1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръонга амал қилиш саодат йўлидир!

05:00 / 23.01.2017 4103 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръонни маҳкам ушлаш, унга қаттиқ амал қилиш саодат йўлидир!

 Саодатнинг Қуръонга қаттиқ амал қилишга боғлиқлиги

 

Қуръон қандай қилиб саодатни юзага чиқаришини, қандай қилиб хотиржамлик, сокинлик ва покиза ҳаётни жалб қилишини кўзинг билан кўриб, қулоғинг билан эшитиб, қалбинг билан ишонишинг учун қуйидаги оят ва ҳадисни диққат билан ўқи. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган:

فَمَنِ اتَّبَعَ هُدَايَ فَلَا يَضِلُّ وَلَا يَشْقَى وَمَنْ أَعْرَضَ عَنْ ذِكْرِي فَإِنَّ لَهُ مَعِيشَةً ضَنْكًا

“Ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, (кофир бўлса) бас, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш (қабр азоби) бўлиши муқаррар” (Тоҳа, 123-124).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу оятнинг тафсири борасида шундай деганлар: “Аллоҳ Қуръонга эргашган ва ундаги нарсаларга амал қилган кишига дунёда залолатга кетмаслигига, охиратда бахтсиз бўлмаслигига кафил бўлди”.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Бандага бирор ғам ва маҳзунлик етганда, “Аллоҳумма инний абдук. Ибну абдик ва ибну аматик. Наасиятий биядик. Мозин фиййа ҳукмук. Адлун фиййа қозооук. Асъалука бикуллисмин ҳува лак. Саммайта биҳи нафсак. Ав анзалтаҳу фий китабик. Ав алламтаҳу аҳадан мин холқик. Ав истаъсарта биҳи фий илмил ғойби индак. Ан тажъалал Қуръана робийъа қолбий ва нуро содрий ва жалааъа ҳузний ва заҳааба ҳаммий” деса, Аллоҳ у банданинг ғамини ва маҳзунлигини кетказиб, ўрнини енгилликка, шодликка алмаштириб қўяди”.

Ушбу ҳадисдаги дуонинг арабча матни қуйидагича:

اللَّهمَّ إنِّي عبدُكَ، وابنُ عبدِكَ، وابنُ أمتِكَ، ناصِيتي بيدِكَ، ماضٍ فيَّ حُكمُكَ، عدلٌ فيَّ قضاؤُكَ، أسألُكَ بِكُلِّ اسمٍ هوَ لَكَ، سمَّيتَ بهِ نفسَكَ، أو أنزلتَهُ في كتابِكَ، أو علَّمتَهُ أحدًا مِن خلقِكَ، أوِ استأثَرتَ بهِ في عِلمِ الغَيبِ عندَكَ، أن تَجعلَ القرآنَ ربيعَ قَلبي، ونورَ صَدري، وجلاءَ حُزْني، وذَهابَ هَمِّي

Кишининг Қуръонга яқинлашиши қанчалик зиёда бўлиб борса, хотиржамлик ва сакинатни ҳис қилиши ҳам шунчалик зиёда бўлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Албатта, бу Қуръон Аллоҳнинг ердаги зиёфатидир. Ким унга кирса, у хотиржамдир, омондадир” деганлар.

 

Қуръон саодатни юзага чиқаришига далиллар

Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилиб шундай дейди:

   يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَتْكُمْ مَوْعِظَةٌ مِنْ رَبِّكُمْ وَشِفَاءٌ لِمَا فِي الصُّدُورِ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ 

“Эй, одамлар! Сизларга Раббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (ширк ва бошқа иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди” (Юнус, 57).

Аллоҳ таоло бошқа бир оятда бундай деб марҳамат қилган:

قَدْ جَاءَكُمْ مِنَ اللَّهِ نُورٌ وَكِتَابٌ مُبِينٌ يَهْدِي بِهِ اللَّهُ مَنِ اتَّبَعَ رِضْوَانَهُ سُبُلَ السَّلَامِ وَيُخْرِجُهُمْ مِنَ الظُّلُمَاتِ إِلَى النُّورِ بِإِذْنِهِ وَيَهْدِيهِمْ إِلَى صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ

“Аллоҳдан сизларга Нур ва равшан Китоб келдики, у билан Аллоҳ ризосини топишга интилганларни (У) тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур” (Моида, 15-16).

