1446 йил 17 жумадул аввал | 2024 йил 19 ноябрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Истиғфор ва тавба ҳақида (2-қисм)

16:57 / 13.10.2017 6881 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

4691. Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Истиғфорнинг саййиди – ‎«Аллоҳумма! Анта Роббии. Лаа илааҳа илла анта. ‎Холақтании ва ана ъабдука. Ва ана ъала аҳдика ва ваъдика ‎мастатоъту. Аъузу бика мин шарри маа сонаъту. Абуъу ‎лака биниъматика ъалайя. Ва абуъу би занбии. Фағфир ‎лии, фаиннаҳу лаа яғфируз-зунуба иллаа анта», демоғингдир.

Ким уни ишонч билан наҳорда айтса-ю, ўша куни кеч киришидан олдин ўлиб қолса, аҳли жаннатдан бўлур. Ким уни ишонч билан тунда айтса-ю, ўша кечаси тонг отишидан олдин ўлиб қолса, аҳли жаннатдан бўлур», дедилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Шарҳ: Дуонинг мазмуни: ‎«Аллоҳим! Сен Роббимсан! Сендан ўзга илоҳ йўқ. Мени яратдинг, ва мен Сенинг ‎бандангман. Мен қодир бўлганимча Сенинг аҳдинг ва ваъдангдаман. Сендан ўзим ‎қилган нарсаларнинг шарридан паноҳ тилайман. Сенинг менга берган неъматингни ‎эътироф қиламан. Гуноҳларимни ҳам эътироф қиламан. Мени мағфират қил. Сендан ‎бошқа ҳеч бир зот гуноҳларни мағфират қилмас»‎.

Кўпчилик азизлар ушбу «Саййиди истиғфор» номи ила машҳур бўлган дуони ўқиб юришни одат қилганлар. Ушбу дуони яхшилаб ёд олиб, ўқиб юришни ҳаммамиз одат қилишимиз лозим.

4692. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга қасамки, мен бир кунда Аллоҳга етмиш мартадан кўп истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

4693. Ал-Ағарр ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, (баъзан) қалбимни булут босади ва албатта, мен бир кунда Аллоҳга юз марта истиғфор айтурман», дедилар».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Уламоларимиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларини босадиган булут нур бўлганлигини таъкидлайдилар. Ушбу ҳадиси шарифга амал қилган ҳолда куннинг маълум вақтида юз марта истиғфор айтишни вазифа қилиб олиш керак.

4694. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Нафсим қўлида бўлган Зот ила қасамки, агар гуноҳ қилмасангиз, Аллоҳ сизларни кетказиб, ўрнингизга гуноҳ қилиб, истиғфор айтадиган бир қавмни келтирур ва уларни мағфират қилур», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Гуноҳ содир этмаган банда бўлиши мумкин эмас. Ожиз банда доимо гуноҳ қилиш эҳтимоли остида яшайди. Шунинг учун банда доимий равишда истиғфор айтиб туриши лозим. Ана ўшанда банданинг синиқлиги ва Аллоҳ таолонинг афв ва мағфирати намоён бўлади. Аммо зинҳор-базинҳор бу ҳадиси шарифдан гуноҳ қилишга даъват маъносини тушунмаслик керак.

4695. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Албатта, у киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким «Астағфируллоҳал азиймаллазии лаа илааҳа иллаа ҳувал-Ҳайял-Қайюма ва атуубу илайҳи», деса, мағфират қилинади. Ҳатто урушдан қочган бўлса ҳам», деганларини эшитган экан».

Шарҳ: Дуонинг маъноси: «Ҳайй ва Қойюм бўлган, Ўзидан бошқа илоҳ йўқ Улуғ Аллоҳга истиғфор айтаман ва Унга тавба қиламан».

Ушбу дуони Бомдоддан олдин бир юз бир марта айтиб юриш тавсия қилинади.

4696. Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Истиғфор айтган кимса (гуноҳда) бардавом бўлмабди. Агар бир кунда етмиш марта қайтса ҳам», дедилар».

Шарҳ: Агар киши маълум вақт гуноҳни такрорлаб турса ҳам, истиғфор бўлиб турганда гуноҳда бардавомлик йўқолади. Модомики, тавба ва истиғфор бор экан, гуноҳда бардавомлик албатта йўқолади.

4697. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир мажлисда юз марта «Роббиғфирлии ва туб ъалайя иннака антат-таввабур-роҳийм» деганларини санар эдик».

