1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатлари ҳақида (1-қисм)

20:39 / 18.11.2017 3936 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло:

«Ўшанда Аллоҳ: «Сизларга китоб ва ҳикмат берганим, кейин сизлардаги нарсани тасдиқловчи Расул келишига қасамки, албатта унга иймон келтирасиз ва ёрдам берасиз», – деб набийларнинг аҳду паймонини олган, «Иқрор бўлдингизми? Ана ўша асосда масъулиятли аҳдимни қабул қилдингизми?» – деган эди. (Улар:) «Иқрор бўл­дик», – дедилар. (У Зот:) «Бас, гувоҳ бўлинглар, Мен ҳам сизлар билан бирга гувоҳларданман», – деди», деган («Оли Имрон» сураси, 81-оят).

Шарҳ: Ушбу ояти каримада ажойиб бир кўриниш васф этилмоқда: ҳамма пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг ҳузурида тўпланганлар. Бу улкан йиғилишда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло пайғамбарларнинг ўзларини гувоҳ қилиб туриб, Ўзи ҳам бу гувоҳликка қўшилиб туриб, улардан ишончли, таъкидланган аҳду паймон олмоқда. Бу ишончли, таъкидланган аҳду паймонга биноан, Аллоҳ таоло китоб ва ҳикмат берган ҳар бир Пайғамбар ўзидан кейин унинг пайғамбарлигини тасдиқлаб келган Пайғамбарга албатта, иймон келтиради ва албатта, унга ёрдам беради.

Шу ўринда «Олдин ўтган Пайғамбар ўзидан кейин келган Пайғамбарга қандай қилиб иймон келтириб, қандай қилиб ёрдам беради?» деган бир савол туғилади. Жавоб шуки, Аллоҳ китоб ва ҳикмат берган ҳар бир Пайғамбар ўз умматини ўзидан кейин унинг пайғамбарлигини тасдиқловчи Пайғамбар келса, унга иймон келтириш ва ёрдам бериш руҳида тарбиялайди. Умматларининг иймон келтиргани унинг иймон келтиргани, умматларининг ёрдам бергани унинг ёрдам берганидир.

Бунга Аллоҳ Пайғамбарларнинг аҳду паймонини олди ва яна таъкидлаш учун:

«Иқрор бўлдингизми? Ана ўша асосда масъулиятли аҳдимни қабул қилдингизми» деди.

«(Улар:) «Иқрор бўл­дик», – дедилар».

Демак, пайғамбар алайҳиссаломлар ўз умматларини ўзларидан кейин келадиган пайғамбарга иймон келтириш ва унга ёрдам бериш руҳида тарбиялаб келганлар. Уларнинг барчалари бир силсиланинг ҳалқаларидир.

Шу билан бирга, тафсирчи олимларимиз «Сизлардаги нарсани тасдиқловчи Расул»дан мурод Муҳаммад алайҳиссаломдир», деганлар. Зеро ҳар бир пайғамбар «Мабодо, мендан кейин Муҳаммад алайҳиссалом менинг пайғамбарлигимни тасдиқлаб келса, албатта, унга иймон келтирасизлар ва ёрдам берасизлар», деб кетган. Муфассирларимиз бу фикрларини Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан қилинган ривоятлар билан тасдиқлайдилар.

Али ибн Абу Толиб ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Аллоҳ Пайғамбарлардан ҳар бирини юборишдан олдин албатта, ундан «Агар Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб юборганда у тирик бўлса, албатта, унга иймон келтириш ва ёрдам бериш ҳақида аҳду паймон олди. Ҳамда уни ўз умматидан Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар этиб юборилганларида тирик бўлсалар, у кишига албатта, иймон келтириш ва ёрдам бериш ҳақида аҳду паймон олишга буюрди».

