1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қуръон олдидаги вазифаларимиз

19:00 / 21.04.2019 5226 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръоннинг тиловатини муҳофаза қилиш

 Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган:

ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ

“Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар” (Фотир, 29).

Мўмин киши ҳар ойда Қуръонни камида бир марта хатм қилиб туриши керак. Қуръондан бир пора ўқиш учун қанча вақт кетади? Ярим соатдан сал кўпроқ. Ҳар куни ярим соат вақтимизни бир пора ўқишга ажрата олмаймизми?! Сени яратган, қаддингни ростлаган, зоҳирий ва ботиний неъматларини устингдан ёғдириб турган, сенга офият берган, сенга молу дунё, бола чақа берган, сенга ақл-заковат берган Роббингнинг Каломи учун ҳар куни ярим соат ёки бир соат  вақт ажрата олмайсанми?! Сенга шунча неъматларни берган Зотга бу борада бахиллик қиласан деб ўйламайман!

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қуръон тиловатини, Аллоҳнинг зикрини лозим тут! Чунки, у сенга ерда нур, осмонда захирадир”. Ибн Ҳиббон ривоят қилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қуръонни ўқинглар. Албатта, у қиёмат кунир соҳибига шафоатчи бўлиб келади”. Имом Муслим ривоят қилган.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳнинг китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бир савоб бўлур. Ҳар бир савоб эса ўн мислига кўпайтирилур. Алиф лаам мийм бир ҳарф демайман. Лекин алиф бир ҳарф. Лаам бир ҳарф. Мийм бир ҳарф», дедилар».

Имом Термизий ривоят қилган.

Қуръоннинг ҳаммасини ёки баъзисини ёдлашга уриниш.

 Бу иш олийҳиммат ва азми чин бўлган кишиларнинг ўлжасидир. Аллоҳдан улар учун дўзахдан саломат бўлиш башорати бордир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар Қуръон бир терида жамланса, Аллоҳ уни дўзахда куйдирмайди”.

Қуръонни тадаббур қилиш ва унинг маъноларини тушуниш

 Бу Қуръоннинг энг катта ҳақларидандир. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган:

ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ

“(Эй, Муҳаммад! Ушбу Қуръон) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун Биз Сизга нозил қилган муборак Китобдир” (Сод, 29).

Қуръонга амал қилиш ва унинг хулқи билан хулқланиш

Бу эса банданинг дунё ва охиратда нажотга эришишининг асосидир. Қуръонни ўқишдан, ёдлашдан ва тадаббур қилишдан мақсад ҳам шудир. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган:

ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ

“Мана бу Биз нозил қилган муборак Китоб (Қуръон)дир, унга эргашингиз ва тақволи бўлингиз, токи раҳм қилингайсиз” (Анъом, 155).

Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло бундай деган:

ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ

“Одамлар (ман этилган ишлардан) сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай аниқ баён қилади” (Бақара, 187).

Бир ривоятда:

«Қиёмат куни Қуръон ва унга амал қилган аҳллари келтирилганида, Бақара ва Оли Имрон суралари бош бўлиб келадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларига учта мисол келтирдилар. Уларни ҳануз унутганим йўқ. Икковлари қиёмат куни худди икки булут…», де­йилган.

Қуръонни бошқаларга ўргатиш

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир», дедилар».

Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Азизлар! Аллоҳнинг Китобини маҳкам ушлаб, унга астойдил амал қилайлик! Ўзимизга Қуръондан ҳар кунлик вазифа қилиб олайлик! Иложи борича кунига камида бир порадан ўқиб бориб, ойда бир марта Қуръонни хатм қилишга уринайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни Қуръонни ўқиб, ёдлаб, унга астойдил амал қилувчилардан қилсин! Қуръони каримни бизларга бу дунёда ҳидоятчи, охиратда шафоатчи қилсин!

“Ҳадис ва Ҳаёт” китобининг 30-жузи ва Доктор Шариф Фавзий Султоннинг

“Қуръонга амал қилиш – саодат йўлидир” номли мақоласидан 

Таржимон
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ақоид илмида .кавниёт, деганда борлиқдаги мавжудотлар кўзда тутилади. Мусулмон киши ўша нарсаларга нисбатан ҳам ўзига хос ақийдага эга бўлиши керак. Улардан энг давоми...

3659 20:00 / 20.07.2019
Аҳмад ибн Осимдан ривоят қилинади .Суфён Саврий билан Фузайл ибн Иёз суҳбатлашиб қолишди. Суфён Саврий .Умид қиламанки, шу ўтиришимиз энг баракали мажлис бўлади,, давоми...

1796 08:00 / 19.03.2020
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳнинг Китобида бир сура бор. Унинг оятлари ўттизта. У соҳибини то мағфират давоми...

7967 11:32 / 08.04.2019
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда .Бу шундай китобки, Биз уни сенга оятларини тадаббур қилсинлар ва ақл эгалари эслатма олсинлар учун нозил қилганмиз, дейди. Сод сураси, давоми...

8875 19:30 / 07.09.2019