1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Рўзадорнинг мисвок ишлатиши

18:42 / 02.06.2017 7310 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Омир ибн Робиъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллмнинг рўзадор ҳолларида санаб саноғига ета олмайдиган даражада кўп мисвак ишлатганларини кўрганман».

Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис деган.

Имом Бухорий айтдилар: «Ибн Умар розияллоҳу анҳумо: «Рўзадор куннинг аввалидаю охирида мисвок ишлатаверади, лекин туфугини ютмайди», деган. Ато: «Агар (мисвокдан қолган) туфугини ютиб юборса, унинг рўзаси очилади, демайман», деган».

Аҳмад ва Исҳоқлар куннинг охирида мисвок ишлатишни макруҳ дейишган.

Рўзадорнинг ғусл қилиши

Рўзадор одам бироз салқинлаш учун ғусл қилса зарари йўқ. Анас ибн Моликнинг ҳовузи бўлиб, рўзадор ҳолида унда ғусл қилар эди. Абу Бакр ибн Абдурраҳмон Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи саҳобаларидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аржда* рўзадор ҳолларида чанқоқдан (ёки иссиқдан) бошларидан сув қуяётганларини кўрдим» (Абу Довуд ривоят қилган).

* Мадинадан 78 мил узоқликда жойлашган қишлоқ.

Рўзадор унутган ҳолида еб-ичиб қўйса

Рўзадор фарз, қазо ёки каффорот рўзасини тутаётиб, унутган ҳолида еб-ичиб ёки жимоъ қилиб қўйса, унинг зиммасига ҳеч нарса вожиб бўлмайди.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Рўзадор) унутиб еб-ичиб қўйса, рўзасини давом эттирсин. Уни Аллоҳ едириб-ичирибди, холос», дедилар».

Бухорий айтадилар: «Ҳасан ва Мужоҳид: «Рўзалигини унутиб жимоъ қилиб қўйса, зиммасига ҳеч нарса вожиб бўлмайди», дейишган».

Рўзадорнинг ҳижома қилдириши (қон олдириши)

Рўзадор одамга ҳижома, яъни қон олдириш мумкинлиги ҳақида ҳам, мумкин эмаслиги ҳақида ҳам ҳадислар ривоят қилинган.

Ҳижоманинг мумкин эмаслиги ҳақида келган ривоят Термизийнинг Рофеъ ибн Ходиждан ривоят қилиб, ҳасан саҳиҳ деган ҳадиси бўлиб, унда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қон олганнинг ҳам, қон олдирганнинг ҳам рўзаси очилибди», деганлар. Шунга биноан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ва бошқалардан иборат бир гуруҳ аҳли илмлар буни кариҳ кўришган. Аҳмад ибн Ҳанбал: «Ким рўзадор ҳолида ҳижома қилдирса, унга қазо вожиб бўлади», деган.

Рухсат маъносида келган ривоятни ҳам имом Термизий Ибн Аббосдан ривоят қилиб, саҳиҳ деган. Унда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Расулуллоҳ эҳромда, рўзадор ҳолларида қон олдирдилар», деган. Бухорийнинг ривоятида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳромда ҳам қон олдирганлар, рўзадор ҳолда ҳам қон олдирганлар», дейилган.

Айрим аҳли илмлар «Қон олганнинг ҳам, қон олдирганнинг ҳам рўзаси очилибди» деган ҳадисни шундай изоҳлашган: «Ҳижома рўзадорни ҳолсизлантириб қўйса, рўзанинг савоби кетиб қолади». Аммо ҳижома рўзадорни ҳолсизлантирмаса, иншааллоҳ, рўзаси очилмайди.

Имом Бухорий Собитдан ривоят қилади: «Собит Буноний Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан «Рўзадор учун қон олдиришни макруҳ санармидингиз?» деб сўради. У: «Йўқ, фақат ҳолсизланиш юзасидан эди», деди».

(Изоҳ: Ҳанафий мазҳабига кўра қон олиш ёки қон олдириш рўзани очмайди. У вақтларда қон одатда қортиқда олингани учун қон олган кишининг оғзига қоннинг таъми ёки ўзи кириб кетиб қолиши эҳтимоли кучли эди. Қон олдирган киши эса қувватсизланиб, беҳол бўлиши ва натижада рўзасини очишга тўғри келиши мумкин эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу эътибордан уларнинг рўзаси очилади, деб айтганлар. Бу ҳукм аввалги босқичда жорий қилинган, кейинроқ эса бу борадаги маълумотлар аниқлангач, насх бўлган, яъни амалдан қолган. Бу ҳақда келган бошқа ҳадислар ҳам шуни кўрсатади. Лекин мазкур ҳадисни эшитган саҳобалар омонат юзасидан уни ривоят қилиб қолдирганлар, муҳаддисларимиз эса уни ўз китобларига киритганлар. «Олтин силсила»).

Мен айтаманки, Рамазонда кундузи кўнгилли равишда қон топшириш рўзадорни ҳолсизлантириб қўймаса, рўзани очиб юбормайди. Лекин ҳолсизлантириб қўядиган бўлса, кундузи эҳтиёт юзасидан қон топширмагани афзал.

Рўзадорнинг бурнига сув олиши

Рўзадор одам ҳам таҳоратда оғзини чаяди, бурнига сув олади, чунки бу суннат амаллардир. Лекин оғиз чайиш ва бурунга сув олишда муболаға қилмаслиги керак.

Лақийт ибн Сабурадан ривоят қилинади: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, менга таҳоратни айтиб беринг», дедим. У зот: «Таҳоратни мукаммал қил. Бармоқлар орасига сув оралат. Рўзадор бўлмасанг, бурунга сув олишда муболаға қил».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Термизий: «Бу ҳасан саҳиҳ ҳадисдир», деган.

Рўзадорнинг қайт қилиши

Ким беихтиёр қайт қилиб юборса, рўзаси ҳам бузилмайди, унга қазо ҳам вожиб бўлмайди. Ким қасддан, ўзини мажбурлаб қусса, унга қазо вожиб бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким беихтиёр қусиб юборса, қазо қилиш вожиб эмас. Ким қасддан ўзини мажбурлаб қусса, қазосини тутсин», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Лафз Термизийники, у: «Бу ҳасан ғариб ҳадисдир», деган.

Буни Абу Ҳанифа, Шофеъий, Аҳмад ва бошқалар олишган.

 

Таржимон Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Муслим Каъб ибн Моликдан ривоят қилади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ташриқ кунлари мени Авс ибн Ҳадасон билан бирга жўнатганлар, мен .Жаннатга давоми...

4482 17:30 / 12.06.2017
Омир ибн Робиъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллмнинг рўзадор ҳолларида санаб саноғига ета олмайдиган даражада кўп мисвак давоми...

7310 18:42 / 02.06.2017
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм .Эй иймон келтирганлар Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор давоми...

4111 15:56 / 27.05.2017
Аллоҳ таолодан қўрқишАллоҳ таоло Ўз фазли ва улуғлигидан Ўзидан қўрқувчилар учун.Роббининг ҳузурида туришдан қўрққанлар учун икки жаннат бор,АрРоҳман сураси, давоми...

3589 10:13 / 16.06.2017