Буларнинг ҳаммаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазийлатлари қанчалик устун эканлигини кўрсатади. Аллоҳ таолонинг Ўзи бошқа Пайғамбар алайҳиссаломлардан у зотга иймон келтириш ва у зотга ёрдам бериш ҳақида аҳду паймон олганидан кейин, Муҳаммад алайҳиссаломнинг фазилатлари барчадан устун бўлмай, кимники устун бўлсин?!

Пайғамбар алайҳиссаломлар одамларнинг энг афзаллари ҳисобланадилар. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам эса афзалларнинг афзали ҳисобланадилар.

2652. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен асрма-аср, токи ўзим бўлган асрга етиб келгунимча, Бану Одамнинг энг яхши асрларидан юборилганман», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-боболарининг сулбларидан бирма-бир ўтиб, ўзлари туғилган асрга етиб келгунларича доимо дунёдаги энг яхши ҳисобланган одамлар сулбида бўлганларининг хабари сифатида тушунмоқ керак. Дунё яралгандан буён то ўзлари пайғамбар қилиб юборилган вақт келгунча Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг яхши табақасидан бўлган оталарнинг сулбида бўлганлар. Бу ҳам у зот алайҳиссаломни Аллоҳ таоло аслида фазилатли қилиб қўйганининг аломатидир.

Албатта, Аллоҳ таоло Ўзи яратган халқ ичидаги энг афзал зот учун ана шундай силсилани танлаши бежиз эмас. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазлларига фазл қўшади. Шу билан бирга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азалдан Аллоҳ таолонинг инояти остида бўлганларини кўрсатади.

2653. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидиман. Устидан қабр биринчи ёриладиган шахсман. Биринчи шафоат сўровчиман. Биринчи шафоат қилинувчиман», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. 

Термизийнинг лафзида:

«Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидидирман ва фахрланиш эмас-ку, қўлимда ҳамд байроғи бўладир. Ўша кунда ҳеч бир набий йўқки, Одамми, ундан бошқасими, ҳаммаси менинг байроғим остида бўлмаса. Фахр эмас-ку, мен устидан ер (қабр) биринчи ёриладиган шахсман» дейилган.

Шарҳ: Аввалги ҳадиси шарифда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таоло бу дунёни яратишидан бошлаб, энг афзал табақадан бўлиб келганлари баён қилинган эди. Бу ҳадиси шарифда эса у зот алайҳиссаломнинг дунёнинг авва­лидан энг афзал банда бўлишлари ҳақида сўз кетмоқда.

«Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидиман», дейдилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Имом Термизийнинг ривоятлари эса у зотнинг ўша саййидликлари айнан қайси нарсада намоён бўлишини баён қилади:

«Қиёмат куни мен Одам фарзандининг саййидидирман ва фахрланиш эмас-ку, қўлимда ҳамд байроғи бўладир. Ўша кунда ҳеч бир набий йўқки, Одамми, ундан бошқасими, ҳаммаси менинг байроғим остида бўлмаса».

Ушбу жумладаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «қўлимда ҳамд байроғи бўладир» деган гаплари «мен катта шафоатни қилганимда аввалгию охирги халойиқ менга мақтов айтади», деган маънодадир.

Албатта, бу гапни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мақтаниш учун айтган эмаслар, балки воқеълик шу. Бу, ўз-ўзидан, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охиратда ҳам энг афзал банда бўлишларини кўрсатади.

«Мен устидан ер (қабр) биринчи ёриладиган шахсман».

Қиёматдан олдин дунё пайдо бўлгандан бошлаб, то ўша пайтгача бўлган барча халойиқ қабрда бўлиши маълум. Ўша қабрдагилар ичидан ким биринчи бўлиб тирилтирилса, ўша шахс уларнинг ичида энг афзали бўлиши ҳам маълум. Худди ана шу шахс Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. У зотнинг устиларидан қабрнинг ёрилиши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайта тирилиб, ўз қабрларидан чиқишларидир. У зотнинг биринчи бўлиб қабрдан қайта тирилиб чиқишлари барча халойиқнинг афзали эканликларига далолатдир.

