Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
“Зиёрат” рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида ўзбек қориларидан бири бўлмиш Пўлатжон қори Иброҳим ўғлининг уйларига ташриф буюрдик.
Пўлатжон Абдураҳимов
ТАҚДИМ
Пўлатжон қори Иброҳим ўғли Абдураҳимов 1939 йили Андижон вилоятининг Хартум қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни тугатгач, Тошкентдаги Бароқхон, Бухородаги Мир Араб мадрасаларида, Мисрнинг машҳур “Ал-Азҳар” жомеъасида, Дамашқдаги (Сурия) Ислом университетида таҳсил олган. Мир Араб мадрасаси, Тошкент Ислом институтида талабаларга дарс берган. Кўп йиллар имомчилик қилган, Тошкентдаги Мирза Юсуф, Шайх Зайниддин, “Нўғайқўрғон” жомеъ масжидларида ва Бекобод шаҳридаги жомеъда имом-хатиб бўлиб ишлаган. Кўплаб хорижий мамлакатларга сафар қилиб, диний ва илмий анжуманларда қатнашган. 1998 йил ниҳоясида Тошкентда вафот этган.
Собиқ шўролар замонида Тошкентда етук қорилар бармоқ билан санарли бўлиб, улар орасида Шаҳобиддин қори, Абдулазиз қори, Чўян қори, Нофеъ қори ва бошқаларнинг номи анча танилган эди. Кўп ўтмай улар сафида андижонлик Пўлатжон қорининг ҳам номи зикр қилинадиган бўлиб қолди. Ўткир овоз соҳиби бўлган Пўлатжон қорининг йўғон овозда, залвор билан, аммо хуш оҳангларда қилган қироати Қуръон муҳиблари дилини яйратар, вужуд-вужудларга сингиб кетарди.
Пўлатжон қори Иброҳим ўғли Абдураҳимов 1939 йили Андижон вилоятидаги Андижон туманининг Хартум қишлоғида таваллуд топган. У кишининг ота-оналари аҳли фазл, тақводор кишилар бўлгани учун ўрта мактабни битирганча Қуръони каримни тўла ҳифз қилиб, мураттаб қори бўлган ўғилларини 1957 йили катта умидлар билан Тошкентдаги Бароқхон мадрасасига ўқишга жўнатишади. Аммо унда икки йил ўқиши билан мазкур мадраса ёпилиб қолади ва ёш Пўлатжон Бухородаги Мир Араб мадрасасига ўтказилади. Пўлатжон қори мадрасада дарсларни ажиб бир муҳаббат ва қунт билан ўзлаштирар, илм чўққиларини пухта эгаллаш учун ҳар бир соатдан унумли фойдаланарди. Изланишлар ва саъй-ҳаракатлар бесамар кетмади: дарсларни пухта ўзлаштириб, аълога ўқиётган талаба Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси томонидан рағбатлантирилиб, у муборак ҳаж сафарига юборилди.
Бу орада армия хизматига чақирилган Пўлатжон соғлиги ёмонлашгани сабабли бир йилдаёқ ҳарбий хизматдан бўшатилади ва у мадрасадаги ўқишини давом эттиради. У талаба сифатида таҳсил олиш баробарида диний назоратнинг буйруғига асосан 1964-1965 йиллар мобайнида мадрасадаги тенгдошларига Қуръон қироати, тафсир, араб тилининг сарфи ва наҳвидан дарс бера бошлайди. Бу орада Бухородаги Хожа Зайниддин масжидида имом-хатиб бўлиб ҳам ишлайди. 1965 йили мадрасани битирган Пўлатжон қори яна бир йил шу илм даргоҳида дарс бериш билан шуғулланади.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси йўлланмаси билан Пўлатжон қори Абдураҳимов 1966 йили Ислом оламининг энг машҳур олий ўқув юрти – Мисрдаги “Ал-Азҳар” жомеъасининг шариат факультетига ўқишга юборилади. Аммо биринчи курсни тугатиши билан халқаро вазият ёмонлашиб, ўқишни тамомлашга имкон қолмайди ва ватанига қайтиб келади. 1968 йилдан бошлаб икки йил мобайнида Тошкентдаги Мирза Юсуф масжидида имом-хатиб бўлиб ишлайди. Ўша йиллари Пўлатжон қори Япониянинг Киото шаҳрида ўтказилган “Жаҳон динларининг дунёда тинчлик ўрнатишдаги фаолияти” мавзуидаги анжуманида делегат бўлиб қатнашади, совет мусулмонлари вафди таркибида Нигерияга сафар қилади.
Шундан кейин олган билими билан чекланиб қолмаган Пўлатжон қори яна бир хорижий мамлакатга илм талабида сафар қилади. У 1970-1973 йиллар мобайнида Дамашқдаги Ислом дорилфунунида таҳсил олади. Бу йиллар қори учун изланиш, камолга эришиш ва чуқур тадқиқотларга тайёрланиш йиллари бўлди. Бу ҳаракатларнинг самараси ўлароқ Дамашқдаги ўқишдан қайтган ёш олимга муҳаддислар султони Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” шоҳ асарини нашрга тайёрлаш вазифаси топширилди ва у ўта шарафли бу хизматни муваффақиятли амалга оширади…
Пўлатжон қорининг бундан кейинги фаолияти масжидларда хатиблик қилиш, талабаларга дарс бериш билан кечди. 1974 йилдан бошлаб олти йил Тошкентнинг Кўкча даҳасидаги Шайх Зайниддин жомеъ масжидида имомлик қилиш билан бирга Тошкент Ислом институтида талабаларга Қуръон қироатидан сабоқ ҳам берди. Кейинчалик уни “Нўғайқўрғон” жомеъ масжидига имом-хатиб қилиб ўтказишди. Ўша йиллари у Судан, Жазоир, Ливан каби мусулмон мамлакатларида сафарда бўлиб қайтди.
