1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатнинг гуноҳлиги ҳақида (5-қисм)

22:25 / 03.04.2018 3235 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Насиҳат. Тобеъинлардан бири айтади: «Биз кўрган салафи солиҳлар, яъни саҳобалар ибодатни намозу рўзадагина эмас, балки одамларнинг обрўсидан тийилишда деб билар эдилар».[1]

Изоҳ. Намоз ва рўза барча ибодатлар орасида энг афзали бўла туриб, саҳобалар ғийбатдан сақланишни улардан ҳам улуғроқ ибодат деб билишларининг бир неча сабаблари бор.

Биринчи сабаб. Намоз ва рўза ибодатларини тарк этган одам бирор банданинг ҳаққини поймол қилмайди. Ғийбат қилувчи эса Аллоҳ таолога исён қилиш билан бирга, банданинг ҳаққига ҳам тажовуз қилган ҳисобланади. Аллоҳ таолонинг ҳаққига тегишли маъсият ва гуноҳлар тавба билан афв этилади. Чунки Аллоҳ таоло Ўз бандаларига меҳрибонлик назари билан қарайдиган, ҳатто кофирга ҳам ризқ берадиган Ғафур ва Раҳим Зотдир. Гуноҳкор банда гуноҳига афсус ва надомат қилган ҳолда Аллоҳнинг даргоҳига оҳу зорлар билан ёлворса, ҳеч шак-шубҳасиз Аллоҳ таоло унинг ҳолига раҳм қилиб, гуноҳларини кечади. Ғийбат қилувчи эса то ўша ғийбат қилинган киши уни кечирмагунича Аллоҳ таолога тавба қилишнинг ўзи билангина гуноҳдан пок бўла олмайди.

Иккинчи сабаб. Умуман олганда, ибодат қилишдан кўра гуноҳни тарк этишнинг фазли ортиқроқ туради, яъни ортиқча ибодат қилмаса ҳам, шариат қайтарган гуноҳлардан ўзини тиядиган киши кўп ибодат қилиб туриб, каттаю кичик гуноҳларга мубтало бўлиб юрадиган одамдан яхшироқдир. Бу умумий гуноҳларга тегишли гап. Ғийбат қилиш гуноҳларнинг орасида энг ёмони бўлгач, ундан сақланиш намозу рўзадан ҳам афзалроқ бўлмасинми? Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан: «Сизнинг наздингизда яхшиликлари ҳам, ёмонликлари ҳам кўп бўлган одам яхшироқми ёки яхшиликлари ҳам, ёмонликлари ҳам кам бўлган одамми?» дея сўралди. Шунда у киши: «Мен саломатликка ҳеч нарсани тенг кўрмайман, яъни инсоннинг яхшиликлари кўп бўлганидан кўра ёмонликлари кам бўлгани яхши», дедилар.[2]

Учинчи сабаб. Табиби топилмайдиган бедаво дард энг оғир касаллик ҳисобланади. У кундан-кунга кучайиб кетаверади, ҳатто беморни ўлимгача олиб боради. Ғийбат ҳам табиби йўқ касалликдир, чунки гуноҳларнинг табиби бўлмиш олимларнинг ўзлари ҳам бу касалликка мубталодир. Ўзлари бу беморликка чалинган бўлсалар, бошқаларни қандай даволайдилар? Аммо намозу рўза бундай эмас. Уни тарк этишни уламоларнинг ўзлари ҳам ёмон деб биладилар, одамларни ҳам ундан огоҳлантирадилар.

Тўртинчи сабаб. Таъсир ва зарари бир одамга эмас, бошқаларга ҳам етадиган дардни, масалан, юқумли қичима касаллигини ҳамма ҳам ёмон касаллик деб ҳисоблайди. Худди шунингдек, ғийбатнинг зарари ҳам фақат гапирувчининг ўзида қолмайди, балки ғийбат қилинган кишига ҳам тегади, яъни унинг ҳам дили оғриб, ғийбатдан зарар кўради.

Бешинчи сабаб. Намоз ва рўзани тарк этиш қўлу оёқ ва шу каби аъзоларнинг гуноҳи, ғийбат эса тилнинг гуноҳидир. Шунинг учун тил гуноҳи бошқа аъзоларнинг гуноҳидан оғирроқ ҳисобланади.

 

«?Ғийбат ўзи нима»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] «Иҳёу улумид-дин».

[2] «Танбеҳул ғофилин».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сенга кафолати берилган нарсада ижтиҳод қилмоғинг ва сендан талаб қилинган нарсада камчиликка йўл қўймоғинг сендаги қалб кўзининг беркилганидир.Бандага давоми...

4276 15:11 / 22.10.2017
Насиҳат. Эй дўстим Тафаккур қилинг. Ҳеч кимга зулм қилманг. Сизга ҳам чўчқа гўштини ейиш манзур бўлса, одамларни бемалол ғийбат қилаверинг. Агар ундай бўлмаса, давоми...

3244 15:00 / 27.03.2018
Отаонанинг фарзанд ҳаққига ва зиддига қиладиган дуоси ҳақида кўп гапирилади. Аммо ўша гапларга далил бўлган матнларни кўпчилик аниқ билмаслиги мумкин. Шунинг давоми...

4987 19:46 / 11.05.2018
Ҳар бир мусулмон билиши керак бўлган нарса шуки, албатта Қуръон Анбиё ва Расулларига нозил бўлган охирги ваҳий ҳисобланади. Қуръон Карим бутун олам учун барча давоми...

4479 18:49 / 03.12.2017