1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1434

Савол беришнинг ҳукм ва одоблари (танловга)

15:02 / 19.04.2017 3239 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолога Ўзининг Зотига муносиб ҳамд ва У Зотнинг бандаси ва расули Муҳаммадга чексиз салавоту саломлар айтамиз.

Илм Аллоҳ таолонинг Ўз махлуқотларига ато қилган неъматлари ичида энг фазилатлиси ва шарафлисидир. Неъматнинг фазли ва шарафи қанчалик улуғ бўлса, албатта унинг аҳкомлари ва одоблари ҳам шунга яраша фазилатли ва улуғ бўлади. Маълумки, илм ҳосил қилишнинг йўлларидан бири – савол беришликдир. Аллоҳ таоло: “Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг” (Наҳл, 43), деб марҳамат қилган.  

Зуҳрийдан ривоят қилинади, у киши айтадиларки: “Илмнинг жуда кўп хазиналари бордир. Бу хазиналарни эса фақатгина савол очади”. Муҳаммад ибн Сийрин эса: “Албатта, илмнинг қулфлари бордир ва бу қулфларнинг калитлари эса саволдир”, деганлар.  Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан: “Илмга қандай эришдингиз?” деб сўралганда: “Кўп сўрагувчи тил, ақлли қалб ва малолланмайдиган жасад билан”, деб жавоб берган эканлар. 

Маймун ибн Меҳрон: “Гўзал савол илмнинг ярмидир”, деганлари ривоят қилинади. Зайд ибн Асламдан бирор киши савол сўраб келсаю, саволни аралаштириб юборса, яъни одобини унутса, у киши: “Бор кет! Қандай савол беришни аввал ўргангин. Кейин сўрагин”, дер эканлар.  

Ҳозирда халқимизнинг динимиз таълимотларини ўрганишга бўлган иштиёқлари уларни олимлардан савол сўрашга чорлаши табиий. Мусулмонларнинг бу эҳтиёжларини қондириш йўлида кўпгина қулайликларнинг мавжудлигини ҳамда бу борада ҳам баъзида одоб-ахлоқ доирасидан чиқиб кетишлари учраб турганлигини мулоҳаза қилганлигимиз сабаб мазкур мавзуга мурожаат қилишни ихтиёр қилдик.

Қуйида савол беришнинг баъзи муҳим одоблари билан бақадри имкон танишиб чиқамиз:


БОТИНИЙ ОДОБЛАР:

1. Аллоҳ таолонинг розилигини ният қилмоқ;

2.Сўрайдиган масаласини ақлида комил шаклда тасаввур қилиб олмоқ; 

3. Фойдали илм талабида бўлмоқ;

4. Ҳақиқатни ўзи билса, бошқалар ҳам билишини хоҳламоқ;

5. Мажлис аҳли биладию, лекин мажлиснинг илмий кайфиятини муҳофаза қилмоқ;

6. Риё ва шуҳратдан ҳазар қилмоқ;

7. Фатво берувчи ёки мажлис аҳлига азият бериш ниятидан тийилмоқ;

8. Фатво берувчи ёки мажлис аҳлига нисбатан фитна ва иҳтилофларни чиқариш ниятидан сақланмоқ;

9. Дин душманлари тарқатишга ҳаракат қилаётган мавзуларни очишдан эҳтиёт бўлмоқ;

10. Китоб ва Суннатга хилоф бўлган бутун ният ва мақсадлардан четланмоқ;

ТИЛ АМАЛЛАРИДАГИ ОДОБЛАР:

1. Аллоҳ таолонинг зикри билан бошламоқ (яъни Бисмиллаҳ билан);

2. Тасаввуридаги маъноларни иложи борича тушунарли ва лўнда калималар билан баён қилмоқ;

3. Муфтийга ҳурмат-эҳтиром калималари билан хитоб қилмоқ;

4. Овозини фақатгина ҳожат миқдорида баланд ёки паст қилмоқ;

5. Овозида кибр ва истеҳзодан ҳазар қилмоқ;

6. Азият ва фитнага сабаб бўладиган сўз ва жумлаларни истеъмол қилмаслик;

7. Хато тушунча ва ёмон гумонга олиб борадиган калималардан эҳтиёт бўлмоқ;

8. Муфтийдан хато жавоб олганлигини билса, уни гўзал хулқ билан огоҳлантирмоқ;

9. Муфтий хатосини қабул қилмаса ва бу ихтилофли масала бўлса, ҳақни баён қилиб кейин сукут қилмоқ, яъни у билан тортишмаслик;

10. Муфтийнинг хатоси Китоб ва Суннатга мутлақо хилоф бўлса, илми етганича уни рад қилмоқ;

11. Хатони рад қилса фитна чиқиши эҳтимоли кўп бўлса ёки ҳақ аҳлига зулм эҳтимоли бўлса сукут қилмоқ;

12. Фатвони тушунмаса такрор сўрамоқ;

13. Фатводан қониқса ва севинса ҳурсандлигини изҳор қилмоқ;

14. Саҳиҳ ва ҳақ фатвони бошқаларга ҳам етказмоқ.