«Биринчи шафоат сўровчиман».

Бу ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолонинг ҳузурида энг афзал банда, энг афзал пайғамбар эканликларининг яна бир далилидир.

«Биринчи шафоат қилинувчиман».

Аллоҳ таолонинг Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни қиёмат куни биринчи шафоат қилиши ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг афзал банда ва энг афзал пайғамбар эканликларига далилдир.

Буларнинг ҳаммаси воқеъликдир, бор гапнинг ўзидир. Бунда заррача мақтаниш, заррача фахрланиш йўқ. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Термизийнинг ривоятларида:

«Фахр эмас-ку, мен устидан ер (қабр) биринчи ёриладиган шахсман», демоқдалар.

2654. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Фахр эмас-ку, қиёмат куни келганда мен набийларнинг имоми, хатиби ва шафоатлари соҳиби бўлурман», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам фахр учун эмас, воқеъликдаги бор ҳақиқат айтилмоқда. Қиёмат куни Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча пайғамбарларга имом бўлишлари, барча пайғамбарларга хатиб бўлиб, уларга ваъз қилишлари ва барча пайғамбарларга шафоатчи бўлиб, уларни шафоат қилишлари ҳақида сўз кетмоқда.

Ўзимиз ўйлаб кўрайлик, қиёмат кунида барча пайғамбарларга имом бўлишдан афзал мақом борми?!

Ўзимиз ўйлаб кўрайлик, қиёмат кунида барча пайғамбарларга хатиб бўлишдан афзал мақом борми?!

Ўзимиз ўйлаб кўрайлик, қиёмат кунида барча пайғамбарларга шафоатчи бўлишдан афзал мақом борми?!

2655. Восила ибн ал-Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ Исмоилнинг авлодидан Кинонани танлаб олди. Кинонадан Қурайшни танлаб олди. Қурайшдан Бану Ҳошимни танлаб олди. Бану Ҳошимдан мени танлаб олди», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда аввал ўтган ривоятда айтилган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яхши тоифалар сулбидан ўтиб-ўтиб, ўзлари юборилган авлодга етиб келганлари ҳақидаги маълумотнинг бошқача кўриниши бор. Аниқроғи, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг арабларнинг отаси бўлмиш Исмоил алайҳиссаломдан бошлаб, қандай тарзда сулбдан-сулбга ўтиб, энг яхши оиладан туғилганларига ишора бор.

Арабларнинг янги сулоласининг барчаси Исмоил алайҳиссаломдан тарқалганлиги маълум ва машҳур. Исмоил алайҳиссалом эса Иброҳим алайҳиссаломнинг фарзандлари эканлиги ҳам маълум. Пай­ғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Албатта, Аллоҳ Исмоилнинг авлодидан Кинонани танлаб олди», дейишларидан Кинона халқи Исмоил алайҳиссаломдан тарқалган авлодлар ичидан энг афзали эканлиги келиб чиқади. Чунки айни шу халқ сулоласидан кейинчалик Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилганлар.

«Кинонадан Қурайшни танлаб олди». 

Демак, Кинонадан тарқалган қабилалар ичида энг афзали Қурайш қабиласи экан.

«Қурайшдан Бану Ҳошимни танлаб олди». 

Қурайш қабиласидан тарқалган уруғлар ичида энг афзали Бану Ҳошим уруғи экан.

«Бану Ҳошимдан мени танлаб олди».

Ана шу тарзда Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни халойиқни яратгандан бошлаб, то дунёга келгунларича энг яхши тоифадан қилиб келди.

Имом Термизий ривоят қилган бошқа бир ҳадиси шарифда бу маъно яна ҳам ўзига хос равишда баён қилинган:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбар устида туриб:

«Мен кимман?» дедилар.

