241 22.04.2017

Ривоят қилинишича Сулаймон ибн Абдулмалик ҳажга кетаётиб йўлда Мадинага кириб бир неча кун истиқомат қилди. Унинг аҳлидан: “Бу ерда саҳобаларни кўрган кимса борми?”, деб сўради. Ҳа, Абу Ҳазим бор, дейишди. Уни айтиб келиш учун бир кишини юборди. Абу Ҳазим Сулаймоннинг ҳузурига келганда, Сулаймон унга: “Эй Абу Ҳазим, биз нима учун ўлимни ёқтирмаймиз”, деди.

Абу Ҳазим: Чунки сизлар охиратингизни хароб қилдингиз, дунёнгизни эса обод қилдингиз. Шунинг учун обод бўлган жойдан хароб бўлган жойга кўчиб ўтишни ёқтирмайсизлар.

Сулаймон: Аллоҳнинг ҳузурига бориш қандай бўлади, эй Абу Ҳазим?

Абу Ҳазим: Эй мўминларнинг амири, муҳсинлар (яъни, яхши амаллар қилувчилар) худди йўқолган киши аҳлининг ҳузурига қайтиб боргани каби бўлади. (яъни, яхши кутиб олинади.) Аммо ёмон амалларни қилувчи киши эса, қочган қулнинг хожаси ҳузурига қартариб олиб келингани каби бўлади.

Сулаймон йиғлади ва: Эртанги кунда Аллоҳнинг ҳузурида менга нима ҳозирлаб қўйилганини билганимда эди!, деди.

Абу Ҳазим: Нафсингни (яъни, амалларингни) Аллоҳнинг китобига солиштириб кўр, “Aлбaттa, яxшилaр (мўминлaр) нeъмaт (жaннaт)дaдирлaр. фoжирлaр эсa  дўзaxдaдирлaр.” (инфитор;13-14)

Сулаймон: Унда Аллоҳнинг раҳмати қаерда?

Абу Ҳазим: Мўминларга яқиндир. (Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир. Аъроф;56)

Сулаймон: Аллоҳнинг қайси бандалари мукаррамроқдир, эй Абу Ҳазим?

Абу Ҳазим: Яхшилик ва тақво аҳли бўлганлари.

Сулаймон: Амалларнинг энг яхшиси қайси?

Абу Ҳазим: Фарзларни адо қилмоқ ва ҳаромлардан сақланмоқликдир.

Сулаймон: Қайси сўз энг тўғри сўздир?

Абу Ҳазим: Ундан қўрққан ва умид қилган кимсанинг ҳузурида айтилган ҳақ сўз.

Сулаймон: Қайси мўмин энг зийрак (яъни, ақллидир)?

Абу Ҳазим: Аллоҳнинг тоатида амал қилган ва одамларни ҳам шунга чақирган киши.

Сулаймон: Қайси мўмин энг зарар кўрувчи (яъни, аҳмоқдир)?

Абу Ҳазим: Золим бўлиб турган биродарининг истак-хоҳишида қадам қўйган, натижада ўзганинг дунёсини деб ўзининг охиратини сотган киши.

Сулаймон: Биз ҳақимизда нима дейсан?

Абу Ҳазим:Рухсат берасанми?

Сулаймон: Албатта, ахир бу сенинг менга айтаётган насиҳатингку!

Абу Ҳазим: Эй мўминларнинг амири, отангизлар одамларни қилич билан бўйсундирди. Бу ҳукмронликни мусулмонлар билан маслаҳат қилмасдан, уларнинг розилигисиз, куч билан эгаллашди. Ҳатто улардан кўпчилигини қатл қилиб юборишди. Улар ўтиб кетишди. Уларнинг нима деганини ва улар ҳақида нима дейилганини билганингда эди!

Шу ерда ўтирган кишилардан бири “бунча ҳам ёмон гап гапирдинг!”, деди.

Абу Ҳазим: Албатта Аллоҳ таоло уламолардан инсонларга ҳақни баён қилишга, уни яширмасликка аҳду-паймон олган.

Сулаймон: Бу фасодни қандай тўғирлашимиз мумкин?

Абу Ҳазим: Ҳалолидан олиб ҳақдор жойга қўймоғинг билан.

Сулаймон: Бунга ким ҳам қодир бўлади?

Абу Ҳазим: Дўзахдан қўрқиб, жаннатни талаб қилган киши.

Сулаймон: Менга дуо қил.

Абу Ҳазим: Аллоҳим, агар Сулаймон дўстинг бўлса, уни дунё ва охират яхшилигига муяссар қил! Агар Сулаймон душманинг бўлса, уни пешонасидан тутиб, Ўзинг яхши кўрган ва рози бўлган нарсага қўй!

Сулаймон: Менга васият қил.

Абу Ҳазим: Қисқагина васият қиламан; Роббингни улуғла ва У қайтарган жойда сени кўришидан, У буюрган жойда сени йўқотиб қўйишидан Уни поклагин!


Қудратуллоҳ Сидиқметов