1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Эркакларнинг қучоқлашиб кўришишлари мумкинми?

15:29 / 24.04.2016 3510 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кейинги пайтларда одамларда (асосан эркаклар орасида) қучоқлашиб кўришиш одат тусига кириб қолган. Бу шариатда бор нарсами? Шу ҳолнинг шаръий ҳукмини айтиб берсангиз!

ЖАВОБ:  Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирида ўзи эшитмаган бир ҳадис борлиги ҳақида хабар етди. (Абдуллоҳ айтади): “Шунда туя сотиб олдим. Юкимни унга юклаб бир ой йўл юрдим. Шомга етиб борсам, ҳалиги одам Абдуллоҳ ибн Унайс экан. Унга «Жобир эшик олдида» дея одам юбордим. «Жобир ибн Абдуллоҳми?» деди. «Ҳа», дедим. Шунда у чиқиб мени қучоқлади. «Менга ўзим эшитмаган ҳадис ҳақида хабар етди. Ўз ўлимимдан ёки сенинг ўлимингдан қўрқдим», дедим.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдимки, Аллоҳ бандаларни ёки одамларни яланғоч, хатна қилинмаган ва «бўҳим» ҳолларида ҳашр қилади. «Бўҳим?!» дедик. «Ҳеч нарсалари бўлмаган ҳолда. Шунда уларни узоқдаги одам эшитадиган (менимча, худди яқиндаги эшитадигандек) овоз билан чақиради: «Мен подшоҳман! Аҳли жаннатлардан бирор киши, агар дўзах аҳлидан бирортаси ундан ўзи кўрган зулмни талаб қилса, жаннатга кира олмайди. Аҳли дўзахлардан бирор киши, агар жаннат аҳлидан бирортаси ундан ўзи кўрган зулмни талаб қилса, дўзахга кира олмайди», дейди. «Қандай қилиб? Аллоҳнинг ҳузурига яланғоч ва ҳеч нарсамиз йўқ ҳолда келамиз-ку?» дедим. «Яхшиликлар ва ёмонликлар билан», дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифда Абдуллоҳ ибн Унайс розияллоҳу анҳу Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу билан қучоқлашиб кўришганлари зикр қилингандир. Бу маънода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган амалларини баён қилувчи ҳадиси шарифлар ҳам бор.

Абу Зарр розияллоҳу анҳуга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларга у зотга учрашганингизда қўл олиб сўрашармидилар?» дейилди. «Мен у зот билан қачон учрашсам, албатта, мен билан қўл олиб сўрашганлар. Бир куни у зот менга одам юбордилар. Мен ўз аҳлим билан эмас эдим. Мен келганимда у зот менга одам юборганлари ҳақида хабар берилди. Мен у зотнинг ҳузурларига бордим. У зот сўри устида эканлар. Шунда мени қучоқладилар. Ана ўша яхши эди, жуда ҳам яхши эди», деди» (Имом Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Зайд ибн Ҳориса Мадинага етиб келиб, эшикни қоққанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда эдилар. У зот яланғоч ҳолда, кийимларини судраб эшик томон тезлаб бордилар. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳни бундан олдин ҳам, кейин ҳам яланғоч ҳолларида кўрмаганман. У зот уни қучоқлаб ўпдилар» (Имом Термизий ривоят қилган).

Албатта, бу ҳадисда айтилган яланғочлик кўриниш ҳалол бўлган жойларнинг яланғочлигидир. Асло бутунлай кийимсизликни билдирмайди. Акс ҳолда, бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаънларига мутлақо тўғри келмайди.

Аммо қучоқлашиб кўришиш суннат амал эмас. Зотан, қучоқлашиб кўришиш ҳақида келган ҳадислар унча кўп эмас. Уларнинг аксарияти жуда қадрли кимсалар, хусусан қариндошлар ўртасидаги муносабат ҳақида ва буларда кўпинча узоқ вақт айрилиқдан кейинги кўришиш ҳақида гап кетмоқда. Узоқ вақт кўришмаган қадрдонларнинг қучоқлашиб кўришишлари табиий ҳол, албатта. Аммо оддий ҳолатларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, саҳобалар розияллоҳу анҳум ҳам қўл бериб сўрашганлар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис ушбу фикримизни тасдиқлайди:

