403 07.03.2017

Омонатдорлик

 

Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтадилар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўтирган эдик. Олия аҳлидан бир киши келиб савол берди:

– Эй Аллоҳнинг Расули! Бу диндаги энг қаттиқ ва энг нозик нарсанинг хабарини беринг.

– Энг нозиги   (“Гувоҳлик бераман – Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Унинг бандаси ва элчисидир). Энг қаттиғи эса эй олиялик биродар, омонатдир! Чунки омонатдорлиги йўқ кишининг дини йўқдир! Унинг намози ҳам, рўзаси ҳам йўқдир! – дея жавоб бердилар Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам.

 

Сайфуллоҳ

 

Араблар ва Рум ўртасида Ярмук ғазоти бўлганида Рум лашкарининг орасидан Жаража исмли қўмондон арман ўн икки минг аскарлик сафнинг олдига чиқди. Икки лашкарнинг ўртасида туриб бақирди:

– Менинг олдимга Холид чиқсин!

Холид розияллоҳу анҳу чиқди. Икки лашкарбоши аскарлардан алоҳида холи турдилар. Жаража сўз бошлади:

– Эй Холид! Менга фақат тўғри сўзла! Ёлғон гапирма! Чунки ҳур инсон ёлғон гапирмайди. Мени алдама! Чунки олийжаноб инсонлар вакилларни алдамайди. Аллоҳ сизларнинг пайғамбарларингизга осмондан қилич тушириб, уни сенга берганми? Ва ўша қилич туфайли ҳеч ким сенга ғолиб кела олмай фақат мағлуб бўлурми?

–  Йўқ! – деди Холид розияллоҳу анҳу.

– Унда нега “Сайфуллоҳ” (Аллоҳнинг қиличи) номини олгансан?

– Аллоҳ таоло бизларга пайғамбарини юборди.  Мен у зотни ёлғонга тутган ва у зотга қарши жанг қилганлардан бўлдим. Кейин Аллоҳ мени ҳидоят қилди, мен у зотга эргашдим. Жаноб соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен Аллоҳ мушрикларга мусаллат қилган қиличлардан бир қиличсан”, – деб менга нусрат сўраб дуо қилдилар.

– Сизларга ижобат қилган ва сизларга қўшилганларнинг мақоми қандай бўлади?

– Бизлар билан бир мақомда бўлади, – жавоб берди Холид розияллоҳу анҳу.

– Унга ҳам сизлар каби ажр ва улуш бўладими? – сўради яна  Жаража.

– Ҳа. Ҳатто афзалроқ ҳам. Чунки бизлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида, бизларга ғайбнинг хабарларини бериб турганларида, у зотдан ажойибот ва мўъжизаларни кўриб туриб эргашдик. Биз кўрганларимизни кўрган, эшитганларимизни эшитганларга мусулмон бўлишлик шарт бўлади. Сизлар эса бизга ўхшаб кўрмадиларингиз ва эшитмадиларингиз. Кимки холис ният ила динимизга кирса ва тасдиқласа, бизлардан ҳам афзал бўлур! – деди Холид ибн Валид.

Шундан сўнг Жаража қалқонини олди ва Холид ибн Валид томон яқинлашди.

– Менга Исломга киришни ўргат!

Холид розияллоҳу анҳу уни чодрасига етаклаб борди. Мешдан сув қуйиб турди. Жаража мусулмон бўлиб, ғусл қилиб, икки ракаат намоз ўқиди. Кейин Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу билан бирга кун оққандан оқшомга яқин бўлгунча жанг қилди. Шунда шаҳид бўлди.

 

Лаънат учун юборилмаганман!

 

Уҳуд жангида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзлари жароҳат олгани саҳобаларга оғир келди.

– Эй Аллоҳнинг Расули! Уларни дуо қилиб юборсангиз бўлмайдими? – дедилар.

– Мен лаънатловчи бўлиб юборилмаганман. Мен фақат чорловчи ва раҳмат бўлиб юборилганман! – дедилар Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам. Сўнг дуо қилдилар: – Эй Аллоҳ! Қавмимни ҳидоят қил! Чунки улар билишмайди...

Макка фатҳ қилиниб, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қурайшдаги душманларининг устидан зафар берганида душманлар Жанобнинг интиқом олишига асло гумон қилишмаган эди. Бироқ олийжаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни шу қадар афв қилиб кечириб юбордиларки,  ҳатто уларга қараб:

– Мен сизларга нима қилишим ҳақида нима деб ўйлайсиз? – деб

сўраганларида улар:

– Яхшилик! Марҳаматли биродарлик! Марҳаматли қариндошлик! – дея жавоб беришди. Шунда бизларнинг олийжаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам башарият тарихида кўрилмаган лутф намоён қилдилар:

– Бораверинглар! Озодсизлар!