Ушбу уч ҳадисни Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

4698. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таборака ва таолодан ривоят қилиб, айтдилар:

«Эй бандаларим! Албатта, Мен Ўзимга зулмни ҳаром қилдим. Уни сизларнинг орангизда ҳам ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилманг.

Эй бандаларим! Мен ҳидоят қилгандан бошқа барчангиз залолатдасиз. Бас, Мендан ҳидоят сўранг, сизни ҳидоят қилурман.

Эй бандаларим! Мен таом бергандан бошқа барчангиз очсиз. Бас, Мендан таом сўранг, сизга таом берурман.

Эй бандаларим! Мен кийим берганлардан бошқа барчангиз яланғочсиз. Бас, Мендан кийим сўранг, сизга кийим берурман.

Эй бандаларим! Албатта, сизлар кечаси ва кундузи хато қилурсизлар. Мен эса барча гуноҳларни мағфират қилурман. Бас, Менга истиғфор айтинг, сизларни мағфират қилурман.

Эй бандаларим! Менга зарар қилмоқчи бўлсангиз, зарар етказа олмассиз. Менга наф қилмоқчи бўлсангиз, наф етказа олмассиз.

Эй бандаларим! Агар сизнинг аввалингиз ҳам, охирингиз ҳам, инсингиз ҳам, жинингиз ҳам сизлардан энг тақводор одамнинг қалбига эга бўлсанлар ҳам, ўша нарса Менинг мулкимга бирор нарсани зиёда қилмайди.

Эй бандаларим! Агар сизнинг аввалингиз ҳам, охирингиз ҳам, инсингиз ҳам, жинингиз ҳам сизлардан энг фожир одамнинг қалбига эга бўлсанлар ҳам ўша нарса Менинг мулкимдан бирор нарсани кам қилмайди.

Эй бандаларим! Агар сизнинг аввалингиз ҳам, охирингиз ҳам, инсингиз ҳам, жинингиз ҳам бир жойда туриб, Мендан сўрасалар, ҳар бир инсонга сўраган нарсасини берсам ҳам, ўша нарса Менинг ҳузуримдаги нарсани кам қила олмайди. Магар бир игна денгизга санчилганда камайтирганича камайтиради.

Эй бандаларим! Албатта, бу(ларнинг барчаси) амалларингиздир. Мен уларни сиз учун ҳисобини қилурман ва тўлиқ ҳаққини берурман. Ким хайрни топса, Аллоҳга ҳамд айтсин. Ким ундан бошқани топса, ўзидан бошқани маломат қилмасин».

Муслим «Бирр китоби»да, Термизий «Рақоиқ»да ривоят қилган.

4699. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ унга ҳар бир торликдан чиқишни, ҳар бир ғамдан кушойиш насиб қилади. Ҳамда уни ўзи билмаган жойдан ризқлантиради», дедилар».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Доимо истиғфор айтиб юрган банда кам бўлмайди. Руҳий тарбия устозлари янги муридларига эрталаб юз марта, кечқурун юз марта истиғфор айтишни вазифа қилиб берадилар. Ана шунга амал қилиш лозим.

ХУЛОСАЛАР


Аслида оддий ҳолатларда истиғфор айтиш мандубдир.

Гоҳида истиғфор айтиш вожиб бўлади. Мисол учун, маъсият содир бўлганидан кейин.

Гоҳида истиғфор айтиш ҳаромга айланиб қолади. Мисол учун, кофирларга истиғфор айтиш.

Бандадан талаб қилинган истиғфор гуноҳни тарк этишдир. Ўша маъно кишининг қалбида собит бўлишидир. Гарчи тили билан талаффуз қилмаса ҳам.

Тили билан истиғфор айтса-ю, ўзи гуноҳда бардавом бўлса, истиғфор айтишга лойиқ иш қилган бўлади.

Байҳақий ва Ибн Асокирлар ривоят қилган хабарда:

«Гуноҳдан тавба қилувчи худди гуноҳи йўқдекдир. Гуноҳига истиғфор айтиб туриб, уни давом эттираверган Роббини масхара қилгандекдир», дейилган.

Тили билан истиғфор айтган одам маънони қалбида ҳам мулоҳаза қилиши лозим. Агар бунга қодир бўлмаса, истиғфор айтишни тили билан давом эттириб, иложи борича қалби билан мулоҳаза қилишга уринади.