Қуръоннинг нури зулматларни куйдириб, уларни ҳар тарафга сочиб юборади. Лекин ёдингизда бўлсин: бошида Қуръоннинг нури гуноҳлар сабабидан зулматлар пардаси қоплаб олган қалбга кириши қийин бўлишини кўрасиз. Лекин сиз ҳурсанд бўлингки, банда Қуръон тиловатида ва тадаббурида бардавом бўлса, бу парда узоқ дош беролмайди. Қуръоннинг нури қалбнинг ҳар бир нуқтасига етиб борар экан, у ердан ҳавойи нафсни чиқариб ташлайди. Натижада қалбга иккинчи марта ҳаёт қайтади.

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган:

فَاسْتَمْسِكْ بِالَّذِي أُوحِيَ إِلَيْكَ إِنَّكَ عَلَى صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ

          “Бас, Сиз ўзингизга ваҳий қилинган нарсани (Қуръонни) маҳкам ушланг! Албатта, Сиз тўғри йўлдадирсиз!” (Зухруф, 43).

Аллоҳ таоло бошқа бир оятда бундай деб марҳамат қилган:

  لَقَدْ أَنْزَلْنَا إِلَيْكُمْ كِتَابًا فِيهِ ذِكْرُكُمْ أَفَلَا تَعْقِلُونَ

“Дарҳақиқат, сизларга Китоб (Қуръон) нозил қилдик. Унда сизларнинг зикрингиз бордир. (Буни) англамайсизми?!” (Анбиё, 10).

Яъни унда сизларнинг шарафингиз, улуғлигингиз, азизлигингиз ва саодатингиз бордир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳажжатул Вадоъдан қайтаётганларида одамларга хитоб қилиб шундай деганлар: “Аммо баъд. Эй инсонлар! Мен ҳам Роббисининг элчиси келиб, уни ижобат қилиш арафасида турган башарман. Мен сизларга иккита қимматбаҳо юкни қолдирувчиман. Биринчиси Аллоҳнинг Китоби. Унда ҳидоят ва нур бор. Ким уни маҳкам ушлаб, қаттиқ амал қилса, ҳидоят устида бўлади. Ким унга нисбатан хато иш қилса, адашади”. Имом Муслим ривоят қилган.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқдилар. Биз суффада ўтирган эдик. Бас, у зот:

«Сизлардан қай бирингиз Бутҳон ёки Ақийқ­қа бориб, Аллоҳга гуноҳ қилмасдан ва қариндошлик алоқасини узмасдан иккита катта ўркачли туя олиб келишни хоҳлайди?» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, бизнинг ҳар биримиз буни жуда ҳам хоҳлаймиз», дедик.

«Албатта, бирингизнинг ҳар куни масжидга келиб Аллоҳ азза ва жалланинг китобидан икки оят таълим олмоғи иккита туядан яхшироқдир. Учтаси учтадан яхшироқдир. Тўрттаси тўрттадан яхшироқдир. Қанча оят бўлса, шунча туя», дедилар у зот». Имом Муслим, Абу Довуд ривоят қилишган.

Ҳадисдаги Батҳон ва Ақиқ Мадина яқинидаги иккита водийдир.

Ҳадисларда Қуръон аҳли Аллоҳнинг хос бандалари экани айтилган. Аллоҳнинг хос бандаси бўлишдан кўра афзалроқ саодат борми?!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилсалар, уни ўргансалар, албатта, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади», дедилар».

Иккисини Муслим ва Абу Довуд ривоят қи­лишган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни Аллоҳ ва Унинг Расули яхши кўриши ҳурсанд қилса, Мусҳафни ўқисин!” деганлар. Абу Нуъайм ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қуръон қиёмат куни келиб:

«Эй Роббим, унга сарпо бер», дейди.

