло ушбу оятда бандаларнинг гуноҳ сабабли исрофга йўл қўйиб, ўзларига жабр этишини айтмоқда.
«Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг!»
Унинг раҳмати жуда кенгдир.
«Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар».
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида ширкдан бошқа барча гуноҳларни мағфират этишини таъкидлаган. Чунки:
«Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир».
Тавба қилган бандаларнинг гуноҳларини кечиради.
Муфассирларимиз, аввал айтиб ўтилганидек, бу ояти каримани Аллоҳ китобидаги энг умидли оят деб таъкидлайдилар ва, шу билан бирга, бу умид гуноҳга ташвиқ этувчи умид эмаслигини ҳам қаттиқ уқдирадилар. Яъни, Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради, деган умид билан билатуриб гуноҳларда давом этишнинг фарқи бор. Бу оятда Аллоҳнинг қонун-қоидаларини билмасдан аввал гуноҳ қилиб юрганлар мағфиратдан, умид узмаслиги кераклиги айтиляпти. Бу ҳақиқатни оятнинг нозил бўлиш сабабидан ҳам билдик.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ халойиқни халқ қилганда Ўз китобига, ўшанда у аршнинг устида, унинг олдида турганди, албатта, роҳматим азобимдан ғолиб келадир, деб ёзиб қўйди», дедилар».
Шарҳ: Ушбу ривоятдаги «Ўз китобига»даги китобдан мурод, «Лавҳул Маҳфуз»дир.
Демак, Аллоҳ таоло, албатта, роҳматим азобимдан ғолиб келадир, ёзган китобнинг номи, «Лавҳул Маҳфуз»дир. Бунга иймон келтириш ҳам, лозим нарсалардан биридир.
«Арш» эса, луғатда подшоҳ ўтирадиган тахтни англатади. Ақоид илми уламолари келтиришларича, оят ва ҳадисларда келган васфларга биноан, «Арш» оёқлари бор тахт бўлиб, уни фаришталар кўтариб туради. У худди олам устидаги қуббага ўхшайди. У махлуқотларнинг шифтидир. Аллоҳ таолонинг Аршга эҳтиёжи йўқ. Балки уни Ўзи билган ҳикмат учун яратгандир:
«Аршнинг устида» дейишда ҳиссий маъно кўзда тутилмаган. Чунки, Аршнинг устида нарса йўқ. Аллоҳнинг ҳузуридаги олий маконлик кўзда тутилган. «Ёзди» дейилишидан мурод эса, қаламга ёзишни буюрди, деган маънони англатади.
Кўриб турибмизки, бу ҳадиси шарифда, ақоид илмида «ғайбиёт» деб номланган нарсалардан бир нечаси зикр қиланмоқда. Ҳадиси шарифда ўша ғайбий иймон келтириш лозим бўлган нарсалардан, Аршни, Китобни ва уларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мартабасини эслата туриб, Аллоҳнинг раҳмати ғазабидан илгари эканини таъкидланмоқда. Бу эса, сиз билан биз бандаларни доимо Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлишимиз учундир.
Аллоҳ таолонинг раҳмати ғазабидан ғолибдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:
«Раҳматим ҳамма нарсадан кенгдир», деган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар мўмин Аллоҳнинг ҳузуридаги уқубатни билганида, бирор киши Унинг жаннатига тама қилмас эди. Агар кофир Аллоҳнинг ҳузуридаги роҳматни билганида, бирор киши Унинг жаннатидан ноумид бўлмас эди», дедилар».
Шарҳ: Бундан икки тараф ҳам бирлиги ва биридан қўрқиб, бошқасидан умид қилиб, биридан қутилишнинг бошқасига сазовор бўлишнинг чорасини ахтариб юриш лозим бўлади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ роҳматни юз бўлак қилгандир. Тўқсон тўққизтасини Ўз ҳузурида тутиб қолиб битта роҳматни ерга нозил қилгандир. Ана ўша бўлакдан махлуқотлар бир-бирларига роҳмат қиладилар. Ҳатто ҳайвон боласини босиб олишдан қўрқиб туёғини кўтаради», дедилар».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг юзта роҳмати бордир. Улардан биттасини жин, инс, ҳайвонот ва ҳашоротлар орасига нозил қилгандир. Бас, ўша ила улар бир-бирларига маҳр ва раҳим кўрсатадилар. Ўша ила ваҳший ўз боласига меҳр кўрсатади. Аллоҳ тўқсон тўққизта роҳматни кейинга қўйган. Улар ила қиёмат куни бандаларига роҳмат кўрсатади», дедилар». Ушбу тўрттани икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Охирги икки ҳадиси шариф бир-бирини тўлдириб ва таъкидлаб келмоқда. Аллоҳ таолонинг кенг роҳматидан кўпи қиёматга қолдирилган экан. Аллоҳ таоло ўша куни роҳматига олсин.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон қиёмат куни бўлса Аллоҳ азза ва жалла ҳар бир мусулмонга биттадан яҳудий ёки насронийни бериб «Манаву, сенинг дўзахдан озод бўлишингга аталган тўлов дейди», дедилар».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир мусулмон ўлса, албатта, Аллоҳ унинг ўрнига бир яҳудий ёки насронийни дўзахга киритади», дедилар».
Шарҳ: Бу икки ҳадиси шарифда мусулмонни шарафлаш ва кофирларни таҳқирлаш маъноси бордир. Аллоҳ таоло мусулмоннинг гуноҳини кофирга юклаб қўймайди. Балки унга кўрсатиб туриб мағфират қилади. Шу билан бирга мусулмон мабодо кофир бўлса дўзахнинг қаерига тушишини кўрсатиб туриб ўша ерга кофирни ташлайди. Бундан мўмин-мусулмонга Аллоҳ таолонинг роҳмати қанчалар кенг эканлиги келиб чиқади.

Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ фалончини мағ фират қилмайди» деса, Аллоҳ таоло «Фалончини мағфират қилмаслигим ҳақида қасам ичаётган ким ўзи?! Батаҳқиқ, Мен фалончини мағфират қилдим ва сенинг амалингни беҳуда қилдим» дейди», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «Аллоҳ бандани бу дунёда сатр қилган бўлса, албатта, уни Аллоҳ қиёмат кунида ҳам сатр қиладир», дейилган. Ушбу учтани Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, ҳеч кимнинг бировни Аллоҳ таоло мағфират қилмайди дейишга ҳақ йўқ. Шу билан бирга қилган гуноҳ беркилган ҳолида қолган мўмин банда яхшиликдан умидвор бўлишига катта йўл бор экан.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига асирлар келтирилди. Асирлар ичида бир аёл гирён уриб типирчилаб юрарди. У бирдан асирлар ичида гўдак болани кўриб қолдида, уни олиб бағрига босиб, эмиза бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга:
«Манашу аёл боласини оловга ташлайди деб ўйлайсизларми?» дедилар.
«Йўқ! Аллоҳга қасам! У уни ташламасликка қодир», дедик.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ бандаларига мана шу аёл боласига раҳим қилишдан кўра раҳимлироқ», дедилар
».
Икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Дунёда онанинг ўз боласига кўрсатадиган раҳм шафқатига, муҳаббатига ўхшаш нарсани топиб бўлмаслиги ҳаммага маълум. Бу ҳадиси шарифда Аллоҳ таолонинг бандаларга кўрсатадиган раҳм шафқати ва меҳрибонлиги онанинг мазкур раҳм шафқатидан ҳам кенг ва шомиллиги таъкидланмоқда.

Абу Зарр ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла «Ким бир яхшилик қилса, унга ўн мислича ва зиёда ҳам қилурман. Ким бир ёмонлик қилса, унинг жазоси ўшанинг мислича ёмонлик ёки мағфират қилурман. Ким Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир аршин яқинлашурман. Ким Менга бир аршин яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашурман. Ким Мен томон юриб келса, Мен у томон югиргилаб борурман. Ким Менга ер тўла гуноҳ ила рўбарў келса, аммо Менга ширк келтирмаган бўлса, Мен унга ўшанинг мислича мағфират ила рўбарў келурман» дейди», дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Термизийнинг лафзида: «Аллоҳ таоло: «Эй, одам боласи! Модомики, сен Менга дуо қилар экансан ва Мендан умидвор бўлар экансан, Мен сени сендаги борки нарса ила мағфират қилурман. Парво қилмайман.
Эй, одам боласи! Агар гуноҳларинг осмоннинг тепасига етган бўлса ҳам сен Менга истиғфор айтсанг, сени мағфират қилурман. Парво қилмайман.
Эй, одам боласи! Менга ер тўла гуноҳ ила рўбарў келсанг, аммо Менга ширк келтирмаган бўлсанг, Мен сенга ўшанинг мислича мағфират ила рўбарў келурман» дейди
», дедилар», дейилган.
Шарҳ: Аллоҳ таоло ҳаммамизни ширкдан сақлаб Ўз мағфиратига сазовар қилсин!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
учинчи мақолаКуннинг аввалида банданинг нафси билан яхшилик қилишга шартлашиб оладиган вақти бўлганидек, куннинг охирида қилинган ишларни ҳисоблашиб оладиган давоми...

2417 13:08 / 05.09.2020
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мушкул тушганда .Улуғ ва Ҳалийм бўлган, улуғ Аршнинг Роббиси бўлган, осмонлару давоми...

36224 05:00 / 01.03.2017
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло коинот ишларини жуфтлик асосида ташкил қилган. Ҳар бир нарса ўзига мувофиқ ёки зид келувчи жуфтига эгадир. Масалан, ернинг жуфти осмон, давоми...

3034 05:00 / 01.03.2017
. . . ,. . Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадисни етти давоми...

2452 17:00 / 28.08.2021
Аудиолар

120292 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41934 14:35 / 11.08.2021