Истиғфор айтишнинг сийғалари кўп. Энг машҳури «Астағфируллоҳ» дейиш. Истиғфорнинг «Аллоҳуммағфир лии», «Роббиғфир» каби сийғалари ҳам бор.

Кўпчилик томонидан ихтиёр қилинган истиғфор сийғаси Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган саййидул истиғфордир:

«Аллоҳумма! Анта Роббии. Лаа илааҳа илла анта. Холақтании ва ана ъабдука. Ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика мин шарри маа сонаъту. Абуъу лака биниъматика ъалайя. Ва абуъу би занбии. Фағфир лии, фаиннаҳу лаа яғфируз-зунуба иллаа анта».

Маъноси: «Аллоҳим! Сен Роббимсан! Сендан ўзга илоҳи маъбуд йўқ. Сен мени халқ қилдинг. Мен Сенинг бандангман. Мен қодир бўлганимча Сенинг аҳдинг ва ваъдангдаман. Сендан ўзим қилган нарсаларнинг шарридан паноҳ тилайман. Сенинг менга берган неъматингни эътироф қиламан. Сенга гуноҳларимни ҳам эътироф қиламан. Мени мағфират қил. Сендан бошқа ҳеч бир зот гуноҳларни мағфират қилмас».

Истиғфорнинг энг афзал сийғаларидан бири «Астағфируллоҳал азиймааллазии лаа илааҳа иллаа ҳувал-Ҳайял-Қойюма ва атубу илайҳи»дир.

Истиғфор айтиш учун албатта гуноҳ қилган бўлиш шарт эмас. Балки истиғфор ўзи марғуб нарсадир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсум бўлсалар ҳам доимий равишда истиғфор айтганлар.

 

Истиғфор айтиладиган жой ва ҳоллар

1. Таҳоратхонадан чиқаётганда.

Бунда берилган ғизо (озиқ) неъматига ва унинг ортиқчасини чиқаришга шукр қилишдаги ожизликдан мағфират сўраш бор.

2. Таҳорат қилгандан кейин. Таҳорат қилиб бўлгандан кейин ўқиладиган дуонинг ичида истиғфор маъноси ҳам бор.

3. Намозда. Намознинг дуосида ҳам истиғфор бор.

4. Намозни ўқиб бўлгандан кейин. Бунда уч марта «Астағфируллоҳ» дейиш суннатдир.

5. Истисқо – сув сўрашда.

6. Жаноза намозида. Бу намозда ўқиладиган дуода ҳам истиғфор бор.

7. Қабрларни зиёрат қилишда.

8. Ғийбатдан кейин. Бировни ғийбат қилган одам албатта истиғфор айтиши лозимдир.

9. Ухлашдан олдин. Бу ҳолатда истиғфор айтиш мустаҳабдир.

10. Мажлиснинг охирида.

Истиғфорнинг фойда ва самаралари

1. Гуноҳларнинг мағфират қилиниши.

2. Мушкулларнинг кушойиш қилиниши.

3. Хафачиликнинг кетиши.

4. Ғам босишининг даф бўлиши.

5. Айбларнинг беркитилиши.

6. Ризқнинг сероб бўлиши.

7. Хулқнинг саломат бўлиши.

8. Молнинг сақланиши.

9. Орзуларнинг ушалиши.

10. Молу мулкка барака кириши.

11. Аллоҳ таолога қурбат ҳосил бўлиши ва бошқалар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қалб учун фикр майдонига киритадиган узлатга ўхшаш манфаат йўқ.ndash Манфаат ndash фойда етказиш.ndash .Қалб, лафзи икки хил маънода ишлатиладиБиринчиси ndash инсоннинг чап давоми...

4784 19:06 / 02.10.2017
Учинчи зарар амаллар китобида ёмонликларнинг кўпайиб кетиши.Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар .Ғийбатдан сақланинглар, чунки унда давоми...

3959 14:44 / 14.04.2018
Аллоҳни сендан У билан бирга бир мавжудот борлиги тўсгани йўқ. Ўзи У Зот билан бирга ҳеч нарса йўқ. Лекин Ундан сени У билан бирга мавжудот борлиги ҳақида пуч хаёл давоми...

4374 20:20 / 09.09.2017
Насиҳат. Тобеъинлардан бири айтади .Биз кўрган салафи солиҳлар, яъни саҳобалар ибодатни намозу рўзадагина эмас, балки одамларнинг обрўсидан тийилишда деб билар давоми...

3490 22:25 / 03.04.2018
Аудиолар

134816 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55114 14:35 / 11.08.2021