Пўлатжон Абдураҳимов мисрлик қори Халил Хусарий билан
Пўлатжон қори юртнинг жуда кўп алломалари, аҳли фазл кишилари ва қорилари билан яқин эди. Улар суҳбатида қатнашар, файз мажлисларини гуллатар, қироати билан Қуръонга ташна дилларга завқ-шавқ улашар эди. Яҳёхўжа Риштоний шундай ҳикоя қилади: “Собиқ иттифоқ даврида Сулаймон қори ака (Ҳамидхўжаев) Тошкентдан Марғилонга отландилар. Дўстлари Пўлатхон қорини ўзларига ҳамроҳ қилиб, автобусга миндилар. Ўша пайтлар мазкур йўналишда йўл кира уч рубл эди. Йўлда намоз вақти кириб, Сулаймон қори ҳайдовчига: «Ўғлим, икки дақиқа тўхтаб турсанг, намознинг фарзини ўқиб олардик, суннатларини эса автобусда ҳам ўқийверамиз. Фарзни ўқиш учун уловни тўхтатмасанг бўлмайди», дедилар. Ҳайдовчи эса: «Агар тўхтатсам, графикдан кечикаман. Бундан ташқари, автобусдаги йўловчилар эътироз билдириши мумкин», деди. Сулаймон қори: «Мана, ўғлим, 10 рубл. Икки дақиқа вақт кетади, холос», дедилар. Ҳайдовчи ғазаб билан: «Намозни уйда ўқиб чиқсангиз бўлмасмиди?!», деди. Сулаймон қори овозларини кўтариб: «Тўхтат! Пўлат қори, сиз кетаверасизми ёки мен билан тушиб қоласизми?!» дедилар ва автобусни тўхтатиб, Пўлат қори билан тушиб қолдилар. Йўлдан чеккароққа кириб, «Пўлатхон азон айтинг» дедилар. Ҳайдовчи эса жаҳли чиққанини билдириб, газ педалини қаттиқроқ босиб, автобусни ҳайдаб кетди. Сулаймон қори Пўлат қори билан фарз ва суннатни ўқиб, пиёда йўлга чиққан эдилар ҳамки, чамаси 25-30 ёшли оппоқ кўйлак кийган йигит уларга қараб кела бошлади. Йигит: «Отахон, мен анави машинанинг ҳайдовчисиман. Бошлиғим сизларнинг намоз ўқишларингизни кўриб, оталарини эслабдилар. Агар “хўп” десангиз, бошлиғим машинада сизларни бир-икки бекат олиб кетмоқчи эканлар», деди. Сулаймон қори ҳамроҳлари билан машинага етиб келгач, машинадан бир киши салобат билан тушиб, қўлини кўксига қўйиб: «Ассалому алайкум отахон! Мен Ўш шаҳрининг ҳокимиман. Сизларни кўриб, отам ёдимга тушдилар. Сизлар қаерга бораяпсизлар?» деди. Сулаймон қори: «Валайкум ассалом. Биз Марғилонга кетаётган эдик», дедилар. Ҳоким хурсанд бўлиб, «Ўзимиз сизларни Марғилонгача олиб бориб қўямиз», деди. Улар ҳокимнинг машинасида ҳурмат ва иззат ила кетар эдилар. Икки чақирим юргач, йўл чеккасида «Автобусни тўхтатсам, графикдан кечга қоламан» деган ҳайдовчининг қўллари қора мойга беланиб, автобуснинг тешилган ғилдирагини алмаштираётган ҳолида кўриб қолишди...”
Андижон қориларининг устозларидан бири, “Булбул қори” номи билан танилган Муҳаммад Мубин қори ака оғир касалликка чалиниб, олтмиш тўрт ёшида вафот этганида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси атоқли Қуръон ҳофизининг жанозасини ўқишга Тошкентдан Пўлатжон қорини жўнатади. Мубин қорининг уйига Қуръон мухлислари сиғмай кетади. Шунда Пўлатжон қори Қуръон ҳофизларининг Аллоҳ ҳузуридаги мақом-мартабаси ҳақида ўта таъсирли ва балоғатли бир мавъиза қиладики, жанозада ҳозир бўлганлардан йиғламаган одам қолмайди.
Пўлатжон қори фарзандларини ҳам юксак эътиқодли, илм фидойилари қилиб тарбиялади, уларни Аллоҳнинг каломига чин ихлос қўйган инсонлар бўлиши йўлида бор ҳаракатини аямади. Алҳамдуллиллаҳ, улар ота изидан бориб, дин хизматида камарбаста туришибди, одамларни Аллоҳ маърифатига ошно қилишда ғайрат билан фаолият кўрсатишяпти.
Пўлатжон қори Иброҳим ўғли Абдураҳимов 1998 йилнинг декабрида Тошкентда вафот этди. Жанозасини Тошкентнинг машҳур имомларидан Фозил қори Собиров ўқиди. Марҳум олим Шайх Зайниддин қабристонига дафн этилди.