«Сиз Аллоҳнинг Расулисиз, сизга салом бўлсин», дейишди. Шунда у зот:

«Мен Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолибман. Албатта, Аллоҳ халойиқни халқ қилди. Сўнгра уларни икки гуруҳга бўлди. Мени улардан яхши гуруҳ ичида қилди. Сўнгра уларни қабилалар қилди. Мени уларнинг ичидаги энг яхши қабиладан қилди. Сўнгра уларни хонадонлар қилди. Мени уларнинг ичидаги энг яхши хонадондан, энг яхши жондан қилди», дедилар».

2656. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, менинг ва мендан олдинги анбиёларнинг мисоли худди бир уйни яхшилаб, чиройли қилиб қуриб, бир бурчагидан бир ғиштнинг ўрнини қолдириб қўйган кишига ўхшайди. Одамлар уни айланиб кўриб, қойил қолишади ва:

«Мана шу ғишт ҳам ўрнига қўйилганда эди!» дейишади. Мен ўша ғиштман. Мен набийларнинг хотимиман», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аллоҳ таоло Одам Атони яратиб, ер юзида яшайдиган Ўзининг халифаси қилгандан кейин унинг болаларига тўғри йўлни кўрсатиб туриш учун таълимотлар ҳам юборишни ирода қилди. Бу таълимотларни одамларга етказиш ва ҳаётга татбиқ қилиб кўрсатиш учун уларнинг ичидан пайғамбарлар танлаб олишни ҳам ирода қилди. Ана ўша пайғамбарларнинг биринчиси Аллоҳ таолонинг иродаси ила Одам Атонинг ўзлари бўлди. Кейин эса бирин-кетин бошқа пайғамбарлар кела бошладилар. Аста-секин вақт ўтиши билан пайғамбарларнинг силсиласи узайиб келиб, уларнинг охирги ҳалқаси Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлдилар.

Ушбу ҳадиси шарифда бу жараён худди бир кўркам, чиройли бино қурилишига ўхшатилмоқда.

«Албатта, менинг ва мендан олдинги анбиёларнинг мисоли худди бир уйни яхшилаб, чиройли қилиб қуриб, бир бурчагидан бир ғиштнинг ўрнини қолдириб қўйган кишига ўхшайди».

Бу дунёнинг тузилиши кўрган кўзни қувонтирадиган кўркам бир бинога қиёсланса, Аллоҳ таоло Ўз бандаларига юборган ҳар бир пайғамбар ана шу бинонинг бир ғиштидек гап. Мазкур бинонинг ҳар бир ғишти қўйилганда унинг камоли томон бир қадам ташланганидек, Аллоҳ таоло ҳар бир пайғамбарни юборганда рисолат ва нубувват биноси ҳам янги бир ғишт терилгандек, камолот сари кўтарилиб бораверган. Бориб-бориб, мазкур бино битай деб ҳам қолибди. Фақатгина битта ғишт терилса, битадиган ҳолга келибди.

«Одамлар уни айланиб кўриб, қойил қолишади ва: «Мана шу ғишт ҳам ўрнига қўйилганда эди!» дейишади».

У бинони томоша қилганлар қойил қолишар, аммо урилмаган биргина ғиштнинг мулоҳазасини қилиб, «Қани энди, шу ғишт ҳам ўз ўрнига қўйилса-ю, бино мукаммал ҳолига келса», деган орзуни қилар экан. Ана шу бир ғиштсиз мазкур бино нуқсонли бўлар экан. Мазкур бинонинг баркамоллиги охирги ғиштга қараб қолган экан. Агар ўша охирги ғишт қўйилмаса, бино битган ҳисобланмас, уни кўрган одам битмай қолганига афсус қилар экан. Ана шу пайтда Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги пайғамбар қилиб юбориб, нубувват ва рисолат биносининг охирги, энг муҳим ва энг афзал ғиштини ҳам қўйди.

«Мен ўша ғиштман. Мен набийларнинг хотимиман».