 

Йўлимдан қайтмагайман!

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига амакилари Абу Толиб келиб сўз бошлади:

– Эй жияним, одамлар менинг олдимга келиб: “Жиянинг илоҳларимизни сўкди, динимизни айблади, ашрафларимизни аҳмоққа чиқарди, оталаримизни адашганга чиқарди. Ё уни тийиб қўясан, ёки ўртамизга тушмайсан!” дейишди. Мени ҳам, ўзингни ҳам ўйла! Мени ҳам қўлимдан келмайдиган ишга хижолат қилма!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сездиларки, энди амакиси бу зоти шарифга кўмак бера олмайди, ёрдам беришга ва ҳимоя қилишга ожизлик қилмоқда.

– Эй амакижон! – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, – Аллоҳга қасамки, мана шу ишимни ташлашим учун ўнг қўлимга қуёшни, чап қўлимга ойни тутқазиб қўйсалар ҳам Аллоҳ уни зоҳир қилгунича ёки шу йўлда ҳалок қилгунича асло тарк қилмагайман!

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзёшларини тўкиб, йиғлай бошладилар. Кейин ўринларидан туриб чиқиб кетаётган эдилар амакилари чақириб:

– Яқинроқ кел, жияним, – деди. Жаноб соллаллоҳу алайҳи васаллам яқин келдилар. – Бор, жияним. Нимани айтишни яхши кўрсанг, айтавер! Аллоҳга қасамки, мен ҳаргиз уларга сени ташлаб қўймайман!

 

Аҳдга вафо

 

Мусулмон қўшинлари Форсга ҳарбий юришларида Сус шаҳрини қамал қилишди. Кутилмаганда шундай ҳарбий ҳолатда ҳам гўё ҳеч қандай уруш бўлмагандек аҳоли шаҳар дарвозаларини очиб, қуролларини тақмасдан хотиржам бозорларига чиқа бошладилар. Мусулмонлар уларга одам жўнатишиб, уларнинг нега қурол-аслаҳасиз, ўз ҳожатлари учун бемалол бозорларига чиқишаётганларини сўрашди. 

Улар: “Сизлар бизларга берган омонликларингизни қабул қилдик. Шунинг учун бизларни ман қилмасликларингизга иқрор бўлдик”, дейишди. Мусулмонлар ҳайрон бўлиб: “Бизлар ундай қилганимиз йўқ!” дейишди. Улар яна: “Бизлар алдаётганимиз йўқ” дейишди. Шундан сўнг мусулмонлар бир-бирларидан бу ҳақда суриштира бошладилар. Қарасалар, асли жундишопурлик бўлган Муктафо исмли бир қул уларга омонлик хати ёзиб берган экан.

Шунда мусулмонлар ҳатто ўзига ҳам ҳеч қандай эгалик қила олмайдиган бир қулнинг омонлик хатини бекор қилишмоқчи бўлишди.

“Биз сизларнинг ҳурларингиз билан қулларингизнинг фарқига бормасак. Бизга омонлик келди, шунга эътимод қиламиз ва шуни қабул қилдик. Хоҳласангиз ўзларингиз аҳдингизга хиёнат қилаверинглар, аммо биз уни алмаштирмоқчи эмасмиз!” дейишди улар.

Мусулмонлар уларга нисбатан на уруш оча олмай, на улардан юз ўгира олмай туриб қолишди. Охири мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан сўрашди. Умар розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ таоло вафони улуғлаб қўйди. Аҳдга вафо қилинглар!” дедилар.

Мусулмонлар Умар розияллоҳу анҳуга итоат қилиб уларга омонлик беришди ва ҳуқуқларига тўлиқ риоя қилишди.

 

Инсонларга манфаат етказиш

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида эътикоф ўтирган эдилар, бир киши келиб салом берди ва ўтирди.

– Нима гап, кайфиятинг тушган, қайғули кўринасан? – сўради ибн Аббос розияллоҳу анҳумо.

– Менда фалончининг шунча ҳақи борки, ҳатто мана бу қабр соҳибининг ҳам унга имкони йўқ, – жавоб берди у киши (қабр соҳиби – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам).

– Мен бир гаплашиб кўрайми? – деди ибн Аббос розияллоҳу анҳумо.

– Майли, агар хоҳласанг.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу оёқ кийимни кийиб, эътикофни ҳам қўйиб масжиддан чиқди.