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, биздан бир киши ўз биродарини ёки дўстини учратса, унга эгилиб таъзим қиладими?» деди. «Йўқ», дедилар. «Уни қучоқлаб ўпадими?» деди. «Йўқ», дедилар. «Қўлидан олиб, қўл бериб сўрашадими?» деди. «Ҳа», дедилар» (Имом Термизий ривоят қилган). Яъни, мусулмонлар бир-бирлари билан кўришганларида эглиб-букилишлари ҳам, қучоқлаб, ўпишишлари ҳам (оддий ҳолатларда) марғуб амаллардан эмас. Мусулмонлар учун энг мақбул кўришиш қандай эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги ҳадиси шарифларидан билиб оламиз:

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сўрашишнинг батамом бўлиши қўл олиш биландир», дедилар» (Имом Термизий ривоят қилган). Демак, энг мақбул кўришиш қўл олиб сўрашиш экан. Мусулмонларнинг қўл олиб, қўл бериб сўрашишлари шунчаки гўзал ҳолат эмас, балки уларни кўпгина фазлларга эриштирувчи суннат амалдир. Чунки ушбу сўрашишнинг фазли ҳақида бирқанча ҳадислар ворид бўлган.

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки мусулмон учрашганларида қўл олиб сўрашсалар, албатта, уларни бир-бирларидан ажрашларидан олдин мағфират қилинади», дедилар» (Имом Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган). Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон икки мусулмон учрашиб, қўл олиб сўрашсалар, Аллоҳга ҳамд айтсалар ва У зотга истиғфор айтсалар, икковлари мағфират қилинади», дедилар» (Имом Абу Довуд ва Ибн Сунний ривоят қилишган). Албатта, қўл бериб кўришишнинг суннатини унинг икки қўл билан бўлиши мукаммал қилади.

Шу ўринда яна баъзи бир ҳолатлар ҳақида ҳам айтиб ўтиш лозим. Ҳозир кўпгина ёшлар орасида салом-аликсиз, фақат қўл ёки бош билан ишора қилиб сўрашиш одат бўлган. Ҳолбуки, «салом» лафзини ишлатмасдан, фақат ишора билан суннатга хилоф амалдир. Шунингдек, бошқа миллатларнинг ибораларини ишлатиб саломлашиш ҳам жоиз эмас. Бу ҳақда алоҳида ҳадис ҳам ворид бўлган.

Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан розияллоҳу анҳум ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биздан бошқага ўхшашга уринган – биздан эмас. Яҳудий ва насороларга ўхшаманглар. Яҳудийларнинг саломлашиши панжа ила ишора қилиш ила бўлади. Насороларнинг саломлашиши кафт ила ишора қилиш ила бўлади», дедилар» (Имом Термизий ривоят қилган).

Юқорида оддий ҳолатларда қучоқлашиб, ўпишиб кўришишнинг марғуб эмаслигини айтдик. Аммо қучоқлашиб, ўпишиб кўришиш мақбул бўлган ўринлар ҳам бор. Динда мустаҳкам, илмда ва тақвода пешқадам улуғ кишилар билан кўришганда уларнинг баракасидан умидворлик билан енгилгина қучоқлаб, бошларидан (юзларидан эмас) ёки икки кўзлари орасидан оҳиста ўпиш жоиз (Аллоҳ билувчидир).  


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савол Бир дўстимнинг онаси сиздан сўраб беришимни илтимос қилган эдилар. Улар бу йил Рамазон рўзасини Тошкентда бошлаб, охирини умра сафарида Саудия Арабистонида давоми...

4185 18:02 / 18.06.2017
СаволМасжидда қарсак чалиб, олқишлашга динимизда қандай қараладиЖавобШайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфmdash Мумкин эмас.httpsavollar.islom.uzsavol30155

4664 14:47 / 13.07.2017
Савол Ассалому алайкум. Мен яқиндагина Аллоҳнинг йўлига кирганман. Рамазон ойида биринчи маротаба рўза тутаман. Илтимос менга маслаҳатлар беринг Қандай тутилади, давоми...

3533 16:31 / 16.05.2018
Ҳозирда аёл киши турмушга чиқаётганда кўп ҳолларда маҳр ўрнида уй, ҳовлиер деб мулк ажратилмоқда. Бу, албатта нотўғри. Шуни отаонага тушунтира олмаган тақдирда давоми...

3033 15:38 / 24.05.2016