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг ўша нубувват ва рисолат биносининг охирги ғишти эканликларини, Аллоҳ таоло Ўз бандаларига юборган пайғамбарларининг тугатувчиси эканликларини таъкидламоқдалар. Бинога охирги ғишт терилгандан кейин қурилиш битади. Ундан кейин ғишт терилмайди. Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги пайғамбар қилиб юборгандан ке­йин пайғамбарлик сўнгига етди. Энди бошқа пай­ғамбар юборилмайди.

Ҳар бир нарсага алийму хобийр бўлган Аллоҳ таоло Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган инсониятни Ўзи юборган пайғамбарлар орқали тўғри йўлга солишни Ўзи ихтиёр қилди. Бунинг учун аввало нубувват ва рисолат биносини бир бутун ва мустаҳкам пойдеворли қилди. Яъни ҳар бир пайғамбарга юборган динининг асоси бўлмиш ақийдани ҳаммалари учун бир хил қилди. Одам Атодан бошлаб, Муҳаммад мус­тафо соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган барча пайғамбарлар ўз умматларини бир хил ақийдага чақирдилар. Бу ақийда Аллоҳ таолонинг ягоналигига, барча айблардан холи эканлигига, қиёмат кунига, ҳисоб-китобга, дўзах ва жаннатга иймон келтиришдан иборат эди.

Аммо динларнинг ақийда қисми бир хил ва ўзгармай туриши матлуб бўлгани билан уларнинг амалий қисми – шариатлар ўзгармай туриши мумкин эмас эди. Аксинча, шариатлар замон ва маконга, халқлар ва уларнинг савиясига қараб ривожланиб бориши керак эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло дин пойдевори бўлмиш ақийда устига ҳар набийга берган шариатни худди пойдевор устига қўйилаётган ғишт мисоли қилиб, бирин-кетин қўйиб турди.

Одам Атонинг даврида инсон жамияти содда бўлгани учун уларга содда шариатни жорий қилди. Мисол учун, шароитдан келиб чиқиб, ўша шариатда ака-сингилнинг оила қуришига изн берилди. Кейин эса инсоният ўсиб бориши билан шариатлар ҳам ривожланиб борди. Аллоҳ таоло ана шу тарзда инсониятни аста-секин тарбиялаб келди.

Охири келиб, инсоният вояга етганда унга энг мукаммал ва боқий шариат, шариати муҳаммадияни берди. Нубувват ва рисолат биносининг энг гўзал ва энг сўнгги ғиштини қўйди.

Энди қиёматгача бу бинога ғишт қўйилмайди. Бошқа пайғамбар юборилмайди. Ислом шариати барча замонлар, барча маконлар ва барча халқлар учун қиёмат қоим бўлгунча кифоя қилади.

Ана шунинг учун ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам энг афзал пайғамбар ҳисобланадилар. Пайғамбарларнинг хотими – тугатувчиси ҳисобланадилар. Бундан улуғ фазл бўлиши мумкин эмас.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маҳалли қиёмда кузатиладиган хатолар1. Маҳалли қиёмда туришни таъаббудий, диний амр деган тушунчага олиб келиш. Бу энг хатарли иш, энг ёмон бидъатдир. Бунинг давоми...

893 14:00 / 27.10.2021
Оламларнинг Роббиси Аллоҳ таолонинг ҳабиби, оламларга раҳмат қилиб юборилган, суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд давоми...

2104 11:30 / 07.10.2021
Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, бугунги кунда илгаргидек ҳол аҳлларини топиш жуда ҳам мушкул. Ҳар ким ўзини ҳол аҳли деб даъво қилиши мумкин эмас. Ҳол аҳллари одатда давоми...

1222 14:00 / 26.10.2021
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Сартарошнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини олаётганини кўрдим. Саҳобалари у зотни ўраб давоми...

803 12:47 / 09.10.2023
Аудиолар

120376 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42006 14:35 / 11.08.2021