САВОЛ БЕРИШДАГИ ЖАСАДИЙ (ЗОҲИРИЙ) ОДОБЛАР:

1. Аҳлоқининг гўзал бўлмоғи;

2. Азият ва фитнага сабаб бўладиган муомалалардан ҳазар қилмоғи;

3. Либосининг суннатга мувофиқ бўлмоғи;

4. Ўтириш ва туриши суннатга мувофиқ бўлмоғи,

5. Фақатгина илми ва амали Китоб ва Суннатга мувофиқ уламоларга мурожаат қилмоғи;

6. Агар жавоб кечикса сабр ва гўзал ҳулқ билан кутмоғи;

7. Агар жавоб берилмаса ҳусни зонн (яхши гумон) билан қайтиб кетмоғи;

8. Агар жавоб берувчидан мункар амал кўрса шариат ҳудудларини риоя қилган ҳолда қарши чиқмоқ;

9. Агар қарши чиқмоги фитнага ва аҳли ҳаққа зулмга сабаб бўлса сабр қилмоқ;

10. Агар жавоб куфр ва ширк бўлса ёки ҳақ ва унинг аҳли масхара қилинса, ўша  мажлисни тарк қилмоқ;

11. Ўзига ва ҳақ аҳлига зарар берадиган бутун ҳаракатлардан ҳазар қилмоқ.

Савол берувчининг бундан бошқа одоблари ҳам бор бўлиб, уларнинг баъзилари қуйидагилардир:

1. Саволни салом бериш ила бошлашлик;

2. Савол берувчи киши билан муфтий орасида одоб доирасидаги масофани сақлаш (баъзи уламолар бу масофани бир камон узунлигича бўлган масофа деганлар);

3. Савол берувчи муфтийнинг ҳузурида ерга қараб, тавозеъ билан ўтириши; 

4. Муфтийга кўп савол бермаслик;

2. Жавобни қаттиқ талаб қилиб уни чарчатмаслик;

3. Муфтийнинг адашишининг пайида бўлмаслик;

4. Бир муфтийдан сўраган фатвосини бошқа муфтийдан сўрамаслик (бу аввал савол сўралган муфтийга нисбатан одобсизлик ва ишончсизлик бўлади);

5. Муфтийдан жавобнинг далилини сўрамаслик (агар илмга аҳл бўлса, фатвонинг далилини бошқа мажлисда одоб билан сўраши жоиз);

6. Муфтийдан динига, дунёсига фойдаси бўлмаган нарсаларни сўрамаслик;

7. Қийин ва чигал масалаларни сўрамаслик;

8. Саволда чуқур кетмаслик;

9. Саволни фақатгина амал қилиш учунгина сўраш.

МАКТУБ ЁКИ ИНТЕРНЕТ ОРҚАЛИ САВОЛ БЕРИШ ОДОБЛАРИ

1. Авваламбор ишончли, илми ва амали билан кўпчилик орасида афзал деб топилган муфтийдан савол сўраш;

2. Тўғри келган (ўзини олим санаган) кимсалардан фатво сўрамаслик;

3. Мактубини салом ва Аллоҳнинг зикри (Бисмиллаҳ) билан бошлашлик;

4. Мактубини муфтий малолланадиган даражада чўзиб юбормаслик;

5. Имкони борича мактубида имловий хатоларга йўл қўймаслик;

6. Муфтий билан ғойибона мулоқот қилаётган бўлсада, зоҳирда қандай одобларга амал қилиш керак бўлса, ўша ҳукм ва одобларга амал қилиш;

7. Интернет орқали кўпчиликнинг олдида муфтийга фитнали саволларни бермаслик;

8. Юқорида келтирилган барча ҳукм ва одобларга тўла амал қилиш.

Юқорида келтирилган аҳком ва одоблар бу бобдаги ҳукмларнинг баъзилари холос. Бу мавзуда уламоларимиз ўзларининг кўпдан-кўп насиҳат ва тавсияларини айтишган. Юқоридаги сатрларда сиз азизларга бу борада озгина бўлса ҳам манфаат етказа олган бўлсак, буни Роббимизнинг фазлидан деб билгайсизлар. Хатоларимизни мағфират қилишини сўраб хайрли дуода бўлгайсизлар. 

Аллоҳ таоло барчаларимизни динимиз таълимотларини ўрганишда манфаатли илм ҳосил қилишимизни насиб этсин!


Умиджон Турсинов

2014 йил 28 май



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймАллоҳ таолога ҳамд, Унинг бандаси ва элчиси Муҳаммад ибн Абдуллоҳга ҳамда у зотнинг аҳли байтига саломсаловотлар бўлсинАллоҳ таоло ер давоми...

11823 14:54 / 19.04.2017
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар Пайғамбар алайҳиссалом Мен жоҳилият бузуқлигининг ҳеч бирида туғилмаганман, фақат ислом никоҳи билан туғилганманrdquo деб давоми...

2483 15:31 / 19.04.2017
Бир ҳаётий воқеада бундай дейиладиquotБир жойда авто ҳалокат содир бўлган эди. Қарасам тез ёрдам машинаси ва атрофида кўп одамлар тўпланиб турибди. Бир енгил давоми...

2422 15:06 / 19.04.2017