Бас, унга каромат тожи кийдирилади.

Сўнгра у яна:

«Эй Роббим, зиёда қил» дейди.

Шунда унга каромат сарпоси кийдирилади.

Сўнгра у яна:

«Эй Роббим, ундан рози бўл» дейди.

Бас, У зот ундан рози бўлади.

Сўнгра унга:

«Қироат қил ва кўтарилавер. Сенга ҳар бир оят учун бир ҳасана зиёда қилинади», дейилади».

Термизий ривоят қилган.

Абу Довуднинг ривоятида:

«Ким Қуръонни ўқиса ва унда бор нарсага амал қилса, унинг отасига қиёмат куни зиёси бу дунёдаги уйларда бўлган қуёшнинг зиёсидан ҳам яхшироқ бўлган тож кийдирилади. Энди бунга амал қилганга нима бўлишини ўзингиз билиб олаверинг», дейилган.

Ота-онанг бу дунёда сени тарбия қилганлари, бахтиёр қилганларидек, сен ҳам уларни охиратда бахтиёр қилишингга ҳақли эмасмилар?!

Хаббоб розияллоҳу анҳу дедилар: “Аллоҳга, қодир бўлганингча, яқинлаш. Албатта, сен Аллоҳга Унинг Каломидан кўра маҳбуброқ бирор нарса билан яқинлашолмайсан”.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дедилар: “Ким Қуръонни яхши кўрса, бас, Аллоҳни яхши кўрибди. Чунки, Қуръон Аллоҳнинг Каломидир”.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу дедилар: “Агар қалбларимиз пок бўлганда, Роббимизнинг Каломига тўймаган бўлардик”.

Бир киши Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳдан “Сиз учун кишининг ғазот қилгани маҳбуброқми ёки Қуръон ўқиганими?” деб сўради. Шунда у зот: “Қуръон ўқигани. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “«Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир», дедилар», деб жавоб бердилар

Ушбу ҳадисни Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Мисрнинг баъзи фақиҳлари Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳнинг ҳузурларига, масжидга киришди. Олдиларида Мусҳаф бор эди. Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ уларга: “Сизларни фиқҳ Қуръондан машғул қилди. Мен хуфтонни ўқийман ва Мусҳафни олдимга қўйиб, то тонг отгунича уни ёпмайман” дедилар.

Саҳл ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ: “Қуръон ёдламаган инсонга Аллоҳ ёрдам берсин! Нимани тараннум этади? Нимадан ҳузурланади? Раббига нима билан муножот қилади?” деган эканлар.

Аллоҳ таоло барчамизни Қуръонга амал қиладиган бандаларидан қилсин!

 

 “Ҳадис ва Ҳаёт” китобининг 30-жузи ва Доктор Шариф Фавзий Султоннинг “Қуръонга амал қилиш – саодат йўлидир” номли

мақоласидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи қисмМуташобиҳ уч қисмга тақсимланади1. Фақат лафз жиҳатидан муташобиҳ.2. Фақат маъно жиҳатидан муташобиҳ.3. Ҳам лафз жиҳатидан, ҳам маъно жиҳатидан давоми...

2954 14:40 / 14.07.2020
31. Куфр келтирганлар .Ушбу Қуръонга ҳам, ундан олдинги нарсага ҳам ҳеч иймон келтирмасмиз,, дедилар. Агар сен ўша золимларни Роббилари ҳузурида турғазиб давоми...

3248 05:00 / 23.01.2017
Муташобиҳ сифатлар деганда, Аллоҳ таолони сифатлаб келган, аммо сиртдан қараганда, У Зот таолога нисбат бериб бўлмайдиган оятларнинг маъноси кўзда тутилади. давоми...

3145 13:00 / 25.08.2020
173. Уларга кишилар .Албатта, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар,, деганда, иймонлари зиёда бўлди ва .Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам давоми...

7502 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

118733 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40696 14:35 / 11.08.2021