– Нимага ўтирганинг эсингдан чиқиб қолдими? – сўради ҳалиги киши эътикоф ўтирганини назарда тутиб.

– Йўқ, эсимдан чиққани йўқ. Лекин мен мана бу қабр соҳибидан эшитганман, У зот билан кўришишимга ҳам оз қолди, – Абдуллоҳнинг кўзлари ёшга тўлди, – “Ким бир биродарининг ҳожати учун юриб етиб борса, ўн йил эътикоф ўтиргандан ҳам яхшироқдир”, дер эдилар. Ҳолбуки, ким Аллоҳнинг розилигини истаб бир кун эътикоф ўтирса, Аллоҳ таоло ўша киши билан дўзахнинг орасига ҳар бири мағриб ва машриқ оралиғича бўлган учта хандақ қилиб қўяди.

 

Исломий садоқат

 

Ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Раббул иззатга рихлат қилганларидан сўнг яширин овозга қўйиш йўли билан  халифаликка уч киши – Абу Бакр, Умар ва Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуларнинг номзодлари қўйилди.

Ушбу олий даражадаги маслаҳат улуғ исломий садоқат устига барпо қилингани самараси ўлароқ Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳуга байъат қилиб:

– Сиз муҳожирларнинг энг афзалисиз. Ғордаги икки кишининг бирисиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифасисиз. Шундай экан, ким ҳам сиздан кўра бу ишга лойиқроқ ва муносиброқ бўлур эди! – деди. Сўнг Умар розияллоҳу анҳу байъат берди:

– Сиз мендан кўра афзалроқ инсонсиз!

– Сен мендан кўра қувватлироқсан-ку?! – ажабланди Абу Бакр розияллоҳу анҳу.

– Сизнинг фазлингиз устига менинг қувватим ҳам сизга бўлсин!

 

Хафсанинг турмушга чиқиши

 

Умар розияллоҳу анҳунинг қизи Хафса розияллоҳу анҳо бева қолганларидан сўнг ҳазрат Умар аввалига Усмон розияллоҳу анҳуга, кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳуга қизларини никоҳига олишларини таклиф қилган эдилар. Натижа нима бўлди денг?

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу ўзлари тафсилотлари билан айтиб берган:

“Усмон: “Бир ўйлаб кўрай-чи”, деди. Ўша кеча ўтиб эртасига учраб: “Бугунги ҳолатимда уйланишга шароитим йўқ экан”, деди. Абу Бакр эса умуман жавоб қайтармади. Ундан Усмондан ҳам кўра кўпроқ хафа бўлдим. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизимнинг қўлини сўраб қолдилар.

Кейин Абу Бакр менга учраб: “Менга Хафсани таклиф қилганингда жавоб бермай кетсам, мендан хафа бўлдинг. Аммо мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни эслаганидан хабарим бор эди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини очишни хоҳламадим. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олмаганларида мен олган бўлар эдим”, деди”.

 

Яхши гумон имондандур

 

Ифк ҳодисасидан кейин Абу Айюб розияллоҳу анҳуга хотини айтиб қолди:

– Одамлар Оиша розияллоҳу анҳо ҳақида нималар дейишаётганларини эшитдингми?

– Ҳа. Ҳаммаси ёлғон! – деди Абу Айюб. Сўнг сўради: – Сен ўзинг ўша ишни қилган бўлармидинг?

– Йўқ, – деди Умму Айюб.

– Оиша эса Аллоҳга қасамки, сендан кўра яхшироқ инсон!

 

Мендан хафа бўлдингизми, эй Аллоҳнинг Расули?

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоби киром билан ўтирган эдилар. Бир киши Абу Бакр розияллоҳу анҳуга қаттиқ озор бера бошлади. Абу Бакр индамай тураверди. У яна озор берди, Абу Бакр яна индамади. Учинчи марта озор берганда саййидимиз Абу Бакр ўзини ҳимоя қилиш учун жавоб қайтарди. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб кетиб қолдилар.

– Мендан хафа бўлдингизми, эй Аллоҳнинг Расули? – сўради Абу Бакр розияллоҳу анҳу.

– Осмондан бир фаришта тушиб, сен ҳақингда унинг айтган сўзларини ёлғонга чиқариб турган эди. Қачонки сен ўзингни ҳимоя қила бошлаганингда фаришта кетиб, Шайтон ўтириб олди. Мен Шайтон билан бирга ўтира олмайман, – жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

 

Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг

“Қабасотун мин ҳаётир-Росул” китобидан

Асака туман бош имом-хатиби

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ таржимаси.